Бобо Тоҳир Урён (بابا طاهر) — Эроннинг шимолий-ғарбидаги Ҳамадон шаҳрида туғилган. У ирфон соҳиби, ўз таъбири билан айтганда, самовот илмининг донишманди эди. Мусиқадан яхшигина хабардор бўлиб, ўз тароналарини куйга солиб айтиб юрган.
«Урён» сўзининг луғавий маъноси «ялашғоч» бўлиб, шоир ўзига бу тахаллусни қўллар экан, бизнингча, унинг тасаввуфий мазмунини кўзда тутган: унга кўра урён — бу дунёдан фард бўлишга, Оллоҳ йўлида мужаррад бўлишга ишора. Шоир номига қўшилган «Бобо» унвони ҳам унинг тасаввуф пирлари жумласидан бўлганлигини кўрсатади.
Бобо Тоҳир дарвештабиат киши бўлиб, қаландарона ҳаёт кечирган. Афсоналардан бирида айтилишича, у одамлар билан мулоқотдан қочиб, Алванд тоғининг қорли чўққиларини макон тутган. Бу нарса унинг шеърларида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топган. Шоирнинг гоҳ орифона мушоҳада-мулоҳазалар, гоҳ ошиқона завқу шавқ билан ёзилган, риндона жазабаю шатҳиётга омухта, ишқу ошуфталик, дарду ҳасратга йўғрилган тароналари унинг мураккаб, нотекис, оғир ҳаётидан, руҳий поёнининг чексизлиги-ю, қалб тебранишларининг ранг
баранглигидан, турфа ҳолатию кайфиятидан ҳикоя қилади.
Бобо Тоҳирнинг ижодий мероси унча бой эмас. Унинг форсийда тахминан 350 та тўртлиги маълум бўлиб, кейинги вақтларда дунёнинг кўпгина тилларига таржима қилинган. Шоирдан форсийда ёзилган 4 ғазал ҳам қолган, дейишади.
Тарихий манбалар ва тазкираларда берилган маълумотларга кўра, унинг араб тилида тасаввуф масалаларига бағишланган бир неча рисолалари мавжуд. Лекин ҳозирги кунда унинг «Каламоти қассор» («Мухтасар сўзлар») асари маълум. У Бобо Тоҳирнинг тасаввуфий ақидалари ва ахлоқий фикрлари мажмуидан иборат. Шунингдек, унинг арабча икки маснавийси ва бир неча қитъалари бизгача етиб келган. Уларнинг барчасида ирфон ақидалари, сўфиёна маърифату ҳақиқат, зикру ибодат, важду илҳом ва жазабаю муҳаббат хусусида сўз боради.
Бобо Тоҳирнинг номини оламга ёйган унинг дубайтийлари — тўртликлари ҳисобланади. У ўзи мансуб лурий лаҳжасида, халқона усулда, содда ва равон услубда ёзади. Лекин шоир тароналаридаги ташбеҳу тимсоллар ўзининг гўзал ва оҳорлилиги, маънолари кенг ва теранлиги, фалсафий фикру мулоҳазалар кўламли ва ҳаққонийлиги билан кишини ҳайратга солади. Бу тароналар бежиз форс мумтоз сўз санъатининг олтин фондидан жой олмаган.
Шоир шеърларида илоҳий ва инсоний ишқ ажиб бир тарзда уйғунлашиб кетган, уларни ўзаро ажратиб, мана бу — илоҳий, мана бу эса — инсоний ишқ, деб бўлмайди. Шоирнинг комил ишончига кўра илоҳий ишқ инсоний ишқдан ўсиб чиқади ва, ўз навбатида, инсоний ишқ юксала бориб, пировард-натижада илоҳий ишққа айланади. Бобо Тоҳир ижодида ҳам чарху фалакдан, замонадан, одамлардан шикоят оҳанглари, ўткинчи дунёни танқид қилиш мотивлари учрайди. Бу унинг ўз даври билан ҳамнафас шоир бўлганлигини тасдиқлайди.
Бобо Тоҳир тароналари халқона бўлганлиги учун китоблардан кўра халқ оғзида кўпроқ тарқалган ва, асосан, халқ хотираси орқали бизгача етиб келган.
Шоир шеърларини ўз ичига олган қўлёзмаларнинг аксар XVIII—XIX асрларга тааллуқли эканлиги ҳам бунинг ёрқин далилидир. Эрон, Хиндистон, Покистон, Афғонистон, Тожикистонда улар, айниқса, машҳур ва кўпинча халқ оғзаки ижоди намуналари билан қўшилиб кетган.
Бобо Тоҳир рубоийлари бугунги кунда ўзбек ўқувчилари томонидан ҳам севиб мутолаа қилинмоқда. Шоир ижодидан намуналар Ш. Шомуҳамедов ва Абдулҳаким Шаръий Жузжонийлар томонидан таржима қилиниб, нашр этилган . Лекин бу таржималар бармоқ (Жузжонийнинг 10 та арузий таржимасидан ташқари) вазнида амалга оширилган бўлиб, биз уларни ўз анъанавий вазни— ҳазажи мусаддаси маҳзуф (мақсур) вазнида таржима қилдик. Аввалги таржималарда содир этилган маъно бузилишларини тузатишга интилдик. Айни пайтда, шоир маҳорати-ю, дубайтийларининг бадииятини ҳам имкон қадар қайта яратишга ҳаракат қилдик.
1
Кел, эй булбул, чекайлик оҳ саҳардан,
Ўқи ишқ дарсини бу дарбадардан.
Сен ўртансанг гул ишқида туну кун,
Мен узмасман кўнгилни лабшакардан!
2
Менинг дардим каби дард йўқ жаҳонда,
Бу сўнгсиз дарду ғамдан дил фигонда.
Хабардор бўлса ким дарду ғамимдан,
Қолар ғам ичра мисли Нуҳ тўфонда.
3
Худоё, ўнгла бу банданг ишини,
Ўзинг ёлғиз кишилар ҳамнишини*.
Дегайлар ҳеч кими Тоҳирни йўқдир,
Худойим бор, нетай ўзга кишини?!
__________
* Ҳамнишин — бирга ўлтирувчи, дўст, ҳамсуҳбат, улфат.
4
Дило, кўп беҳушу ҳайрона юрдим,
Бу номус шишасшш тошга урдим.
На ҳожат нангу номус* — кимки ошиқ,
Нангу номусни ишқсизларга бердим!
________
* Нангу номус — обрў, шараф.
5
Кўриб жабру жафо чарху фалакдан,
Аримас қайғу-ғам бир дам юракдан.
Самони бўйласа оҳим тутуни,
Кўзим ёши энар пастга этакдан.
6
Худо олсин, илоё, бу жаҳрнни!
Омон қўймас, омон ҳеч битта жонни.
Туғилмай битгаси, иккинчиси дер:
Ажал олди фалон ибни фалонни.
7
Муҳаббатсиз кўнгилнинг сўлгани соз!
Кишининг дарди йўқми — ўлгани соз!
Бу ишқ йўлида собит бўлмаган тан
Куйиб оташ аро кул бўлгани соз!
8
Амон, эй ал-амон шум толеимдан!
Фиғон, юз минг фитон куйган дилимдан!
Юрак-бағрим қон этди чархи золим,
Қачон қўл тортар у жабру зулмдан?!
9
Ғамим беҳадду дардни йўқ ҳисоби,
Илож топмай ошар дил изтироби.
Тушунмас бу насиҳатгўй, Худойим,
Менга боғлиқ эмас-ку ипгқ азоби?!
10
Кел, эй қўнгил, кел, эй дўсти қадрдон,
Ул ишни килмаки, сўнгги пушаймон.
Бу тушкун, қайғули кунлар-да ўтгай,
Сурармиз биз-да давронлар беармон.
11
Кийиб бўз тўнни, белга боғладим шол,
Кўриб мағрурлигим қолсин фалак лол.
Кезай бошдан-оёқ бу баҳру барни*,
Ажабмас, кулса бахт, ўнгланса аҳвол.
_________
* Баҳру бар — сув ва қуруқлик.
12
Само илмин қулоққа илмадинг сен,
Харобот йўлин орзу қилмадинг сен.
Азизлар қошига қандоқ етарсан?
Сабаб: фойда-зиёнинг билмадинг сен!
13
Менинг дардимга дармоним Ўзингдан,
Висолим бирла ҳижроним Ўзингдан.
Агар қассоб келиб теримни шилса,
Сира ажралмагай жоним Ўзингдан!
14
Етар, боғбон, бас айла гул экишни,
Етар, қўй гул учун заҳмат чекишни.
Агар гулнинг вафоси шу бўларкан,
Гул ўрнига тикан эк — қил шу ишни!
15
Худоё, бир тани меҳнатканшм бор,
Худоё, бир дили ҳасраткашим бор.
Фақирлик* шавқи, ёлғизлик ғамидан,
Худоё, дилда ўчмас отапшм бор.
_________
* Фақирлик — соликнинг фақр мақомидаги ҳолати. Фақир шундай кишики, у фақат Ҳақ маърифатига етишга муҳтож бўлади.
16
Кўзимнинг хонаси бўлсин саройинг,
Икки кўз орасида хоки пойинг,
Товонгапта, оёқ босганда билмай, —
Мижам санчилмасин, дер бу адойинг.
17
Дилим бордир менинг девонаю данг*,
Билолмам — борми менда номусу нанг?
Қутулсам бир куни девоналикдан,
Урарман ул санам этагига чанг.
_____________
* Данг — бехуд, ҳайрон.
18
Сенингсиз дилда бўлмас шоддик асло,
Алам-ғамдан бўлак озодлик асло.
Кўнгил вайронаси етмай қадаминг,
Илоҳи, кўрмасин ободлик асло!
19
Мен ул риндманки, номимдир қаландар*,
На жойим бор, на ноним бор, на бор зар.
Кун ўлса, кўйинг узра чарх урарман,
Тун ўлса, ёстиғим — тош, майса — бистар*.
___________
* Қаландар — 1) илохий ишқ йўлида важд ҳолатига етган дарвеш; 2) вужуд ва қалбини поклаб, ўзини фано ҳолатига етказишга интилган солик; 3) қаландария тариқати аъзоси.
* Бистар — тўшак, ётар жой, кўрпа-тўшак, ўрин.
20
Вой ул кундан, агар қабрим бўлур танг*,
Тўкиб устимга тупроқ, босса харсанг.
Илонлардан қочарга на оёқ бор,
На қўл — қилсам чумолилар билан жанг.
____________
* Танг — тор, сиқиқ.
21
Худоё, бўлдим-ей безор бу дилдан,
Кеча-кундуз чекиб озор бу дилдан.
Бу дилнинг дастидан додга келибман,
Ўзинг қутқарки, мен безор бу дилдан!
22
Нечун озурдаҳолсан*, эй дил, эй дил?
Мудом банди хаёлсан, эй дил, эй дил?
