Амир Хусрав Деҳлавий (1253-1325)

Хусрав Деҳлавий (ابوالحسن یمین‌الدین خسرو‎) 1253 йилда Ҳиндистон шимолдаги Патёли шаҳрида, шаҳрисабзлик Амир Сайфуддин Муҳаммад оиласида дунёга келдн. Асли лочин уруғидан бўлган бу хонадон мўғуллар босқини даврида Ҳиндистонга кўчиб, шу ерда турғун бўлиб қолган эди.
Амир Хусравдан буюк адабий мерос қолди: беш достондан иборат «Хамса», «Дувалрони ва Хизрхон», «Нўҳ синеҳр», «Тўғлиқнома» асарлари шулар жумласидандир. Унинг қаламига мансуб минглаб ғазал ва рубоийлар шарқ адабиётининг кўрки, жаҳон адабиёти дурдоналари сирасига киради.
Хусрав Деҳлавий 1325 йилда вафот этди. Орадан қарийб етти аср ўтди. Унинг асарлари дунёга таралиб, ҳамон севиб ўқилмокда, қабри халқ зиёратгоҳидир.

Шайх Саъдий шоир Хусрав Деҳлавий ҳақида гапириб: «Хар кимса у дунёда бир нарса билан фахрланиши керак. Мен ана шу туркнинг кўксидаги куюги билан фахрланаман», — деган экан…

“МАТЛАЪ-УЛ-АНВОР”ДАН

Ул ҳама одоби, гўзал борлиги,
Пояйи аввал адаби ёрлиги.
Улки жаҳонида не барною пир,
Ёрсиз ҳеч кимса яшолмас ахир.
Ёр этагини чу қўйиб бўлмагай,
Фикру хаёлига тўйиб бўлмагай.
Дўстнинг шундоғини изла тугал,
Ул абадий даҳрда қолсин гўзал.
Ҳамдами бўлмаски орзу узоқ,
Қора сочи бўлди-ку охири оқ.
Ранги на ўзгаргуси тушганда тоб,
Зуд кетур ранги такаллуфи об.
Оқлигидан дийда эрур мисли сут,
Сурма қаролиги бўлибдур унут.
Хона асосики эрур ғишти хом,
Бир-икки ёмғир-ла бўлур паст тамом.
Кимки ҳақи суҳбати ёрон билур,
Умр алар йўлига ҳадя қилур.
Дўст дема оники, ҳам пўстлиги
Бўлмаса лутфу адаби дўстлиги…
Писта эрур ёри вафодори нек,
Қалби тўла маъни, лаби ғунчадек.
Улки чу хурмо эса, дўст тутма жон,
Мағзи бурун они, ичи устухон.
Катта-кичик суҳбатидан топ ҳузур,
Ҳамнишининг сен-ла ақлманд бўлур.
Неча темирчи каби ёқиб ўтун,
Тўни муаттар бўйидан инчунон.
Одамий эзгу ишидан шодланар,
Хас ҳама жойда олов ичра ёнар…
То сену юзинг ила бўлгайла шод,
Чун кетасан, кўп на этгайла ёд…
Кимки салом деса, сенга ёр эмас,
Ҳар садаф ичра дури шоҳбор эмас.
Чун не топарсанки бу дунёйи тор
Ёрки они не деёлурсанки ёр…
Нокас ғанимдан ёмон, эй азиз,
Ўз дилида бўлмаса росту ғализ…
Ёри бадфеъл эрур баднишон,
Кўзинг уза қўй хоҳ уни қошсимон.
Одамилиғ қилма талаб кўпу кам,
Сенга яқин кўз нури бўлса ҳам.
Нафс мувофиқ сенга ҳам кам дурур,
Икки қарашли қародил ҳам дурур.
Кўз, умедворлиғи мардум – қароғ,
Нури қароси бору зулматда оқ.
Бошу қулоқдан на одам одамий,
Дев эрур ул эса эл беғами.
Курсийи тахтдир бақувват дарахт,
Кунда бўлур бўлмасидан курси тахт.
Одамилик одамиликдан бутун,
Удки бўйи бўлмаса, оддий ўтун.
Турқи совуқ лутф қилар бўлса ёр,
Хуш на ёронлар дилин этмоғи бор.
Беҳ гадо, талх эса гар мезбон,
Ухласа беҳ, кўр эса гар посбон.
Каски такаллуф ила на дўст бўлар,
Токи табиати-ла на дўстсевар…
Кимки қорар бўлса сув ичра шароб,
На мазайи сиркаю, на завқи об.
Кўзгуда аксинг кўринса гўзал,
Сен каби йўқ ўзга, ўзингсан ўшал.
Ул кишини сен сана дўстқатор,
Шодлигу ғамда бўлур сенга ёр.
Шодлигу ғамда сенга дўст, дўст эмас,
Шод на ундан бўласан ғам у бас.
Ёри ғаразгўйлари бисёр эрур,
Улки ғаминг чекса, ўшал ёр эрур.
Иззати бургутки шикорчийи зўр,
Йўқса ҳама қушлари ҳам донахўр.
Дилки, қовушмас на эт оҳу зор,
Ён ўзинг, бўлмаса дилсўз ёр.
Хотири бесўз эрур пурфиғон,
Ёнгучи инсон эрур меҳрибон.
Ёр чунон бўлки номингга мос,
Бўйи саломат-ла саломингга мос.
Тарки жафо айлаки ширин бўлар,
Номингу дебочайи таҳсин бўлар.
Майли касе қилки сафо унда бор,
Не гули рангиннамо унда бор.
Ойина ул беҳки темирдан ясар,
Равшан этар, гарчи на бўлгуси зар.
Орзу-ҳаваслар-ла на бўлгилки ғарқ,
Одамини девидан этгил чу фарқ.
Даҳр, қорин тўқи нонинг найлагай,
Арпа бериб, жонингга қасд айлагай.
Кўксинга экма чу тухми ғурур,
Кечагилар суҳбатидан юз на бур.
Майл ба ҳамсуҳбати дарвеш қил,
Ўзгасидан сўраб они беш қил.
Улки эрур нақши мурод қўлида,
Истаги бор эрса илм йўлида.
Ташла анга кўз муродики йўқ,
Ҳар сориға чашми кушодики йўқ.
Улки алайкум наки дегай тамом,
Яхшиси унга демагум в-ас-салом.
Тоғки, тошдиру сухан оз қилур,
Деса салом кас, у ҳам овоз қилур.
Улки саломингга на этгай жавоб,
Яхши тош ундан топувчи савоб…
Қочгуси сендан киме эрсанг гадо,
Қўли очиғ бўл, чу қайтгай яно.
Майли касе қилки вафойинг этур,
Жонини қалқони балойинг этур.
Дўст чунин жон эрсаки бергучи,
Дўстлиғи жонингга жаҳон бергучи.
Ёр жаҳонда топажаксан басе,
Лек вафодор на кўрдим касе.
Суҳбати у қилки ба сидқу сафо,
Тут этагин у эса аҳли вафо.

“ШИРИН ВА ХУСРАВ” ДОСТОНИДАН

Хусрав чўпонлар либосини кийгани, яширинча тоғ этагига боргани ва Фарҳод ила мунозарада икки кўзини тўрт қилгани

Уйқудан уйғонди кеч ухлаб саҳар,
Қўлида сут тўла коса жилвагар.
Узоқ титраб самовот шамъи кулди,
Тушиб коса қўлидан сут тўкулди.
Шаҳаншоҳ деди бахтдан шоду мамнун,
Борурман сут ариғи сори бул кун.
Ечиб тандан либоси шаҳриёрлар,
Чўпонликни этибон ихтиёрлар.
Сўраб-сўрди у жойдан тоғма-тоғ ул,
Сут ариғига етди кўнгли чоғ ул.
Ариғ бўйин тамошо қилди бирдам,
Кўрур тошларни тошлар узра кўркам.
Ки ҳар нақши ҳунар чун нақши чине,
Назар ташларди айтиб офарине.
Чу ул устодлигин кўрдики санъат,
Уни кўрмакка шодон этди рағбат.
Бир ул тоғжусса эрди паҳлавоне,
Улуғлар забтидан унда нишоне.
Қадрли бу вужуд тушкун хаёле,
Тўлин ойи бўлиб ғамдан ҳилоле.
Бало кўп жонига етганди они,
Сазовори санамлик устухони.
Юзи пурхуну бошдан то оёқ хок,
Йиқилган хуну хоки ичра ғамнок.
Дедики: “Кимсану не қайғусозлик?”
Деди: “Ошиқман, этгум жонгудозлик…”
Деди: “Не ишқбозликни нишони?”
Деди: “Ўтгай балода умри они”.
Деди: “Бундан не излар ошиқи мард?”
Деди: “Дил бергусидур излагай дард”.
Деди: “Дилни нечун тутмаслар ўзда?”
Деди: “Бўлгай фидойи жоду кўз-да”.
Дедики: “Мазҳаби хубони чунлиғ?”
Дедики: “Ишва, алдови фусунлиғ”.
Деди: “Ўзга не найранглар солишгай?”
Дедики: “Ғам беришиб, жон олишгай”.
Деди: “Жон аччиғи ҳеч кам эмасдур?”
Деди: “Ширин ғами гар, ғам эмасдур”.
Деди: “Ҳажрида қандайсан бу ёнда?”
Деди: “Ҳажри юзи ғам бирла қонда”.
Дедики: “Сенга сочгайми гоҳи нур?”
Деди: “Ҳа, лек йироқдан ой кабидур”.
Деди: “Они на кўр қолсанг тирик то”,
Деди: “Бундоқ яшашдан ўлмак авло”.
Деди: “Гар жонга бор ундан зиёне?”
Деди: “Арзон бўлур жаври ба жоне”.
Деди: “Ундан узоқлаш чекмайин дард”,
Дедики: “Йўқ севишда бундайин шарт”.
Деди: “Дунёёқар у фитнакордур”,
Деди: “Ишқнинг не бунга иши бордур?!”
Деди: “Токай егайсан ишқидан ғам?”
Дедики: “То яшаб, ўлсам кейин ҳам”.
Деди: “Ўлсанг ани орзусида гар?”
Деди: “Йўқликда дегайман дуолар”.
Деди: “Бошингни кесса гар ба шамшир?”
Деди: “Анга боқарман паст бўлиб ер”.
Деди: “Гар тўкса хунингни жафоси?”
Деди: “Ҳам ўлдирар мени вафоси”.
Деди: “Охир на хунрезлик уволдир”,
Деди: “Гар дўст тўккайдур – ул ҳалолдир”.
Деди: “Гар сен сорига ўтса ногоҳ?”
Деди: “Мижжам йўл супургай баногоҳ”.
Дедики: “Гар қўяр кўзингга пойин?”
Деди: “ Кўздан этарман жонга жойин”.
Деди: “Тушингда кўринса у қомат?”
Деди: “Ухлаб қоларман то қиёмат”.
Деди: “Келгайми уйқунг ушбу бобда?”
Деди: “Ҳа, окахони йўқ ҳисобда”.
Деди: “Тирноқ-ла деса тош қазгил?”
Деди: “Мижгон-ла ковларман мил-мил”.
Дедики: “Дўст ғамида бунча сен хун?”
Деди: “Жоним яшарман токи ул чун”.
Дедики: “Ишқидан жонинг ҳалоко”,
Деди: “Ошиқлара бундан не парво?” –
Ки ҳар не деди подшоҳи замона,
