Настарин Восуқий (1972)

Настарин Восуқий (نسترن وثوقی) – замонавий Эрон шоири, модерн шеъриятининг пешқадам вакилларидан бири. 1972 йил 7 июлда Теҳронда таваллуд топган. Ёзиш услуби Ниймо Южиш, Аҳмад Шамлу, Фўруғ Фаррухзод каби шоирлар шакллантирган “шеъри нав”га яқин туради. Бадиий ижоддан ташқари у мунтазам равишда альпинизм билан шуғулланади.

* * *

Хавотирланма!
Мен бу танҳоликда қолмасман узоқ,
Бир куни, ниҳоят,
Ўлим мени етаклаганча
Олиб кетар бу сершовқин кўчалардан.
Хавотирланма!
Ўлим ўхшамайди ҳаётга,
Бордир унинг сахий қўллари
Ва кимнингдир қўлидан тутса,
Қўйиб юбормагай тоабад.

* * *

Мажнунга эврилмоқ –
Бир аёлнинг қасосидир,
Сенинг Лайлинг бўлолмаган
Аёл қасоси.

* * *

“Назминг жуда маҳзун”, дейсан.
Азизим!
Қайғудан ҳомила кўтарган аёл
Қувонч туғиб бермас ҳеч қачон.

* * *

Қуш бўлсайди ёлғизлик,
Баъзан
Истар эди учиб кетишни.

Рус тилидан Гулноз Мўминова таржимаси