Утир бир гўшада, Ҳақ шукрини қил,
Ки шояд ком тополсанг, эй дил, эй дил!
__________
* Озурда ҳол — озор чеккан, ранжиган, хафа бўлган.
23
Не бахт ул кун, агар қабрим бўлур танг,
Менга ёстиқ гиёҳу ғишту харсанг.
Оёқлар — қиблада, саҳрода — жоним,
Таним қурту қумурсқа-ла қилур жанг.
24
Худо зикрини қилмайсан, бу не ҳол?
Нафсдан айру келмайсан, бу не ҳол?
Сенинг қадринг малаклардан баланддир,
Сен ўз қадрингни билмайсан, бу не ҳол?
25
Десам ҳам, демасам ҳам, эй Бирубор,
Биларсан дилда неки ҳожатим бор.
Агар хоҳла, раво қил ҳожатимни,
Агар хоҳламасанг, ёлғиз зорим бор.
26
Бу дунёда менга йўқ ком сенингсиз,
Қўлимга тутмагайман жом сенингсиз.
Туну кун мисли мажнунтол титраб,
Менга йўқ бир нафас ором сенингсиз.
27
Қараб саҳрога саҳронгаи кўрурман,
Қараб дарёга дарёнгни кўрурман.
Биёбон, тоғу дарёга тикилсам —
Ҳар ерда қадди раънонгни кўрурман.
28
Тиканга туядек қилдим қаноат,
Эшакдек лек юким оғир ниҳоят.
Емишим кам, юким кўп бўлса-да, боз —
Уятлиман эгам қошида ғоят.
29
Кетай бошим олиб энди қаёққа?
Кечай Чин бирла Мочиндан йироққа!
Хабар йўллаб, дедим сийминдудоққа*:
Узоқлик истасанг, кетдим узоққа.
__________
* Сийминдудоқ — кумуш лаб; мажозан: гўзал лаб.
30
Билолмайманки, саргардон нечун мен?
Гаҳи гирён, гаҳи нолон нечун мен?
Ҳамма бедардларга бору дармон,
Билолмайманки, бедармон нечун мен?
31
Ғамингда хастаҳолман — нолимайми?
Қанотсиз қуш мисолман — нолимайми?
Эшитган борки, дер: нолангни кам қил,
Бу ишда бемажолман — нолимайми?
32
Юрагим хастаю бағримдир афгор*,
Гўримда ҳам чекарман нолаю зор.
Сўрарлар йўқми, деб шўринг мабодо,
Бош-оёқ шўрман-у, шаррим* йўқ, эй ёр!
____________
*Афгор — мажруҳ, эзилган. ўртанган; ночор; ғамли.
* Бу ерда фарёд, фиғон маъносидаги шўр ва фитна, фасод маъносидаги шар(р) сўзлари воситасида сўз ўйини қилинган. Қолаверса, шўр сўзининг туғён, ғалаён, фитна, фасод маънолари ҳам бор.
33
Ғаму дардинг сира кетмас дилимдан,
Ғофил эл бу юрак-бағри тилимдан.
Чаманда бағри бут бир булбуле йўқ
Менинг бу оташин қолу қилимдан*.
__________
* Қилу қол (Қолу қил) — сўзлаш, гап-сўз, мубоҳаса.
34
Назар ташлаб, дегил, мен ким томонман?
Куйиб ҳажрингда бир тўп устухонман.
Етар, андиша қил, зулмингни тўхтат,
Ҳар оҳи ўқ-у, ноласи — камонман.
35
Фиғонимдан куяр бу кўм-кўк осмон,
Куяр бошдан-оёқ бу чархи гардон*.
Ўзинг танла: берарсанми муродим,
Ё бўлсин еру кўк ўт ичра яксон?!
_________
* Чархи гардон — айланувчи фалак; осмон; жаҳон.
36
Бу кун яшнаб ётар боғу тоғу дашт,
Бўлинг хуррам бу ерларда суриб гашт.
Жуда чексиз — уфкларга туташган
Ушал боғ-у, ўшал тоғ-у, ўшал дашт.
37
Бу ҳолимдан ўзим-да бехабарман:
Уйимдаманми ё қилдим сафар ман?
Фиғон дастингдан, эй кўнгли қаттиқ ёр,
Бўларманми бутун умр дарбадар ман?!
38
Фююн дил дастидан — комимча юрмас,
Иши озору ғамдан ўзга эрмас.
Мен ўхшайман ўшал қушгаки, доим —
Тушар домга, агарчи дона термас.
39
Дединг, эшкак эшувчига ўхшарман:
Кўзим дарёсида эшкак эшарман.
Мудом қўрқувдаман: ғарқ бўлса кемам,
Бу чексиз баҳр аро қандай яшарман?..
40
Қиларман нола шомдан тонгга довур
Сенинг дастингдан, эй ёри бетадбир:
Гоҳида ўқ еган қоплон мисоли,
Гоҳида шер каби — бўйнида занжир.
41
Тун эрса, ҳажрида дилпорадирман,
Кун эрса, дардида бечорадирман.
Яшар у ўз маконида хотиржам,
Мен эрса, даҳр аро оворадирман.
42
Нетай, гарду ғуборга тўлмиш олам,
Менингдек барча диллар лиммо-лим ғам.
Мен Алванд* этагида сунбул экдим,
Заъфарон* ранги рангимдек унинг ҳам.
________
* Алванд — Эрондаги Ҳамадон шаҳри яқинидаги тоғ.
* Заъфарон — сарғиш тус берувчи хушбўй ўсимлик; сариқ ранг.
43
Ўшал Қақнус* қушиман мен-да, филҳол*,
Жаҳонга ўт тушар урсам пару бол*.
Деворга сувратим солса мусаввир,
Ёқар оламни буткул ушбу тимсол.
____________
* Қақнус — афсонавий хушовоз қуш: бир умр хас-хашак йиғиб, кейин унинг уетига чиқиб, шунақанги ўтли наво чекарканки, нафасидан тўплаган хирмони аланга олиб, ўзи ҳам ёниб кетаркан — унинг кулидан янги қақнусбачча пайдо бўлар экан.
* Фил ҳол — дарҳол, шу онда.
* Пару бол — қанот.
44
Ҳаром бўлсин сенингсиз лолаю гул,
Ҳаром бўлсин сенингсиз бонги булбул,
Ҳаром бўлсин агар сенсиз ўтирсам
Ва гулшан ичра бўлсам майга машғул.
45
Хуш ул соатки, дийдоринг кўрарман,
Гўзал кокили мушкборинг* кўрарман.
Дилимда қолмагай бир зарра ҳам ғам,
Қачонки, лоларухсоринг кўрарман.
____________
* Мушкбор — мушк ёғдирувчи.
46
Дилимнинг қаърида минг бир ғамим бор,
Ёқар бағримни ҳеч ўчмас олов — нор.
Бу куйган дил саҳарда чекса бир оҳ*,
Неча минг шайху зоҳид бўлгай абгор.
___________
* Тасаввуф аҳли тонгда урилган оҳ илоҳий маҳбубага етиб боради, деб ҳисоблайдилар. Бундан ташқари, сўфиёна адабиётда кўпинча бир оҳ уриб, жон бериш ҳақида сўз борадики, бу оҳ ошиқни маъшуққа етказади.
47
Сенинг даетингдан, эркам, кийганим кўк,
Дилимда лоладек доғи ғаминг кўп.
Агар ишқингда оҳ урсам ўшал тонг,
Ҳама ўйлар бу Исрофил сури деб.
48
Мен ул уммонки, зарфга* жо бўлибман,
Мен ул нуқтаки, ҳарфга жо бўлибман.
Яшар ҳар бир «алиф»да бир «алифқад»,
«Алифқад»ман, «алиф»га жо бўлибман.
_________
* Зарф — идиш.
49
Бу дунёда фақат бир орзуйим бор:
Менга ёр бўлса бас ул лоларухсор.
Дилим дардини гар тоғларга айтсам,
Бу тоғларда гиёҳ унмайди такрор.
50
Куюк диллар, келинглар, оҳ урайлик,
Бепарво бизга дилбар, оҳ урайлик.
Борайлик булбули шайдо қошига,
У оҳ урмаса, бизлар оҳ урайлик!
51
Кўнгил роҳат билар хору хашакни,
Тўгар гар довруғи чарху фалакни.
Агар жисм арғумоғи чиқса қўлдан,
Юкинг енгил бўлар, бузма пинакни.
52
Туним ялдо тунидан ҳам қоронғу,
Бу дардимдан батар дард борми, ёҳу?
Ҳама дарднинг бўлар дармони охир,
Менинг дардим эса дармондан айру.
53
Ажаб бахтиқароман — манглайим шўр,
Ҳаёт — нурсиз, кўнгил мисли қаро гўр.
Муҳаббат кўйида бўлдим балокаш,
Бу дил дастида қонман — бир келиб кўр.
54
Бўлибман ёр кўйида зору ҳайрон,
Кеча-кундуз кўзимдан томчилар қон.
Агар дил розини ким элга очса,
У бир девонадир ёхуд паришон.
55
Дилинг топгайми ҳолимдан хабар ҳеч?
Кўрарми марҳамат қонли жигар ҳеч?
Жигари сен каби қон бўлмаганлар
Жигари қоилига қилмас назар ҳеч.
56
Сенингсиз, эй санам, йўқ менда дармон,
Кўзим ёшли, жигар-бағрим эрур қон.
У қун бўйнингни қучган ушбу қўллар
Бу кун бошимнинг устида паришон.
57
Агар масту хумормиз — бергил иймон,
Агарда беқарормиз — бергил иймон.
Мажусий, бутпараст ёки мусулмон,
Неча миллатки бормиз — бергил иймон.
58
Сени деб боғладим белимга зуннор*,
Жуҳуду бутпарастман, кулсам, эй ёр.
Кўриб аҳду вафойингни, дилором,
Бўлай аҳду вафо кимдан умидвор?
____________
* Зуннор — насронийлар белига боғлайдиган чилвир. Ислом мамлакатларида ғайри мусулмонлар ҳам зуннор боғлаб юришга мажбур эдилар. Тасаввуфда зуннор — хақиқий маҳбуба хизмати ва тоатига бел боғлаш.
59
Ишқингда ўт аро қолди вужудим,
Бу ўтда куйди-ей буду набудим*.
Оёқ қўйса итинг қўзга, ғуборин
Мижам-ла тозалаб қўймоқчи эдим.
__________
* Будунабуд — бору йўқ.
60
На мулки бор-у, на дунёга майли,
Ажойиб халқ эрур ушшоқ хайли.
Кеча-қундуз сабрни айлагай касб,
Гўзалларнинг юзи ёди туфайли.
61
Пушаймонмиз, пушаймонмиз, пушаймон,
Пушаймонликда олислайди карвон.
Вафо қилмаса-да ҳеч кимга дунё,
Мудом мшшатини тортади инсон.
