Эдвин Жон Пратт (1883-1964)

Эдвин Жон Пратт (Edwin John Dove Pratt) – Канада адабиётида ёрқин из қолдирган шоир. Унинг номи XX аср инглиззабон адабиётлар тарихида Роберт Фрост, Уильям Йейтс, Томас Элиотлар билан ёнма-ён тилга олинади. Торонто университети фалсафа факультетида таълим олган, сўнг шу даргоҳда инглиз тили ва адабиётидан дарс берган. Ота-боболари руҳоний зотлар бўлган. “Кэнэдиэн поуэтри” журналида узоқ йиллар муҳаррир бўлиб ишлади. Унинг номини машҳур қилган тўпламлар: “Рейчел”, “Ньюфаундлендда ёзилган шеърлар” (1923), “Турли кайфиятлар” (1932), “Титаник” (1935), “Натюрморт” (1943) китобларидир. Уч марта Канада генерал-губернаторининг адабиёт соҳасидаги мукофотига сазовор бўлган (1937, 1940, 1952 йиллар). 1952 йилда адабиёт соҳасидаги хизматлари учун Альберт университетининг олтин нишонига, 1961 йилда эса Канада Конгрессининг йиллик адабий мукофотига лойиқ топилган.

ЎТДА ЁНГАН МАҲБУСЛАР

Сўнгги бор сўроққа олиб келишиб
Ҳовлига отдилар барини. Урён,
Чалакуюк, ўлган, уст-уст қалашиб
Ана ётишибди тўп-тўп ва шишиб
Қонун лаънатлаган уч юз маҳбус жон.

Рақамларин сира ўқиб бўлмайди,
Исмларини олов ямлаб-хўрлаган.
Бундайин “шарафли” ўлимни ҳатто
Биронтаям жангчи тушда кўрмаган.

Хуқуқ сарбонлари, кўринглар, ана,
Бетартиб уюлган мурдалар аро,
Назоратчи қора бўёқ кўтариб,
Олар бармоқлардан кўчирма – “имзо”.
(1930)

ОЛЧА

Женни йиғлар: “Олма дарахти
Олча тугиб берса ҳам ҳатто,
Қарғаларнинг қора қаноти
Гулдан оқроқ бўлса ҳам ҳатто,
Жейми томон босмасман қадам!
Етади, бас, энди мен ўзим
Шу Жеймининг кўрмайин юзин!”

Жейми қизни ҳовуз бўйида
Учратди-ю, сайради чунон:
“Сенга ўзим бўлайин қурбон,
Сенинг учун боражакман жон!

Сўзларимда бўлса сал ёлғон
Жаҳаннамнинг қаърига учай,
Дўзахнинг энг тагига тушай!”

Нима бўпти шунда, дерсиз, а?
Худди ўша боғнинг ўзида
Дарахтларда олчалар пишди!
Оқ қанотли қарғалар учди!
Оқ қанотли қарғалар учиб
Дарахтларни айланиб, қучиб,
Келиб қўнди ҳовуз бўйига!
Мана, нелар содир бўлди, ҳа!..

КУТИШ ЛАҲЗАЛАРИ

Шамоллардан менга сира тиним йўқ,
Деразани маҳкам ёпсам ҳам ҳатто.
Қалтиратар мени ўчоқдаги чўқ,
Олов ёнар, зулматдадир уй аммо,
Тун бўйи қулоқда гувуллайди сас,

Сиртдаги бўроннинг овози тинмас.
Менга шамоллардан нажот қайдадир,
Деразалар яна тақиллаётир.
Чирсиллаб ёнади ўчоқда ўтин,
Хонам ёришмоқда, тугаб битди тун.
Тонг отар, уйимга кирар сарсари
Чорлоқларнинг мунгли зорланишлари…
(1930)

Санъат Жавоҳир таржимаси