Вильо Каяванинг (Viljo Kajava) ижодий йўли мураккаб босқичлардан иборат. Унинг дастлабки “Қурувчилар” (1935), “Бурилиш йиллари” (1937), “Хайр, сайёҳ қуш” (1938) каби шеърий тўпламларини ташкил этган шеърлар асосан гражданлик руҳи билан суғорилган.
В.Каява иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳарбий журналист сифатида фаолият кўрсатди. Уруш тугагач, қисқа муддат ичида швед тилида иккита шеърий тўплам эълон қилди. Улардаги шеърлар муаллифнинг ижодий инқироз йилларидаги машаққатли изланишларини акс эттирган.
В.Каява ижоди тобора янгиланиб, гражданлик ва гуманизм туйғулари билан бойиб борди ва у чинакам шоир сифатида тўла-тўкис шаклланди.
ИЛК КУН
Кўряпман даласига чиққан деҳқонни,
тўриқ оти билан ҳайдамоқда қўш,
кўряпман қалдирғочни кўкда чарх урган,
кўряпман:
чайқалди айиқтовонлар енгил эпкиндан.
Туймоқдаман заминнинг меҳрин,
уриб турган жонбахш томирин унинг
ҳамда саховатга чанқоқ ҳиссини.
Яшашига унинг неки эди зид, йитди бир йўла:
қуллар елкасини қавартган қамчи,
денгиз узра ўлим қуролларининг совуқ ҳайбати,
идрокни заҳарловчи ва қон ташнаси одамхўр уруш
ҳамда заҳил юзли камқон гўдаклар.
Кўряпман электрнинг, кўмирнинг,
саркаш дарёларнинг ғолиб одимин,
инсонни фазолар қадар юксалтиролган қудратни
мавжланган буғдойзор денгизи аро жилмайиб турган
миришкор эрни,
аёлни, дурраси сарин елларда ҳилпираётган
ҳамда намхуш ўтлоқ узра болалар ўйинини.
Шунчалар телбаларча вайронлик кунларидан сўнг
сезаяпман заминнинг теран бардошин,
нақадар масрурман.
Илк кун келди.
Сеҳрли, турфа хил гулларга чулғаниб ётар
курраи замин.
* * *
Исир эди емакхона кечқурунлари,
кечки овқатдан сўнг ёнарди милт-милт печдаги ўтин,
туярди димоғим таом ҳидини
ҳорғинлигу мудроқ оғушида ҳам.
Онам ҳар кун оқшом ўлтирар эди
стол чироғин нур доирасида –
уйда ишлаш учун
фабрикадан ўзи кўтариб келган
конвертларни елимлаб.
Текис буклар эди
дағал чандиқли бармоқлар
жигарранг қалин қоғозни
ва мени уйқуга элтарди унинг шитир-шитири.
Гўдак эдим, уйқу кўп ширин эди,
қўшиқ куйлашимни сўради онам,
кам сўзни билсам-да, ниманидир қилдим хиргойи,
шу кўйи минғирлаб мудрабман ўзим.
Тун ярим уйғондим томоғим қақраб,
онам эса ҳамон ишларди бедор,
бармоқлари қоғоз ва елим-ла банд.
(Шундоқ ошхонанинг ўзида – полда бир мизғиб олгач,
деди жилмайиб: “Қаттиқ ерда ётсанг – уйғонгунг тезроқ”)
Мен туриб бўлгунча қайтарди онам фабрикасидан
ва бизнинг пулимиз, нону қаҳвамиз узилмасди ҳеч,
тўқлигидан хурсанд ғўлдирар эди митти қурсоғим:
у чоғлар кам сўзни билар эдим мен.
Онажон, қоронғи тушаркан энди
босмас ҳеч мудроқ,
энди бисотимда сўзлар ҳам бисёр,
Ватан ҳадя қилган уларни менга.
Она, насиб этгай сенга фароғат
ва қалбим муҳр этган сиймонгдан оша,
қанот боғлаб, улуғ мақсадлар сари
учгай шул сўзлар.
* * *
Севги оташ ичра покланмас буткул,
аланга ўзидан қолдиради кул,
севги синалади аччиқ кулфатда,
рутубатли кунлар, заққум меҳнатда.
Шаънига ғазаллар битилган нигор
узугин ўйнайди маъюс, беқарор,
сиқади зерикиш унинг ёш кўнглин, –
биз шундай севгини олажакмиз тан,
эр ўз хотинининг жафокаш қўлин
силаса ҳар кеч ним чироқ нурида
уйқу олдидан.
БАНДАРГОҲ МАНЗАРАСИ
Сас-садосиз, жимжит тунларда,
зулмат хобга чўмганда шаҳар
йўргаклайди кўрфазни денгиз
оппоқ туманга,
Толиққан аёллар, хаёл суринг
пардасиз дарчалар ёнида,
ҳолдан тойган эрлар, бўғиқ овоз-ла
куйлангиз қоронғу майхоналарда,
зеро денгиз ўз туманин чайса илк нурга,
чиғирларнинг сим арқони ғичирлай бошлар
синган тиш каби.
Куйланг, хаёл суринг тун оғушида!
БАҲОР
Кўряпман: дунё баҳорга пайваст,
шимол баҳорига,
очилди наврўзгул бойчечак билан
мовий қирлар узра, оқ тун қўйнида,
ёмғир шаррос қуяр ва мен тинглайман
учиб ўтаётган қушлар сасини,
бузар ўзанларин шошқин ирмоқлар,
лойни, мовийликни, ўрмон шовқинин
ўзи билан олиб кетар йироққа,
Кўряпман: дунё баҳорга пайваст,
шимол баҳорига,
кулранг уй олдида ям-яшил арча
гул тугар қизғиш.
* * *
Саркаш сой даралардан
ошиқар денгиз сари
тун ичида кўпириб:
дарёнинг оппоқ, совуқ кўпигига
дўл каби,
ёғар мовий юлдузлар
ва ювади шўр мавжлар
дарёю юлдузларни
тунги илиқ денгизда.
Ботираман кафтимни сувга
сон-саноқсиз майда ороллар аро
кенгайиб, гоҳ торайиб улар ялтирай бошлар
тунги илиқ денгизда
йироқ юлдузлар каби.
* * *
Севгисига қасам ичган, ҳей,
қурбон этгин юрагингни сен
бармоқлари ҳаққи Сеговиннинг.
Севгисига қасам ичган, ҳей,
аямагин соғлиғингни сен
Жеймс Кежнинг сиймоси ҳаққи,
севгисига қасам ичган, ҳей,
қалбингнинг бир бўлагин узат
Пабло Неруданинг икки сатрига.
Санъат учун севгисига қасам ичган, ҳей,
ҳозирча тўладинг унга оз нарса –
кириш чиптасининг баҳосин, холос.
* * *
Кимдир тушунтира олганда эди ҳаёт нелигин,
ўлим ҳақида-ку, сўз ҳам очмаймиз…
(Шоирлар уринарлар ҳаёт маъносин талқин этмоққа,
руҳонийлар шарҳ этарлар кўҳна китобларга кўра ўлимни.)
Кимдир тушунтира олганда эди ҳаёт нелигин.
наққош, мисга нақш ўя туриб, у чоғ
йиқиларди искана излари аро пишган мевадек;
саҳнадаги актёр қотарди, токи
воқеа театр-ла бир йўла нураб кетмагунича;
дор устида дорбоз карахт, бемантиқ чайқаларди, то
жами томошабин оламдан ўтиб,
айлангуни қадар хокитуробга.
Кимдир тушунтира олганда эди ҳаёт нелигин,
ҳаракатда бўлган жамики нарса тинарди шу зум:
қонимизда сўнарди ширин туш тоти,
манглай суягимиз ичра фикрлар
айланиб қоларди кул чизиқларга,
дўнар эди ранггин орзуларимиз
оҳори тўкилган, тўзган матога.
Қандай яхши, ҳеч ким тушунтира олмас
ҳаётни тугал,
қандай яхши, ҳамма нарса қилар ҳаракат,
гоҳ қайнаб, гупириб, гоҳо совиб,
гоҳ шамшир мисоли музлаб, асабий.
Қандай яхши – телескоплар далили ёхуд
не-не мумтоз файласуфлар шарҳидан кўра,
теранроқдир ибтидоси жами нарсанинг.
Қандай яхши, тушунтира олмагай ҳеч ким
бизларга ҳаёт нималигини,
йўқса, таралмасди уйларимиздан
пиширилган хушбўй картошка ҳиди,
кетмас эди хотин – иккинчи фарзанд билан қайтмоқ-чун
ва ишимда менинг бўлмасди унум,
сизиб кетарди у кафтларим аро
худди сув каби.
* * *
Бу мўъжаз оёқлар ҳароратини
кафтларимга жойлай олганимдайди,
ҳидлай олганимда эди бу қуюқ
тилларанг сочларнинг хуш, тансиқ бўйин,
нигоҳларинг тафтин бир лаҳза
сеза олганимда эдим ўзимда,
мен бахтга муяссар бўлардим, шаксиз,
бахтли бўлолгани каби одамлар.
* * *
Барча жароҳату ғамларимизни,
заифлигимизни, васвасамизни,
субутсизлик ҳамда мўртлигимизни
яширмоқ бўламиз
шляпа остига, қора либосга,
сохта ғурур ва тунд қиёфа билан.
Бироқ биздан неки
теран ва эзгу
тортар диққатимиз аҳён-аҳён, —
вазнсиз оқ булут,
югурик шуъла,
гўдак кафтидаги қушча сайроғи
этган каби жалб.
* * *
Билмаймиз, не туяр қушлар юраги,
қанотлари ҳолдан тойса бемаврид,
пастда кутган маҳал уммон лаҳади.
Шунингдек, жуда оз биламиз бизлар
мунис, куюнчак сингилларимизни;
жасур, шавкатли иниларимизни,
уларнинг сазаси синган паллада.
Инсон ҳаёти ва қушлар парвози
мураккабдир бир хил,
ўлимга маҳкум ва
арзир шарафга.
* * *
Ҳаётингда ақалли бир бор
иккиланмай бургин кемангни
биз кулфатда учраган ёққа,
жафонинг муз соҳили сари.
Кўзимиз тўрт нажот йўлига,
совқотганмиз бизлар нақадар.
Ёмғирпўши бордир кимнингдир,
кимдир патли шляпа кийган
бўкмиш шаррос ёмғир остида,
кимнингдир чўп бармоқларида
сигаранинг ўчган қолдиғи.
Оҳ, нажотга илҳақмиз бирам.
Ҳаётингда ақалли бир бор
кемаси ғарқ бўлганлар учун шошил мададга,
жафонинг муз соҳили сари.
* * *
Ол дуррача сенинг кифтингда
қизғалдоқнинг баргига ўхшар
ва у худди қизғалдоқ каби
ҳилпирайди тонгги елларда.
* * *
Наҳотки яшашнинг қолмас маъноси
шунча ранжу алам, надоматдан сўнг,
шунча ялпи офат, кулфатдан кейин, —
почани қайириб тушмоқ ҳам мумкин
жарликдан айқирган соҳилга томон
ва сувга ўзингни ташлашдан аввал
қайрилмоғинг ҳамда кўрмоғинг мумкин
жавзо офтобида пастак саройнинг
жилмайиб турганин сокин, фаромуш,
лабларида тишлаб яшил кўкатни.
* * *
Гавжум эрур ҳануз ўрмонлар,
ҳануз эсар ўша шамоллар,
нурин сочар манглайимизга
юлдузлар мангу.
Карпатлар, Пиренейлар, Кордильералар
йўқолмайди, йўқолиб кетмас,
сарҳадларга нечун урарлар тўсиқ,
хариталар узра аён-ку бари.
Махфий қоғозларни сақларлар нечун
махфий сандиқларда,
нечун ардоқлаймиз махфий гапларни?
Наҳот камлик қилар биз-чун ўрмонлар,
наҳот камлик қилар кўк тоқи қадар
юксалган тоғлар?
Наҳот камлик қилар
минг йиллар давомида элатлар аро
ўзларимиз солган йўллар биз учун?
Гавжум эрур ҳануз ўрмонлар,
ўзгармаган бахт ҳақида ўй.
Нечун?..
Айни вақти эмасми?..
* * *
Қизгина, эшикни оч,
майли, ғижирласин қуриган оғоч,
сенга қоровуллик қилувчи кимса эшитмас, ғофил.
Қизгина, эшикни оч,
қисирласин майли, зиналар,
ўйлама: эртага суриштирмаслар
ойдинга чиқ
ва тургин кутиб.
Юракдан қўлни ол, шивирла унга:
керак эмас, қаттиқ дукиллама, де,
ойдинга чиқ.
Эрта — узоқ, тергов — эртага,
висол, интизорлик палласи ҳозир,
Ана — эшик. Биласан болаликдан ҳар бир
тирқишин
оҳиста ёп уни.
Юрагингга айт, дукилламасин.
МАЖРУҲЛАР
Чилангарлик оташида қорайиб кетган
ва темир тўзони бармоқларига ўтириб қолган,
манглайига тушган ажинлар эса қурумга тўлган
бу эркаклар,
кирхоналар ичра буғдан бўғриққан,
бўйин терилари осилган хунук,
кўзлари косасидан отилиб чиққан
бу аёллар
билармиканлар фавворалар шилдирашини
ёхуд концерт зали деворлари жилваланишини?
Бўлган уларда на вақт, на-да пул
завқ туймоқликка,
табиатдан баҳра олмоқ ва ё санъатдан
ҳатто турфа гўзалликка қўймоққа ҳавас.
Уларнинг вужудларин маҳв этувчи,
ҳаётларин ва қалбларин кемириб юборгувчи
меҳнатдан ўзга
ҳеч бир нарсага ўргатмаганлар ҳеч қачон.
Фақат меҳнатни деб туғилган улар ва улғаярлар
ҳамда кўз юмарлар бир кун дунёдан меҳнат
туфайли.
ИЛТИЖО
Баҳор, ҳадя айла менга бардамлик,
қиздир болдирларим ўткир нур билан,
токи мен қийқирай гўдак мисоли,
зарҳал булут қадар юксалтир мени,
тобла вужудимни.
Мени қоқигулнинг укпарларидек
соч олам узра,
элт ғариб кулбаларнинг тунд дарчасига,
оқшом ҳалқобларин юпқа музига
айлантир мени, тонг чоғи гўдаклар пойи остида
синайин чил-чил.
Шундай қилки, баҳор,
қийқирайин мен
қизғин, туйқусдан,
ибтидоий ҳаяжон билан.
ҲОВЛИМИЗ ҚИЗАЛОҚЛАРИ
Дудоқлари бу қизалоқнинг —
гул исли ва нақ гулнинг ўзи.
Ким мажбурлар бир кун уларни
титрамоқликка?
Қовжирашга мажбурлагай ким?
Бизники у — ҳозирча фақат,
хайрлашмоқ оғирдир лекин,
дудоқлари гул каби тоза
бу ёқимтой қизалоқ билан.
Русчадан Мирпўлат Мирзо таржималари