62
Сабо келтирса ул кокул ҳидини,
Кетар босиб гулу сунбул ҳидини.
Хаёлингни қучоқлаб ётсам тунда,
Тўшагим тарқатар тонг гул ҳидини.
63
Худо ҳаққики, жононим ўзингсан,
Араб султони*, кел, жоним ўзингсан.
Билолмам, ким ўзим, қандай мақомим?
Биларман, аммо дармоним ўзингсан.
_________
* Араб Султони — Муҳаммад алайҳиссалом.
64
Бу савдонинг тугар они кўринмас,
Бу ғамнинг ҳадди-поёни кўринмас.
Агар шубҳа қиларсан, кел, ўзинг кўр:
Бу не дарддирки, дармони кўринмас.
65
Дилим бор — бир дам у хуррам бўлолмас,
Ғамим бор — ҳеч қачон ҳам кам бўлолмас.
Жаҳон зеболаридан ҳужжатим бор:
Вафосиз ёр менга ҳамдам бўлолмас.
66
Қиёмат кунида қози Худодир,
Сирот қўпригида минг можародир.
Утарлар бирма-бир ёшу қарилар,
Кутиб навбат менинг кўнглим қародир.
67
Ғамингда қўзларим доим тўкар ёш,
Тўшакдир менга тупроқ, ёстиғим — тош.
Сени жондан севарман — шу гуноҳим,
Шуми ишққа мукофот, эй қаламқош?!
68
Бу қандай кеча — ҳаммаёқ қоронғу:
Еру осмону сўлу соғ қоронғу.
Кўрай чорёр билан саккиз имомни,
Дилимни босмасин мутлоқ қоронғу.
69
Жаҳонда мен каби куйган кўнгил йўқ,
Менингдек дарду сўзу ғамга қул йўқ.
Нечук боғлай бу ёш дарёси йўлин?
Унинг манбаи дил — тўсгувчи қўл йўқ!
70
Менинг кўнглимдаги ғам беҳисобдир,
Худо билгай: кўнгил қуши кабобдир.
Улуғларман сенинг қўлингни, жаллод,
Агар қонимни тўксанг, бу савобдир.
71
Бу дардимни бировга сўйлаёлмам,
Ўзимга ўзгани ёр айлаёлмам.
Менга дерларки, ўз ёрингни тарк эт,
Бу бир ёрки, уни тарк айлаёлмам.
72
Икки кўзимни айлаб зору гирён,
Олиб ақлимни, этдинг лолу ҳайрон.
Агар Мажнуни ҳолин сўрса Лайли,
Уни саҳро томон қилдинг нигорон.
73
Билолмайман: мени ким қилди урён?
Ўзим жаллодман-у, ким қилди бежон?
Пичоқ бер, то юракни пора айлай,
Кўрай не бўлганин ишқ дастида жон?
74
Тиларман дил у қоши хамга арзир,
Агар арзимаса, мотамга арзир.
Ғамингдан ҳар киши гар ёқа йиртса,
Ҳар йиртиқ ёқа бир оламга арзир!
75
Заминда бир киши йўқ менга ўхшаш,
Бу динда бир киши йўқ менга ўхшаш.
Ишонмайман ўзимдекларни кўрсам:
Нахрт, бу менга ўхшаш, менга ўхшаш?!
76
Ким ошиқ бўлса, у жондан ҳайиқмас,
Ошиқ кундаю зиндондан ҳайиқмас.
Бўлар ошиқ дили оч бўри янглиғ,
Бўри чўпону гаврондан ҳайиқмас.
77
Узун тунлар менинг жоним куяр, оҳ,
Гирибондан* то домоним* куяр, оҳ.
Ўшал севимли ёр ёдида жоним —
Мудом қўрқувда: иймоним қуяр, оҳ.
__________
* Гирибон — ёқа.
* Доман — этак.
78
Сенинг ишқингда битди сабру бардош,
Кўзим ёши этар пинҳон сирим фош.
Бу ошиқ кўнгли мисли ҳўл ёғочдир —
Куяр бир учи, бир учи тўкар ёш.
79
Сенингсиз бўлмагай шодлик бу жонда,
Сени кўрганда ғам тарқар шу онда.
Дилим дардини қисмат этса барча,
Бирор беғам киши қолмас жаҳонда.
80
Дилимда ғам ниҳоли отди реша*,
Худони ёд этиб, йиғлай ҳамиша.
Азизлар, бир-бирингизни авайланг,
Ажал — тош бўлса, одам мисли шиша.
________
* Реша — илдиз, томир.
81
Чекар булбул саҳар чоғида фарёд,
Қилиб гулнинг нурафшон чеҳрасин ёд.
Фалак, оҳим ўтидан эҳтиёт бўл,
Куюк дилларнинг оҳи мисли гирдбод.
82
Тўкарман ўтли ёшлар мисли ул шам,
Оҳимдан ўт олар етти фалак ҳам.
Кўзимдан қонли ёш тўккайман андоқ —
Қолар бошдан-оёқ сув ичра олам.
83
Азизлар, шод бўлинг, авжи баҳордир,
Чаманлар яшнаган, чўл лолазордир.
Бу мавсумнинг ғанимат ҳар бир они,
Билинг, дунёи дун* беэътибордир.
___________
* Дун — тубан, пасткаш, разил, хор.
84
Бошимда ишқининг шавқ-иштиёғи,
Дилимга ўт солар оташ ёноғи.
Ўзи Каъбаю бут, қибла — тўлибдир
Зуҳурига жаҳоннинг ҳаммаёғи.
85
Гўзаллар қонли дил истар — шу маъқул,
Дило, қон бўл — уларга ушбу маъқул.
Биров куфр-у биров динга харидор,
Бировга — бол, бировга оғу маъқул.
86
Агар йўлбарсу шерсан — бўлма минг зўр,
Борар жойинг алал-охир қаро гўр.
Тананг гўр ичра тўкин суфра* бўлгай,
Тўкар атрофида қурту илон қўр.
________
* Суфра — дастурхон.
87
Агарда бўлса қийма-қийма жоним,
Агар оташда ёнса устухоним,
Агар тирноқ тагига тиқсалар туз,
Дил узмасман ўзингдан, меҳрибоним!
88
Агарда тож бошингда — оқибат ҳеч!
Агарда тахт қошингда — оқибат ҳеч!
Сулаймон мулки бўлса-да насибинг,
Ажал гар ёнбошингда — оқибат ҳеч!
89
Қуёш юзинг қуёшидан ибода,
Қошинг қошида ой мадҳу санода.
Шаҳар, саҳрою тоғда кимни кўрмай,
Дилида меҳринг-у, тили дуода.
90
Агар бу сўзни билмаслар — на хуш бу,
На ёзолса, на ўқий олса, ёҳу!
Биёбонга тутиб юз мисли Мажнун,
Бу тоғларга чиқиб, боқсинлар оҳу.
91
Тилайманки, саъйи ёр айласа дил,
Бу бахтимга куйиб, зор айласа дил.
Кезиб эл мен каби изламасанг ёр,
Жону дилдан сени ёр айласа дил.
92
Қаро туну биёбонпарвар ўлса,
Бу саҳро хору хасга кишвар* ўлса;
Юки оз кишининг бўлгай иши соз,
Бу йўлда гар зулумот раҳбар ўлса.
_________
* Кишвар — мамлакат, ўлка, вилоят, иқлим.
93
Жаҳоннинг бор ғами бизга раводир,
Бу дардимизга роҳат кимиёдир*.
Етар дардига дармон ҳар кишининг,
Дилимиз дардига дармон балодир*.
__________
* Кимиё (кимё) — бу ерда: нодир, ноёб.
* Бало — офат, мусибат. Сўфийлар ақидасига кўра Худо севган бандасига бало юборади, ўз навбатида, бало инсошга Худога яқинлаштиради.
94
Улуғлар қабридан унмас сира гул,
Агар унса-да, сочмас рангу ҳид ул.
Беобрўйлигу бадномликдан ўзга
Ўзи ўсган гиёҳ бермайди ҳосил.
95
Бу тоғларнинг ҳавоси мангу эрмас!
Бу боғларнинг сафоси мангу эрмас!
Кезарман элма-элу бонг урарман:
Гўзалларнинг вафоси мангу эрмас!
96
Агар номеҳрибоним меҳрибондир,
Не боис кўзларимдан қон равондир?
Агар дилбар менинг дилдорим ўлса,
Нега жисмимда на дил бор, на жондир?
97
Дилимни ғам ўзига хона тутмиш,
Бойқушдек вайронни ошёна тутмиш.
Фалак мискин дилига ўхшагайдир,
Бу ғам сийнасини сархона* тутмиш.
__________
* Сархона — чилимнинг тамаки солиб тутатиладиган қисми.
98
Менингдек бу фалак бечора бўлсин!
Ботиб дил қонига қоп-қора бўлсин!
Агар кўрса мени бир лаҳза беғам,
Бу ғамнинг дастидан оввора бўлсин!
99
Ғаминг дастида дил зеру забардир*,
Жигар қони кўзимда сарбасардир*.
Кишиким, ёри нозанин агардир,
Куйиб жони, дили тўла кадардир*.
__________
* Зеру забар — остин-устун; нотинч.
* Сарбасар — бошдан-оёқ, бутунлай.
* Кадар — мунг, маҳзунлик, хафалик, ғашлик.
100
Нима дей, неки десам — сенга маълум,
Фигоним кўп ёки кам — сенга маълум.
Агар топсам кириб дарёга гавҳар,
Ҳар ул гавҳарки кўрсам — сенга маълум.
101
Бу нозик дилни бир шиша билурман,
Агар оҳ чексам, андиша қилурман.
Ажаб йўқ кўзларимдан қонлар оқса,
Жигарда отмиш ул реша — билурман.
102
Бу ял-ял лолазорни бил ғанимат!
Бу фасли навбаҳорни бил ғанимат!
Жаҳон неъмати ёр васлига етмас,
Висоли нозли ёрни бил ғанимат!
103
Мисоли шер эдим — қўрқув бегона,
Ажал қасд айлади ногоҳ бу жона.
Енгиб даҳшатли шерларни, турибман —
Ўлимга топмайин чора, баҳона.
104
Сенга ҳар ким яқин бўлса — зулмдир,
Узоқликдан қўзида ёши лимдир.
Агар бир бора кипригингни кўрсам,
Юрак-бағрим тилим узра тилимдир.
105
Мени девонаю шайдо қилибсан,
Мени саргаштаю расво қилибсан.
Билолмайман, дилим қайдан топар жой,
Биларман унга Ўзинг жо(й) қилибсан.
106
Кел, эй дилдор, юзинг боғу баҳорим,
Сенинг ёдинг узун тунларда ёрим.
Худо билгай — бу ўткинчи жаҳонда
Йўқ ишқингдан бўлак ҳеч кору борим*.
_________
* Кору бор — ишлар, машғулликлар.
