Шамсур Раҳмон (1929-2006)

Шамсур Раҳмон (শামসুর রাহমান) – Бангладеш шоири, шарҳловчи ва журналист. У ХХ аср ўрталарида 60 дан ортиқ шеърий китоблар нашр эттиради ва Бангладеш адабиётининг етук вакиллари қаторига киради. Шоир шеъриятида асосан инсонпарварлик, инсоний муносабатлар, озодлик каби мавзулар куйланади. Унинг илк шеърий китоби “Иккинчи ўлимдан аввалги қўшиқ” номи остида 1960 йили чоп этилади.

ОЗОДЛИККА ҚАСИДА

Озодлик,
Сен, ул Тагорнинг
Битмас, боқий шеърида тирик.

Озодлик,
Сен, Қози Назрулнинг
Қувончи-ла яралган битик.

Озодлик,
Шаҳид Минорда
Ярақлаган нурсан, Тил байрами чоғ.

Озодлик,
Жўшқин, тиниқ шиорда.
Елкага ташланган, сен, ўшал байроқ.

Озодлик,
Деҳқоннинг бепоён ери,
Ёноқдаги шуълаланган из.

Озодлик,
Қишлоқнинг соддадил қизи
Куппа-кундуз куни чўмилган ҳовуз.

Озодлик,
Қуёшда тобланган қўллар,
Қуёшда товланган билак.

Озодлик,
Кимсасиз, бўш чегарада
Нигоҳлардан отилган тилак.

Озодлик,
Баняннинг* кўланкасида
Олим туққан оташин ирод.

Озодлик,
Кўча-кўй, бозормайдонда
Суронларга сингган мулоқот.

Озодлик,
Қизғиш, қонли уфқлардан
Кал-бойшакҳининг* ўтли наъраси.

Озодлик,
Срабон* ойи мавжланган
Соҳиллар, соҳилда Меҳна юраги.

Озодлик,
Отамнинг пой-бўйи теккан
Табаррук, бахмалдайин саждагоҳ.

Озодлик,
Онамнинг этаги ўпган
Саридан уфурган, сенмасми, тупроқ?!

Озодлик,
Синглимнинг майин кафтида
Хинодан қизарган қирмизи офтоб.

Озодлик,
Чақнаган юлдуз аксида
Дўстим тутган ёрқин маёғу хитоб.

Озодлик,
Ёримнинг мақтов, алқови,
Асовлик – ўйноқи шамоллар мисол.

Озодлик,
Болакайнинг рангин либоси,
Қизнинг нигоҳида акс этган ҳилол.

Озодлик,
Гулзорни ватан тутган ул
Коелқушининг саси, сайроғи.

Озодлик,
Менинг шеърий китобим,
Шеъриятга кўчган кўнгил титроғи.

МАКТУБ

Ҳафталардан олдин, шугина холос,
Ўшанда бу мактуб ёнида эди.
Бадхат-ла битилган, кир-чир, яна доғ,
Чўнтагида ғижим ҳолида эди.

Қаёққа бормасин ҳамроҳ эди у,
Хатоларга тўла, маъно тумтароқ.
Чўнтаги унга паноҳ бўлди-ю,
Макон тополмади қалбдан яқинроқ.

Қишлоқ гулларининг бўйи келарди,
Деворгул, бутанинг шитир-шитири.
Ундан ҳовузларнинг ўйи келарди,
Қирғоқ сувларининг жимир-жимири.

Синглисидан эди бу мактуб-хабар,
Кўнглига ғалаён соларди аҳён.
Ишнинг тайини йўқ, етим, дардисар
Йигитнинг қалбини ўртарди ёмон.

У зиён-заҳматнинг ташида эди,
Аммо чигалликлар билан андармон.
Норизолар намойишида уни
Ҳеч зоғ кўрмаганди, на кундуз, на шом.

У очлик ва чуқур хўрсиниқ ила
Фақат иш изларди, йўқ эди тиним.
Бу не ҳол? Дафъатан чошгоҳ пайтида
Дайди ўқ парчалаб ташлади танин.

Йигитда йўқ эди ҳаттоки имкон,
Қаёқдан отилди, англолмай қолди.
Террорчи отдими ва ёки посбон,
Юракка ўқ эмас, даҳшатлар солди.

Кўйлагининг чап чўнтагида
Қон шимилган ўша мактубнинг
Бир парчаси тушди қўлига…
Англагани шу бўлди унинг.

Инглиз тилидан Севара Алижонова таржимаси
__________
* Банян – манзарали дарахт, “Ҳиндистоннинг миллий дарахти” деб ҳам аталади.
* Кал-бойшакҳи – момақалдироқ маҳаллий тилда шу ном билан машҳур.
* Срабон – ёмғир мавсуми, ширавон, ширабон деб ҳам юритилади. Июль-сентябрь ойларига тўғри келади.