Наум Гальперович (1948)

Наум Яковлевич Гальперович (Навум Якаўлевіч Гальпяровіч; 14 январь 1948) — белорус шоири, публицист, журналист. СССР ёзувчилар уюшмаси аъзоси (1990). Беларусда хизмат кўрсатган маданият ходими (2021).

* * *

Йиғла, эй скрипка, мен учун йиғла,
Бағрим ёнсин, дардчил нола, тилакдан.
То ўзни қадрдон ўлкамда кўрай,
Баҳор гуллари-ла қалбимни ўрай,
Йиғлагил, ҳис этай сени юракдан.

Камончанг қор босган хотирам титсин,
Борлиғим уйғотсин куйларинг бутун.
Ёдимда қадрдон ошён жонлансин,
Ўрмонлар сеҳрига бу бағр қонсин,
Кузги хазонларни эслайин маҳзун.

Майлига, созанданг андуҳим билсин,
Дардман кўнгил йўқдир бунда манимдек.
Онам елкасига бош қўйиб беҳол,
Бир вақтлар мен тўйиб йиғлаганимдек,
Сен ҳам ҳасратингни тўкиб йиғлаб ол…

* * *

Балки, ҳамма нарса бир кун йўқ бўлар,
Лекин Ватан, қўшиқ абадий қолар.
Ажралмасдир улар, йўқолмас асло,
Токи баҳор дилга ошиқлик солар.

Фақат у қайтадан туғилаверар,
Ҳар бир кунда қисмат, унга яшамоқ.
Қадрдон тилдаги ой каби сўзлар,
Майса узра нурдан тўшалган сўқмоқ.

Гар ҳаёт айбласа кўп бор, не бўпти,
Ватан деб дард чекмак – дилга олий шаън.
То Ватан бор экан, қўшиқ бор мангу,
То қўшиқ бор экан, барҳаёт Ватан!

* * *

Зулматни ёритган нур сўнмас асло,
Хазонрезги қуршар, бир кун сўламан.
Заъфарон баргларим сочиб бирма-бир,
Қадимги боғ каби ғойиб бўламан.

Суҳбатларда бот-бот эслашар мени,
“Бор эди” – янграйди шафқатсиз сўзлар.
Мени севганларнинг энди барчаси,
Унутиб ўзига янги дўст излар.

Гарчи мўъжизага ишонмасам ҳам,
Дилим озурдадур, умид дардида.
Унутилиб кетмам, доим яшайман,
Ўзим севганларнинг ёруғ қалбида.

* * *

Шудгорлардан кўтарилар буғ,
Кўм-кўк рангда ярқирар осмон.
Сут ва ноннинг ҳиди анқийди,
Шаҳар томон кетган йўл – аён.

Йўқ, афзалмас бошқа йўллардан,
Беминнат ер, тупроқ, ўнг-сўлим.
Унга сингиб боряпман ҳар кун,
Туташмоқда ҳаёт-ла йўлим.

Тақдирим шу халқ билан бирга,
Фақат у-ла кетгум бирлашиб.
Кўҳна тилин алқаб яшайман,
Ер ва Осмон билан сўзлашиб.

Рус тилидан Минҳожиддин Мирзо таржимаси