107
Кел, эй жононки, дийдоринг кўрай мен,
Юзингдан гулу сунбулни сўрай мен.
Шу эрди иштиёғим ою йиллар:
Бирор лаҳза ёнингда ўлтирай мен.
108
Сенингсиз мисли гулхан ушбу гулшан,
Вужудим ишқ ўтига айла маскан.
Суяк ҳам ёнсин унда — мен-да бир шамъ,
Бу шамъга бер ривож ишқ ўти бирлан.
109
Бу оввора бошим сомонни* билмас,
Бу қон бўлган дилим дармонни билмас.
Ўшал кофирга кўнглимни берибман,
Бўлак мазҳабга дил иймонни билмас.
_____________
* Сомон — имконият, илож, ёрдам, кўмак.
110
Азизлар, айрилиқнинг дарди душвор,
Кўзимда қолмади нур-шуьла зинҳор.
На бор дўст тўккали дардим, на қамдам,
Ғаму дард доғига бўлгач гирифтор.
111
Дили шодлар дили зордан хабарсиз,
Соғ инсон дарди бемордан хабарсиз.
Йўқ айбинг бунда қеч — асли-азал шу:
Ким эркиндир — гирифтордан хабарсиз.
112
Мусалсал* сочининг қар тобида макр,
Хумор, маст кўзлари пурхобида5 макр.
Бу қулдан айрилишни истамассан,
Ва лекин бу замон шитобида макр.
__________
* Мусалсал – ҳалқа-халқа, бир-бирига уланган.
* Пурхоб — серуйқу; мажозан: нозли, карашмали.
113
Дилимда ёр юзининг иштиёғи,
Саросар* кўксим ичра ишқ доғи.
Кўриб мен лолаларни шод бўлурман,
Уларнинг қўкси ҳам шу доғ ўчоғи.
___________
* Саросар — бошдан-оёқ, у бошидан бу бошигача, ҳаммаси.
114
Дилимда сендан ўзга дилбарим йўқ,
Бу кўксим ичра ўзга гавқарим йўқ.
Менинг қўнглим куюкдир, меқринг — оташ,
Кел, эй, ўт олмагай ўт кўрмаган чўғ.
115
Ғамингга мубталолар шоду хурсанд,
Оёғингга қилиб бошларни пайванд.
Менинг кўнглимда минг ҳою ҳавас бор,
Улар кўнгли сенинг меҳринг билан банд.
116
Менинг ёримни қеч бир ёрлиги йўқ,
Ғаму дардим кўриб, ғамхорлиги йўқ.
Хабар келгай ёринг ноз уйқуда деб,
Бу не уйқудир — қеч бедорлиги йўқ?!
117
Ётар жойимни тунда бўстон этди,
Узиб гулларни, уйқум вайрон этди.
Севишимни билиб гулларни боғбон,
Тиканларни уларга посбон этди.
118
Худо хоқламаган ишларни қилманг,
Қилиб, дунёни кўзга айламанг танг.
Қиёматда ўқилса нома токим,
Эшитганда бу номани уялманг.
119
Биров дард-у, бировлар дармон истар,
Биров васл-у, бировлар ҳижрон истар.
Буларнинг ичида менга ўшал хуш —
Уларнинг қай бирини жонон истар.
120
Менинг додимга ҳеч бир зот етолмас,
Хабар ҳолимдан ул ёрга этолмас.
Дилимдан бор гўзаллар бир бўлиб ҳам
Сенинг ёдингни ўғирлаб кетолмас.
121
Мен ул лочин — биларман ҳўб ёвимни,
Ниҳон тутгум тоғ ичра ўтовимни.
Учарман ўз қанотим бирла тоғда,
Тутарман ўз қўлим бирла овимни.
122
Дилим тор — тоби йўқ собир бўлишга,
Унинг дастидан розиман ўлишга.
Юзингдан шарм этиб, кирдим ҳижобга,
Қани йўл — сенга арзу ҳол қилишга?
123
Бекор қолсанг, мазорларни кезиб чиқ
Ва қил бою фақир ҳолини таҳқиқ:
На бой олмиш кафандан ортиғ-у, на
Фақир қолмиш кафансиз усти очиқ.
124
Дилим доим харидори муҳаббат,
Қизир ундан бу бозори муҳаббат.
Либос тикдим дилим қаддига мослаб,
Ипи — меҳнат унинг, тори — муҳаббат.
125
Сенингсиз бош агар қўйсам болишга,
Суяклар най каби киргай нолишга.
Ёш ўрнига ғамингда кўзларимдан
Олов учқунлари бошлар ёғишга.
126
Баҳор келганда ҳар шохда битар гул,
Урар боғларда бонг ошуфта булбул.
Биларман кезмасам-да баҳру барни:
Топилмас дилки, мендан-да куюк ул!
127
Қали куймай, қидирма дардга дармон,
Хали ўлмай, ўзингни этма гирён.
Куюк кўнглимни гул-лолага топшир,
Тоби йўқ, қилма ғам ўқига қалқон.
128
Фалак, билмасмисанким, мустамандман*,
Менга жабр этма кўп — мен кони дардман.
Кўрарсан айланиб бир доирада,
Бу гардишга бир ипдек мен-да бандман.
___________
* Мустаманд — хаста, нотавон, муҳтож, ҳожатманд.
129
Халос айла мени хаста кўнгилдан,
Касал боқиш сира келмайди қўлдан.
Нега лаъли лабинг қонимга ташна,
Ўзи соқий-ку, не истар бу қулдан?
130
Мени деб бағритош бу зебо куймас,
Ажабмас, ўт аро тош асло куймас.
Куярман ўт туташгунча дилишта,
Ёғоч ҳўл бўлса, ўтда танҳо куймас.
131
Дилим дастингда кўп нолону нолон,
Эзилмиш бағрим-у, бўлмиш жигар қон.
Менга сен неча минглаб ваъда бердинг,
Бу ваъдаларга йўқдир ҳадду поён.
132
Сенингсиз талвасам бордир, келиб кўр,
Заҳар косамда бисёрдир, келиб кўр.
Ўзим — қон, йиғи — соқий, нола — мутриб*,
Шу уч дўст мен билан ёрдир, келиб кўр.
__________
* Мутриб — чолғувчи ва қўшиқчи, муғанний. Тасаввуфда орифлар дилини рамзлар кашфи-ю, ҳақиқатлар баёнига тўлдирадиган, файз етказувчи ва тарғиб қилувчиларни мутриб дейдилар. Раббоний оламдан огоҳ қилувчилар ва комил пирларга ҳам ишора қилинади. Унинг қуйи — маърифат, қўшиғи эса — ҳақиқат.
133
Дилимни ғам ўтида ёқса кошки,
Жонимда ишқ оловин чоқса кошки.
Гиреҳ* солмай кафанларнинг ипига,
Гадою шоҳга бир хил боқса кошки.
___________
* Гиреҳ — тугун, чигил, мушқуллик, қийинчилик; соч ўрими.
134
Бу ишқ ўтини эт афзун, Худованд,
Бу дилни дардида эт зору дардманд.
Бу дарддан бир нафас фориғ ўтирсам,
Бу жоним айла парканду парканд*.
__________
* Парканд-парканд — парча-парча, майда-майда.
135
Келиб ҳолимни бир кўргил, суманбар*,
Бирор тун васлишта айла муяссар.
Агар сен бошга гул тақсанг, урарман —
Қуруқ панжамни бошга мен муқаррар.
__________
* Суманбар — оқбадан, гўзал маҳбуба.
136
Бу дил ҳоли нечук сендан узоқда?
Хабар йўллай биров бўлса сўроқда.
Юзинг кўрсат этиб раҳм жон чиқар чоқ,
Ўлиб кетмай қилиб армон фироқда.
137
Кўзимга ёстиғим сенсиз илондир,
Бу қунлар тун каби тийра*, аёндир.
Агар гул сайрига чиқсам сенингсиз,
Гулистон бош-оёқ худди тикондир.
__________
* Тийра — қора, қоронғи, хира, нурсиз; қайғули, ғам-ғуссали.
138
Баланд тоғ узра маъюс ўлтирарман,
Агар кўз очса лола, мен терарман.
Агар шу лолаки, билмас вафони,
Нечук бевафо ёр орзу қиларман?
139
Куюк диллар, келинг, то оҳ урайлик,
Кел, эй парвона, ошно, оҳ урайлик,
У ёр ҳусн ичра танҳо, оҳ урайлик,
Мудом бизга бепарво, оҳ урайлик.
140
Фалак, маҳв айладинг охир асосим,
Бўяб бошдан-оёқ кўкка либосим.
Агар жонимни олмоқ истамассан,
Қўпорма ушбу оламдан асосим.
141
Аё, дўстлар, ажаб майхўр эрурман,
Ёридан айру, бахти шўр эрурман.
Бу оташ мени қиздирмас, нечун, бас,
Ғаму меҳнат* дудидан кўр эрурман.
___________
* Меҳнат — мусибат, бало; ғам, дард; машаққат, қийинчилик.
142
Илоҳо, душманинг хор, хаста бўлсин!
Учиб ўққа, ҳаёти шамъи сўлсин!
Агар кетсам сўраб ҳолини тунда,
Саҳар келсам, кўзи тупроққа тўлсин!
143
Дилим зор-у, дилим зор-у, дилим зор,
Табиб чорланг, даво топсин бу бемор.
Агар кўрса бу аҳволимни бир бор,
Табиб дардимга излар чора ночор.
144
На ҳар куйган кўнгил айлайди нола,
На ҳар ёқимли юз монанди лола.
Биларми куймаган куйганнинг ҳолин?
Оловдан ҳеч қачон ёққанми жола?
145
Қоронғу туну тошлоқ йўлу мен — маст,
Қадаҳ тушди-ю қўлдан, синмади, бас.
Худойимнинг ўзи асради, йўқса,
Ерга тушган қадаҳ синмасдан қолмас.
146
Дилим дилбар эса, дилбар қаёнда?
Бу дилбар дил эса, дил қайси ёнда?
Кўрарман дилбару дилни омухта,
Билолмам: дил қани? Дилбар қаёнда?
147
Ёнимдан кетдинг-у, тарк этди дил ҳам,
Бошимда йўқ ўзингдан ўзга бир ғам.
Висолингдан бўлак икки жаҳонда
Умидим йўқ менинг, эй ҳусни олам!
148
Ғаму дардимни аттордан сўраб бил,
Тун таърифини бемордан сўраб бил.
Мудом ҳолим сўрар жумла халойиқ,
Севиклим, сен-да кел, бир бор сўраб бил!
149
Кўриб сўрдим тикан қўйнида гулни:
«Қачон васлига етказгай кўнгилни?»
Деди боғбонки: «Маъзур тут бу қулни,
Берар дўстлик дарахти кеч ҳосилни».
150
Гули сунбул пойида сояпарвар,
Ниҳоли қомати бир нахли навбар*.
