Акакий Церетели (1840-1915)

Акакий Церетели (აკაკი წერეთელი) грузин адабиётини ҳамиша нурлантириб турувчи, ҳамиша халқ эъзози ва алқовларида яшаб келаётган шоир. XIX аср II ярми грузин адабиёти тараққиётига – Илья Чавчавадзе, Важа Пшавела каби улкан санъаткорлар қаторида – бу шоир ҳам муҳташам ҳисса қўша олди.
“Қўшиқлар қўшиғи”, “Тонг” шеърлари Акакий Церетели шеъриятининг дурдоналаридан ҳисобланади.

ҚЎШИҚЛАР ҚЎШИҒИ

Бир-бири-чун ичсин бошқалар, майли,
Ўз бахтимдан мастман мен шаробсиз ҳам,
Қадаҳ жарангимас, шавқим туфайли
Ноёб, сайқал топган бу ёруғ олам.

Гаштида, шаштида
Ғуруб оташида
Узоқлар видодай ярқ этди – ёнди!
Тун нафасин сезиб,
Амирона кезиб,
Тоғ чўққиси сари элтар ел жонни.

Ҳайрон қоларли тез
Ҳис қиламан ҳар кез
Оламни қучгувчи қардошлик, бу – сир.
Гар ақл чаққон, хўп
Лек хатоси ҳам кўп
Бошга қараганда, кўнгил ҳақроқдир.

Юрагим берар дов:
Кўк – чексиз, беўлчов
Адоғи йўқ не бор, ҳисга берк эмас.
Олам, бу – мўъжиза,
Борлиқ азза-базза
Яратганни алқаб, янграр қутлуғ сас.

Ой дардида гоҳ-гоҳ
Ёрир узоқ-узоқ
Ой дардида қовоқ солган самовот.
Юлдуз ғужғонида
Жаҳон айвонида
Хоровод кезади уйқу билмай бот.

“Коинотга балқиш,
Ҳеч мисли йўқ олқиш”, –
Шуълалар, қанотлар гўё шундай дер.
Юлдуз қаторига,
Қуйида, борига –
Қўшиққа қўшиқ-ла жавоб айтар Ер.

Бу куй-наволарда,
Анқир ҳаволарда
Ҳаётдан маст боғлар тарқалган чери,
Тонгнинг тозалиги,
Ёз овозалиги,
Тўлқин шовуллаши, гуллар атири.

Никоҳ тўй қўшиғи
Сел қилди ошиғин
Завқ-шавқимни қандоқ сақлайин пинҳон,
Қўшиққа жўр бўлиб,
Сездим, кўнглим тўлиб,
Худомонандман мен, Инсон.

Кўзимни очган ким? Ҳаётни, жўша
Эртак, туш айлаган қайси бир оқил?
Қанотсиз маҳлуқнинг қисмати оша
Мени юксакларга ким этди дохил?

Бу сенсан, муҳаббат. Сен сабаб.
Буларни сен қилдинг оёққа қалқа.
Кўк, Ерни – барчасин жамлаб, росалаб,
Бирлаштирган ҳалқа!

Ёзиғингким, сенга қилишар туҳмат,
Номингга тақашар истаса нени:
Ҳайвонсифатлигу ҳар балою бад,
Бузуқлик, қабиҳлик деб айблар сени.

Ким сени куйлашга қўпса, ҳаққи рост,
Тилин тишлар, ҳанг-манг бўлар ҳаракат.
Улуғлик кучингга тасвир борми мос,
Эй, кўклардан инган туҳфа-баракат?

Лекин оққуш кўнгли илғаган – қазо
Уни бўзлатгандай булутлар оша,
Шоҳона виқорли, бу – шеърим-сазо
Номинг боқий қилсин унутлар оша.

Мисли кўрилмаган ҳуснингга хирож –
Олдинг табиатнинг бор-йўқ тозасин.
Ўғирладинг булбул овозин деб бож,
Қолдирмадинг гуллар қирмиз ғозасин.

– Тушим, орзум ўзинг! – Бўлганча қойил,
Сўз келар мадҳингга сезиб эҳтиёж.
Сен, сен муҳаббат деб шарафга ноил,
Барча эзгуликнинг бошидаги тож.

… Бир-бири-чун ичсин бошқалар, майли,
Ўз бахтимдан мастман мен шаробсиз ҳам,
Қадаҳмас, муҳаббат сирим туфайли
Сайқал, сайқал топган бу ёруғ олам.
(1882)

ТОНГ

Мтацминда кўзи тўла мунг,
Термулар тонг юлдузи томон.
Нурга тўлган гўри – кунга ўнг,
Тинч ухлайди шонли қаҳрамон.

Камгап, бир сўз демас баралла –
Тоғ пойида шовқинлар Кура,
Қаҳрамонга айтади алла,
Тонгга қадар куйлар, оҳ урар.

Ўғли қабрин қучоқлаганча,
Мтацминда қилар тиловат,
Грузинни қўриган қанча
Жангда ўлган мардларга абад.

Шоир, ажиб ҳислар ичра шод,
Юксакларда, ҳар тараф боқиб,
Яратади қўшиқ-муножот,
Гўзал юрти чироғин ёқиб:

“Осмонлари феруза монанд,
Водийлари зумрад нишона –
Она юртим! Жонсарак, дардманд –
Қайтдим яна бағрингга ёна.

Жондай гўшалардан олисда,
Юрагимни бурдалаб азоб,
Келдим – меҳринг сақладим эсда,
Ҳижронингга беролмадим тоб.

Самовотда қуёш жонажон
Кулиб боқди менга ўша дам,
Балқди бутун табиат, ғужғон –
Юлдузларнинг нурин этиб жам.

Тағин кўнглим бирдан чарақлаб,
Барҳам бердим қайғу-аламга.
Мени хазон бўлмоқдан сақлаб,
Руҳим қутлуғ этдинг оламга.

Қурбонингман, феруза осмон,
Зумрад водий – юртим, маконим,
Мен сен билан тирикман ҳар он,
Мен сен учун бераман жоним.

Воз кечмагил мендан сен фақат, –
Майли, тирик ё ўлик бўлсам, –
Ўзинг менга айлаю мадад,
Васиятим унутма, ўлсам:

Ўтинчимни инобатга ол,
Тупроғингдан жой олсин таним.
Осмонлари феруза мисол,
Водийлари зумрад ватаним!”
(1892)

Муҳаммадали Қўшмоқов таржимаси