Артур Рембо (1854-1891)

Артур Рембо (Jean Nicolas Arthur Rimbaud) — жаҳон адабиётидаги символизм оқимининг энг ёрқин намояндаларидан бири. У 1854 йилнинг 20 октябрида Франциянинг шимолидаги Арденлер провинциясидаги Шарлевиль шаҳарчасида туғилган.

У ҳали 16 ёшидаёқ оиласидаги келишмовчиликлар туфайли уйидан қочиб, Парижга кетади. Шу тақлид яна икки маротаба қочиб кетишига қарамай, паришон ва афтода бир ҳолда уйига қайтиб келади. Шоир ана шундай алғов-далғов ҳаёт ва руҳий зиддиятлар исканжасида шеърлар ёзар, Парижнинг машҳур кафеларида ўша давр санъати ва сиёсати ҳақидаги қизғин баҳс-мунозараларда иштирок этарди. Натижада у ичкилик ва гиёҳвандликка ружу қўяди. Энг охирги марта уйидан қочганида, у мактуб ва шеърлар орқали танишган дўсти Пол Верленнинг уйидан қўним топади.

Айни шу даврда ёзган шеърлари етуклик поғонасига кўтарилиб, жаҳон адабиёти дурдоналарига айланади. Унинг илк шеърий тўплами 1873 йилда “Жаҳаннамда бир мавсум” (“Une Saison En Enfer”) номи билан нашрдан чиқади. Кейинги “Дўзахдаги ёз”, “Равшанлик” каби асарлари ўқувчилар томонидан зўр қизиқиш билан қарши олинади. Унинг йигирма ёшида ёзган “Сархуш кема” шеъри шоир ижодининг гултожи бўлиб қолди.

Бу икки шахс (Рембо ва Верлен) ўртасида бошланган ишқий можаролар узоқ давом этиб, Пол Верленнинг қамоққа тушиши билан якунланади. Олдинги бемаъни ҳаётидан қутилишни истаган Рембо Европа бўйлаб пиёда саёҳатга отланади. 1976 йил майида эса у Голландия калониал армиясига оддий аскар сифатида ёлланиб Индонезияга боради, аммо, тез орада қочиб, яширинча ватанига қайтади.

У 1878 йилда Марселдан Искандарияга кетади, кейинчалик бир муддат Кипрда яшайди. Ўзи ишлаётган ташкилот ёпилгач, яна саргузашт излаб Африкага йўл олади. 11 йил мобайнида Миср, Ҳабашистон ва Яманда қаҳва,ширинликлар, тери, қурол-аслаҳа ва одам сотиш билан шуғулланади.

Рембо ўнг оёғидаги оғриқ кучайиб бораётгани туфайли 1891 йилнинг февралида Францияга қайтади. Бу ерда оёғида хавфли ўсма борлиги аниқлангач, тиббий муоложадан сўнг оёғидан ажралади. 1891 йилнинг 10 ноябрида шифохонада вафот этади.

ОФЕЛЬЯ

I

Юлдузлари ухлаган, сассиз бир зулмат
Тўлқин узра Офелья – улкан нилуфар,
Сузадир ёпинчиғи кўпикли ҳилқат…
Оҳ, у “овчи қувурлар” куйига оқар!

Минг йилдирки, Офелья ҳануз паришон,
Сув юзида кафан каби сузиб юрар.
Минг йилдирки, кеча-кундуз анбарфишон,
Ҳузунли эртагини елларга сўйлар.

Соллона ёпинчиғин сувларга ёйган,
Ул оппоқ сийнасидан шамоллар ўпмиш.
Елкасига мажнунтол шохини эгган,
Йиғламоқда уйқули тақдирга қамиш.

Атрофида ғамгусор нилуфаргуллар,
“Олха”нинг уйқусин қочирар Офелья.
Ногаҳонда нам шоҳин силкитса толлар,
Бузилгай юлдузлар куйлаган ария.

II

Сен, эй сўлғин Офелья, қор каби гўзал!
Сувларга келин бўлдинг кўҳлик чоғингда!
Норвегия чўққисида эсган шамол
Гўё аччиқ бир ҳурликдир димоғингда:

Тўзғитмиш рангпар қуюқ кокилларингни,
Улғаярдинг тушларнинг йўналишида.
Тинглар эдинг борлиқнинг қўшиқларини
Оғочлар, кечаларнинг товланишида .

Энди телба денгизларнинг бўғиқ саси
Бу ширин гўдакнинг кўксига урилар.
Апрелнинг тонгида, ҳориган бир отлиқ
Пойингга тиз чўкканча сассиз ўтирар.

Само! Ишқ! Ҳурлик! Бу қандай туш Телба Қиз!
Қуёшнинг тиғида қор каби эридинг.
Қизгина! Ўргатдинг ишқни бизга сассиз,
Ўша мовий кўзларинг-ла сўзлар эдинг.

III

Ҳазин куйлагай машшоқ: Ойдин кечада,
Офельягинам, гул-чечаклар тўпларсан.
Мангу сузавер шундай оқ либосингда,
Тўлқинлар тебратган бешикда ухларсан.

УНЛИЛАР

“A” – қора, “Э” – оқ, “И” – қизил, “У” – яшил, “О” – мовий; Унлилар!
Айтадурман бир куни туғилишингиз ҳақида
Қоронғу ороллар, қора пашшаларга ўхшар “А”
Бадбўй ва ёқимсиз ҳидлар узра қўниб-учарлар!

Қир чечаги, буғ, пар, чодир каби оппоқдир “Э”лар!
Мисоли ўткир муз найзаси, оқ отли шаҳзода
Қонли “И”, у – қизғалдоқ, ол дудоқ, қирмизи бода
Айрилиқлар, пушмонликлар, ғазаб ёнма-ён келар!

Яшил “У”, атроф-муҳит, зангор денгизлар тўлқини
Ўтлоқларнинг гуркираши, ажинларнинг босқини –
Алкимёнинг кенг манглайга тамға урган ёлқини!

Илоҳий най – “О”, ажнабий суҳбат, кулгуларидур
Малакларнинг, очунлар қаърига чўмган сукутдур
– Сен эй, ОМЕГА, “О” – кўзингдан таралган мовий нур!

ВОҚЕЛИК

Мовий ёз оқшомларида, бепарво кезарман,
Пойимда ғичирлар намхушлик, салқин далада
бошоқларидан тутиб, пояларни эзарман,
Ювиб тозалайди тақир бошимни шабада.

На бир сўз, на бир туйғу, адоғи йўқ шундай туш
Юрагимда жўш урар битмас севги умиди,
Барига қўл силтаб кетарман мисоли дарвеш
Табиат қўйнида, гўё бир малак-ла, бахтли.

ҚИР ТАНГРИСИНИНГ БОШИ

Ичида ўпичлар ухлаган
Кўркам чечаклар-ла безанмиш,
Япроқларни нақшинкор ўйган
Жавоҳир сандиғи – олтин бош.

О, садаф тишли Қир Тангриси
Қирмизи чечакларни тотар!
Оғзида шароб, қон қутқуси
Ўз кулгусидан чатнаб кетар.

Қочар япроқлар орасидан
Юракда қаҳқаҳа қўрқинчи
Бекинаркан ўз қорасидан
Ўрмонларнинг олтин ўпичи.

САРХУШ КЕМА

Ўлик сувларидан кечаётгандим дарёнинг,
Боқдим, етакчиларим арқонимни кесмишлар.
Чирилдоқ ҳиндулар нишонга олмоқлик учун,
Барчасин олиб ола устунларга қоқмишлар.

Менга нима, ирқлар аҳамиятли эмасди,
Пахта, буғдой, Нилерландия ва Англияга.
Кемамда шовқин-сурон, тасир-тусирлар тинди,
Олиб кетди мени сув кўнглим тусаган ерга.

Долға тинган маҳал, телбадек тўлқинлар узра
Чопдим, гўдак ақли каби ҳайратда, ўтган қиш
Оролларнинг қора либосин ечган бир кунда.
Ер юзи ҳеч бундайин алғов-далғов бўлмамиш!

Денгизда кучли ҳаяжонла очдим кўзимни,
Ўлим карвонининг тўфони чиқди қаршимга
Замбуруғдан енгил, роса ўн кеча, беписанд:
Боқмадим фонарларнинг телбавор кўзларига.

Болалар хушлаган нордон олмалардан тотли,
Қарағай кемамга оқизган ям-яшил сувлар.
На шароб доғи, на бир қусуқ, бари ювилди,
Палубам – темир, рул неки бор вайрон саросар!

Ўша пайт кўмилдим буткул денгиз гирдобига,
Ичу сиртим сутдай оқ кўпикдан, юлдузлардан
Ёрганим кўм-кўк мовийликнинг туби-домига
Бир ўлик оқиб ўтар, паришон бу ҳоллардан.

Сўнг бирдан мовийликни қоплар шундайин ёғду
Чақмоқнинг чақинида, тарам-тарам бир парда,
Ичкиликдан кучли, мусиқадан жарангдор бу
Орзу, аччиқ ва қизил, кўпирар денгизларда!

Кўрдим чақмоқ зарбидан чатнаган осмонларни,
Гирдоблар, қуюнларни мендан сўранг оқшомни,
Каптар галаси каби тўзғиган эрта тонгни.
Кўрдим ҳатто инсонга сирли бўлган бир дамни!

Қуёшни кўрдим, пастда, қонли бир маросимда,
Ёймиш нурларин узун, сафсар ранг лахталарга.
Эски драма саҳнасига ўхшар гўё, чексиз,
Ҳайқириб узоқлашган тўлқинлар, лаҳзаларга!

Зангор кечани кўрдим, ялт-юлт ёнган қорларни,
Оппоқ ўпичлар чиқар гоҳ денгизнинг кўзига.
Кетма-кет уйғонарди, фосфорлар, мовий, сариқ,
Ноёб шарбатлар оқар қайтиб бот-бот изига!

Сузгич буқалар каби қояларга шоҳ урган
Тўфонлар судраб юрди ойлаб мени ҳар ёнга.
Кутмадим Биби Марямнинг қутлуғ ташрифидан
Қутурган денгизларнинг келишини имонга!

Ўлкалар кўрдим антиқа, гулу чечагига
Кўзлар қамашар, юзи инсон кўзлари йўлбарс.
Чексизликка чўзилган улкан камалаклари
Қорамол суруви боғланган тизгинга қиёс!

Ботқоқликлар кўрдим, бепоён, виқ-виқ қайнаган,
Қамишзорда чириган жуда улкан аждарҳо,
Мўътадил ҳавода ҳам сувлар камаяр бирдан,
Чексизликлар шариллаб тўкилар гирдобларга!

О, кумуш қуёш, маржон осмон, садаф тўлқинлар,
Жирканч ўлакса уюмидан кўллар булғанчиқ.
Ҳашоратлар кемирган, дев илонлар йиқилар
Эгилган дарахтлардан, қорайиб ҳиди анқиб.

Анграйиб қоларди болалар мовий сувларда
Ўша олтин, ўша кумуш балиқларни кўрса гар.
Юрдим оппоқ кўпиклар узра уйқуларимда,
Гоҳо қанотимда бир беҳишт шамоли эсар.

Баъзан жонимга тегар, қутубу қитъаси ҳам,
Денгиз шалоплаб қуршар, чайқатар эди бот-бот.
Заъфарон чечакларни тўшар тўрт тарафимга,
Тиз чўккан аёл каби тўхтаб қолардим ҳайҳот!

Чайқалган бир орол узра ваҳший кушларнинг
Бол рангли кўзлари, чуғурлари, аҳлатлари.
Оқшом эса чириган ипларимдан уюм-уюм
Ўлимталар тушарди ухлаб қолган сингари.

Мен, у сув ўтлар ўсган кўлларда ётган кема —
Шундай зарбла отилдим қуш учмас кенглик томон.
Қирғоқ бўйлаб сузаркан, сувда сарҳуш жисмимга,
Жангчиларнинг кемаси эътиборсиз умуман.

Қуршалдим туманларга, эгасиз ва дарбадар,
Ёриб чиқдим қаршига қирмизи само сари
Палубамда шоирга турли махсус емаклар:
Қуёш ўтлари-ю, гўзаллик медузалари!

Чопдим, тутам-тутам нурларга ўралган кемам,
Телба кемам, ортда буғдойранг денгиз отлари.
Жавзонинг қуёшида тўкиларди шовуллаб,
Жизғанак вакуумга кўм-кўк бир само қаъри!

Титрардим узоқлардан ингроқ товуши келса,
Тўлғонган Бегемотлар, қўрқинчли Гирдобларнинг
Аммо мен, ўша мовий дунёлар дарбадари,
Аввалги ҳисларини соғиндим Европанинг!

Юлдуз қучган ороллар, қитъалар кўрдим жўшқин,
Кўк тоқида кезарсан истаганча, беминнат.
У адоқсиз кечада бекиниб ухлайсанми?
Миллионларча олтин қуш, сен эй, Келажак Қудрат!

Етар энди шунча йиғлаганларим, бас, тўйдим!
Субҳидам, қуёш, ой – бари оғриқ, бўш, тубсиз.
Ишқнинг изтироби тўлмиш ичимга, сарҳушман,
Ёрилсин энди бу кема, олсин мени денгиз!

Кўнглим Европанинг лойқа, совуқ, чуқурликда
Тўпланиб қолган сувида, анқиган, оқшом вақти
Сувнинг бўйида чўккалаган ғамгин бир бола
Суздирар қоғоз кемасин май капалагидек.

Мен сиз билан саёҳат қилдим сармаст, тўлқинлар,
Пахта юкли кемалар ортида кезолмайман.
Тўйдиролмас мени байроқлару, йўлбошчилар,
Маҳкум кемаларининг сувида сузолмайман.

ЖАҲАННАМДА БИР МАВСУМ

Янглишмасам, бир пайтлар ҳаётим — олдига
бутун кўнгиллар дастурхондай очилган, йўлларига
бутун шароблар тўкиб-сочилган бир зиёфат эди.
Бир оқшомда Гўзалликни изза қилдим – қайрилиб
қарамайдиган бўлди – аяб ўтирмадим мен ҳам.
Намойишга чиқдим адолатга қарши.
Бош олиб қочдим. Эй сеҳргарлар, эй, сиз бахтсизлик,
эй нафрат, хазинам сизга омонат!
Жазм қилдим, сўндирдим ичимдаги инсоний ҳисларнинг
барчасин. Бир йиртқич ҳайвон важоҳати билан ташландим
бўғмоқлик учун жами шодликнинг устига.
Жаллодларни чақирдим, ғажийин дея ўлаётиб кунданинг
бандларини. Чақирдим ўлатларни бўғсинлар дедим, қон ичида,
қум ичида мени. Мусибатга сиғиндим. Бўғзимга қадар ботдим балчиққа.
Ҳақоратнинг аёзида қурутдим ўзимни.
Умид қила-қила охир енгдим телбаликни.
Баҳорнинг менга келтирган жирканч бир девона қаҳқаҳасидир бу.
Шундай деркан, бир оз аввал, шу пайт боқдим-ки, қиқирлаб кулгим
келаётганди, ўйладим, эҳтимол яна бошқатдан орзу қила бошлайман.
Рўё эмиш, магар-ки, ўша калитнинг номи маълум бўлди – мен туш кўраётгандим.
“Сен йиртқич ҳайвон бўлишинг керак…” Фалон-писмадон…
Бақир-чақир қила бошлади бошимни бу васвасалар билан
айлантирган шайтон.
“Ордона қолсин бу нафсинг, худбинлигинг,
барча кечирилмас гуноҳларинг.”
Оҳ, жонимдан ўтди, болалаб кетган шайтон, маккор назар,
сен учига чиққан пасткашликларнинг ғоя муаллифи ва
ўргатувчиси, бу иш учун солиқ тўламаслик тарафдорисан,
сен учун қўпордим лаънати кундалигимдан бу омадсиз варақларни.

Гулбаҳор Сатторова таржималари

БЕҒУБОР ТОНГ ХАЁЛИ

Тонг отмайин ҳали, ёзнинг кунлари
Уйқу ширин, ишқий туш оғушида.
Оқшомги зиёфат исларин жуда
Тарқатади шафақ нурлари.

