Эжен Гильвик (1907-1997)

Эжен Гильвик (Eugène Guillevic) 1907 йилнинг 5 августида Франтсиянинг Атлантика соҳили бўйлаб ёйилган Бретани вилоятидаги Карнак шаҳрида дунёга келган. Кейинчалик унинг оиласи дастлаб Белгияга чегарадош қишлоққа, кейинчалик эса Швейцарияга туташ бўлган Элзас вилоятига кўчиб ўтган.
Гилвикнинг ёзишича, деярли 19 ёшигача у француз тилини билмаган. Шоир туғилган оила гоҳ бретон, гоҳ валон, гоҳо эса Швейцария яшовчи немисларгагина хос бўлган олмон тилида ўзаро мулоқот қилган. Фақат ҳарбий хизматга чақирилгандан кейингина у француз тилини ўзлаштира бошлаган.
Илк шеърлари матбуотда 1939 йилда босилган. 1942 йили биринчи шеърий китоби чоп этилган. Рус тилини ўрганиб рус ва украин шоирларини таржима қилган.
Ўтган асрнинг 60 йилларига келиб Эжен Гильвик жаҳон шеъриятининг энг ёрқин вакилларидан бирига айланди.
Шоир 1997 йилнинг 19 мартида дунёдан кўз юмган.
Ўзбек тилида Эжен Гильвикнинг шеърлари 1984 йилда нашр этилан “Француз шоирлари” тўпламининг таркибида эълон қилинган.

ЧАҚМОҚЛАР

Бир сира-бир сира кунларимизда
Чақмоқ чақиб қоларди баъзан.

Осмон қийқимида йилт этар эди
Келгусида бўлажак ишлар.

Аста қўл теккизиб кўрар эдик биз
Истиқболнинг қуроқларига.

Қатъийлашиб қоларди қиттай
Шунда бизнинг одимларимиз.

Қулашимиз лозим бўлган жой
Орқароққа суриларди сал.

Фақат сийрак эди чақмоқлар, афсус.

БИРИНЧИ КУН

Поль Элюарга

У дарахт ғоятда ғаройиб бўлар,
Биринчи кун эрталаб биринчи бўлиб
Тонготарни каршилаб олган у дарахт.

Зулмат кетган кун,
Хўжайинлар битган кун.

Ўшанда халқ
Ўзи билан ўзи ёлғиз қолиб,
Тонготарни кўражак.

У тонготар ғоятда ғаройиб бўлар —
Биринчи кун эрталаб ўша дарахтни
Бағрига оҳиста олган тонготар.

Одамлар кўчага тошиб чиққан кун,
Одамлар тантана, байрам қилган кун —
Дарахт билан тонготарнинг
Қучоқлашиб туришганин кўражаклар.

* * *

Ортимиздан келар бошқалар,
Кўпроқ бўлар сабри уларнинг,
Эпчиллиги ва қатъияти.
Кўркамлиги, кучини кўриб,
Уларга ер бўлажак таслим.
Ёрдам берар уларга шунда
Биз яратиб кетган қўшиқлар.

Миразиз Аъзам таржималари


* * *

Ўтлоқларга бордим мен сенсиз,
Гулзорларга бордим мен сенсиз.

Сенсиз ўтдим юз сўқмоқни мен,
Сенсиз ётдим жилға ёнида,
Сенсиз оқшом бўйи мен ёлғиз
Оғир-вазмин қадамлар босдим.

Бошқа чидолмайман энди –
Сенсиз.

* * *

Раҳмат сенга,эй денгиз,
Сен бизга ўхшамайсан.

Биз каби хаёллар сурмайсан
Иложсиз нарсалар ҳақида.

Масалан,ҳаловат ҳақида.

* * *

Ҳар бир қушча бўғзида
Садоқат яшириндир
Келажак баҳорларга.

* * *

Сўзлар —
Дунёни англашга керак.
Дарахтга боқасану
Ҳатто уни ушламай туриб
Айтасан “Япроқлар” деб

Бу дегани дарахт билан
Нур сари талпинасан,
Салқин шамол эсишин кутиб.

Бу эса қўрқувларинг
Юрагингдан кетди дегани.

ЭНГ БИРИНЧИ КУН

Пол Элюарга

Ажойиб бўлади —
Энг биринчи бўлиб тонгни қаршилаб
Қуёшни кўрган дарахт.

Соялар кетган энг биринчи кун,
Золимлар битган энг биринчи кун,
Ўзи билан ўзи қолган эркин халқ
Қаршилайди тонгда қуёшни.

Ажойиб бўлади —
Энг биринчи куннинг тонгида
Дарахтни қучган қуёш.

Ажойиб бўлади —
Кўчаларга чиққан одамлар
Қувончдан бақирган одамлар
Қуёш билан дарахт бир-бирин
Қучоқлаб турганини кўрган
Энг биринчи озодлик куни.

* * *

Қулоқ солдим —
Билдим, қуш экан,
Сайраётган қуш.

Қулоқ солдим —
Қуш сайрар эди,
Сайрар эди йўлимга пешвоз.

Менимча, бу ердан ўтишимни ҳам
Олдиндан билган бу сайраётган қуш.

Бу ердан ўтишимни олдиндан билган
Шовиллаган дарахтлар,
Чексиз, бепоён дала,
Осмонга туташ йўллар.

Бутун вужудим билан сездим ўша дам
Дарахтларнинг, далаларнинг, осмоннинг
Ажралмас бир бўлагиману
Бу очиқ кунларда ҳар ён таралган
Улар ишончининг давомидайман.