Ўшал сурий* санам ишқида тинмай
Чекарман андалибдек ўтлиғ оҳлар.
___________
* Нахли навбар — янги мевага кирган дарахт.
* Сурий — Афғонистондаги қадимий эронийнасаб қавм.
151
Мен овчи қуш эдим — отландим овга,
Едим ўқ дуч келиб ёв қўйган говга.
Булоқлар бўйида ғофил яшама,
Ҳамиша ўқ бўлар ғофилга совға.
152
Менга тоғ лоласи ўзингсан, эркам,
Ариқ бўйидаги бинафша, гул ҳам.
Бу тоғлар лоласи бир ҳафталикдир,
Бироқ сен бир умрлик ёру ҳамдам.
153
Келинг, куйган кўнгиллар, биз бўлиб бир,
Очиб дил, ўзаро сирлашсак арзир.
Ғамимиз ўлчайик олиб тарози:
Ғами кўп бўлса кимни — вазни оғир.
154
Мен ул куйган кўнгил, чекмайми нола?
Эмас дардим енгил, чекмайми нола?
Гули ёнида-ю, булбул чекар оҳ,
Узоқда бизни гул, чекмайми нола?
155
Мен Алванд этагида гуллар экдим,
Сув ўрнига кўзим ёшини тўкдим.
Улар гуллаб, ҳиди менга келар чоғ
Олиб кетди шамол… мен нола чекдим.
156
Агар келсанг, қувонч созин чаларман,
Агарда келмасанг, ғамда қоларман.
Кел, эй, кўнглимга солгил барча дардинг,
Чидарман, ё ёнарман, ё ўларман.
157
Яна тортиб этак кетдинг-ку, эркам,
Бу ишдан зарра афсус чекмадинг ҳам.
Тутай мен ҳам бирор дилбар этагин,
Ажабмас, ишларим ўнгланса кам-кам.
158
Кел, ўйлайлик ўзимизни бирор он,
Етиб бормас у ёрга оҳу афғон.
Бу бизнинг қайғуларга борми тобинг?
Беролмас бунга тоб Сому* Наримон*.
__________
* Сом — Эрон ва Турон мамлакатларига ҳукмронлик қилган Нуҳ пайғамбарнинг ўғли; «Шоҳнома» қаҳрамони Рустамнинг бобоси.
* Наримон — пешдодий ҳукмдор Манучеҳрнинг лашкарбошиси. «Шоҳнома» қаҳрамонларидан бири.
159
Борай кимга — топилмас дўсту ошно?
Борай кимга — ғариблик ёри танҳо?
Келарман сенга гар қувса мени эл,
Борай кимга — агар сен қувсанг аммо?
160
Кўйингда тўкмадим ёш, эй дилоро,
Висолинг ваъдасин эшитмадим то.
Вафо тухмини экдим дилга — бермас
Ғаму хорликдан ўзга ҳосил аммо.
161
Мусулмонлар, дилимда уч ғамим бор:
Ғариблик ва асирлик, дарди дилдор.
Ғариблик ва асирлик иши осон,
Фақат дилдорни дарди менга душвор.
162
Мен — овчи қуш эрурман, кўкси — эгов,
Баланд тоғларда яшарман қилиб ов.
Эговда тезлашар одатда тиғни,
Мен ул тиғман — Ҳақ ўзи қилмиш эгов.
163
Менинг ошиқ дилим соғлом эмасдир,
Насиҳат тингламоққа ром эмасдир.
Олиб кетмас агар елларга берсам,
Оловга ташласам, бадном эмасдир.
164
Ғаминг муфт* бойлигу эҳсондан авло,
Висолинг умри жовидондан* авло.
Кўйингнинг бир сиқим тупроғи, рости,
Худо шоҳид, еру осмондан авло!
_________
* Муфт — текин, бепул.
* Жовидон — абадий, доимий, мангу.
165
Кўзим тиксанг-да, сенга интиларман,
Таним ёқсанг-да, кўйингга келарман.
Агар боғимга элтсанг гул теришга,
Сенга ҳамрангу ҳамбўй гул тиларман.
166
Кел, эй, то бир нафас юзинг кўрай мен,
Юзингдан гулу сунбуллар терай мен.
Кел, эй, қошимда ўлтир ою йиллар,
Сени токи тўйиб-тўйиб кўрай мен!
167
Ўшал бехонумон* — мен ўзимман!
Ўшал бесару сомон* — мен ўзимман!
Узун тунларда зор қуггучи кунни,
Куни тундай зимистон — мен ўзимман!
___________
* Бехонумон — уй-жойсиз, сарсон-саргардон, бечора.
* Бесару сомон — бахтсиз.
168
Сенинг жойинг гулистон, ёри жоним,
Менинг гулхан ёнида кул маконим.
Агар гулханми, гулшан ёки чўлда
Кўзим ўзгани кўрмас, меҳрибоним.
169
Узун тунлар санаб юлдуз ётарман,
Тун етса ярмига сени кутарман.
Ярим тундан кейин ҳам келмасанг гар,
Кўзимдан ёш дарёсини тўкарман…
170
Рубобимга икки зулфинг бўлар тор,
Не истайсан — ҳолим шундоқ ҳам абгор.
Сенинг менга сира ёрлик жойинг йўқ,
Нега ҳар тун кирарсан тушга, дилдор?
171
Қилайлик, кел, бу кўз ёшини Жайҳун,
Бўлайлик иккимиз Лайлию Мажнун.
Фаридуни* азиз тарк этди бизни,
Яратайлик, кел, эй, янги Фаридун!
__________
* Фаридун (Афридун) — пешдодийлар сулоласига мансуб олтинчи подшоҳ. У адолат рамзи ҳисобланади.
172
Жигарим эзди дард — оввора қилма,
Висолдан этма фард — оввора қилма.
Маломат қилма келмас деб кўйимга,
Келарман ранги зард — оввора қилма.
173
Нечуксан, дил? Нечун сен мунча маҳзун?
Мудом хунсан, мудом хунсан, мудом хун.
Гўзал Лайлининг ишқида ҳамиша
Юрарсан мисли Мажнун, мисли Мажнун.
174
Юсуфдек гар мени судрашса зиндон,
Тўкиб ёш, айламасман нола-афюн.
Рақиб бўлса-да менга юзта боғбон,
Келарман ҳар қачон боғингга хандон.
175
Саҳар гул қошига келганда булбул,
Кўзим ёши томар этакка гул-гул.
Бориб гул ёнига мен чексам афғон,
Тушар барча куюк дилларга ғул-ғул*.
_________
* Ғул-ғул — ғулғула, шовқин-сурон, довруқ.
176
Дилимдан ташқарида нола йўқдир,
Мижамдан ўзга ерда жола йўқдир.
Бирор тун йўқки, сени кўрмасам туш,
Менинг бахтимга кўзда лола йўқдир.
177
Фалак, бедод этарсан нега ҳар дам?
Гулим-ку бўлмадинг, бўлма тикан ҳам.
Агар дардимни енгил қилмагайсан,
Яна дард устига дард айлама зам.
_________
* Зам — қўшиш, жамлаш.
178
Турарман кўча бошида кутиб ёр,
Бўларман деб висолига саэовор.
Менинг куним агар бошишта тушса,
Биларсан бевафосан қанча, дилдор!
179
Магар шеру палангсан*, эй дил, эй дил,
Қиларсан мен-ла жанг сан, эй дил, эй дил.
Агар топсам илож қонинг тўкардим,
Кўрардим қайси рангсан, эй дил, эй дил!
__________
* Паланг — йўлбарс; қоплон.
180
Аё, дард, бир ўзинг келсанг, на бўлғай?
Кўнгилга ғамни оз солсанг, на бўлғай?
Бошим узра ҳабибми бу, табиб ё?
Улардан гар бири бўлсанг, на бўлғай?
181
Юзи узра мусалсал зулфлари бор,
Гулу сунбул қўшилган каби хуммор.
Қилиб зулфини(нг) ҳар торин паришон,
Осар ҳар бирига бир дилни дилдор.
182
Менингдек топмагунг бағри тилимни,
Чиқар ўт оҳидан оҳ урса кимни?
Муҳаббат ўтида андоқ ёнарман,
Куйиб битсам-да қўрмайсан кулимни.
183
Аё, бу Исфаҳон, айтинг, не маъво?
Кимни дўст айласам, бўлди бевафо.
Шероздан ташқари чиқсам бутунлай,
Топарман ҳар бир манзилда юз ошно.
184
Менингдек кексани топмас халойиқ,
Менинг дардим эмас ҳеч дилга лойиқ.
Узун тунларда шамъдан* ўзга ёр йўқ,
Бу куйган дилга куйган дил мувофиқ.
_________
* Шамъ — солик дилини куйдирадиган илоҳий нур. Шуҳуд соҳибининг дилини ёндириб, уни мунаввар қкладиган ирфон нурига ҳам ишора.
185
Жаҳонда неча минглаб лолаки* бор,
Йиғиб менга беришса, ушбу душвор.
Тиларман лолани хушбўю хушрўй,
Жамики лоладан бўлсин у дилдор.
__________
* Лола — мушоҳада килинадиган маърифатнинг натижаси. Бечора ошиқнинг бағрини тиладиган маҳбубанинг кизил юзига ҳам ишора қилинади.
186
Қуёшдек оразинг бўлсин чароюн,
Бу ишқинг ўти бағрим айласин қон.
Биларсанми, нега ҳолинг қародир?
Қуёшга ким яқин — қуйгай беармон.
187
Сира мардликни этмас пеша* номард,
Сира чекмас фигону нола бедард.
Ҳақиқат сўзини айтар Фаридун:
Шуъла сочмас агар тандир эса сард!
____________
* Пеша — иш, амал; ҳунар, одат.
188
Юзинг бўлсин қуёшдан-да чарогон,
Кўйингда қийма-қийма бу куюқ жон.
Қаро холинг ёқар бағримни чўғдек,
Шу чўғ мендан куюкроқ бўлсин, эй жон!
189
Бу юзларни ҳаёдан қопламиш тер,
Бу киприк ўқлари тўла заҳардир.
Занахдон* чоҳига Ҳорут* дилини
Осувчи ёрдаги сеҳр-жодулардир.
__________
* Занахдон — ияк, кулгич.
190
Юзинг меҳри дилимдан кетмагай ҳеч,
Авом бу ишқни англаб етмагай ҳеч.
Чин ошиқ бу муҳаббат оташини
Халойиқ ичра доетон этмагай ҳеч.
191
Агар билсанг, ғамимга айла чора:
Дўнарми кунга тунлар бора-бора?
Гаҳи дерман: сира отармикан тонг?
Гаҳи дерманки: тонг отмаса зора…
_________
* Ҳорут — фаришта. У Морут исмли фаришта билан бирга аёлга ошиқ бўлганлиги учун Худо ғазабига учраб, Бобуддаги чоҳга ташланган. Кимки сеҳру жодудан сабоқ олмоқчи бўлиб, чоҳ қошига борса, Ҳорут унга сеҳргарлик илмини ўргатади.
