ҒАЗАЛЛАР
Минг йиллик тарихни ёзмоқ не учун?
Лаҳзалик ҳолимни айтай мен бутун.
Кўнгил дер: ҳаётга ишонгил тугал,
Дил чоки тикилсин, бўлмайлик дилхун.
Умрида томчи сув кўрмаган қақроқ
Лаблар ташналигин ёзай энг бурун.
Ишқда вафо бўлса муаммолар ҳал,
Ҳавасга севмоқ кўп айлайди забун.
Ўн тўрт йил узлатда ғам тортди Сита,
Аёл зоти учун етар шу жунун.
Бир тўғрам қора нон муҳтожларининг
Дардини, Рейна, ёз, лоақал бугун.
* * *
Маҳрами роз ёки бир дамсоз Масиҳо истарам
Балки ундан меҳрибонроқ ёр, худоё, истарам.
Тобакай уммед даштида кезарман дарбадар,
Бу сифат озодликдан тарки дунё истарам.
Лаҳза йўқки фурқатингда кундузим шом ўлмасин
Тийра осмонимга сендек битта Зуҳро истарам.
Ким сазовор ўлмади лутфингга, бўлди хор-зор,
Мен-да сендан келмагувчи ул мудово истарам.
Боғу саҳро бирла моҳу меҳр эмиш яксон манга,
Бул жиҳатдан айламак оламни баржо истарам.
Истагайму ишқ аро хуршед каби куймоқни ул?
Ваҳшатингдан кўнглим ичра ўтли дарё истарам.
* * *
Барча йўллар бунда тўхтар, эврилишларни унут,
Эсда қолсин яхши ишлар, қолган ишларни унут.
Фикру зикрим сенда эрди, гоҳ умид, гоҳ шубҳада,
Ел пичирлаб дейди: келгил, барча ишларни унут.
Зарра нам йўқ кўзда ғамдан сен кетиб ҳам, во ажаб,
Ул сени эсдан чиқарди, қўй, ёнишларни унут.
Йўқ на ул кўз, на-да ул хоб сеники эрмас эди,
Дил эрур шайдо кўзингга, кўз юмишларни унут.
Раҳматинг ёмғури ўзга том уза ёғмиш нечун?
Эй, дили ғофил, унутгил ўша тушларни, унут!
Ой каби кулган эди ҳам сой каби тошган эди,
Ул висол дарёси эрди, бехуд сузишларни унут.
Ҳиндийчадан Амир Файзулла таржимаси