Нодир Нодирпур (1929-2000)

Эрон шеъриятида ўзига хос тасвир услубига эга иқтидорли шоир Нодир Нодирпур (نادر نادرپور) Теҳронда туғилган. Парижнинг Сарбонна университетида француз тили ва адабиёти йўналишида ўқиган. Эронга қайтиб, маълум муддат Маданият вазирлигида, сўнг “Ҳунар ва мардум”, “Нақшу нигор” журналларида ишлаган. 1972-1978 йилларда Эрон радиоси ва телевидениесида ишлаб, замонавий адабий жараёнлар ҳақида кўплаб эшиттириш ва кўрсатувлар тайёрлаган. 1980 йилдан 1986 йилгача Парижда яшаб, ўша йилларда Франция ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзолигига сайланган. 1986 йилдан Америкада яшаб, ижод қилган ва шу ерда вафот этган.
Унинг бир неча шеърий тўплами, жумладан, “Кўзлар ва қўллар”, “Жом қизи”, “Узум шеъри”, “Қуёш сурмаси”, “Сўнгги шом”, “Ёлғончи тонг”, “Танланган шеърлар”, “Мукаммал шеърлар девони” нашр этилган.

ТАҚДИР

Али Фирўзободийга

Fамга ботдим ҳаёт берган собоқдан,
Қайғурдим, берганда қудратни, кучни.
Тирикликнинг кекса тожири сотган
Тан ашқоли менга қимматга тушди.

Кўз юмайин десам, тилимни тийиб,
Афсуски, тоқатим етмади бир дам.
Пинҳон дард қонимда уйғотган ғазаб
Телба эди қоплон ғазабидан ҳам!

Бир ғазаб, сўзларим, кулгуларимда
Куйиб кетган қуёш ўтидай ошкор.
Гул косасин ҳар бир дарзидан тошиб
Тўкилар у булоқ бошидан бедор.

Тириклик ўлимдан жудо бўлмаган
Паришон ҳолимга бандаман букун.
Гоҳ ажалдан қўрққан, гоҳи хотиржам,
Гоҳ ўздан озод, гоҳ ўзига тутқун.

Нечун келдинг, ўздан безорман, ахир,
Нолим, мен ўздан нолиган найман.
Мумдан ҳам мулойим эдим, ушбу кун
На ундай, на бундай, на ўшандайман.

Кун-кеча чертардим кўнглим созини,
Жимжит юрагимни тирнайман букун.
Кечаги шодлигим куйчисин бағри
Букун тўлди ғазаб, ғавғога бутун.

Ё келиб кетарман бунда бир умр,
Ё муқим эмасман ўз Ватанимда.
Тақдирим шул, ором оларман, фақат,
Ўз тобутим ичра ўз кафанимда!

ҚУЁШ ҚАЙFУСИ

Кўчалар тўлганди баҳор атрига,
Тарқалганди шабнам ғубори бирдан.
Маст ва ташна тупроқ уйқу сўнгида
Бир коса ичганди тунги ёмғирдан.

Барглар сўлагига бомдод қуёши
Иссиқ малҳам каби томарди дилгир.
Қуёш шимарди гул баданидаги
Тунги ёмғирларнинг доғини бир-бир.

Ётарди майсалар ичра илондай
Баҳорнинг ҳидидан маст-аласт бўлиб.
Қабоқлар қатидан қуёш ёғдуси
Биллур кўзларида товланиб, тўлиб.

Уйқуга тўймаган бир жуфт кўзидан
Ширин хандалари томарди тим-тим.
Гулгун шароб янглиғ, томирларимда
Кезарди қуёшнинг қайноқ қони жим.

У бўсам шавқидан девона эди,
Бўсасин доғида куяр эдим мен.
Чангаллаб чаманнинг яшил бахмалин
Йиртардим ё уни улар эдим мен.

Икки тишим билан тишлардим юзин,
Намчил юзида бор эди шўр таъми.
Қуёш, тупроқ таъмин эслатар эди
Лаблари, пишмаган маймунжон каби.

Тонг қушин патидай майин шабада
Қўлини танига ишқарди шайдо.
Кўкси мавжланарди денгиздай, мастлик
Оромин кўпикдан қилганди пайдо.

Кўксининг жомига бошимни эгиб
Ҳидладим, ҳўпладим ундан бир қултум.
Унга соя солдим, соямни ташлаб
Осмон нигоҳидан яширдим бир зум.