Қуш эса менинг аксу садом,
Менинг эгизагим,
Ё менинг ўзим.

Ортиқ менга бўйсунмаган юрагимнинг парчаси
Сингиб бораётир дарахтларга, далаларга, осмонга.

* * *

Кимдир куйлар
Сукунат, бўлса керак.

Сукунатдан узоқда
Кимдир йиғлайди гирён.

Менимча, йиғлаётган
Соғинч билан тўлган Вақт.

ҚУДУҚ

Демак, қудуққа,
Зулмат қаърига.

Ҳамма нарсадан йироқ,
Барчадан узоқ

Ва зулмат қаърида
Барчасини унутмоқ учун
Барчасини бир-бир эсламоқ.

Ахир, тўхтанг, байрам-чи, байрам,
Ким учун келади байрам?

Ахир, бир куни, албатта, келади —
Байрам.

* * *

Ҳаёт жуда қиммат бўлиб кетяпти,
Деганларида, ўйлаб қоламан,

Бу дегани хотинларимиз
Семириб кетгани эмас,

Дарахтлар
Булутларга тегай-тегай деб
Баландлаб ўсгани учун

Гулбаргида ўтирганча дунёни
Сайр қилиб кезиш дегани эмас,

Ошиқларнинг тонгдан шомгача
Айрилмасдан юриши дегани ҳаммас.

Бу дегани яшаш тобора
Қийинлашиб боряпти,
Ҳаёт
Кундан кунга қийин дегани, холос.

* * *

Дарахт танасига санчилар арра
Ва иккига бўлинар дарахт.
Аммо қайин эмас, арранинг
Фарёдига чидаб бўлмайди.

БАЛЛАДА

Барча баҳор жилғалари
интилади унинг қошига.

Барча саҳройи отлар
деразаси остида кишнар

Сайхонлару боғларда қушлар
жўр бўлади шодмон сасига

Хонадаги барча буюмлар
қўлларининг тафтини сақлар

* * *

Шамол, қумлоқ ва денгиз,
Бир-бирингизга
Айни шу ерда учрашув тайинлагансиз.

Нечун энди бу иддао:
Тўсатдан учрашиб қолгандек гўё.

* * *

Мабодо мен яшаган ҳар соат
Бир йилга айланса-да,
Айланса-да ҳатто асрга,

Ҳатто, субҳи азонда
Хўроз тиним билмасдан
Юз йил қўшиқ айтганида ҳам,

Ҳатто, қуёш
Қўшни том устида порлаши учун
Юз йилда ўрмалаб осмонга чиқса,

Мен бари бир сенинг ёнимда
Эканингга кўниколмасдим.

Хуршид Даврон таржималари

ОҚ ЧОРЛОҚЛАР

Улар учун очликдир олам,
Бўм-бўш кенглик – чексиз бир алам.
Улар тўймас ҳеч замон; ҳар вақт
Оч қичқирмоқ уларга одат.
Токи замон бўшлиқни ютсин,
Очликларни тубдан йўқ этсин;
Бироқ денгиз бефарқ чайқалар,
Қушлар уни маломат қилар –
Жиловламас чунки у беғам
Очликни ҳам, чексизликни ҳам.

МАНГУЛИК

Мангуликни
Бой бермадик бутунлай ҳали.
Фақат недир етишмай қолди,
Ниманингдир келмади гали;
Қанийди, эҳ, орзуларнинг бўлса амали,
Ўр-қирларни туташтирсак
Яшил тоғларга,
Булутларни боғлай олсак
Боғ, ўтлоқларга;
Бирлаштирсак
Бу борлиқнинг кўзларини,
Инсонларни,
Сўзларини,
Ўзларини.
Фақат бу иш ўта оғир,
Машаққат ўта.
Шундай, аммо бир ҳақиқат аёндан-аён:
Ҳаёт мангу,
Биз мангумиз,
Мангу ҳар инсон.

* * *

Инсон зоти – ёшу қари, хотин, эр
Замонадан илгарилаб кетсам дер.
Уй қуришни ўйлаб, ўйга толамиз –
Ҳали уй йўқ, кўчиб кириб оламиз.
Кашф этилмай туриб ҳали кашфиёт,
Ўзиники қилар уни қай бир зот.
Кунлар, тунлар туманида бўғилган
Бу қирғоқда кўп ҳорғинлар йиғилган,
Узоқларда, силкиганча қўлчасин,
Замон келар… йиғмоқ учун ўлжасин.

* * *

Йўқ, беҳуда кечмади висол,
Ёниб турган икки ўт мисол
Қовушдик биз, эй соҳибжамол.
Беҳудамас, учрашсак ҳар гал,
Шам порларкан, ўтдай тўлғониб,
Қўлларимиз чирмашди ёниб.
Севишмоқ бу эски бир одат,
Олқишладик ишқ ўтин гоҳ пайт,
Гоҳо унга ёғдирдик лаънат.

ҚЎШИҚ

“Омин!” дер она ер. Қайғуга толар –
Инсон тобутини бағрига олар.
“Омин!” деб шивирлар. Бир қисқа калом.
Бу балки видодир, бу балки салом.
Тупроқ йиғламайдир, солмайдир уввос,
Инсон ҳам сукутда, жанозага мос…
Шундайин тақдирдош Инсон билан Ер,
Қолгани сир… Уни инсон билмайдир.

Рус тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи