Хуррамий (XVI аср)

«Равзат ул-ошиқин» (Ошиқлар боғи) асарини Хуррамий форс тилида битган. 1547 йили Бухорода Абдулазиз Баҳодурхон (1540—1549) даврида ёзилган. Китобнинг 1102/1691 йили кучирилган нусхаси Шарқшунослик институтида сақланмоқда.

Олтининг харж билан охир бўлар кам,
Ҳунар шундай ганжки, камаймас ҳеч дам!
Уларнинг фарқини айтсам агарда,
Ҳунар чашма эрур, олтин-чи шабнам!

* * *

Гўзал юзларига агар чиройли ҳулқ бўлса ёр,
Қайга қадам қўймасин, халқдир унга талабгор!

* * *

Ватан сориға еткурдим қадамни,
Кўнгулга сабт этиб сонсиз оламни.

* * *

Ҳар ёшки эгадир ҳусну жамолга,
Осмонда қуёшдир етгач камолга!

* * *

Боғбондан парвариш кўрмаса ниҳол,
Улғайиб ўсолмас, тополмас камол!

* * *

Сенга айтай бир насиҳат, эй ўғил,
Сол қулоғинг сенга бўлғай жону дил,
Кексаларнинг пандини ёдингга ол,
Не деса «хўп» деб тилингаи айла бол!
Ёшлигинг сарф айла ҳар бир кексага,
Ёрдамингни кўрсат, айлан ҳассага!
Кексаларни кўрганингда қочмагил,
Мард кишилар одатидан кечмагил,
Эй йигит, эл бирла бўлсанг яхшидир,
Чеҳранг очиб, шод кулсанг яхшидир.
Шундайин йўл тутки, қолма беҳунар,
Кимда бўлса гар ҳунар ризқи унар.
Яхшиларнинг суҳбатидан тортма бош,
Ёки оқиллар юзига отма тош.
Мард кишиларга қўшил, мардона бўл,
Яхшиликнинг бобида дурдона бўл!
Ёшлик айёмида ҳар иш осон,
Қаригач кучдан қолиб аҳвол ёмон.
Ҳўл шохни қайирмоқ мушкул эмас,
Шох қуриб қолгач ёқилгай ҳар нафас.
Ёш ниҳолга сув бериб хўп боқишар,
Қаригач арра солиб сўнг ёқишар.
Ёшлигингни бил ғанимат бебаҳо,
У билан мақсадга етмоқдир раво.
Айни меҳнат пайтидир, ҳушёр бўл,
Барчани ҳурмат қилу бедор бул.
Ўйлама шундай қолурман деб абад,
Ёшлик айёмингга бордир чеку ҳад.
Этагингни кексалик қўли тутар,
Беҳисоб ғамлар ўша онда етар.
Бунда сенга лозим ўлғай ул ҳунар,
Ул ҳунар фазли била ғамлар ёнар.
Сен шунинг-чун дангаса бўлма, ўғил,
Гъайрат айла, беҳунар қолма, ўғил.
Гар кишига яхши инсон ёр бўлар,
Яхши инсон бирла бахтиёр бўлар!

* * *

Ошиққа на занжир, ва на банд писанд,
Унга таъсир қилмас, на таъна, на панд!
У шундай ҳолдаки, ут ичра гўё
Ташлаб юборилган бир сиқим сипанд!

* * *

Кимнинг юрагида ишқ бўлса пинҳон,
Заҳарни шакар деб қилади гумон!

* * *

Инсон гўзаллигининг асоси унинг чиройли хулқидир.
Чиройли хулқ билан инсон инсондир,
Четдан боқсанг шакли ҳаммаси бир хил.
Рангу ҳиди билан фарқи билинар,
Ёзилишда бир хил бўлган «гулу гил!»

* * *

Олий ҳиммат билан покиза кўнгил,
Кишини етказар бахту камолга.
Ҳар кимнинг дилида бўлса бадфеъллик,
Умрини совурар бир кун шамолга!

* * *

Гавҳар учун пайдо бўлгач харидор,
Дурнинг садаф билан нима иши бор.

* * *

Яхши феълли киши душманинг бўлса,
Бадфеъл дўстдан кўра афзалроқ эрур!

* * *

Ҳар ким яхши хислат топмоқчи бўлса,
Фақат яхши феълни изласа создир.
Бадфеъллик баданга ёпишган дардки,
Қанча даво қилма, барибир оздир!

* * *

Эй ўзининг ҳусни-ла мағрур,
Мендек хаста ҳолини бир кўр.
Тикан ўсиб чиққач гулингдан,
Қадру қиймат кетар қўлингдан.
Бедил ҳолин билурсан шунда,
Аммо фойда бермас ўшанда!

* * *

Дилраболар ошиқ аҳлин ўлдирур тош дил билан..
Лек қайта тиргизур хушхулқу, ширин тил билан!
Сен ғазаб бирла бирор филни енголмассан бироқ,
Бўлса юмшоқлик уни ром айлагунг бир қил билан!

* * *

Доимо эл кўзидан пинҳон эди ганжи ҳусн,
Дарҳақиқат кимки топса ганж, пинҳон айлагай.
Ганжини эл кўзидан Қорун ниҳон айлар эди,
Лек билмас эрдики, охир пушаймон айлагай!

Ҳамиджон Хомидий таржималари