Жавобе деди ошкор ошиқона.
Таажжуб қилди шоҳ бу устувордир,
Бу янглиғ куйгани-ла пухтакордир.
Кишики ишқи бирла маст бўлгай,
Агар юксак на бўлгай, паст бўлгай.
Чу кўрди у вафони пойи бордир,
Қадам дўстлигида ўз жойи бордир.
Тилини тутди ул кўп сўйламай роз,
Бўлак ойинда берди сўзга пардоз.
Паришон ҳолатида они кўрди,
Мизожини узрлар бирла сўрди:
“Ки не янглиғ, қаёқдан тушди бу кун,
Дилим куйгай бу ҳолингга сени чун”.
Жавобин берди марди ғам сиришти,
Ки: “Бу менга қазонинг сарнавишти.
Чу бўлса илги тақдирим инонгир,
Чиқолмам ташга тақдирдан, Худо бир.
Берур қисматни барча элга Раббим,
Бурар юз қисматидан айт-чи ул ким?
Ба хоки пойлари бўлгум ҳаваснок,
Тўкарман кўз йўлидан дийдага хок.
Кўзим сўзига чун дил мойил ўлгай,
Балойи дийда дилга қойил ўлгай.
Бурун бундан на этдим доду фарёд,
Ки табъим банда эрди, жоним озод.
На билгайман қаердан турди бу дуд,
Бу хил куйдирди жони меҳнатолуд.
Муборак рўйи Ширини шакарбор,
Манга ширин кўринди аввали кор.
На келди кўнглима ул моҳи пурнур,
Ки манга айши ширинни қилур шўр.
Чу дилга ихтиёр бердим бапарвоз,
Қўлимдан чиқди, қандоқ излайин боз?
Лозим тутмоқ ваҳшийни батадбир,
Ки келмас қайта, чун узганда занжир.
Қафасдан учса қуш қоқиб қанот зуд,
Гўдак қўл ишқалашидан не бор суд…”
“Бўлак нарсага дил қўй, айла кўшиш,
Хайрдан меҳрини этгунг фаромуш.
Батадриж бу хаёлинг чун бўлур кам,
Топиб таскин хотиринг бўлур жам.
Чунон озод бўлурсан неча кун хўп,
Ёду меҳрига пайванд бўлмайин кўп”.
Жаҳондорга хумори ширкати ёр,
Буларни айтди унга беғаразвор.
Чу равшан қилди ошиқки бу не сўз,
Кулиб, йиғларди дарё ёш тўкиб кўз.
Деди: “Чоҳдан чиқа олгайсан ул дам,
Тизингдан ё белингдан бўлса пастқам.
Чу қаъри чоҳ юз газдан зиёда,
Чиқишга керак арқон ёки хода.
Занахда менгаки ул зулфи мушкин,
Дорким чоҳга бўларди, кесди Ширин.
Назарда гар ул чоҳ митти бўлгай,
Вале ҳар кимки унга тушса ўлгай.
Ўлишга чоҳга оёғим тушиб, бас,
На чиққайман агарда тортса ҳам кас.
Агарчи бўлса ширин жони ширин
Ширинроқмас Шириндан у валекин.
Чу дилдан кетса Ширин, жон не бўлгай,
Чу хасмим хонадур, меҳмон на бўлгай?
Мани то бор жоним, у деб бўларман,
Ва гар ўлсам, халос эт то ўларман.
Юзи берарда бўлгач ёри худком ,
Сотар юз хуни ошиқ унга бир жом.
Чу сайёде полапонларни сотгай,
Сиқим ўтга юз ул жонларни сотгай.
На бўлгайман тариқи ишқда маъзур,
Жонондан жон учун бўлсам чу маҳжур.
Мани жонимга қўйма, бўлса бандинг,
Бориб Хусравга айт, бўлса не пандинг.
Ҳар ул каски берар девонага панд,
Хирадмандлар дейишмас то хирадманд.
Манга етса лабидан ризқ ҳаётда,
Етарман оқибат бир кун муродга.
Ва гар бўлмас бахтдан фатҳи бобе,
Гадойи мурда бил жойим харобе…”

Форсийдан Олим Бўри таржимаси

РУБОИЙЛАР

1

Эй сарви чаман, жилвагари бўстон бўл,
Эй боди сабо, чаманда кез, сайрон бўл.
Эй гул, сабр айлаки, наргис мастдир,
Гул пардаси ичра бир нафас пинҳон бўл.

2

Жонона, шу лабларинг менга таскиндир,
Бир бўса тилармен, ошиғинг — мискиндир.
Дедингки, бу гапни қўй, лабимда туз кўп,
Ҳай, шўр демагил, шўр деганинг — шириндир…

3

Эй таъмаю ҳирс агарчи дохил сенга,
Тупроқ эмиш охири манзил сенга…
Тупроқни наъмунчалар безайсен, эй дўст?
Тупроқ бўладир бир куни ҳосил сенга…

4

Сендин нечаким жабру жафо кўргаймен,
Мен барчасига ўзни ризо кўргаймен.
Кўнгил борича мен сени кўрсам дейман,
Нур етганича кўзимда то, кўргаймен….

5

Кулсанг, санамо, нозли кўзинг ноз этгай,
Гул икки юзингда ўзни оғоз этгай
Гар ғунча лабингдин сўз тилар эрса, санам,
Гул-гул очилиб, ўзини пардоз этгай…

6

Дедимки, лабингда кўп шакарлар бордир.
Дедингки, кўзингда кўп гуҳарлар бордир.
Дедимки, фақирмен, дедингки, бас қил,
Юзингдин аён бўлдики, зарлар бордир…

7

Ишқинг мени ошуфтаи ҳайрон қилди,
Ақлимни олиб, бесару сомон қилди.
Ҳар нечаки сўйласам, ғамим кам бўлмас,
Ювган билан кетмади бу доғ, қон қилди…

8

Жонон, ичавер, айши мудоминг бўлсин,
Қоним тўкавер, бодаи жоминг бўлсин.
Май сенга ҳалол змиш, нигоро, лекин
Менсиз уни ҳўпласанг, ҳароминг бўлсин.

9

Эй ёр, асиру мубталомен сенсиз,
Шу бори жаҳондин ҳам жудомен сенсиз.
Менсиз не этарсан? — дея бир сўрамассен,
Қилмасман ўзимки, вой, нетомен сенсиз.

10

Жонон, ки жафойинг била гар ўлгаймен,
Амринг ва ризойинг била гар ўлгаймен.
Меҳринг била боз ўзимга жон топгаймен,
Жоним тўла меҳринг била боз бўлгаймен.

11

Чун шоми намоз бўлдию ёрим кетди,
Ҳижронзада қушману баҳорим кетди.
Ғам ичра нетайки, дили зорим кетди,
Тун ичра қолиб, сабру қарорим кетди…

12

Хўблар сари бошлагунчи йўл — роҳимдир,
Жону дилу кўз ҳамиша бадхоҳимдир.
Йўқ кимсаки, ҳолимни кўриб, ўртангай,
Ўртангучи бўлса, шу фақат оҳимдир…

13

Жоним, санамо, сидқу вафойингга фидо,
Бошим ҳаваси саждаи пойингга фидо.
Ўз ҳою ҳавоси била юргай ҳар гул,
Иллоки, дилим ҳою ҳавойингга фидо…

14

Йўқ, кўз деманг, ул фитнаи оламни кўринг,
Йўқ, соч деманг, ҳар ёнга сочилганни кўринг.
Ул дамки итоб этиб, ниқобин очса,
Вой, қош деманг, ул камони Рустамни кўринг…

15

Лаълинг каби, ёр, ғунчаи хандон йўқ,
Юзинг каби гул? Чаманда ул чандон йўқ.
Лаб тишлар эмиш лабингни кўрган писта,
Аммо на иложки, оғзида дандон йўқ…

16

Ул сарвки, сайр этарда шод ўлмишдир,
Дил эргашиб унга, номурод ўлмишдир.
Кўйнигда ғубор бўлиб таралган жоним
Охирда шамолу гирдибод ўлмишдир…

17

Бир кеча висолинг, санамим, ёр бўлгай,
Лаълинг дағи бир маҳрами асрор ўлгай.
Кўзимни сурай дейман оёғингга, вале,
Кўзим ёши бирла пойинг афгор ўлгай…

18

Ҳажр ичра мудом муниси ёрсен, эй ғам,
Бас, менга не ғамки, ғамгузорсен, эй ғам.
Кўнглимда макон тутибсен, эй, инсоф қил,
Ҳар нечаки бор эдинг ва борсен, эй ғам…

19

Ҳасратга кўмилганим муборак бўлсин,
Заҳматзада бўлганим муборак бўлсин.
Бир бора кўролмадим юзингни, эй ёр,
Кўйингда шу ўлганим муборак бўлсин…

20

Айёму висолу мавсуми дилдорлик —
Кечди бари, қолди менга шу ғамхорлик.
Тунларки санам васли-ла уйғоқ эрдим,
Туш эрди магар, аслидачи — бедорлик…

21

Дедим, кечаси қошима кел, кенглик қил,
Дедики, фиғону нолани энлик қил.
Дедимки, жафойинг била бир оҳ ургум.
Деди: бир эмас, менга деса, эллик қил…

22

Не зар тиланиб, сийнаси оташдирмиз.
Не таъна била кўнгли мушаввашдирмиз.
Бир бурда қуруқ нон била сув, тинч гўша.
Ё Раб, бу тириклик била биз хушдирмиз…

23

Эй тан, қаро ер масканинг бўлгусидир,
Ул чоғда кафан пироҳанинг бўлгусидир.
Дедингки, кейин уйим қоронғу гўрми?
Шошилмаки, унда равшанинг бўлгусидир.

24

Айёми бақога боқ, чунон ўтгусидир,
Сўнгсиз ғаму ранж ила равон ўтгусидир.
Ўтгувчи бирор дамга нажот йўқ, умр —
Афсуски, ўтарда ройгон ўтгусидир.

25

Навруз кечибон, ғунчага юз ноз келгай,
Гул чеҳрасига ишваю пардоз келгай.
Наврўз кетаркан — ўзидин кетгай гул,
Наврўз келаркан — ўзига боз келгай…

26

Кўйинг сари ҳар сафар келармен, роҳ йўқ,
Куйсам дағи ўртаниб, менга огоҳ йўқ.
Васлингни тилаб йироқда юз йил юрсам,
Сўнг бори унутсам сени? Йўқ, валлоҳ, йўқ…

27

Ҳар неки буюрса ёр, қилиб, кетгаймиз,
Юз нолаи зор қилиб, кейин кетгаймиз.
Хуш келмагай ҳеч ўзгача хизмат бизга,
Шу жонни нисор қилиб, кейин кетгаймиз…

28

Жоно, гаҳи боғу бўстондир, кўргил.
Вақти гулу вақти арғувондир, кўргил.
Гул деб нега сен қўлинг очарсан, эй жон,
Қўл очки, қўлингда гул ҳамондир, кўргил.

29

Маъшуқки лабин тилаб бу жон овора,
Васлига етолмайин кўнгил бечора.
Кўрдимки, лаби ёрилмиш эркан, сўрдим,
Кулдию жавоб айлади: шаккархора…

30

Йўқ йўқ, наинки дин учун ўлгаймен,
Ўлсам, ўша нозанин учун ўлгаймен.
Дедингки, фақирлик била умринг ўтди,
Айб айлама, ёр, мен чунин ўлгаймен…

Жамол Камол таржималари