Жаҳон малик хотун (ХIV аср)

Оташнафас шоира Жаҳон Малик Хотун (ХIV аср) Шероз ҳокими Абу Исҳоқ Инжунинг акаси Жалолиддин Масъудшоҳнинг ёлғиз фарзанди эди. Отаси жуда бадавлат бўлиб, бутун бойлигини Озарбайжондан Шерозгача бўлган жойларда мадраса, хонақоҳ, работ ва карвонсаройлар қуришга сарфлаган. У ўлдирилгач, шоиртабиат, илму маърифат ҳомийси бўлган амакиси Абу Исҳоқ Инжу тарбиясида бўлади. Инжулар хонадони машҳур мутасаввиф шоир ва авлиё Абдуллоҳ Ансорий авлодидан эди. Бўлажак шоира ўз даврининг асосий илмларини эгаллайди, адабиётга муҳаббат қўйиб, шеърлар машқ қила бошлайди, саройдаги мушоираларда қатнашади. Жаҳон Малик Хотуннинг Убайд Зоконий билан мушоира ва мунозаралари, Хўжа Ҳофиз билан мусоҳабалари хусусида манбаларда қизиқарли маълумотлар сақланиб қолган. Давлатшоҳ Самарқандий унинг гўзаллиги, оқилалиги ва истеъдоди билан шаҳарда шуҳрат қозонганлиги, кўнгилларга ўт солувчи ҳассос шеърлари халқ ичида кенг тарқалганлигини айтиб ўтади.
Лекин тожу тахт талашишлари натижасида Абу Исҳоқ ўлдирилиб, Оли Музаффар ҳокимиятни қўлга киритади. Инжулар хонадони қувғинга учрайди. Шоиранинг эри – вазир Аминиддан Жаҳромий ҳам қатл қилинади, ёлғиз фарзанди Султон Бахт гўдаклигидаёқ вафот этади, қариндошлари турли томонларга тарқаб кетади.
Жаҳон Малик Хотундан қасида, ғазал, рубоий каби лирик жанрлардаги 14 минг байтдан ортиқ шеърларни ўз ичига олган улкан девон мерос қолган. Девоннинг асосий қисмини ғазал ва рубоий ташкил этиб, жумладан рубоийлари сони 357 та. Шоира девони 2002 йили илк бор Теҳронда нашр этилган.

РУБОИЙЛАР

1

Эй, сарв қадинг кўзимиз ичра унди,
Кўзларга юзингсиз қачон уйқу инди?!
Бу хаста кўнгилнинг сиррини ҳар ёққа
Кўз қорачиғи ёяр уялмай энди.

2

Шодлик эшиги бизга очиқдир бу кеча,
Ёр лутфу муруввати сочиқдир бу кеча.
Ёр қошига йўл топмади ҳаттоки сабо,
Жону дилимиз айтишади сир бу кеча.

3

Қўзғол, қани, боққа кирки, очилди гул,
Юзинг йўғида тилини ютди булбул.
Десам: “Аридек мунча менга ниш урасан?”
Дер: “Ниш учида асали ҳам бордир, бил”.

4

Ёрнинг гулдек юзини кўрсанг қани-ей!
Чўғдай лабидан бўса терсанг қани-ей!
Бир лаҳза висоли деб ғами растасида
Кўнглингни-да, жонингни-да берсанг қани-ей!

5

Тонг чоғида савсан ният қилди то
Тик қадди билан чаманга берса оро.
Мен лола каби юзини кўрдиму дедим:
“Куйганга яна ўт ура кўрманг асло”.

6

Ҳар сўзки, ёр ёдидан айру – у бод,
Хуррам дили ким бўлса ғамингдан дилшод.
Мен ёр ёдисиз ҳатто нафас олмайман,
Ёр бўлса мени айламагай асло ёд.

7

Дард ичра ўлай дедик, давони йўлла,
Бу бенаво қулларга навони йўлла.
Боқ: халқ ишига тушди тугун узра тугун,
Очмоққа уларни раҳнамони йўлла.

8

Чарх айланади – тинимни билмас бир он,
Аҳволини англайди унинг мард инсон.
Бечора нима ҳам қилсин – мендек у ҳам
Тақдир қўлида чарх уради саргардон.

9

Ишқинг аро бечора дилим бўлди-ю маст,
Зулфинг домига тушди бўлиб донапараст.
Бир бошқача боққани учун унга кўзинг,
Қошингга яқин бўлиш учун айлади қасд.

10

Бир лаҳза дилим ёр ғамидан холи эмас,
Ҳам ёр ғамидек ҳамдамидан холи эмас.
Мен ёр ғамидан нафас олурман ҳар дам,
Олдимми нафас, ёр дамидан холи эмас.

