Саййид Имодиддин Насимий (عمادالدین نسیمی; İmadəddin Nəsimi) Озарбайжоннинг Ширвон вилояти Шамоҳи шаҳрида туғилган. Асли исми — Али, лақаби — Имодиддин. У ўз даврига нисбатан мукаммал таҳсил кўрган: форс, араб тиллари ва адабиётини чуқур ўрганган. Бундан ташқари, мшггиқ, риёзиёт, табиат ва астрономия фанларини ўзлаштирган.
Машҳур сўфий ва авлиё Мансур Ҳалложга кучли эътиқод қўйиб, ўзини унинг ҳароратли шогирди ҳисоблаганидан илк шеърларини Ҳусайний тахаллуси билан ёзади. Чунки Мансурнинг исми Ҳусайн бўлиб, унинг тариқати ҳам ҳусайния ёки ҳалложия номи билан машхурдир. XIV асрда Озарбайжонда тасаввуфдан ўсиб чиққан ҳуруфийлик оқими кенг ёйилиб, унда инсон омили муҳим ўрин тутади: инсон, унинг эрки улуғланади; инсонга илоҳий қувватнинг зуҳури ва тажассуми сифатида қаралади. Ҳуруфийлик тариқатининг асосчиси, машҳур шоир ва мутафаккир Фазлуллоҳ Наимий 1394 йили Ширвонга келади ва Имодиддин билан учрашади. Унинг ҳуруфийлик қарашлари ёш шоирга кучли таъсир қилади ва уни қабул этиб, Фазлуллоҳни ўзига муршид билади. Наимийга ҳамоҳанг Насимий тахаллусини олади.
Илғор фикрли кишилар таъқиб остига олиниб, Наимий Мироншоҳ томонидан қатл, Қосим Анвор Шоҳруҳ тарафидан сургун қилингач, ҳам ўзини қутқариш, ҳам ҳуруфийлик ғояларини кенг ёйиш мақсадида Насимий Озарбайжондан чиқиб кетади. У Бағдод, Онадўли, Токат, Бурса ва бошқа жойларда яшайди, ниҳоят Ҳалабда қарор топади. Миср султони Муайяддин Насимийни даҳрийликда айблаб, унинг тириклайин терисини шилдиради. Ўз таъбири билан айтганда, «сўзнинг додини берган» исёнкор ва ҳассос шоир Насимий илк бор озарбайжон тилида ижод қилгани, озарбайжон адабий тилини халқ жонли сўзлашув тилига яқинлаштиргани билан озарбайжон адабиёти тарихида алоҳида ўрин тутади. У Ҳасан ўғли ва Қози Бурҳониддиндан кейин озарбайжон тилида яратилган шеъриятнинг буюк устодларидандир.
Насимий форс тилида ҳам қалам тебратган бўлиб, унинг форсий ижоди Эронда алоҳида тўплам ҳолида нашр этилган.
Насимийни дунёнинг кўпгина мамлакатларида билишади ва асарларини севиб ўқишади. Туркий халқлар, жумладан, ўзбекларнинг эса у ўз шоири ҳисобланади. Мавлоно Лутфий, Алишер Навоий, Бобораҳим Машраб ва бошқа ўзбек шоирлари унинг шахси ва ижодига юксак эҳтиром билан қараганлар. Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да уни туркий машойихлар қаторида зикр этиб, «Румий ва туркмоний тил билан назм айтибдур ва назмида ҳақойиқ ва маориф батоят кўп мундариждур. Мазкур бўлғон аҳлиға анинг шеъри муқобаласида ҳамоноки шеър йўқдур», — деб лутф этса, «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» асарида «Саййид Насимийнинг назми ўзга ранг тушубдур, зоҳир аҳли шуаросидек назм айтмайдур, балки ҳақиқат тариқин адо қилибдур», — деб ёзади. Дарҳақиқат, у кўпроқ диний-тасаввуфий мавзуларни қаламга олиб, ўзи мансуб ҳуруфийлик тояларини улуғлайди.