Аммо, у ёқларда, кўкка ташланган
Осмонўпар янги уйлар томонда,
Уста дурадгорлар, аллақачонда,
Тўхтаб қолган ишин бошлаган.

Энгилларин ечиб, айтмай бир сўз ҳам,
Улар ишлашяпти саҳро бағрида,
Маҳобатли кентлар тошлар сеҳрида
Қотиб қолар табассум билан.

Тарк этгил, Венера, ахир, уларни,
Тарк этгил сен, ҳеч қурса бир дам
Ўзинг назар қилган, толеи кулган
Лаззат тотин татиганларни.

Чўпонлар париси! Сен шароб билан
Қўлла фидоларни ўзинг! Уларга
Куч-қувват бер, токи, оташ кунларда,
Кейин денгиз қилади бардам.

СЕҲРЛАНГАНЛАР

Қор тумандан ертўла дарчасига
Боқишади оқ шуъла парчасига
Ва мўъжиза кутар.

Беш болакай – о, сен бешафқат қисмат!
Тиз чўкиб ўтирар, тикилар фақат
Нон қандай ёпилар?

Бу жойдан сира кўз узиб бўлмайди,
Новвой ёғли хамирдан нон ясайди
Ва аста олиб,

Уни маҳкам тутиб, печга жойлайди,
Тўқликдан кўзларин юмиб, куйлайди,
Хиргойи қилиб.

Болалар бўлсачи, ютиб нафасин,
Кўз узмай бу кучли билаклардан, жим
Боқар барчаси.

Ахир, қачон иссиқ, олтин, биллурдай
Пишган ширин нонни у печдан узгай
Ярим кечаси.

Чигиртка тим қора гумбаз остида
Хилват бурчакларда жўшганда жуда,
Тўлиб-тошганда.

Ҳаёт нафасига бу ўра, чуқур,
Болаларнинг қалби, уст-боши жулдур,
Завқдан жўшганда.

Роҳатланар, аъзойи баданин сезмай,
Ҳис этмай, аёзли оқ қиров қандай
Сочларин қоплар.

Панжарага босиб жажжи юзларин
Ва аллаким аста мулойим, майин
Уларга куйлар.

Ва болалар борар жуда суқланиб,
Само ҳақидаги қўшиққа қониб
Ва иссиқ ҳақида.

Ҳилвираган кўйлаклари йиртилар,
Бечоралар изғиринда дилдирар
Аёз қаҳрида.

МЕНИНГ ДАРБАДАРЛИГИМ

Илма-тешик чўнтакда иситдим муздай қўлим,
Устим юпун, бир аҳвол, эгнимда жулдур чопон,
Илҳом париси, сенга йўлдош бўлдим, саргардон
Ва – ла-ла! Эртакдаги севгини орзу қилдим.

Йиртиқ-ямоқ шолворим, мана, томошаталаб,
Ўзи митти боламан, қофияга шошқалоқ.
Тунашга Катта айиқ жой берди менга бу чоқ,
Юлдузлари осмондан пичирлашар эркалаб.

Мезон оқшоми эди, йўл бўйида ўлтириб,
Эшитдим юлдузларнинг шивирин, лабим титраб
Шабнамдан, сархуш қилар, эски шароб каби ол;

Булутлар узра учдим, қофия излаб инжиқ,
Чилтордай совуқ қотган тиззамни қучиб, инжиб,
Этигимнинг қўнжини чертиб-чертиб тор мисол.

ИШҚ

I

Босиқлик ярашарми ўн еттига кирганда?
Қадаҳу косаларни бир оқшом ташлаб кетиб,
Шовқин қаҳвахонаю ёрқин чироқни бунда?
Жўказор соясида сайрон пайтингиз етди.

Жавзо куни хушҳаво жўкаларнинг сояси,
Кўз юмиб олгинг келар, қандай гўзал барчаси.
Шаҳар олис эмасда, келиб туради саси,
Шамолда эса хушдир гиёҳ ҳам шароб иси.