192
Кеча-кундуз юрар жойим хиёбон,
Кеча-кундуз кўзимнинг ёши тўфон.
На оғрир бир ерим, на бор иситмам,
Кеча-кундуз нега мен зору нолон?
193
Аё, дилбар, дилу жоним ўзингсан,
Бутун пайдою пинҳоним ўзингсан.
Билолмайман: бу дардим боиси ким?
Биларман аммо дармоним ўзингсан.
194
Сочингнинг ҳидига мафтунман, эй гул,
Юзингнинг ҳажрида дилхунман, эй гул.
Сенинг ишқингда мен зор-беқарорман,
Сен мисли Лайли, мен — Мажнунман, эй гул!
195
Бу кўзлар май тўла икки пиёла,
Бу сочлар Рай хирожи бемалол-а.
Бугун-эрта дея ваъда берарсан,
Бўлар эртанг қачон, эй юзи лола?
196
Мен ул шамъманки, тўккан ёши қайноқ,
Тўкар ёш шундайин ким чекса қийноқ.
Куйиб тун бўйи, йиғларман бутун кун,
Туним шундоқ ўтар, кунлар-да шундоқ!
197
Боғу роғлар тарафда лола ўсгай,
Бу киприкларни қонли жола тўсгай.
Хуросонга агар йўл олса карвон,
Дилимни орзуйи Бангола босгай…
198
Ғариблик мени қаттиқ дилгир этди,
Фалак бўйнимга ғамдан занжир этди.
Фалак, бўйнимдан ол бу занжирингни,
Ғариблик шундоғам кўп таъсир этди…
199
Дилим сенсиз ҳамиша беқарордир,
Менга озор бериш сенга шиордир.
Бошимга муштлагум бадхулқ боладек,
Фироқингда менга шу ихтиёрдир.
200
Балонинг рамзидир бу қадди зебо,
Жунуннинг манбаи бу дарду савдо.
Агар расмингни чизсам — бор гумоним:
Қиларман туну кун пинҳон тамошо.
201
Дилим бир қушга ўхшар — бепару бол,
Ва ё қумда ўтирган кема, алҳол.
Синиқ соз ҳеч садо бермас, нечун, бас,
Дегайлар, Тоҳиро, қўлингга соз ол!
202
Муқарраблар сени ҳар тун кўрарлар,
Ёнингда ўлтириб, суҳбат қурарлар.
Ўзим кўролмасам-да, кўрсам эрди
У зотларни — сени ҳар тун кўрарлар.
203
Башар кўрганми сендек дилрабони?
Сенингдек кўнгли қаттиқ бевафони?
Муҳаббат расмини кўргузиб аввал,
Кейин қиздирдинг бозори жафони.
204
Сенинг дардингда йўқ кунлар қарорим,
Қаритгай кечаларни оҳу зорим.
Куяр ҳолимга ҳар дўсту бегона,
Фақат сен бехабар, бепарво ёрим!
205
Ўшал дилбарни(нг) қўзи масти бордир,
Менингдек минг ошиққа қасди бордир.
Ошиқлар ўртасида ул санамнинг
Бу шеъримдек баланду пасти бордир.
206
Ошиқ кўнглига бир пайгом етарли,
Хуморолудага* бир жом етарли.
Менга кўзингнинг* сархушлиги басдир,
Қаноатгарга бир бодом3 етарли.
______________
* Хуморолуда — хуморли, маст.
* Кўз — тасаввуфда комил инсон тимсоли.
* Бодом — бу ерда: маҳбубанинг бодом шаклидаги кўзига ишора.
207
Бошимда сочининг* савдоси бордир,
Дилимга юзининг* севгиси ёрдир.
Агар майл этса янги ойга кўзим,
Билинг, қайрилма қошларга* хумордир*.
_________
* Соч — тасаввуф шеъриятида моддий дунё тимсоли бўлиб келади. Унинг узунлиги — дунёвий ҳою ҳавасларнинг чек-чегарасизлиги, Қалинлиги — тирикчилик ташвишларининг сон-саноқсизлигига, ҳалқалиги — нафс бандалари кўлглини овлаш учун тузоққа ўхшатилади ва ҳ.к.
* Юз — илоҳиёт жамоли тимсоли ва комил инсон чеҳраси.
* Қош — илоҳий ва моддий олам чегараси. Пайвасталиги — Оллоҳ ва оламнинг ягоналиги, қайрилмалиги — сўфий дилидаги нафс ва кибрни, узун ва қалинлиги — ҳақ йўлининг узун ва мураккаблигини билдиради.
* Xумор — саргардон ошиқ.
208
Бу жонимга солиб ўт, сочи сунбул,
Вужудим айламишсан бир ҳовуч кул.
Кесишса дилдаги ишқинг ниҳолин,
Чиқаргай ҳар тарафга шохларин ул.
209
Менингдек беқарор парвона йўқдир,
Жаҳонда мен каби девона йўқдир.
Қама муру малахнинг* бор макони,
Менга ҳаттоки бир вайрона йўқдир.
_____________
* Мўру малах — қурту қумурсқа, ҳашаротлар, чумоли ва чигиртка.
210
Гўзаллар кўп агарчи бу жаҳонда,
Менинг кўнглим ҳамиша сен томонда.
Боғингда мен каби булбулларинг кўп,
Шу боис йўқ бу қул ҳисобу сонда.
211
Муҳаббат ўти қудратли, буюкдир,
Бу ўт ичра юрак-бағрим куюкдир.
Оёқ қўйса итинг дийдамга, эй дўст,
Унинг оёғи гарди ҳам суюкдир.
212
Ватанни ёд этарканман мени зор,
Кўзимнинг ёши бўлгай мисли анҳор.
Бу бадбахт қўрқадирман ўчмасин деб,
Ғариблиқда ҳаётим шамъи зинҳор.
213
Кишида қанча қўпдир молу бойлик,
Бўлар дунёга кўнгли шунча боғлиқ.
Агар бошида Хусрав тожи бўлса,
Ширин бағри шу тож ҳажмича доғлик…
214
Йўлим тушди саҳар мозор томонга,
Тўлиб кетмиш мозор оҳу фиюнга.
Қилар тупроққа арз бир бош суяги:
«Бу дунё арзимас парча сомонга!»
215
Муҳаббат дастидан ҳолим забундир,
Мудом тош — ёстиғим, тўшак — заминдир.
Шу ёлғиз таскиним: сени севарман,
Сени севганнинг аҳволи қийиндир.
216
Юзингнинг нуридан олам чароғон,
Қара, ҳар заррада меҳринг намоён.
Фалакнинг шуъласи шундай ҳамиша:
Умид кўзлари ҳар ерда нигорон.
217
На хуш, гар икки дил бир дард-ла оғрир,
Гар оғрир битта дил — ушбу дард оғир.
Агар Мажнуннинг кўнгли доғли бўлса,
Лайлининг кўнгли ундан доғлироқдир.
218
Гўзал ёр қайғуси ичу тошимда,
Ёқимли сўзи тож бўлсин бопшмда.
Агар бахш этса Шероз мулкини шоҳ,
Нетарман бўлмаса дилбар қошимда?!
219
Кел, эй, ушбу жаҳондан қўл ювайлик,
Кел, эй, тупроқ уйидан дил узайлик;
Кел, эй, то экиб эзгулик уруғин,
Кел, эй, сабр итгифоқини тузайлик.
220
Танибманки эсимни, дод этурман!
Ғамида нолаю фарёд этурман!
Сира шод бўлганимни эсламайман,
Ҳамиша хотири ношод эрурман.
221
Пешонам шўридан андиша қилдим,
Ғаминг заҳрини дилга тўша* қилдим.
Фалак кажрав* ҳамиша, толеим терс,
Шу боис оҳу зорни пеша қилдим.
__________
* Тўша — озиқ-овқат, йўл озиғи.
* Кажрав — эгри юрувчи, тескари айланувчи; маккор, ҳийлагар.
222
Ўзингдан ўзга йўқдир менда бир ёр,
Ишим йўқдир рақиблар бирла зшгҳор.
Дўконингда касод менинг матойим,
Эмасман асли бозорга сазовор.
223
Хуш ул соат — эшикдан кирса дилбар,
Битар ҳижрон, кетар қайғу муқаррар.
Тўлиб шавққа* қувай жонни дилимдан,
Эгалласин унинг ўрнини дилбар!
_________
* Шавқ — Ҳақ ва солик ўртасидаги яқинликнинг кучайиши, иштиёқ ва истак ғалаботидан қалбнинг сурурга тўлиши.
224
Бу гулшан, бўлмасанг сен, мисли зиндон,
Гулистон ҳам мисоли оташистон.
Сенингсиз умру орому тириклик
Паришон уйқуга ўхшайди, жонон!
225
Тутай парвонадек ўт ичра маскан,
Бу гулхан сен билан кўзимга гулшан.
Гулимсан, гулбунимсан*, гулшанимсан,
Сенинг бирла топар жон ҳар ўлик тан.
__________
* Гулбун — гул, гул тупи.
226
Бошим — ёстиқ, таним — тўшакдан айро,
Ғамингдан ўзга йўқ бошимда савдо.
Қўяр ёстиққа бош сендан узоқ ким,
Бошин кўтармасин ёстиқдан асло!
227
Менинг ҳолим хароб, билмоқчи бўлсанг,
Юрак-бағрим кабоб, билмоқчи бўлсанг.
Кечиб мендан, топибсан янги ёр, бас,
Маҳшарда бор ҳисоб, билмоқчи бўлсанг.
228
Аё, эй моҳлиқо ёр, қайдадирсан?
Кўзлари сурмасо* ёр, қайдадирсан?
Улар дам бир нафас бағримга кирсанг,
Деб эрдим, дилрабо ёр, қайдадирсан?
_________
* Сурмасо — сурма тортилган, сурмали.
229
Мен ул шоҳман — таланган йўғу бори,
Мен ул вайрон — олинган ганжи, оре.
Қариликдан урарман оҳ бу даштда,
Ки ёшлик ўтди, қолмади ғубори.
230
Чиқарса ҳар дарахт девораро бош,
Узатар мевасига қўл қари-ёш.
Агар мева эмас, берса-да гавҳар,
Уни илдизидан қўпоргали шош…
231
Бошимда йўқ ғамингдан ўзга савдо,
Висолингдан бўлак дилда таманно.
Бу ишқ бозорида, билгай Худойим,
Шулардан ўзга ҳеч нарсам йўқ асло.
232
Мен ул бечораю мискин, дили кам,
Мен ул боши кесилган бир куюк шам.
На дунёни дедим, на охиратни,
Мен ул белолаю бесабза кўклам.
233
Юзингга янги ой деб лол қарашар,
Юришинг сарви қаддишта ярашар.
