Хайрил Анвар (1922-1949)

Хайрил Анвар (Chairil Anwar) – индонезиялик шоир, таржимон, “45-йиллар авлоди” ҳаракатининг етакчиси. Шимолий Сумарадаги Медан шаҳрида туғилган. Э. Хемингуэй, А. Жид каби адибларнинг асарларини она тилига ўгирган. “Қабр тоши”, “Мен” сингари асарлари машҳур. Аксарият тўпламлари япон оккупацияси даврида эълон қилинмай, шоир вафотидан сўнг чоп этилган. Хайрил Анварнинг адабиёт соҳасидаги хизматлари ва хотираси учун шоир вафот этган сана – 28 апрель Индонезияда “Адабиёт куни” сифатида нишонлади.

МЕНИНГ ДЎСТИМ ВА МЕН

Ёлғизоёқ йўлда изимиз қолган,
Тун. Туман сийпалаб ўтар дудоқни.
Ёмғирдан шалаббо қаддимиз ҳамон
Қунишиб, мунғайиб кезар сўқмоқни.

Бандаргоҳда музлар кемалар.

Қоним ивимоқда. Тош қотган идрок.

Ким садо берди, ким берди сўроқ?
Менинг дўстим?! Ё балки мадори
кулфатдан қуриган вужуд?

Вақтни сўроқлади У!

Вақт.
Энди жуда кеч.
Моҳият йўқолган, чўккан, бўлган ғарқ.
Мақсадин тополмай ғимирлайди бахт.

ЙЎҚ, АЁЛ!

Йўқ, аёл! Сенинг ҳароратинг,
қора оғушинг
Ҳануз яшар менда, мен билан,
Ҳануз қочар мендан нарига.
Ҳа, яна топмоқ истайман. Сени.
Бошқа манзил, бошқа денгизда
Бироқ ўзгармасин аввалги висол –
Гир ўрасин бизни ҳув шамол,
Нигоҳлар кўкка қадалсин,
Юлдузлар-ла бўйлашсин хаёл.
Недир қоқар қанотларини,
Ва яна элтади Тай Поуга сари
Амбон денгизининг буюк асрорин
Кўмиб борар дилга ўшал
Дунё дилбари…
Яралгандир шундайин аёл!
Тутқич бермас хаёллари-да.
Қалам ила қилурман парвоз
Дилбаримнинг сирли кулгиларига.

ХАБАР

Амр этолмам, амр этмакка ҳаққим йўқдир,
Ёлғизлик-ла йўғрилган, бас, тақдири азал.
Сени ором, фароғатдан юлиб олдим-у,
Яна бизни маҳкум этди жудолик ўшал.

Қани энди кўрсайдим бир, сабрим етмас,
Музаффар зулматнинг сарҳадлари йўқ.
Дилда ёдинг, кўзда зулфинг, бир зум кетмас,
Чақалоқдай эркалатиб, ўпишлар йўқ.

Журъат қурғур тўхтатмоққа беради панд,
Ўзгалар-ла бу дунёда турмоқ маҳол.
Юрак қурғур сени дейди, сени фақат,
Номсиз денгиз, ёлғиз кема сузар алҳол.

ОРАЛИҚДАГИ ҚАРАҒАЙ

Оралиқда сўлиб битди қарағайлар,
Муқаррар туннинг хабари мисол.
Новдалари майин чайқалар,
Деразамни чертади шамол.

Мен ўшаман. Эски хотира,
Олис болаликдан омон қолган зот.
Ўша чоғ нелар бўлганди, қара,
Энди ҳисобини қилолмам, ҳайҳот.

Ҳаёт – ортда қолган мағлубиятми,
Ва ё ёшликдаги ишқдан айрилмоқ?!
Айтилмаган сўзлар кўп экан асли,
Англадик енгилиш олдидан озроқ.

Инглиз тилидан Севара Алижонова таржимаси