Каарло Крамсу (1855–1895)

Каарло Крамсу (Kaarlo Kramsu) – фин шоири. Шеърлари турли тўпламларда эълон қилинган. Шоир руҳияти ғамгин оҳангларда ифодаланади. Унинг муҳаббат лирикаси армон ва соғинч туйғуларига йўғрилган.
Шоир доимий изтироб ва етишмовчиликлар сабаб руҳий касалликлар шифохонасида вафот этган.

ШАРШАРА БЎЙЛАБ

Шом. Хаёллар оғушидаман,
Кулбам ёнлаб шаршара ёлғиз,
Шовуллайди тўлқинлар қайноқ,
Югуради бетинч, изма-из.

Довюрак ва асов уюрлар
Каби сачрар қудратим тошқин.
Жаранглайди эрк товушлари!
Тилга кирар сувлар шод, шошқин:

Тўлқинларни йиққин безавол,
Биз – сувости болаларимиз.
Занжирларни узса ким, баланд
Еру кўкда садоларимиз.

Қисматлари гўзал одамлар,
Сизга ҳеч не даҳшат сололмас.
Насиб этар ажиб саодат.
Руҳ кишанин узолсангиз бас!

Рус тилидан Ойгул Суюндиқова таржимаси