Дилимда биргина ишқинг хаёли,
Сени деб ошиғинг дунёда яшар.
234
Ўриб дил даштидан мотам гулини,
Териб жон гулшанидан ғам гулини,
Бироқ бу боғ аро ҳеч кўрмагайсан
Умидсизликни(нг) боши хам гулини.
235
Дилим дилбар домига мубталодир,
Фироғи ҳам, висоли ҳам балодир.
Бу вайронада кимни кўрма дилхун,
Булар дилми ё дашти Карбалодир?
236
Чекарман туну кун кўйингда нола,
Кўзимнинг ёшлари мисли шалола.
Тикан ўсгай, мени бечора ҳарчанд
Висолинг боғида эксам-да лола.
237
Қани кўз ёшим уммон бўлмаган тун?
Қани бир жигарим қон бўлмаган қун?
Сўзу нола билан ўтмоқда умрим,
Ҳолимдан бехабарсан, қадди мавзун.
238
Худоё, бу дилим бошга балодир,
Гуноҳни қўз қилиб, дил мубталодир.
Агар қўзлар кўриб лол бўлмаганда,
Гўзаллар ишқи қайдан дилга жодир?
239
Хаёлингдан бўлолмам лаҳза фориғ,
Фироқишта гирифтор этма ортиқ.
Мени қоп-қора рангга айладинг ғарқ,
Қародан ҳам юқори ўзга ранг йўқ.
240
Бу саҳроми ё қалби оташинми?
Унинг қонини ичгувчи заминми?
Бу ё мискин кўнгиллар кишварими?
Бу ё саҳрои ишқи нозанинми?
241
Сени деб ғам ейишни қилдим одат,
Сенга, эй бевафо, маълум бу ҳолат.
Сенга, кел, топширай куйган дилимни,
Биларсан дилни сен, дил сени албат.
242
Вужудим чулғамиш дардинг саросар,
Дилим доим гулу боғингни истар.
Очай кўнглимни кезиб лолазорда,
Уларда ҳам сенинг доғинг муқаррар.
243
Кўнгил куйгай ҳамиша мотамингдан,
Қутулмоқ йўқ сира дарду ғамингдан.
Нега хам, деб, қадинг мендан сўрама,
Қадимнинг хамлиги печу хамингдан*.
__________
* Печу хам — эгилган, буралган; мажозан: ранжу азоб.
244
Ғамингдан тан аро жонимда минг тоб,
Гаров қўйдим бошимни тиғга, маҳтоб.
Куйиб-ёнишда гар йўқ ихтиёрим,
Бу савдоларга бермайди дилим тоб.
245
Қаерда манзилинг, эй ёри дилхоҳ?
Бу манзилдан қулингни айла огоҳ.
Сеники ҳамма жой, мен — кўри ботин*,
Хато қилдим, хато, астағфуруллоҳ.
________
* Кўри ботин — қалби сўқир.
246
Дилимни бирён этсанг — ихтиёринг,
Кўзимни гирён этсанг — ихтиёринг.
Агар Алванду Майманд тоғларига
Бошимни майдон этсанг — ихтиёринг.
247
Келақол, келки, жононим ўзингсан,
Келақол, келки, султоним ўзингсан.
Ўзингдан ўзгани ёрим демасман,
Келақол, келки, иймоним ўзингсан.
248
Бирор коримга бу кўнгил ярамас,
Унинг ҳосили ғамдан ўзга эмас.
Бўлар гул мавсумида савдо қизғин,
Бу дил ҳеч нарсага аммо қарамас.
249
Узоққа тушдиму ёру диёрдан,
Маломат — ёрим, иш келмас барордан.
Билолмам, қасди жон қилдимми ноҳақ?
Иложим йўқ бўлак сабру қарордан.
250
Бўлиб бағрим адо келиб кетурман,
Висолингдан жудо келиб кетурман.
Кўйига келмадинг, деб қилма таъна,
Ахир, худди гадо келиб кетурман.
251
Улуғлайлик каримлар ҳимматини,
Қилайлик рад лаимлар* хизматини.
Карам бирлан каримлар қўли доим
Мурувватта этар эш давлатини.
________
* Лаим — хасис, паст, нокас.
252
Баҳорим бехазон сен бирла, жонон,
Ғамим йўқ, қолса гулсиз боғу бўстон.
Кел, эй ошиқ кўнгил, додимга етгил,
Дилим сен бирла ҳар доим нурафшон.
253
Кўчангга, дилрабо, токай келурман?
Тилаб сендан вафо, токай келурман?
Худодан қўрқмасанг, айтгил, сени деб
Кўчангга мен гадо токай келурман?
254
Ҳамиша ғам юкидан қоматим хам,
Жаҳонда мен каби ҳасратзада кам.
Сира ғам дастидан бўлмадим озод,
Бу толесиз дилим мисли кўҳи ғам.
255
Туним қора, куним ундан батардир,
Ҳам иқболим гули зеру забардир.
Юрагимга қадалди киприк ўқи,
Ки захми нафъли, наинки зарардир.
256
Дилим зору ҳазин — чекмайми нола?
Вужудим оташин — чекмайми нола?
Нечун нола қилурсан мунча, дерлар,
Ажал бўлса яқин — чекмайми нола?
257
Худоё, сўйла, ким бирлан бўлай мен?
Заифман, бўйла, ким бирлан бўлай мен?
Эшигингда, қабул қилгайми, рад деб,
Турибман ўйла: ким бирлан бўлай мен?
258
Олиб бода, қилай сайри гулистон:
Ҳаммаёқ — майсазор, сувлар — фаровон.
Ичай бир-икки жом май шодлигимдан,
Бўлай маст-у, борай ёнингга, жонон.
259
Каримдир у — макони ломакондир*,
Гўзаллар юзига у бахш этар нур.
Кеча-кундуз эл аҳволидан огоҳ,
Ҳаманинг ризқини қилгувчи маъмур.
__________
* Бекарон — беҳад, бепоён, беинтиҳо, бесоҳил, жуда кенг.
260
Ҳақиқат шуки, бир оворадирсан,
Бир ерда айланар бечорадирсан.
Менинг юзимга ёпдинг барча йўлни,
Аён бўлдики, кўнгли қорадирсан.
261
Сенга лойиқ эмасдирман, бу — равшан,
Бироқ бордирман ушшоқ сафида ман.
Юрак минг карра қонга ботса ҳам кам —
Сенга, зотанки, баҳри бекаронсан*.
_________
* Бекарон — беҳад, бепоён, беинтиҳо, бесоҳил, жуда кенг.
262
Жигар қони-ла дил тўлган ҳамиша,
Кўзим ёшли-ю, маҳзун тан ҳамиша.
Келарми, деб бирор кун мен томонга,
Тутибман йўлида маскан ҳамиша.
263
Агар тунда эшикдан кирса қумрим,
Гўё ортига қайтар ўтган умрим.
Кўзим тошта қадар бўлгай йўлида
Эшикдан чиқишини пойлаб ҳар зум…
264
Оҳимдан қоплар ўт етти фалакни,
Овоз дил қонидан бергай даракни.
Дили ғам ўтида ҳеч куймаганлар
Биларми ҳолини куйган юракни?
265
Бу ғамдан баҳравар дил хурраму шод,
Бу ғамдан бехабар дил дастидан дод!
Бу ишқ бозорининг ганжинасидан
Бу ғамдан куйган ҳар дил бўлгай обод!
266
Куним тундан, туним кундан батардир,
Хатини* севди ким зеру забардир.
Фироқингда куярман кеча-кундуз,
Фақирларнинг фиюни беасардир.
_________
* Xат(т) — янги чиқкан туклар; соч, зулф.
267
Азизлар, биз гирифтори ўшал дард,
Биримиз нотавон-у, ўзгамиз — фард.
Висолингни насиб этмади қисмат,
Юзингни кўрмай энди бўлгамиз гард.
268
Менинг бахтим шуким: тоғлар ватандир,
Кезиб чиқдим жаҳон — ҳар ёқ чамандир.
На уй-жойим бор-у, на молу давлат,
Ўлар бўлсам пару болим кафандир.
269
Мисоли най танимда банд уза банд,
Фироқ ўти мудом жонимга пайванд.
Худо билгай: қачон бўлгай қиёмат,
Қиёматга қадар тинмас бу дардманд.
270
Эрурсан гар кўйида зор, ема ғам!
Сени гар айласа ҳам хор, ема ғам!
Яримта дил билан қўрқмам бировдан,
Икки оламча кўнглинг бор, ема ғам!
271
Кўзим ёш тўккали мойил сенингсиз,
Ҳаётим нахли* беҳосил сенингсиз.
Бирор хилватда тун-кун манзил айлаб,
Ўлимга бўлгамен восил сенингсиз.
_________
* Нахл — кўчат, ниҳол, ёш дарахт.
272
Сенингсиз битмасин бўстонда бир гул,
Агар битса, севиб-севилмасин ул.
Сенингсиз кулгуга ким очса лабни,
Юзига тегмасин дил қони буткул.
273
Бу дашт ичра бир инсон зору нолон,
Экарди лола кўзидан тўкиб қон.
«Бирор нафъ борми бу деҳқончиликдан?
Ҳай, аттанг!» — деб бошин чайқарди ҳар он.
274
Мен ул маст — менга бош, оёқ баробар,
Менга бош ҳам, оёқ ҳамдир шу дилбар.
Дилором деб берувчи дилга ором,
Билурман сени, эй соқийи кавсар!*
____________
* Соқийи кавсар — Ҳазрат Али. Унга жаннатдаги Кавсар Ҳовузининг сокийлиги марҳамат қилинган. Қиёматда у одамларга оби кавсар улашади.
275
Мен ул озурдаи бехонумонман,
Мен ул меҳнатзада, ғамзада жонман.
Мен ул саргаштаман — саҳрода сарсон,
Не ел эсса, унга мен илк нишонман.
276
Чин ошиқ айламас фарқ жисму жонни,
Жонондан жонни-ю, жондан жононни.
Бўлиб ёр дарди бирлан ою йиллар,
Ўзининг дардига билмас дармонни.
277
На хуш, ким фарқламас бошдан оёқни,
Ўт ичра гул билан қуруқ бутоқни.
У черков, Каъба ё ошиқ вужуди,
Сенингсиз эслатар ўтсиз ўчоқни.
278
Бу банда бесару сомон яралдим,
Паришонманки, паришон яралдим.
Паришонхотирлар тупроққа кетди,
Улар тупроғидан бу жон яралдим.
279
Мудом ёш кўзда, қайғу — дил либоси,
Жигарнинг қонидан айшим асоси.
Бировнинг ишқида ўртанмаганга
Эмас маълум ошиқ дил муддаоси.
280
Дилим бир андалиби хушнаводир,
Саҳарларда қилиб нола адодир.
Қўниб гул шохига булбул азонда
Фиғон айлаб дегай: гул бевафодир!