Насимий ўз фикр-ўйлари, туйғу-кечинмаларини халқона содда услубда баён қилади. Шунинг учун ҳам шоир шеърлари қўнгилга яқин. Бу шеърлар бир қарашда оддий, содда бўлиб кўринса-да, лекин мазмунан теран ва бадиий юксак.
Насимий озарбайжон адабиёти тарихида мардлик, жасорат, қаҳрамонлик тимсоли сифатида шуҳрат қозонган.
Ўзбек тилида Насимийнинг Миртемир, Холид Расул ва Асқар Қосимовлар озарбайжончадан таржима қилган мўъжазгина шеърлар тўплами босилиб чиққан.
РУБОИЙЛАР
1
Дин илмини билса ким шариат шулдир,
Гар қўшса амал билан тариқат шулдир.
Ким илму амални Ҳақ ризосин истаб,
Ихлос ила жам этса, ҳақиқат шулдир.
2
Эй, ваъдани кўп қилдинг-у, йўқ зарра вафо,
Кўрмайди бу шевани вафо аҳли раво.
Майхона тавофидан бирор нафъ борми?
Дин ва шижоат бўлмаса, йўқ сидқу сафо.
3
Соқий, бу кеча берма менга ўзга шароб,
Хуммор кўзинг қилди мени масту хароб.
Кўзимни қорачиқлари тарк айладилар,
Шундан бу кеча ҳамнафасим оташу об.
4
Шу мулки олам ичида мавжуд У,
Ҳар икки жаҳонда мақсаду мақсуд У.
То бўлмас экан эътиқод уйи вайрон,
Мен фош қиламан: сенинг учун маъбуд У.
5
Мен мазҳари нутқу нутқи Ҳақ зотим эрур,
Шу икки жаҳонда менинг исботим эрур.
Тонггидан азалнинг то абад шомигача
Ҳар нарса вужудга келса, зарротим эрур.
6
То бўлмас экан ўзликдан фонию фард,
Буткул ювилиб кетмас кўнгилдаги гард.
Бўл нафсу ҳаводан-у жаҳондан озод,
Қоч турфа ёмонликдан агар бўлсанг мард.
7
Дил дардисиз етмайди киши дармонга,
Хақ жазбаси бўлмай, етмагай Раҳмонга.
Юзинг сени Хақ раҳматининг кўзгусидир,
Етмас уни ким англамаса Қуръонга.
8
Ул нуқтаки, маркази жаҳондир — сенсан,
Ул қатраки, асли кун-фаякондир — cенсан,
Ул исмки, зотдан нишондир — сенсан,
Ул ҳарфки, исми бебаёндир — сенсан.
9
Менман ломакон ганжи — маконга сиғмам!
Юксак бу руҳим — жисм ила жонга сиғмам!
Инсондаги бор ваҳму хаёл менда эса,
Босмас ваҳима, ақли аёнга сиғмам!
Эргаш Очилов таржималари
ҒАЗАЛЛАР
Жонимни ёндирди ҳижрон, Эй Нигорим, қайдасан?!
Кўзларим нури, икки оламда ёрим, қайдасан?!
Бағримни қон айлади, аччиқ, фироғинг, кел, етиш,
Эй лаби ҳасрат, шароби ҳуш қуёрим, қайдасан?!
Сабримни яғмолади жушқин, қарорим қолмади,
Эй, маним оромим, эй сабру-қарорим, Қайдасан?!
Айлади ишқинг мани қалқон, маломат пирима,
Эй қоши-кўзи ёлғончи шахриёрим, қайдасан?!
Эй, узун шамингдан йироқ тушмишам парвонадек,
Ёнаман лайли-наҳор, эй нури-норим, қайдасан?!
Илондек юбор сочинг бўйини манга ҳар субҳдан,
Шанки ёнди, кетди ҳаддан интизорим, қайдасан?!
