Жо Уоллес (1890-1975)

Жо Уоллес (Joe Wallace) – инглиз тилида ижод қилган канадалик шоир, жамоат арбоби. “Ҳамма – менинг дўстларим” (1953) , “Салом, синглим, ассалом, ука!” (1956) каби тўпламлари билан мухлислар орасида шуҳрат қозонган.

ҲАМОН ТУШ КЎРЯПМАН…

Тун – сиймтан ғоз,
Тун – оппоқ қушдир,
Жилва сочар ой кокиллари…
Кўрганларим – энг гўзал тушдир,
Кўрганларим – гўзал туш бари.

Унут бўлди дарди ҳижронинг,
Тинди қалбнинг оҳ-фарёдлари.
Қўйнидаман уйқу – оромнинг,
Кўрганларим – гўзал туш бари.

Бизлар яна биргамиз, жоним,
Мен жуда ёш, жуда ошиқман.
Маст уйқуда ўтар ҳар оним,
Туш кўряпман сира ошиқмай.

Бахтлидирман висолда тамом,
Зарра ғам йўқ, йўқ кўз ёш, ҳижрон.
Уйқудаман, руҳ учар шодон,
Ҳаёт – тушга вобаста ошён…

Санъат Жавоҳир таржимаси