Мавлавий-Жунуний (1800-1877)

Нодир сўз санъаткори, муршиди комил, улуғ шоир, мутафаккир аллома, ориф ошиқ, Мавлавий-Жунуний (مولوی جنونی) ҳижрий-қамарий 1216, милодий 1800 йилда Афғонистон мамлакатининг Қандаҳор вилоятида зиёли хонадонда дунёга келган. У зотнинг шажарадаги нисбаси ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом хонадонларига бориб тақалади.
Шоирнинг асл исми Саййид Насимхон Қаландаршоҳ ибн Шоҳ Соҳиб бўлиб, Мавлавий-Жунуний деган унвон у зотнинг руҳоният оламидаги мартабасига ишорадир ва шеъриятдаги тахаллусидир. Баъзи асарларида Нодирий тахаллусини ҳам қўллаган. Шоир болалик чоғларини отаси ҳузурида исломий-маърифий илмлар таҳсили билан ўтказади. Кейин Бухорои шарифда кўп йиллар таълим олади. Шу даврда маънавий камолотга эришиб, Мавлавий унвонига сазовор бўлади.
Сўнг отаси билан эски Термиз, бугунги Сурхондарё вилоятининг Чағаниён, ҳозирги Денов шаҳрига кўчиб келиб, шу ерда муқим яшаб қолишади. Отаси Деновда вафот этади. Шоир асосан форс тилида ижод қилган бўлиб, туркий-ўзбек тилидаги ягона “Завқ ул-муҳиб” достонини бугунги Ўзбекистоннинг жанубида – Денов шаҳрида таълиф қилган. Шундан кейин шайх ва шоир Ҳисор водийсидаги Роҳатий қишлоғига кўчиб ўтади ва умрининг охиригача ўша ерда яшаб қолади. Ҳижрий-қамарий 1295, милодий 1877 йилда 77 ёшда дунёдан ўтади. У зотнинг файзли мақбараси дил аҳлининг қутлуғ зиёратгоҳига айланган.
Мавлавий-Жунуний зуллисонайн, яъни икки тилли шоир бўлиб, форс-тожик ва туркий-ўзбек тилларида равон ижод қилган. Асарларининг саноғи ўн биттага етади. Аммо бугунги кунгача шоирнинг аниқ еттита асари сақланиб қолган.

* * *

Эй ҳовуч тупроқ, бу ҳолингга таманно на керак?
Устухон тўда ўзингсан, бўйла ғавғо на керак?

Бир куни шаҳло кўзингни ул қабр мўрчаси ер,
Оина юзига ҳар лаҳза томошо на керак?

Аслинг ул қатра маний, санга манманлик нечун?
Келганинг пешоб йўлидур, кибру ҳаво на керак?

Лахта ул жийфа ўзинг, ҳусну жамолинг у сабаб,
Эшигинг туфроғу бўл-у, катта ҳаво на керак?

Лавҳи дилни ювгил ағёрдин, тутиб Ёр этагин,
Бас, Анинг ишқи вароғига муаммо на керак?

Ошиқи содиқдин ишқ шайдо кўнгул айлар талаб,
Дилни туғёну жаҳонга этма шайдо, на керак?

Бу ўлик кўнглингга бир лаҳза ҳаёт топғил, ахир,
Толиби дил бўлмасанг, азми Масиҳо на керак?

Зуд бу кун эрта ишин айлаки, фурсат ўтадур,
Эртага қўймоқ бу кунги ишни, эвоҳ, на керак?

Икки зид: фоний ва боқий, чун сингил бўлмас никоҳ,
Гар бақо этсанг талаб, сенга бу дунё на керак?

Билки, Лоҳут оламинда бул Жунуний сайри бор,
Солико, сайрингга ул арши муъалло на керак?

* * *

Ҳар ҳосилеки бордур, зи шўри муҳаббатдур,
Кўнгилни сақлагилким, ул Тури муҳаббатдур.

Тунги зикр ила саҳар вақтидаги надомат,
Завқ аҳлига бу вақти зуҳури муҳаббатдур.

Ошиқ келар йиғига, зору зор нола этгай,
Билгилки, вақти файзи ҳузури муҳаббатдур.

Гоҳ наъра тортгайу дил, гоҳ дарди дуд ичинда,
Кўнгилки шуъла ургай, танури муҳаббатдур.

Дўст васли завқи бирла ул барчадин беҳожат,
Ўзидин фони бўлмиш, ғурури муҳаббатдур.

Оинадил инсонлар кўнгилга берур сайқал,
Ҳар дилки равшан ўлғай, бу нури муҳаббатдур.

Ярим бисмил қуш каби гоҳида дил питирлар,
Қалбнинг қиёматида бир сури муҳаббатдур.

Айб ўлса ҳам, гоҳида мастона наъра қилгай,
Маъзур тутғилки они, ул кўри муҳаббатдур.

Жунунда бордур Онинг шўрлиғларининг ишқи,
Қолипдадур токи жон, бу шўри муҳаббатдур.

* * *

Бўлсин тану вужуду дилу жон фидойи ишқ,
Кўниқдим дардга, зинҳор изламам давойи ишқ.

Аҳли дарддин нолаи дилсўз тинглагайман,
Чиқар кўнглим доғларидин садойи ишқ.

Кўнгил ишқ оташининг тануридур, шуълалиғ,
Икки кавн зулматида келмасин жудойи ишқ.

Юз Хусравий тож эрур, асириман кулоҳин,
Кулоҳим синдирибман, ки менман гадойи ишқ.

Булбул гул гунчаси ишқида нола айлар,
Ҳар ошиқ нола бирла топғуси навойи ишқ.

Дўст юзининг оинадори бўлар, бегумон,
Ҳар дилки, топса ваҳдат йўлида сафойи ишқ.

Ҳар хокисор кимса гар кўйса бу доғни дилга
Бўлғай, Жунун, ҳашр аро ул зери лавойи ишқ.

* * *

Ошиқ агар кўнглимиз сари бир назар қилур,
Ўқ эрур ўшал нигоҳ, нишони жигар қилур.

Оинадир соҳибдил, ул юзма-юз бўлганда,
Жоми жаҳоннамодур, мақсадни хабар қилур.

Ул кимиё сари тез шитоб эт, ҳовуч тупроқ,
Бир нигоҳда ул ҳовуч тупроғингни зар қилур.

Тун қиёмат тонгининг жилвасига интизор,
“Оҳ” ўқи бирла гардун сийнасин сипар қилур.

Якдил бўлиб, якто Зот даргоҳига тутиб юз,
Икки эшикли фоний саройдин ҳазар қилур.

Гоҳи Мажнун водийси томон изтироб ила,
Муштоқ бўлиб, у дилсўз ноладин сафар қилур.

Кўнгилга шуъла урган пинҳон оташедур,
Меҳробни қонли кўз ёш ёмғиридин тар қилур.

Бу макондан тез кўнгил этагини йиғиштир,
Ул авжи ломаконда ҳимматдин мақар қилур.

Юсуфсифат, оғолар ранжидин кўнгил пора,
Маҳзун бўлиб Жунуний фиғони падар қилур.

* * *

Эй, мўминлар, юзингиз ба сўйи Аҳад қилинг,
Бу кун кўп фикри хоби тўшайи лаҳад қилинг.

Эрта ажалнинг ўқи, ахир, етгайдур шитоб,
Ушбу дам ғаниматдур, фидойи Самад қилинг.

Шайтон ила нафс руҳнинг мулкини хароб этди,
Азизлар суҳбатидин руҳларга мадад қилинг!

Ювғувчи ўлик танни чала ювмасдан аввал
Аллоҳ зикри сувидин танни пок жасад қилинг.

Эрта минглаб тугунлар ададдан ортиқ бўлур,
Бас, ушбу кун бандалик фикрин беадад қилинг.

Бандаларга яхшилик Аллоҳнинг амри бўлмиш,
Хулқи бад кимсаларга, демам: сўзни бад қилинг.

Майл айласа нафс агар маҳрумлигу ғурурга,
Жунун дер: анга шайтон қиссасин санад қилинг!..

* * *

Ҳамиша ўрнини, билсанг, дилу жон қил муҳаббатни,
Ва жойин суҳбату файзи азизон қил муҳаббатни.

Кўнгилнинг бир тануридин неча минг хомрўй пишгай,
Шу важ айтгумки, сарфи нури ирфон қил муҳаббатни.

Зикрдин ишқ қозонини чу зокир кўнгли қайнатгай,
Ки, сен ишқ файзидин кўнгилда жўшон қил муҳаббатни.

Тун ортидин етар солик қўли васлин этогига,
Саҳар ғаввоси жўши баҳри Ғуфрон қил муҳаббатни.

Қўлингдин келса гар, файздин бу ишқнинг покбози бўл,
Кўнгил юмнидин ҳаргиз покдомон қил муҳаббатни.

Агар тўймас эса шайдо ичибон ишқ жомидин,
Уринмоқ авжи-ла сен мавжи тўфон қил муҳаббатни.

Талаблар кўкатин кўнгил заминидин қуритма ҳеч,
Ки, ҳар бир тола киприк-ла сели борон қил муҳаббатни.

Келур ҳар бошга минглаб дард, ўшал кун келмайин, танҳо
Табиби ҳозиқ ўл ўзга ва дармон қил муҳаббатни.

Форс тилидан Мирзо Кенжабек таржимаси