Сандан ўзга кўнглима йўқдир вафоли ёру-дўст,
Эй сафосиз, ҳусни комил ёдигорим, қайдасан?!
Ёр учун ҳар кўчада минг бир бўлур душман манга,
Эй саводи-аъзами маҳрам ҳожарим қайдасан?!
Чун Насимийдир бу кун айёми-ишқинг сарвари,
Эй шакар лаб, ёри-ширин рўзғорим, қайдасан?!
АЙЛАМАЙМАН
Сани сан авлиёни ман санга тан айламадим,
Санда руҳим сан эса, ман манлик айламадим.
Чекарман, ҳар на қадар зулминг ўла ҳам нозини,
Ёлғизлик сувратини лаҳзага шан айламадим.
Ҳажр ёшини биламан, келса отинг, шод бўламан,
Сийнамни ҳар келганга гулли чаман айламадим.
Севмасам тинмас эдим, севгидир оҳим, омоним,
Севгисиз жисмимни ҳам дилсиз ўтин айламадим.
Тоғлар ўғли, дейдилар: ёрим бундай, жаннатга кет,
Дўнаман, усиз бўлган мулки Ватан айламадим.
Озарбойжончадан Дилбар Ҳайдарова таржимаси
* * *
Марҳабо, хуш келдинг, эй руҳи-равоним, марҳабо,
Эй шакарлаб ёри-ширин, ломаконим, марҳабо.
Чун лабинг жоми-Жам бўлди нафҳайи Руҳ-ул-қуддус,
Эй жамилим, эй жамолим, баҳру коним, марҳабо.
Кўнглима ҳеч сандан ўзга кимса лойиқ кўрмадим,
Суратим, ақлим, уғулим, жисму жоним, марҳабо.
Эй малак суратли дилбар, жон фидодир йўлинга,
Чун дединг лаҳмига лаҳми, қона қоним, марҳабо.
Келди ёрим ноз ила, сўрди, Насимий, қалайсан,
Марҳабо, хуш келдинг, эй хирдадаҳоним, марҳабо.
* * *
Нигорим, дилбарим, ёрим, анисим, мунисим, жоним,
Рафиқим, ҳамдамим, умрим, равоним, дардга дармоним.
Шоҳим, моҳим, диларомим, ҳаётим, борлиғим, руҳим,
Паноҳим, мақсадим, майлим, муродим, сарварим, хоним.
Қамарчеҳрам, парирўйим, зарифим, шўхиму шаним,
Саманбўйим, гуландомим, саҳисарви-гулистоним.
Латифим, нозиким, хубим, ҳабибим, турфа мазбубим,
Ҳижозим, Қаъбаю Турим, беҳиштим, ҳуру ризвоним.
Гулим, райҳоним, ашчорим, абирим, анбарим, удим,
Дурим, марваридим, коним, ақиқим, лаълу маржоним.
Дилафрўзим, вафодорим, жигарсўзим, жафокорим,
Худовандим, жаҳондорим, амирим, шоҳу султоним.
Чироғим, шаъмиму нурим, зиёму юлдузим, шамсим,
Ҳазорим, булбулим, кабким, Насимийи-хўшалҳоним.
* * *
Шул парийдан васл кутарсан, эй кўнгил, девонасан,
Шамга ёқилмоқ тиларсан, не ажаб, парвонасан.
Кунта канзинг гавҳаридан ҳарж этарсан орифа,
Эй бу ганжнинг нақди, ҳей-ҳей, булажаб вайронасан.
Зулф човкан ёр ила тушмас ниҳон ишқ ўйнамоқ,
Бошингни тўп айлагил, майдонга кир мардона сан.
Гар Халил бўлмоқ тиларсан ёр ила ҳақиқатан,
Дилбарнинг йўлинда шарт аввал будир ким ёнасан.
Ошинони билмамишсан, эй билишдан ёт бўлган,
Маърифатдан дам урарсан, найлайим бегонасан.