БЕШИКДАН ҚАБРГАЧА

Бир жуфт қаро кўзинг бешигида мен
Ором олар эдим болалик чоғи.
Гўё мен яралган зулмат қаърида
Ёғду сочар эди ишқинг чироғи.

Юзимга тўкилса энага сочи,
Атринг шабадаси эсарди майин.
Унга тўқинганда нигоҳим ўти,
Ундан сен томонга келарди тайин.

Эртак сўйлаганда тунлар, қулоғим
Остида овозинг садо берарди.
Бошидан бир тола сочин юлган чоғ
Гўёки, ҳар тола сочинг терарди.

Ёввойи ва ширин бўсаларида
Бўсаларинг таъми бор эди пинҳон.
Иссиқ ва ёқимли қайғуларида
Қайноқ кўз ёшларинг бор эди гирён.

Жуфтим эдинг, бизни бир-биримиздан
Айирдилар, сени мендан қизғаниб.
Кўриб ўкси-ўксиб йиғлаганингни,
Тағин чорладилар номингни айтиб.

Сенда «у»ндан ўзга йўқ эди бир ном,
Умр бўйи «у»ни айладинг таъқиб.
Сени тополмайман «у»сиз ҳеч қачон
Ва хом хаёлингга қолдим ўрганиб.

Ҳар талъат ҳуснида ва жамолида
Бўларди ул таниш чеҳранг намоён.
Ишқ булоғи тошган ҳар бир юракда
Дилрабо аксингни кўрардим аён.

Ҳузуримдан қайга бўлдинг равона,
Мен учун яралган бўлсанг сен агар?
Айт, нечун йўлингга интизор бўлган
Менинг кўзларимдан айладинг ҳазар?

Ушбу кун умримнинг ўртасидаги
Умидим қуёши боқар умидвор.
Ортидаги йўлга термулиб ҳайрон,
Мунғайиб ўйлайди, олдинда не бор.

Сен ҳам, оҳ, эй, кўнглим қамраган кимса,
Япроқсиз шох каби беҳамалмидинг?
Эй, сен, мурғак умид, мангулигимнинг
Эгизагимидинг, сен ажалмидинг?!..

УЗУМ ШЕЪРИ

Абулҳасан Нажафийга

Нима дейсиз?
Узум донасидаги
Йиғилган лаззатнинг қайдадир боши?
Қаерда бол бўлса, кўз ёши бордир,
Кекса ва озурда боғбон кўз ёши.
Тунда йўл ахтарган толиб, туртиниб,
Тонггача кўз юммай бедор, беуйқу,
Қоматини эгиб соч гажагидай,
Токларни суғорган боғбон ёши у.
Бу бол – кўз ёшининг ёғдуларини
Ҳар дона қалбига таратган бир-бир,
Ҳар шингил танини дил қони билан
Парвариш айлаган боғбон ёшидир.

Нима дейсиз?
Узум донасидаги
Йиғилган асалнинг қайдадир кони?
Қаерда бол бўлса, у ерда қон бор,
Кекса ва озурда боғбоннинг қони.
Сиз ҳам, эй, ашъорим харидорлари,
Шеърларимни қўлга киритманг осон.
Шеърим шингили,
Сўз донасидаги
Бол, шарбат – кўз ёшим, дилдан оққан қон.

Қаерда бол бўлса, кўз ёш бор, қон бор,
Шароб деб билдингиз қаердан, кимдан?
Шунчаки маст эмас, қонимдан мастсиз,
Ичган қонингиздан,
Юрак қонимдан.
Ҳар калом – мен юрак қаъридан тортган
Додимдир – айланган дил азобига.
Ҳар шеър
Тўлиб-тошиб оққан дарёдир,
Дарёдир – лиммо-лим қон шаробига.

Қаерда бол бўлса, бордир кўз ёши,
Сўзнинг донаси бор, айтилган дилдан.
Лабларингиз билан донасин эзиб,
Бошини чайнаманг осонлик билан.
Мен учун бус-бутун қон косаси бу,
Менга бу – кўз ёши тўлиб турган жом.
Жуда осон қўлга киритманг уни,
Уни осонгина сипқорманг мудом.

ТАШНАЛИК

Кетдик ёлғиз қолиб кетгунга қадар,
Ҳеч кимга қарамай, бировдан тониб.
Куз қуёши ҳануз кун ўртасида
Бизни ёндирарди, ўзи ҳам ёниб.

Сув қайнарди ариқ томирларида,
Ташналикдан лаблар қақрарди нуқул.
Танимизни эмиб терлаган қуёш
Ёнди бошимиздан оёққа довур.

Шохларнинг қуриган бармоғи баъзан
Сочидан бир тола юлиб оларди.
Гоҳида бир ташна япроқ ярақлаб,
Унинг этагига човут соларди.

Теримнинг остида қўзғалган қоним
Ёришарди иссиқ танимда кезиб.
Ҳар титроқ, болғанинг қаттиқ зарбидай,
Хаста вужудимни ташларди эзиб.

Бағир эди унинг истаги буткул,
Хира кўзгусида кўрардим аён,
Кўрардим, кўзининг теварагида
Қадим истаклари порларди ҳамон.

Руҳи тушкун эди, хатарли эди,
Кўзи кулиб турар эди гоҳида.
Ниш отарди унинг кўкрак ғунчаси
Кўйлак ичра, ҳавас иштиёқида.

Қуёшли тепалик тагида салқин
Соя солган толлар ётарди ўсиб.
Шох билан ўрадик атрофимизни
Номаҳрам нигоҳдан пардадай тўсиб.

Билаги бўйнимга мордай чирмашди,
Бир титроқ уйғонди бор баданимда.
Қўлим сиқиб турган иссиқ қўллари
Мумдай эриб кетди бармоқларимда.

ИНТИЗОР

Фарҳанг Аржмандга

Мен кимни зор бўлиб кутаман энди?
Зеро, кўргим келмас ҳеч бир кимсани.
Кеча не-не орзу-ҳавас бор эди,
Букун ўша орзу-ҳаваслар қани?

Ҳаётим зиндоним эди қоп-қора,
Қаттиқ деворлари берарди азоб.
Умримни совурди сафсата билан,
Зулмати жонимни айлади хароб.

Йўқолган бир қўшиқ бор эди менда,
Ҳеч ким куйламади ор-меҳри қўзиб.
Ҳеч ким борлигимни ва ўзлигимни
Танимади бир бор яратиб қўйиб.

Дардларим кўп эди, мен айтолмаган
Дардларим юракда қолиб кетди жим.
Куйлаганим барии беҳуда эди,
Нима қилиб берди ўша куйларим?

Айбим нима эди, сўрмади ҳеч ким,
Ҳеч ким гуноҳимдан бермади хабар.
Қаро қисматимга минг лаънат бўлсин,
Қисмат деганлари шу бўлса агар!

Эй, ажал, эй, олис-олисдаги тонг,
Мен сенинг йўлингга узоқ қарадим.
Тезроқ кел, бу зулмат бағридан чиқиб,
Тезроқ кел, тезроқ кел, эй, бедарагим.

БЕГОНА

Яшашдан мақсаду муддаонг не деб
Агар мендан бир кун сўраб қолса ким,
Мен унга айтаман, қўрқсам ўлимдан,
Йўкдир тирикликдан ўзга бир йўлим.

Елкамда тириклик юки бор эди,
Кўз очиб, дунёга боқсам илк бора.
Яратдилар истак-ихтиёримсиз,
Қолдирмай яшашдан бошқа бир чора.

Бу ерда нотаниш бир меҳмон эдим,
Сўз ҳам қотмас эди бегоналарим.
Кимга боқмай, мендан бехабар эди,
Йўқ эди менинг ҳеч кимдан хабарим.

Сўзларимга қулоқ солмади биров,
Ҳеч ким ботинимга қўймади қадам.
Тириклик аталган бу чолғу билан
Ҳеч ким куйламади қўшиғимни ҳам.

Зоҳирим – ботиним ҳолидан ғофил,
Бири хомуш эди, биттаси сўзон.
Юзимда оромдан ниқоб бор эди,
Пинҳон эди ниқоб ортида тўфон.

Ҳамма деди: Кўзинг каттароқ очиб
Қара, жаҳон – гўзал, шодлигимиздир.
Билмайман, бу сўзлар ростми ё ёлғон,
Биламан, айбимиз – борлигимиздир.

Не фойда ой, қуёш порлаганидан,
Гар бахш этолмаса кўзларимга чўғ.
Бу ҳаётда қувонч бор бўлса агар,
Ҳаёт қувончидан ўзга ғамим йўқ.

FУССА

Эй, жаҳон! Жозибанг йўқолди буткул,
Жалб этмас қуёшинг сочган жилваси.
На зарин нур порлар шафағинг узра,
На товланар қирмиз тонгинг шуъласи.

Эй, жаҳон! Fамларинг қийнагай мени,
Бир азоб, аёнмас боши, канори.
Бир қайғу, бутунлай қадрин йўқотган,
Бир ғусса, йўқ унинг қурби, мадори.

Бир пайт гўзал эдинг ҳозиргидан ҳам,
Афсус, аввалгидай мафтун қилмассан.
Қаритдинг, ўзинг ҳам кексайдинг, жаҳон,
Ўтиб кетган умр қадрин билмасдан.

Осмонлар сафарга чорлади сени,
Кунлар, умидларим ўлганда ҳазин.
Кездинг, кезавердинг тўхтамай бир зум,
Сўнгра… Ул осмонинг алдади тағин.

Хуллас, букун энди ўша эмасман,
Айтмасман сени ҳам ўшандайсан деб.
Қўшилдинг туганмас қайғуларимга,
Уқубатинг билан шодлигимни еб.

Эй, жаҳон! Fамларинг қийнагай мени,
Бир азоб, аёнмас боши, канори.
Бир қайғу, бутунлай қадрин йўқотган,
Бир ғусса, йўқ унинг қурби, мадори…

ДИЙДОР

Ҳушанг Ибтиҳож Сояга

Қачондир, қайдадир кўргандим уни,
Нигоҳи меҳрибон эди безарар.
Унинг кўзларида тошиб турган ғам
Паришон бахтидан берарди хабар.

Билмайман, ҳар тонгда, ҳар тонгда, нечун,
Кўзимга ҳеч нарса кўринмаган дам,
Мени енгар эди, қорачиғида
Кўриниб турган мунг, бир қоронғи ғам.

Ўша олис кўча,
Ойдин тунларда
Ой нури безарди арзу самони.
Ўша ой ёритган тунда, баҳорий
Гул атрии қоплаган эди фазони.

Ўша ерда, олис кўча сўнгида
Нигоҳ огоҳ бўлди нигоҳ сиридан.
Бир нафасда тўкдим дилимда борин,
Сўнг кўзлар айрилди бири биридан.

Ўша тундан буён қайтиб кўрмадим,
Кўрганларим тушга ўхшарди ҳануз.
Менга айтишди, у кетиб қолди деб,
Нечуе кетди дея сўрмадим, афсус,
Бироқ, сўнгги кеча унинг кўзлари
Жуда маъюс эди,
Маъюсдан маъюс!

МУСОФИР

Йўқолган юртингдан келдинг оқибат,
Шавқ тўрвасин кифтга осиб, соғиниб.
Қуёш ювди кўзинг қора чўгидан,
Унутилган не-не ғамлар доғини.

Йўлдан ҳориб келдинг, шод бўлиб кимдир
Эшик очар дея, очгандек бағир.
Замон ноласидан битган қулоғинг
Ёқимли садога бўлиб мунтазир.

Қадам қўйиб нурли даргоҳга, соянг
Эшикка тўкилди иссиқ мум янглиғ.
Эшик манглайини қоқдинг бақириб,
Интизорлик мотам тутарди аччиқ.

Дераза ортидан таралмасди нур,
Дарчалар кўр эди шапаракдан ҳам.
Шамоллар оғзини бўшатган қўшиқ
Сас эди, бу юртга қўймаган қадам.

Бу юк залворидан кичрайдинг ногоҳ,
Бу дард ҳайратидан қариб қолдинг лол.
Чақмоқдай бирпасда тўкилиб сочинг,
Қўрқувдан деворга суяндинг беҳол.

Умид қилиб келдинг, ҳар бир дарвоза
Оғзин очар дея айлаб табассум.
Келгандинг ҳўплар деб қулоғинг жоми
Интиқ садолардан илиқ бир қултум.

Ва лекин, бу йўлдан қайтдинг ноумид,
Қайтдинг, умид чўғин сўнган шомидан.
Томоғингга томчи томизмай бу юрт
Қоронғи осмони, қуёш жомидан.

Эй, кекса мусофир, дардинг тўрвасин
Елканг узра осиб кетганинг кўрдим.
Кўзларинг қароғи тубига қуёш
Қизариб-қизариб ботар эди жим.

Одил Икром таржималари