281
Қанийди кўзларим дардингни олса,
Агар кўзларингга дард соя солса.
Топибсан ўзга ёр — кошки бу гапга
Қулоғим кар, кўзим кўр бўла қолса!
282
Агар ҳижрон аро қолсам, дилафрўз,
Менга фарқсиз бўлур кечаю кундуз.
Агар васлинг менга бўлса муяссар,
Бўлар ҳар бир куним гўёки Наврўз!
283
Токай кўйинг аро мен зору нолон?
Токай ҳолимни қилгайсан паришон?
Олиш ўрнига ғам юкини мендан,
Токай юк узра юк қўйгайсан, эй жон?
284
Қаридим, энди ёшлик қайда — ёвқур,
Вужудим айламиш тарк қуввату қўр.
Дегайлар менга: чиқ, гул-лолалар тер,
Теролмайман — кўзимда қолмаган нур.
285
Бу дилу дийдадан минг оҳу фарёд!
Нимани дийда кўрса, дил қилар ёд.
Ясаб бир учлари ўткир пичоқни,
Урай дийдамга то дил бўлсин озод.
286
Юрарман йиғлабон ҳар кўча-йўлда,
Бўлар пайдо ариклар ўнгу сўлда.
Қилиб бечора васлинг боғин орзу
Гул эксам-да, тикан ўсгай бу чўлда.
287
Бу ишқ дарди биёбонпарвар этди,
Висол орзуси беболу пар этди.
Менга дерсанки, сабру тоқат айла,
Ҳолимни сабру тоқат баттар этди.
288
Бошим — тўпу бу дунё мисли зиндон,
Кўнгилни этмагай тарк аҳду паймон.
Агар давронки, номардларга қолса,
Кутарман келгунича ўзга даврон.
289
Қаю зотларки, сенга ҳамнишиндир,
Ҳамиша кўнгли шод, бағри бутундир.
Азал ишқбозлигу ишқ одати шу:
Висол бахти диловарлар* учундир!
_________
* Диловар — ботир, қаҳрамон, қўрқмас.
290
Хаёлимда на савдо бор-у, на суд*,
На соғлиқ, на тирикликдан тараддуд.
Нетай дарё лаби, чашма бўйини,
Кўзимнинг ҳар бири минг битта Зандруд*.
____________
* Суд — фойда, баҳра, наф.
* Зандруд — Исфаҳондаги дарё.
291
Бузар тун тинчини қашқир овози,
Қошимга кел қаро зулфингни ёзиб.
Лабингнинг учидан бир бўса бергил,
Дегил: қилдим Худо қулини рози.
292
Ўзим чекдим бу гулнинг бор азобин,
Қўйиб ўрнига барча обу тобин*.
Худо даргоҳида мумкинмикан ҳеч:
Биров олса гулимнинг гар гулобин?!
___________
* Обу тоб — тобланиш, яшнаш; тозалик.
293
Хароб этдинг-ку, эй чарх, турмушимни,
Қучоғимдан учирдинг бахт қушимни.
Мени нард тахтасига ўтқазиб сен,
Бешу олти билан қилдинг ишимни.
294
Лаби — шаккар, бадан — нуқрага ўхшар,
Кўзим — дарё, вужуд — оташ муқаррар.
Киришга қўрқар у бағримга шундан:
Эрир оташда — нуқра, сувда — шаккар.
295
Фалакда бор на бир дўст-у, на бир жуфт,
Мудом қон тўкса-да, демас сира уф.
Унинг шевасию иши фақат шу:
Қаерда бир чироқ кўрса, қилар пуф.
296
Мени чулғар хаёлинг ҳар тун, эй ёр,
Хаёли хатгу холинг ҳар тун, эй ёр.
Қилай кўз уйига киприкни девор,
Кўрай деб то жамолинг ҳар тун, эй ёр.
297
Кел, эй, кўнглимда васлинг шамъини ёқ,
Арит ҳижрону дарду ғамни мутлоқ.
Ўшал қайрилма қошингга қасамким,
Бўлибман ғамга жуфт, сендан эсам тоқ!
298
Ғами ишқинг на ҳар муштоққа тушгай,
Ҳумо акси на ҳар тупроққа тушгай.
Сарафрозлар топар ишқинг аро ком —
Қуёш шуьласи аввал тоққа тушгай.
299
Гўзаллар жабридан бағрим жароҳат,
Бу лола ҳасрати кўнглимда қат-қат.
Ўқишса номахонлар нома ул кун,
Эгиб бошимни, чеккайман хижолат.
300
Баҳор келди боғу саҳрою тоққа,
Баҳордек ёшлигим кетди қаёққа?
Йигитлар қабридан гул-лола унгай,
Гўзаллар сайр этиб келса бу ёққа.
301
Дилим қайси санам девонасидир?
Бу саргардонни қайда хонасидир?
Билолмайман, дили оввора кимнинг
Асири наргиси* мастонасидир?
__________
* Наргис — бўтакўз; мажозан: шаҳло кўз.
302
Билар ноланинг оҳангини бедил*,
Аниқлар эритиб эл тиллани, бил.
Куюк диллар, келинг, нола қилайлик,
Куюк дил қадрини билгай куюк дил.
________
* Бедил — ошиқ, мафтун; дардли, аламли; ҳолсиз, мажолсиз.
303
Бу дунё ишларига аклим ҳайрон,
Сабаб излайвериб, дил бўлди вайрон:
Қилиб ризқини кимларнинг фаровон,
Берар миннат билан кимга суву нон.
304
Қизиқмайсан — нечук бу ёри зоринг:
«Ўтар кимлар билан боғу баҳоринг?»
Мени ёд айламайсан сен-у, мен ҳам
Хабарсиз: ким биландир кору боринг?
305
Келиб қўр, ёр, дилим ғамга тўлиқдир,
Тўкар кўз қонли ёш, рангим сариқдир.
Бу ҳижрон дарди, собирлик азоби
Куюк жонимга мангулик рафиқдир.
306
Мен ул риндманки, исён пеша қилдим,
Мудом қўлимга жому бода олдим.
Агар сен бегуноҳсан, бор, малак бўл!
Мен ул Одаму Ҳавводан яралдим.
307
Билолмайманки, розим кимга айтай?
Ғаму сўзу гудозим кимга айтай?
Ким эшитса сирим элга қилур фош,
Ниҳон розу ниёзим кимга айтай?
308
Агар бўлса неча минг мулки дунё,
Агар бўлса неча минг мулки уқбо.
Кел, эй дилбар, очай кўнглим ўзингга:
Бу дунёда сенингсиз борми маъно?
309
Менга олам ғамини айладинг юк,
Кўриндимми сенга мен маст туядек?
Бурундуқ ўтказиб, нокасга бердинг,
У ўйлар: юкни кўп ортсам, юрар тек.
310
Бу ёлғизлик ғамидан куйди жоним,
Кўриб ночорлигим ошди фиғоним.
Узун тунларда бекаслик ғамидан
Қилар нола ҳар банди устихоним.
311
Агар дилбар юзига рағбатим бор,
Йўлим тўсма, бўлибман васлига зор.
Худо ҳаққи, шошилма мунча, сорбон,
Бу карвондан қолибман мен — дилафгор.
312
Худоё, дод бу дилдан, дод бу дилдан!
Бирор дам бўлмадим мен шод бу дилдан.
Менга арзингни айт дейишса тонгла,
Қиларман тинмайин фарёд бу дилдан!
313
Кишининг дарди йўқми — ўлгани беҳ!
Муҳаббатсиз қўнгилнинг сўлгани беҳ!
Саҳар гулга боқиб, булбул урар бонг:
Беишқ кўзига тупроқ тўлгани беҳ!
314
Туғилгандан буён мен қўру ғофил,
Мудом бўлдим гуноҳ ишларга мойил.
Шу чорёру имомлар ҳаққи, ё Раб,
Туя кўрдингми — йўқ: баҳримдан ўтгил!
315
Юзинг меҳри қўнгилдан чиқмас ҳеч он,
Этиб бўлмас бу ишқ дардини достон.
Ва лекин бу муҳаббат оташини
Халойиқдан тутиб бўлмайди пинҳон.
316
Неча минг-минг қўнгил вайрон ғамингда,
Неча минг-минг жигарлар қон ғамингда.
Неча минг-минг бу доғларни санаб боқ,
Уларга йўқ ҳисоби сон ғамингда.
317
Сочини лоладан этмиш сарафроз,
Кўзининг қаърида пинҳон эрур ноз.
Бошимга солди бор савдоларини,
Неча йил ноз этар ул нозанин боз?
318
Фиғону нола кор қилмас фалакка,
Хар айланганда ўт солгай юракка.
Ўтиб кетмоқда оҳу ғам билан умр,
Фалак бўйсунмагай бизнинг тилакка.
319
Фалакнинг дастидан мен дод этарман!
Туну кун нолаю фарёд этарман!
Хасу хор бирла ўлтирса нигорим,
Кўнгилни қандайин мен шод этарман?!
320
Сўрабдирсанки, нечун беқарорман?
Магар парвардаи боди баҳорман?
Маконим нега тоғу дашту саҳро?
Нетай, ёр, бунда мен беихтиёрман.
321
Сен, эй, бир нозанину дилрабосан,
Сен, эй, қайрилма қош, кўзи қаросан,
Сен, эй, қўш кокили жуфт аждаҳосан,
Менга дерсанки, нечун мубталосан?
322
Асал-ку бўлмадинг, нечун заҳарсан?
Эмассан ёр-у, ёнимда юрарсан.
Бу дил захмига малҳам қўймадинг, бас,
Нега захмимга туз сепиб турарсан?
323
Чекай бир оҳки, ўт тушсин жаҳона,
Бўлиб девона дил баттар девона.
Куюк дилларнинг оҳидан ҳазнр бўл,
Куюк дилларнинг оҳи кўп ёмон-а!
324
Бу сунбул мушки Чиндан-да қародир,
Бу кокулдан неча минг дил яродир.
Дилингга йўл тополмас нола-оҳим,
Бу дилми ёки тош, айт, не балодир?!
325
Мудом кўнглим ёнар, кўзим тўкар ёш,
Жигар қонини айш жоми этар фош.
Топарман қайта жон ўлсам бўйингдан,
Мазоримдан ўтар бўлсанг, қаламқош!
326
Мудом қолу бало ташвиши дилда,
Баён айлай гуноҳим қайси тилда?
Агар «ло тақнату»* тутмас қўлимни,
Ишим «во вайлато»* бўлгай бу элда.
________
* Ло тақнату— Қуръон оятидан: «ноумид бўлманглар».
* Во вайлато — афсус-надомат.
327
Ғаминг дарёсига дил ботди-кетди,
Фироқинг доғи бағрим реш-реш* этди.
Кўзимда қонли ёшлар қатра-қатра,
Ки гўё лолалар мавсуми етди.
________
* Реш-реш — чок-чок, пора-пора.
Эргаш Очилов таржималари