II

Бирдан сезасан унда, бир парча бошинг узра,
Қораяр парча осмон, ҳошияси новдалар.
Милтираган юлдузлар чамбари уни безар,
Аста титраб бир лаҳза ўтаркан тиниб қолар.

Жавзо! Ўн етти ёшлик! Гуллаган шох шарбати –
Шампан шароби каби гангитади ҳойнаҳой!
Лабингизда митти жон, бесабр муҳаббатни
Титратар оташ бўса, сўзлар эса пойма-пой.

III

Ёлғизликнинг асири телба кўнгил шикаста,
Йўқ, мана гўзал хоним, нозикки рамақижон,
Хира фонус нурида ўтаркан аста-аста
Ва отаси соядай эргашади бегумон.

Соддадил қиз нигоҳи сизни топган лаҳзада,
Кўзларин олиб қочар, гўё сизга бепарво,
Ўтиб кетар, лабингиз бесабр титрар, зада,
Янграмай сўниб қолар дилдан келган бир наво.

IV

Сиз севибсиз телбадай. Ойна ортида мезон
Сонетингиз устидан қаҳқаҳа отаётир.
Дўстлар ташлаб кетишди. Сиз ғамгин. Кейин эса
Ёр мактубин юбориб, бахтли этмоқчи, ахир!

Шундай кеча… борарсиз қаҳвахона, ёрқин нур,
Унда муштоқ қадаҳлар, косалару шовқинлар.
Ўн еттида ярашмас босиқлик, кўнгул қурғур
Ва келди жўказорни томоша қилар кунлар.

ТУЙҒУ

Майсалар қоплаб ётган кўринмас сўқмоқ бўйлаб,
Мовий оқшом бағрида кезгум ёлғиз, дарбадар.
Шамоллар елар яланг бошим силаб, эркалаб,
Оёғим остида ҳам беғуборлик нақадар.

Сўнгсиз меҳру муҳаббат жойланади кўксимга.
Сукут сақларман, унут сўзларим, йўқ ихтиёр.
Лўлилардай кетарман, олис-олис йўлимга,
Табиат сулув жувон, бирга бўлгум бахтиёр!

Рус тилидан Ҳумоюн таржимаси

ҲУКМДОР ҒАЗАБИ
(сонет)

Сайҳонликда турар гунг, ғамгин нигоҳли одам,
Эгнида қора фрак, лабида эса сигор.
Ичида – Туилрийла боғлиқ хотиралари,
Кўзларида – йилдирим ухлаб ётган само бор.

Ҳа, тортиб олинмаган йигирма йилдан бери,
Император пуфласа Озодликни: “Қўй, сўнсин!”
Бу Эрк сира ўчмаган… Шамдек зиё сочса ҳам,
У шаммас-ку пуфласанг зумда зулматга дўнса.

У машала. Ғазабла ўт сочсами пайдар-пай,
Лол дудоқлар остида қайси сўзлар кўрингай?
Билмаймиз? Сўнг не ёғгай ғамгин нигоҳлар оша…

Меҳрибон хаж отаси балки тушиб ёдига…
У сигор тутунининг боқар оппоқ қатига –
Гўёки Сен-Клуда кетмоқда зўр томоша.

ҲИЙЛАКОР АЁЛ
(сонет)

Қоронғу меҳмонхона ичра ёруғликдайин,
Овқат ва мейваларнинг ҳиди жонимга сингди.
Дастурхонга син солсанг, димоғингни қитиқлар,
Кайфият мажлисига айлантирар ичингни…

Соат юрар… Тингласам, лаззатла таомланиб,
Бирдан эшик очилар.
Қарайман жондан озиб.
“Меҳрибон қиз”, билмайман, нега ташриф буюрар,
Тўзғиганча сочлари, қўллари титраб нозик…

Нозиккина бармоғи аста сийпалар юзин,
Тоза гуноҳнинг ҳисси қолдирган унда изин.
Дудоғи шишиб-бўртиб гўё ёнарди бесўз.

Сўнг эгилди елкамга…
Эҳтимол, синар эди,
Яна бўса истарди. Секин шивирлар эди:
“Сен бир қара, кел, қара, лабим музламоқда, муз…”

Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси