Эди Огнецвет (1913-2000)

Эди Семёновна Огнецвет (белор. Эдзі Сямёнаўна Агняцвет; ҳақиқий фамилия Каган; 11 октябрь 1913 (баъзи манбаоарда 1916) — 17 июль 2000) — белорус шоираси. СССР Ёзувчилар уюшмаси аъзоси (1937).

УЧРАШУВ ОЛДИДАН

Яшин каби ярқ этди жилға,
Қўл силкиди қарағай – танноз.
Ана учди бир тўда қарға,
Гўё баҳор этмоқда парвоз.
Тепаликлар… Ёнбағрида уй –
Худди лайлак уяси мисол…
Узоқ йўлда тугамайди ўй,
Учрашувлар, суҳбатлар хушҳол.
Пенза.
Сизрань…
Не бўлди, юрак?
Нечун нотинч тепасан бу он?!
Тинчлан, ахир шошмоқ не керак!
Аммо дардинг тутмайсан пинҳон.
Ҳамроҳим ҳам, мен ҳам бесадо,
Хотирамиз тинчимас лекин.
Кўзачада мажнунтол новда –
Титрар…
Поезд интилар бетин.
Ухлар митти гўдаклар бу дам,
Митти тушлар бўлар меҳмони…
О, уларни ҳеч бир субҳидам
Уйғотмасин жанглар сурони!
… Чанг-тўзонли уруш йўллари,
Вагонларда одамлар тирбанд.
Эслайсизми, ўша йиллари,
“Етиммассан, ором ол фарзанд”, –
Деган нидо янграб дўстона –
Ўзбекистон чўзди қўлини.
Мардлар юрти – Белорусь билан
Бирлаштирди сахий дилини…
Чўллар бўйлаб бораман, гўё –
Кашф этгандай янги бир уммон.
Лол қоламан шу заҳот аммо…
Салом,
салом,
жон Ўзбекистон!

Носир Муҳаммад таржимаси

ЎЗБЕКИСТОН

Ҳаёти беғубор, эй, мовий диёр,
Жуда оғир менга сендан айрилмоқ.
Сайраб боғдан-боққа учган қушларинг –
Чорлайдилар – мурод бир боғда бўлмоқ.

Ажойиб ҳислар-ла қайтаётирман,
Кўм-кўк қарағаю қайинзоримга.
Ҳар кўрганда яшил ўрмон гулини,
Қирнинг бинафшаси тушар ёдимга.

Шимол бўронидан елиб майишган –
Қалин новдаларнинг тагидан ўтиб,
Соғиниб эслайман кўм-кўк майсангни,
Қор ва совуқларни бирпас унутиб.

Чаманда гулларинг юлдуздай порлар,
Кишилар бу ҳақда бежиз демаган:
–Ўзбекистон ерин бир кўрган одам
Умр бўйи қўмсар, унутмас экан!

Сен мени асрадинг, уй бердинг, яна –
Қуёш ва нонингдан қилдинг баҳраманд.
Унутмайман асло сўнгги дамгача
Эй, Шарқнинг бўстони – дилимга пайванд!

Мамарасул Бобоев таржимаси