Дилан Томас (Dylan Marlais Thomas) – “Ўн саккиз шеър” (1934), “Йигирма беш шеър” (1936), “Севги харитаси” (1939), “Ўлим ва нажот” (1946) сингари тўпламлар муаллифи. “Мусаввир портрети” (1940) автобиографик қиссаси, “Сут ўрмони” пьесаси, новеллалари бор. Д.Томаснинг лирик-фалсафий шеърларида инсон ва табиат муносабати, уларнинг ўзаро уйғун ҳодиса экани ўзига хос тарзда талқин этилади. Шунингдек, у инглиз адабий тили ва шеърий шаклларининг янгиланишига ҳам катта ҳисса қўшди.
“УЗЛАТГА ЧЕКИНМОҚ ИСТАДИМ МУДОМ”
Узлатга чекинмоқ истадим мудом
Риёкор ёлғоннинг қутқуларидан.
Кўҳна қўрқувлардан таралмиш фиғон
Умрим жудо қилди уйқуларидан.
Мунаввар тонглар ҳам ёруғ кундузлар
Тун бўлиб денгизнинг ортига чўкди.
Юракда гул очган энг нафис ҳислар
Шубҳадан қорайди, япроғин тўкди…
Узлатга чекинмоқ истадим мудом
Шарпаларнинг сохта тавозесидан.
Уларни жам этган йиғин, издиҳом,
Ёлғон китобларнинг овозасидан.
Барчасин чулғаган дабдаба, шукуҳ,
Ожиз туман каби тарқади-кетди.
Юрагим риёга қилмай таважжуҳ,
Жисмим қўрғонини нурафшон этди…
Узлатга чекинмоқ истадим мудом,
Нетай, қўрқув мени айлади банди.
Валек, чириб битган риё остидан
Мутлақо янги бир ҳаёт уйғонди…
Шул сўлим ҳаётнинг чақмоқ садоси
Парқу булут томон айлади парвоз.
Бағримни чулғади ҳурлик сафоси,
Энди чин сўз учун йўқдир эътироз…
Қадим қўрқув, ҳадик йўқолди абас,
Тўраларча либос, олифта, фаранг,
Энди ҳатто ажал менга келмас бас,
Ёлғон мамоти-ла тугар ушбу жанг…
Узлатга чекинмоқ истадим мудом,
Бироқ узлат мендан мангу чекинди.
Шодликлар келтирди эзгу бир пайғом,
Дийдамдаги алам унутдир энди…
Рус тилидан Муҳиддин Омон таржимаси