Жонларнинг жонони сенсан, эй жаҳоннинг сарвари,
Тўғриси покиза шавҳар, нозанин жононасан.
Ғамзасиндан фитналар турди, уйғонди уйқудан,
Сен бу уйқудан қачон, эй бехабар, уйғонасан?
Эй Сулаймон мантиқиндан қуш тилин ўрганмаган,
Девга ўхшарсан, анинг-чун тобайи-афсонасан.
Кел, аналҳақ сирини майхонаю майдан эшит,
Эй тушган инкорга, нечун мункири-майхонасан?
Эй Насимий, шул хумори кўзлари фаттон каби,
Доим асруксан, магар ким, наргиси-мастонасан?
* * *
Кулли маконнинг гавҳари, гавҳари-конмисан, насан?
Ушбу сифати-ҳуснингла жони-жаҳонмисан, насан?
Арш ила фаршу кофу нун сендадир, эй малак, бу кун,
Кимса бу сирга етмади, шарҳу баёнмисан, насан?
Ковну макона боқмасам, чун сени топдим, эй санам,
Икки жаҳон ичида сен ковну маконмисан, насан?
Мусо каби дийдорингни кўрди азалда кўзларим,
Ёқма мени бу норда, кел, шами-забонмисан, насан?
Даҳри-замон ичинда ҳеч топмади кимса бир дағи
Санжилаган, бу лутф ила даҳри-замонмисан, насан?
Сенда топилди, гавҳарнинг маъдани сансан, эй санам,
Ушбу жаҳон ичинда сан ганжи-ниҳонмисан, насан?
Қошларинг ила кипригинг қасд этар маним жонима,
Бағримни тешди навакинг, тийру камонмисан, насан?
Бўйингни тубога санинг нисбат этган на дил бўлар,
Ушбу қарор ила ажаб, сарви-равонмисан, насан?
Тушди Насимий ишқинга, сайруву ҳаста найласин,
Ўзин ҳаёти ўзидан жисми-равонмисан, насан?
* * *
Юзингни мандан ниҳон этмак тиларсан, этмагил,
Кўзларим ёшин равон этмак тиларсан, этмагил.
Барги-насрин узра мишкин зулфинги сан чошириб,
Ошиқи бехонумон этмак тиларсан, этмагил.
Қошларинг қавсинда мужгонинг хадангин ёшириб,
Эй кўзи мастона, қон этмак тиларсан, этмагил.
Жонимни васлинг шаробидан айирдинг, эй кўзим,
Эгнимни гавҳарфашон этмак тиларсан, этмагил.
Қўймишам ишқингда ман кавну маконнинг борини,
Жон надир ким, қасди-жон этмак тиларсан, этмагил.
Бурқани юзингдан очарсан магар номаҳрама,
Гизли асрорни аён этмак тиларсан, этмагил.
Ёндирарсан кўнглимни ишқингда, маълум бўлди ким,
Они расвойи-жаҳон этмак тиларсан, этмагил.
Расоман ишқингда ўқдек, кипригинг гувоҳдурур,
Қаддимни най-чун камон этмак тиларсан, этмагил.
Чунки ишқинг масканидир кўнглимнинг вайронаси,
Ҳасратга они макон этмак тиларсан, этмагил.
Чун яқин билди Насимий оғзингнинг бор бўлганин,
Ул яқинни сан гумон этмак тиларсан, этмагил.
* * *
Жонона маним севганимни жон билар фақат,
Кўнглим тилагин дунёда жонон билар фақат.
Билдим, танидим илмда маъбудни, эҳтимол,
Шундоқ биларман ким, они Қуръон билар фақат.
Абдол бўлубон бейлик этган орифни кўр ким,
Бу салтанатнинг қадрини султон билар фақат.
Суфиймидир ул жоми-мусаффосига машғул,
Пинҳони ичар айлаки, шайтон билар фақат.
