Хуан Хельман (1930-2014)

Хуан Хелман (Juan Gelman; 3 май 1930, Буэнос-Айрес — 14 январь 2014, Мехико) — аргентиналик шоир ва журналист, Сервантес мукофоти лауреати.

ШИППАК

Варшава яқинидаги концлагерда урушнинг даҳшатли белгиси — тоғ-тоғ болалар шиппаги сақланиб қолган…

Бир боланинг қора шиппаги,
Бир боланинг оқиш шиппаги,
Бир боланинг қизил шиппаги,
Бир боланинг янги шиппаги,
Бир боланинг йиртиқ шиппаги,
Жуфт шиплаги, бола шиппаги…

Шиппакларнинг қораси,
Оқи,
Кизили ва
Янги,
Йиртиғи —
Уюм-уюм бутун тоғ мисол,
Тонг нурида ғамли тоғ мисол,
Қора тикон Польша калбида.

Ҳой, эшитинг!
…Ҳаммаёқда кун,
Кун нурида бироқ қора тоғ,
Қора тикон Польша қалбида.
Қоп-дора тоғ! Биласанми, тоғ,
Кавакларга қалтираб қочиш,
Мактаб сари йўлларни тўсиш
Ва жавобсиз бола саволи
Яна ўлик отўйин ҳиди —
Тоғ, шундай ҳид келади сендан,
Тоғ!
Болалар шиппагидан тоғ!
Тонг нурида ғамга тўла тоғ!

Қора тикон Польша қалбида.
Болаларнинг шиппаги,
(Улар энди юролмас.)
Йўллар кутар уларни.
(Улар энди юролмас.)
Ўйинчоқ солдатчалар.
(Улар энди юролмас.)
Ўйинчоқ сурнайчалар.
(Улар энди юролмас.)
Йўллар жавоб кутишар.
(Улар энди юролмас.)
Мактаб кутар уларни.
(Улар энди юролмас.)
Мен кутаман сабрсиз!
(Улар энди юролмас.)
Улар ётар жимгина…

Тонг нурида ғамли тоғ,
Қора тикон Польша қалбида.
О, нақадар оғирсан, тоғ!..
Юракни қон дилар сукутинг!..
Оёқлар йўқ, юрар оёқ йўқ,
Етим бўлиб қолдинг нақадар!
Миллион оёқ сингари юр деб
Қандай сени уйғотайин, тоғ?!
Болаларни, юрмас болани
Ёдга олиш азоб нақадар!..

Яна эрта. Мусаффодир тонг.
Шиппак уюми йўқ. Мусаффодир тонг.
Буэнос-Айресда мусаффодир тонг.
Одамлар ичида мусаффодир тонг.
Ҳаммаёқда лавҳа ва ёзув,
Карлос Гардель портрети ҳам
Нозиккина гитара, гуллар,
Ошуқ билан маъшуқ сурати
Ёнида-чи — митти оқ шиппак.
Болаларнинг шиппаги.

Оқ ранг.
Ҳайкириғим, пичоқ сингари,
Тилди тонгнинг кекирдагидан.
Қайтарилсин ўрнига оқиш шиппаклар!
Ҳамма кўрсин марҳамат қилиб!
Қайтарилсип ўрнига қизил шиппаклар!
Кўриб қўйсин жаноблар буни!
Қайтарилсип ўрнига қора шиппаклар!
Ҳаёт савдогари унга қарасин!
Қайтарилсин ўрнига янги шиппаклар!
Ол қон савдогари унга қарасин!
Йиртиқ шиппаклар ҳам қайтарилсин тез!
Ўлим савдогари унга қарасин!
Ҳар ерда бор бўлсин бола шиппаги,
Ҳар жойда!
Бу мудҳиш уюмда бўлмасин фақат!
Еримнинг қалбида — у қора тикон.
Туринг ўрнингиздан, ҳей биродарлар!
Шиппакка берайлик бола оёғин!
Жисм ва тонг билан тўла этайлик!
Ўрнига уларни биз қайтарамиз!

Миразиз Аъзам таржимаси