Навзот Ёлчин (1926-2012)

Навзот Ёлчин (Nevzat Yalçın) – кипрлик турк шоири. 1926 йили Кипрнинг Полис шаҳрида туғилган. 1971 йилдан Германияда яшаган.

ИПАК ЙЎЛИ

Шарққа боққан деразам эрта-кеч очиқ турсин,
Ғарб ола қоронғусин ёритар чиққан ҳар кун,
Шарқ гўзал, Шарқ яхшидир, ундадир Ипак йўли.

Ҳар эллик фарсах йўлда карвонсарой, тинчлик, нон.
Чин, Ҳиндистон, Самарқанд бағридан келган карвон,
Манзилинг менинг юртим, сўнг бекат Онадўли.

Ипакдай нозик, майин маданият йўли бу,
Карвонлар-ла ташилган қалам, қоғоз, ишқ, орзу.
Сўнг бекат — Анадўли, шуни бил, Марку Пўлў.

Тўп ипак — ўн минг фарсах, тўқилур ўн минг жило.
Қайта-қайта порлар шарқ, Бурса ипак-ла кулар.
Асфальтлар мақталса-да, Ипак йўли — ўпилар…

ҚУШЛАР

Боғбузум — куз чоғида, қип-қизил бир оқшомда,
Мисқанот, темиртумшуқ қушлар кўкни туттилар,
Олдин уфқдан уфққа кумуш чизгилар чизиб,
Сўнгра солиб фарёдлар, кўк юзини йирттилар.

Қон равон оқди у кун, сўнгсиз-сўнгсиз, мовий қон…

Океанлар, денгизлар шундан бери мовийдир,
Тенг, бир хил англамдадир сўзда мозору бешик,
У кундан бугунгача Ер бўлди илма-тешик,
У замондан бери Кўк парчаланур онма-он…

Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси