Сесар Кальво (1940-2000)

Сесар Кальво (César Calvo; 26 июль 1940, Икитос, Перу — 18 август 2000, Лима, Перу) — перулик журналист, шоир. У «Generación del Sesenta» («Олмишинчи йиллар авлоди») гуруҳига мансуб шоирлардан бири. Романлари итальян ва инглиз тилларига таржима қилинган.

ШОИР ХОНАСИГА ТАШРИФ

Шоир хонасига ташриф буюринг.
Остонадан —
Юрагимгача —
Агар санасангиз —
Эллик пиллапоя камбағалчилик.
Ундан кўтарилиб,
Чапга бурилинг.
Агар йўлда
Менинг қайғумнинг елкасига суяниб,
Меҳр рўмоли тўқиётган
Онамни кўрсангиз,
Шоирнинг хонаси қаерда деб,
Ундан сўраб кўринг.
Сарғайиб-сарғайиб йўқолаётган
Баҳорга тикилиб турган
Эвеличани учратсангиз агар,
Ундан сўраб кўринг,—
Менинг юрагим қайда
Ва қайдан борилар шоир хонасига.
Агар йиғлаётган қувонч учраса,
Яна учраса бепоён қумзор,
Қаерга боришингизни
Қум доналаридан сўраб кўринг,—
Шунда шоир хонасига кириб борурсиз.
Мана — стол ва чироқ,
Мана — қоним тўла сиёҳдон.
Бошқасида айрилиқ — лим-лим…
Ўргимчак тўр солган бурчакда чалкашиб ётар
Кимнингдир чанг босган кўзёши,
Столда эса қоғоз.
Вақт оғир бошини эгиб ўлтирар
Қоғоз устида ..
Шоир хонасига ташриф буюринг,
Эринмай бир қаранг шоир хонасига
Менинг юрагимдан
Ҳар бир юраккача
Эллик пиллапоя сабру тоқат,
Ўртоқлар, чопқиллаб чиқингиз ундан.
(Агар мени
Топа олмасангиз,
Сўраб кўринг, қаерларда мен
Олов ёқаяпман ёнғин чиқаргани.)

ВАРАҚА

Ёзилмаган сўзлар
Бугундан бошлаб
Жимлик
ва булбулнинг созидан нафис.
Ой нури бағрида
Чиройли сўзлар
Уятли сўкишдай етар қулоққа.
Мурда ис бурқсиган ҳаёт ҳақида
Яна нима дейиш мумкин,
Дўстларим?
«Бу ҳаёт — покиза шабада каби
Тиниқ ва гўзал», деб ёзмоқ мумкинми?
Бу ҳаёт — ҳар куни
Тупроққа қориса бизни,
Бу ҳаёт ҳар куни
Маккорона бўғса,
Ҳатто заҳарлашса
Ёмғирларни ҳам…
«Уят!» деб айтгувчи,
Ахир, топилар…
О, диди олийлик,
Тили нафислик —
Чекин нарига!
Ахир йўқ,
Ахир, йўқ,
Гулларнинг шивири —
Қотил куз уларга
Ўзини баҳор деб таништирган.
Шоирлар кўксидан
Фавворадай отилган
Юлдузли — дарёлар ҳам йўқ,
Қайғулар ҳам йўқ —
Сўнгги қатра ёшгача
Ичиб адо қилди уни аблаҳлар.
Ҳозир ўзим ҳам кўриб қолдим:
Икки қарға қўнди
Менинг ҳам тилимга
Эшитяпсизми, шоирлар!
Эшитинглар!
Эслаб қолинглар!
Анчадан буён бизнинг еримизда
Ҳамма чиройли сўзлар бўғизида
Тиқилиб турар
Қон ва ёлғизлик.

Усмон Азим таржималари