Эй соқий, келтир давр оёғини давр айласин ким,
Бу давр оёғин даврини даврон билар фақат.
Кўнглим кемасини ғарқ эта ол ишқ денгизига,
Ким бу денгизнинг баҳрини уммон билар фақат.
Ҳеч кимса Насимий сўзини кашф эта билмас,
Бу қуш тилидир, уни Сулаймон билар фақат.
* * *
Кетмоққа азм айламишсан, эй дилором, айлама,
Ҳасбатанлиллоҳ, мани бесабру ором айлама.
Донайи-мискин холинг кўнглимни чун сайд айлади,
Бу тутилган сайдга шоҳим зулфингни дом айлама.
Сунбули барги-гул узра, эй пари, бузмагил ким,
Бунча кўнгли ёнганнинг савдосини хом айлама.
Умримнинг субҳи юзингдир, бахтимнинг шоми сочинг,
Кетма, эй дилбар, кўзимдан, субҳимни шом айлама.
Ринду қаллошман, манга зоҳид дема, эй муттақий,
Лаубали ошиқни оламда бадном айлама.
Ишқингни тарк этмоқ истар кўнглим, аммо чин дегил,
Ё илоҳи, кимсани сан бесаранжом айлама.
Чашмайи-лаълинг сувидан бир қадаҳ сун, соқиё,
Иштиёқингдан Насимий кўзларин жом айлама.
* * *
Дилбар-о, дил сандан ўзга бошқа бир ёр истамас
Чун муяссар бўлди васлинг, ғайри дийдор истамас.
Кўнглима ишқингни қисмат чун азалдан қилди ҳақ,
То абад ишқингдан ўзга нарса зинҳор истамас.
Кўнглимнинг Мансури чун ким, зулфингни айлади дор,
Яъники, Мансур бўлган зулфингда бардор истамас.
Мен узилдим масиваллоҳдан бугун, эй муддайи,
Воҳид бўлдим ёр ила, ошиқ бўлган бор истамас.
Бу дили-бечорадан сўрдим надир дардинга ам,
Дилбарин лаълиндан айри ҳеч тимор истамас.
Бу кўнгил шаҳрини чун ки ҳажр вайрон айлади,
Келки, сандан ўзга бир маъмуру меъмор истамас.
Чун лабинг оби-ҳаётидир ҳаёти-умримнинг,
Бу Насимий сандан айри лайса-фиддор истамас.
* * *
Анбаринг зулфинг, нигоро, боғлади девонани,
Шами-ваҳдатдир жамолинг, ёндирар парвонани.
Эй юзинг қадру жамолинг раҳматан лил-оламин,
Масжида борманг бугун, орзуламанг майхонани.
Оби-кавсардир дудоғинг, маъдани-руҳ-ул-қуддус,
Ошиқа сун орифона, соқиё, паймонани.
Зоҳиди-зарроқи ҳамр дам ўтга ёндирмоқ керак,
Гарчи мендан эшитарсан шайх ва мавлонани.
Эй Насимий, сотмагил сан жоҳила дурри-адан,
Жоҳилу нодон на билсин қиймати-дурдонани.
* * *
Фурқатингдан, дилрабо, кўнглим паришон бўлди, кел,
Қил каби жисмим маним аз дарди-ҳижрон бўлди, кел.
Токи сен кетдинг мен бўлдим дардиманди-мустаманд,
Дардимга кўркли жамолинг жонга дармон бўлди, кел.
Қолмади чашмимда нам етарки, йиғларман мудом,
Дийдамнинг ёши қуримас, баҳри-уммон бўлди, кел.
Йўлинга бош қўймишам зору низору хастадил,
Эй табибим, кел ки, жисмимдан жудо жон бўлди, кел.
Фурқатингдан уш Насимий дамбадам қилур фиғон,
Ўларман ҳижрон ғамидан, жигарим қон бўлди, кел.
Озарбойжончадан Раҳмат Бобожон ўгирмаси