11

Кўзим кеча ёрга дерди айлаб жоду:
“Ҳажринг ғамидан тунлари йўқдир уйқу”.
Бугун ўша сўзни деб пушаймон бўлдим,
Эй, маст нима деганини билмайди-ку!..

12

Жуфтман ғамига, агарчи қулликда тоқ,
Киприк билан ер бағрини қилгайман чок.
Бу чарх жафосию рақиб жабри сабаб
Бир лаҳза хотиржам яшамоқ йўқ мутлоқ.

13

Кўзимга юзинг хаёли жо бўлди, жо,
Кўнглим бўлди сарв қадингга маъво.
Чўғдай шу лабингдан туташиб бир учқун,
Бағримда менинг бўлди аланга пайдо.

14

Дедим: “Бу жаҳон агар вафо қилгусидир,
Кўнглимдаги дардимга даво қилгусидир.
Бу чарху фалакка қара: ҳафта, ойда,
Не қилди-ю, нени муддао қилгусидир?”

15

Юз ранги сариқ гул каби ҳажрингда, санам,
Дардингда қачонгача чекай қайғу-алам?
Бечора сариқ гулга дедим: “Кўрдингми
Ўтказганини бизга фироқ қанча ситам?”

16

Тонг чоғида боққа кирдим – ухлатмади ғам,
Дер эди сариқ гулга қизил гул бу дам:
“Булбул-ку менинг қизил юзим ҳажрида қон,
Юзингни сариқ қилди сенинг қайси алам?”

17

Қайрилма қошинг худди ҳилолга ўхшар,
Ошиққа иши ранжу малолга ўхшар.
Ҳар иккиси бирга ўраб олмоқ бўлади,
Қочмоқ бўламан, аммо хаёлга ўхшар.

18

Зулфингга дилимнинг арзи ҳоли бордир,
Олам элидан ранжу малоли бордир.
Дедингки: “Ўралма икки зулфимга, дилим –
Васлини тилару хом хаёли бордир”.

19

Мен хастадан юзини ниҳон этгусидир,
Ўзига рақибни меҳрибон этгусидир.
Дедим: “Сира ишқингни этолмайман тарк”,
Шундан бери жонимни нишон этгусидир.

20

Дедимки: “Дилим сен каби ёр тутса эди,
Мен хаста қўлини ё нигор тутса эди.
Очса эдинг икки беқарор зулфингни,
Бечора бу дил токи қарор тутса эди”.

21

Дилтанг бўлаверма, жон жононга етар,
Бир куни дардинг-да дармонга етар.
Висол кунидан сира умидинг узма,
Ҳижрон туни ҳам охири поёнга етар.

22

Бечора дилим чарх ўқидан қон эмиш-ей,
Даврон ғамидан ҳоли паришон эмиш-ей.
Йиғлар фалак озори сабабли туну кун,
Дил иши жаҳонда оҳу афғон эмиш-ей.

23

Келди яна гулу булбулу фасли баҳор,
Тортар ўзига сув бўйию васли нигор.
Хуррам дили кимнинг бахт ёри бўлса,
Ғамгин дили кимнинг қошида бўлмаса ёр.

24

Булбул кўрдим боғда – қилар нолаю зор,
Фарёду фиғон чекар бамисли ярадор.
Дедим: “Нега гулзорни кўтардинг бошга?”
Дедики: “Гулимни кетди олиб аттор…”.

25

Дил чарху фалак жафосидан этгуси дод,
Ҳар лаҳза ғаму қайғусини қилди зиёд.
Бу чархи фалакдан нима келса кўрдик,
Келса яна кўраверамиз етса сабот…

26

Дилданми, фалакданми, фироқданми дейин,
Тоқ бўлди-ку тоқатим-да ҳар лаҳза сайин.
Келтирди фалак жафоси жонни лабга,
Ҳам дўсту яқинлар қилган макру ўйин.

27

Тонг чоғида гул кулиб деди: “Эй булбул,
Дунёни қачонгача ёқар бу ғулғул?
Бир кун кетаман сафар юкини боғлаб,
Қолсанг менга ўрганиб, унутиш мушкул…”

28

Юзинг боғида навбаҳордир доим,
Ҳар икки кўзинг масту хумордир доим.
Раҳм айла, мусаффо гулига табъимнинг –
Чарх жабри сабаб ҳамдами хордир доим.

29

Бу дунё ўзига берди оро гулдек,
Бор нима замин саҳнида зебо гулдек?
Қошида жаҳон гўзалларин ўлтирсанг,
Сенинг-да юзинг бўлади раъно гулдек.

