Гарсиласо де ла Вега (1501-1536)

Гарсиласо де ла Вега (Garcilaso de la Vega) – испан шоири, ҳарбий амалдор. Толеда саройга яқин бўлган зодагон оилада туғилган. Карл V ҳукмронлиги даврида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган, дипломатик вазифаларни бажарган. Унинг ижоди испан шеъриятининг ифтихорига айланиб, мақол ва шиорларга айланган. Адабий мероси унчалик катта бўлмаса-да, жаҳон шеърияти ихлосмандларининг эътиборини қозонган.

ИККИНЧИ ЭЛЕГИЯ

Босконга бахшида

Дўстим Боскон, зиёрат қил
Дардан элин доҳийсин.
Уларни куйламиш Вергилий.

Бош узра ҳилпирар
Испан байроғи,
Африка қаҳрамони –
Юртимиз кўз қароғи.

Жангда ўзин аямай,
Кўрсатаркан жасорат,
Мукофот истар кўнгил,
Ўлим учун каффорат.

Аммо оқил одамлар
Истамайди урушни.
Тинч меҳнат қилиб улар,
Истар давр суришни.

Аҳли диллар кўзлайди
Фазл-ла камол топишни.
Сира истамас улар
Низо, жанжал, қопишни.

Баъзилар бор заҳарда
Яхши кўрсатар ўзин.
Ботинида аксинча
Ўяр дўстларин кўзин.

Мен ўртача йўл тутдим,
Шуҳрат топиб ижоддан,
Зеб-зийнатни унутдим.
Узоқман гирдибоддан.

Баъзилардай кечалар
Висол излаб чопмадим.
Шилқимлик, бузуқликдан
Бирор маза топмадим.

Элегия ёзай деб,
Қайга бошлар қаламим?
Ёзганим сатира-ку,
Ё олдимми аламим?

Бўпти, дўстим, энди қайтай,
Мавзуимнинг бошига.
Маъюс оҳанг ярашади
Гарсилоса ёшига.

Гоҳо мақтов эшитиб,
Яшайман камтарона.
Сиздай азиз дўстларни
Қилиб гоҳо тарона.

Фаришталар безайди
Умрим лаҳзаларини,
Қайғу чарчоқ йўқолар
Ижод боғчаларида.

Илҳом париларига
Дилим очиб яшайман.
Ижоду меҳнат билан
Вақтни ортга ташлайман.

Аммо қалбда оғир дард,
Ватанимдан жудолик
Не-не бойликдан аъло
Ўз юртимда гадолик.

Уруш тангриси – Марсга
Кўп йиллар қилиб хизмат,
Энди барча топганим –
Қувғиндилик ва ғурбат.

Жудолик диёрида
Олов куйдирар жисмим.
Тирикликда кўрмасам,
Ватанга етар исмим.

Бундан кўра яхшийди
Жанг чоғида ўлганим.
Кўрмас эди ғанимлар
Ўзга юртда сўлганим.

Умидим бор – дўстларга
Узрларим айтарман.
Гар ўлмасам, бир куни
Она юртга қайтарман…

Рус тилидан Маҳкам Маҳмуд таржимаси