МАКТУБ
Кўп шукр бўлсин санга, ё Мустаин,
Умматинг сақла ёмондан, ё Амин,
Қолмади бу юртда чун бир аҳли дин,
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.*
Солди ислом ўртасига бир нифоқ,
Қолмади бир кимсада ҳеч иттифоқ,
Барчалар диндан чиқиб, кофир-мазоқ,
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
Салтанат дардига тушди подишоҳ,
Иддаода беклару асҳоби жоҳ,
Сотдилар эл мулкини беиштибоҳ,
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
Бор экан давлатда бундай вузаро,
Бу қўмондон, бундайин бир умаро,
Бизга оз бу бошга тушган можаро,
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
Салтанатда ҳар талон, алдов ва фол,
Зулму ҳийла, куфру тамаъ, суйи ҳол,
Лофу ёлғон бирла келди кўп завол,
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
Фисқ-фужуру ўғриликлар беқиёс,
Оп-очиқ ришват, хиёнат, илтимос,
Барча бу аҳволга бўлди хосу мос,
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
Йўқ-ку муслимликда мундай феълу ҳол,
Ким булар — эркакмидир ёхуд аёл?
Ер бўлиб кетдинг-ку эй, миллат, уёл!
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
Яхшилик чиқмас бу бек, пошосидан*,
Асли бизданмас, чатишган расвосидан,
Отбоқар пешвосидан, восвосидан,
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
Бирлашиб бир тўп чалиш, орсиз, дайис,
Қўшмачи, қўшқўллашиб бўлди раис,
Ҳайбати давлат-ла солди донғу из,
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
Оқибат ҳақдеб азобда қолдилар
Элни алдаб, ғафлат ичра солдилар,
Эски, аждод интиқомин олдилар,
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
Йўқ буларнинг хайр ила ҳимматлари,
Бизгамас, кофиргадир рағбатлари,
Миллатим маҳвиндадир ғайратлари,
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
Бўлмасайди юртда хоин ваҳшати,
Йиқмас эрди шонин Усмон давлати,
Чиқмас эрди бу уруш, эл офати,
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
Қайда ҳарб этса, ажаб, исломиён,
Бир урушмас, кўрсатиш ул, бегумон,
Мулку элни бой берур ул кофирон,
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
Шу урушми? Алдама, эй муттаҳам,
Тўп отилмасдан туриб бир тўп одам
Бўлдилар таслим, бериб байроқни ҳам —
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
Тоғда ул ўн икки минг аскарни кўр,
Тўпу милтиқ, олати ҳарб беназир,
Бир ўқ узмай бўлдилар, ҳайҳот, асир,
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
Толейи йўқ, ўн икки минг қаҳрамон
Не учун ёвга асир тушсин? Ҳамон —
Ҳайбатий-ла таслим этса Русиён,
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
Ул соат майдонда янграб ёв сўзи,
Ўрдумиз босди ўраб, қирди ўзи,
Қонга ғарқ бўлди самовотнинг юзи,
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
Водариғо, доғда қолди уммати,
Инсу жинсни йиғлатур бу офати,
Жонни бердик ёвга, бу не кулфати,
Лаънатулпоҳи алайҳим ажмаин.
Тоғу тош тўлди асир-ла бешуур,
Бу не иш — шундоқ асоратми бўлур?
Бизга қилганлар жавобин ҳам олур,
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
Бизни кофир ҳайдади бир қўйдайин,
Остимиз муз, устимиз қор, кўп қийин,
Титрамақдан чокучок бўлдик тайин,
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
Жон тўзарми бунга, кунлар пуразоб,
Қаҳрининг ўтинда биз бўлдик кабоб,
Жумла олам оҳимиз туймас, хароб,
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
… Сўзни тўхтат энди, Дарвиш, шу етар,
Эскилар дерлар-ку, кун кундан батар,
Уммати Ҳақ этди куффордан хазар,
Лаънатуллоҳи алайҳим ажмаин.
1904 йил
_____________
* Уларга Оллоҳнинг лаънати бўлсин. (араб.)
* Пошо — ҳарбий унвон, генерал (тарж.)
Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси