Любомир Левчев (1935)

Любомир Спиридонов Левчев (27 апрель 1935, Троян, Болгария) — болгар шоири, адиб. Европа санъат, фан ва маданият академияси ҳақиқий аъзоси (Париж, Франция).

ЮЛДУЗЛАР — МЕНИКИ

— Юлдузлар — меники!
— айтяпман бу гапни жиддий. —
Ўтинаман, кулманг!
Нима, менга ишонмайсизми?
— Болакай, юлдузлар йироқ ахир!,
Расмини чизишинг мумкин улврнинг
сон ҳам бошқаларга эргашиб,
шунда балки юпанар кўнглинг!
Юлдузларга сира етиб бўлмайди.
Фусункордир улар
шунинг учун ҳам…
— Сизга қандай уқтирсам экан, улар
меникилигин!
Бўлсайди эшита билмоқ ҳиссингиз,
сиз ҳам илғардингиз сирли сасларни —
жамики тирик жон, жами наботот,
ҳаттоки тошлар ҳам гапира олар.
Юлдузлар ҳам сўзлар ўз тилларида —
шивирлашар улар менга ҳар оқшом:
— Биз — сеникимиз!
— Хаёлпараст, баҳсларингни қўй!
Шуни жуда ҳоҳласанг агар,
эгаси бўла қол уларнинг, майли!
Менга инонмаслар!…
Юлдузлар, улар — йироқ,
биз эса депсинамиз заминда ҳануз.
Замин, замин, залварлисан сен,
лекин умидсизлик сендан оғирроқ.
Замин, замин,
боғламоқ бўлганлар сени ҳам,
ахир, гарданига наҳангнинг…
О, синдирманг юрак қанотларини!
Бўлмасайди ўжар орзуманд зотлар,
телбалар, аҳдидан чекинмас, қайсар,
бўлмасайди хаёл фидойилари,
ҳилпирар эдими бу кун ол байроқ,
ўроқ ва болғаси ила музаффар?
Мен ҳам шу асрда топдим таваллуд.
Солдилар мени ҳам жанговар туғдан
тикилган даврнинг беланчагига.
Учқун порлар менинг кўзларимда ҳам!
Зеро синф мени йўлламиш жангга,
бўлсин орзуларим жангари, мағрур,
мағрурроқ Спартак орзусидан-да!
Қалбим, иккиланма, эзилма,
кибрли идрокнинг истеҳзосидан.
Биламан,
умидим соврилар менинг,
қачонки ер қуёш теварагида
чарх уришдан чарчаб, тўхтасагина…

ЎЙЛАР

Ҳаммамиз,
ҳаммамиз, аслида, қурувчилармиз,
бўлак қисматдан гап очиш беҳуда,
худди юрагингни куйдириб турган
севги баёнидек ортиқчадир бу.
Кремиковицадамисан сен бугун,
ё «Восток-Марица» ТЭЦида,
ё қўшиқлар тўқилмайдиган
бўлак бир жойдамисан,
фарқи йўқ, сира.
Турибмиз исмсиз эрта олдида.
Текислар серҳафсала
скрепер иншоот заминини,
тенглаштирар кишилар ҳақ-ҳуқуқларин.
Гумбурлаб айланар бетонқоргичлар,
сўндириб туҳматлар, гиналар сасин.
Афсонавор ҳавозалар остида
бу кун ўз исмини олажак ҳар ким.
Аниқ.
Кисқа.
План сарҳисобин қайд этгувчи рақам сингари.
Ижобий қаҳрамонлар йўқ орамизда.
Орамизда йўқ, салбий қаҳрамонлар.
Бизлар — одамлармиз.
Ўктам.
Ёки ожиз.
Жасур.
Ёки қўрқоқ.
Дилгир.
Ёки хуррам.
Ишонувчан.
Ёки шафқатсиз.
Барчага керак бу ҳаққоний ҳукм,
коммуна остонасида турган барчага.
Майли, зўр қудрат-ла айлана берсин
буюк даврнинг тош майдалагичи.
Ташла унга,
Чақир тошларни ташла,
ушбу кун бўғзингда тиқилиб турган,
ёки юрагингни эзган тошларни.
Билсанг, чиқар шунда энг пишиқ бетон!

ҲОРҒИН АЁЛЛАР ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Туришибди ҳорғин аёллар
завод яқинидаги бекатда,
улар автобусни кутишяпти,
кутган каби кечикаётган жазманларини.
Шомлар изғиринли.
Йўлнинг маълум нуқталарида порлар неонлар.
Устундан устунга таралар хабар:
Йўл бўлар кумуш ранг.
Йўл бўлар кумуш ранг.
Йўл бўлар кумуш ранг.
Сўнгги бекатгача.
Беланар кумушга ҳорғин аёллар.
Улар ҳорганларки шу қадар,
чиройлироқ бўлишга ҳатто, мадорлари йўқ.
Чунки кум элашган замбил элакда.
Чунки хамир қорган улар бетондан.
(Тўзонлар ялтирар сочлари узра.)
Сўнг эса…
Чунки улар тонгни қаршилаганлар.
Чунки улар тўйинтириб қуёшни,
уйқуга узатганлар…
Келди автобус ҳам, олар уларни дим оғушига.
Мизғийдилар улар тик туриб.
Чайқаладилар.
Жилмаядилар…
Янги хонадоннинг соҳибалари,
оналари — кенг коинотнинг,
тушларингизни ўпаман мен,
ўзингиз ҳам эслай олмовчи.

ЧАРЧОҚ ВАСВАСАСИ

Сафарлар.
Сафарлар.
Сафарлар.
Барча катта йўлда.
Барчанинг юзини куйдирар шамол.
Талпинади барча олий мақсадга.
Бироқ чарчоқ хуруж қилар бир замон.
Қуёш —
қора қуртдек — қора нурлари
билан вужудингни олади чирмаб.
Миянг қизиб кетар.
Элитар сени ложувард чашманинг кўнғирок саси.
Итқитасан ортиқ нарсаларингни.
(Оғирлик қилади ҳатто мактублар.)
етарми бардошинг?
Дадил бўлингиз!
Кўрдим шу сония мурғаклигимдан
бирга иноқлашиб ўсган йигитни.
Болалигим дўсти зимдан,
сездирмай итқитиб ташлади ўз юрагини,
залварли,
мусаффо юрагини, ҳа!
Сўнг жилмайиб ҳам қўйди у бадкор.
Ўзини енгил ҳис этди-ю, кейин
қувват-мадор кириб оёқларига
шахдам одим отиб кетди у йўлдан,
кетди шамолларга тутиб юзини,
кетди олий мақсад сари талпиниб…
Шамоллар,
тин олинг бир дақиқага!
Сукут қил, соат!
Жим!
Эшитгим келяпти ўз юрагимни,
қандоқ уряпганин эшитмоқчиман.
Ҳожати йўқ, бошқа нарсанинг.

МАҲБУСЛАР КУЙ ТИНГЛАМОҚДА

Улар унутдилар қандоқ яшашни.
Ўлмоққа ўргандилар улар.
Судраларлар кул ранг йўлда шарпадек.
Буйруқ-ла юрарлар,
Тўхтарлар буйруқ-ла.
Кор қилмас уларга энди ҳеч кийноқ.
Аммоки одамлар разил, тошбағир!
Ланг очиб ташламиш деразаларни,
дераза рахида турган патефон
тўкарди йўл узра кўҳна романсни…
Чанг ютган маҳбуслар
бош кўтардилар, момақалдироқни туйган подадек,
тўхтадилар, тошдек котдилар.
Қувноқ кўҳна романс улар кўзини
тўлдира бошлади унсиз дард билан.
Жаллод эса ҳайрон:
«Наҳот, дард чекишни билар улар ҳам?»
Тўкиши мумкинми шарпалар кўзёш?
Бу куй маҳбусларга керакдир нечун?
Одамлар бунча ҳам разил, тошбағир!

НАФРАТ

Хоин қайтиб келди.
Жуда қўрқувда.
Уни ўқ кутмоқда.
Лекин отилмас, отилмас у ўқ.
Нега у мени танлади
бу ишни бажо айламоққа?
Билмайман.
Бироқ туяр қалбим —
у тинмай чорлар.
Мен биламан унинг шўрлик қисматин.
Мен унга таом тутмоқликка
ҳозир ҳам шайман.
Бироқ бундоқ кимсадан мен
ўкни аяйман!
Ҳа. Менинг ўқим
эрга урмас ўз шаънин!

* * *

Шоир, нега ғамгин сукутга чўмдинг?
Шоир, сўйла бизга, қайдадир нажот?

Гарчи баҳслидир ҳозир ҳам шеъринг,
Лекин баҳсларга чорламас, ҳайҳот!

Телба исёнингга барча кўниқди,
Янги усулингни барча олди тан…

Худди муҳаббатсиз бўсадагидек,
Бундайин итоат — лузумсиз, тубан.

Мирпўлат Мирзо таржималари