30

Ёмғир каби бошим узра соч алвон гул,
Зеро, боғда юзин қилар пинҳон гул.
Келди-ю жаҳон боғига айш айлай деб,
Бўлди умри қисқалигидан гирён гул.

31

Ҳар қанчаки сен душмани жонсан, эй дил,
Жон хаста танимга бегумон сан, эй дил.
Кўп қилма ўзингнию мени андиша,
Ҳижронида топмасанг омон сан, эй дил.

32

Ё Раб, гуноҳим кечир қилиб лутфу карам,
Кетма назаримдан яна бир сония ҳам.
Мен кимману номимни ўзи ким тутади?
Мендан гуноҳу сендан эса лутфу карам.

33

Дардинг дастидан жонга етди дилим,
Ғамдан юз жон тўнини чок этди дилим.
Кўрди-ю жаҳон саҳнасида сарви равон,
Қаддинг дея ғам ичра чўкиб кетди дилим.

34

Чиройли кўзинг олди бир бора дилим,
Сабр кўйлагини қилди юз пора дилим.
Олмоқчи эди улуш висол давлатидан,
Бу орзусига етмади бечора дилим.

35

Кўз чашмасини қилгуси кўзинг равшан,
Қилгуси умид боғини юзинг гулшан.
Жанг айлагали фироқ билан совут йўқ,
Васл айлагали тинчликни бергил сан.

36

Дедим: “Сарвқад, биз сари бир айла хиром,
Ҳажрингда тупроқ бўлди банда тамом”.
Деди: “Киши бир кеча висолга етса,
Яхши ўтади, энди унинг умри мудом”.

37

Ишқингда қачонгача дилим саргардон?
Қайтар уни гар қўлингдан келса, жонон.
Дил қонини тўхтамай тўкарсан, эй кўз,
Дил айби нима – ўзинг биларсан пинҳон.

38

Қилдик қанча тўла қадаҳни холи,
Бизга насиб этмади дудоғинг боли.
Қўрқиб қолдим – ширин лабингга етмай
Жон берсам агар тутар лабинг уволи.

39

Кундан-кун ҳусну кўркинг ортгусидир,
Боққан сари кўзни ўзига тортгусидир.
Қозига этиб, дилимни қайтар дегали
Қозига дилим судраши қўрқитгусидир.

40

Бечора дилим хажрингда ғам кўрди,
Юзингдан узоқ кўзим мудом нам кўрди.
Ҳижронга чидаш агарда ғам келтирса,
Бечора дил олам ғамини жам кўрди.

41

Қон денгизини қилди равон кўзимдан,
Ёшимни оқизди ҳар замон кўзимдан.
Бу барчаси етмаган каби кетмайди
Ёрнинг юзи ёди ҳеч қачон кўзимдан.

42

Шамдек юзинг қошида мен парвона,
Сенсиз менга ҳар икки жаҳон бегона.
Дедингки: “Лабинг орзусига етказаман”.
Ваъдангни кутиб, ўлай дедим, жонона!

43

Ҳижрон ғамидан бўлди бутун қон бу кўзим,
Ҳажрида нима қилишни билмайман ўзим.
Жон ҳажри бўлар қаттиқ тандан дерлар,
Ҳижронзада дилга ўзи берсин-да тўзим.

44

Бечора дилим жондан узоққа тушди,
Бош айланиб, ишқ деган тузоққа тушди.
Ҳижрон дарди-ю, даврон ғуссасидан
Душман кишани қўлу оёққа тушди.

45

Ё Раб, менга покиза бир иймон бер,
Дардимга мурувватинг билан дармон бер.
Гўзаллар зулфидек паришон кўнглим,
Жам этгали кўнглимни бирор имкон бер.

46

Билмас инсофни ҳеч қачон нозли санам,
Жон кетди-ю, дил олди-ю, йўқ бош-да бу дам.
Энди эшиги олдидан ўтсам дейди:
“Ҳеч нарсасиз эшигимга келма сира ҳам!”

47

Гулдек юзига боқ – раънодан-раъно,
Қадди чаман ичра зебодан-зебо.
Бош қўйди қадидан уялиб сарв ерга,
Кўриб қадамини барнодан-барно.

48

Дил сендан ўзгага сира майл этмас,
Юзингни кўриш орзуси дилдан кетмас.
Тарк айлагиси йўқ ғаминг савдосини,
Ҳар қанча насиҳат этма, унга етмас.

49

Юзинг туриб ўзга юзга майл этмас дил,
Юзингни кўришдир орзуси ою йил.
Жон нега вужудим ичига киргандир
Излаб сени, бўлмаса висолга восил?!.

Форс тилидан Эргаш Очилов таржималари