Давид Шайнерт (1916-1996)

Давид Шайнерт (David Scheinert; 29 май 1916, Ченстохова, Польша — 24 август 1996, Кукельберг, Бельгия) — бельгиялик шоир, носир, драматург; француз тилида ижод қилган. Адибнинг “Нур ҳам куйлади” (1954), “Борлиққа дўнган” (1956), “Мен нафас олгандек” (1960), “Ўн тиканга бир атиргул” (1968) каби тўпламлари халқ анъанавий қўшиқлари билан ҳамоҳанг.

ҚИШКИ ҚЎШИҚ

Бўлса эди юз минг пулим,
Сотиб олардим барча гулларни,
Бутун шаҳарни кўмардим гулга.
Бутун қорни эзғилар эдим.
Бўлса эди юз франкча пул,
Мен бир тўп ранг олган бўлардим
ва чўтка билан деворларга
чизар эдим баҳорни!
Ҳеч бўлмаса ўн франк бўлганда эди,
Сотиб олган бўлардим лимон
Совиб қолган ўчоқда
Ёнсин дея қуёшдек!
Бир франкка ҳам эга бўлмай,
Деразани очаман ланг,
Чақасиз киришин уйга
Ўтинаман баҳордан!

АЛИФБОЛИ ҚЎШИҚ

Агар санай олсанг кўкда гар,
Англат менга шуни марҳамат:
Сариқ-қизғиш булутча нега
Асалга интилар фақат ва фақат?
Агар алифбо ила инларни забт этган бўлсанг,
Англат менга шуни марҳамат:
Сариқ-қизғиш қушча нега
Қордек оққа интилар кўкдан?
Агар қалбим ўқий олсанг гар,
Англат менга шуни марҳамат:
Қуёшда қорайган қўл нега
нозик қўлга узанар гулдек?

КАТАЛОНИЯ ҚЎШИҒИ

Жуда оз жой керак
фақирлигимга,
Девордаги тош ҳам
Етарди унга.
Шундай оз жой керак
Мағрурлигимга
ханжар тиғи ҳам
Етарди унга.
Оз жой керак шундай
Қувончимга,
Тор бўлмаслиги учун
Гитара унинг кўксида.

ТУМОВ БЎЛГАН ШОИРГА

Тингланг, жаноб, эҳтимол энди,
тушсангиз ҳам бўлар курсидан:
шом чўкди ва кетиб қолди инсонлар.
Ким ҳам қадрлар бу дам
букилишин олижаноб оёқларингизнинг,
манглай руҳланишию ҳурпайишин сочларнинг
ким қадрлар ажаб интилишни кўкларга
ва абадиятга?
Увушди оёқларингиз, қотди-қолди кафтингиз,
ва кўз узра
осилиб қолди муаллақ
бўйинсунмас соч тутами,
бироқ – бу қадар араз! – чекинади буюклик абас!
Атроф жимжит, фақат дайди зоғ беғам чўқир
бурнингиз учин.
Ахир ўлгудек зерикарли-ку
метал бурунни чўқимоқ,
зерикарли инсон бурни, ажиб соғинч маҳали
юлдузлар остида
бурни ила чўқийди, –
ва зоғ учиб кетади,
ва тағин сиз ёлғиз бўшлиқда.
Ҳатто мушуклар дарвоза остидан миёвламай қўйишди…
Ва шунда бир дамга унутиб эртакнамо қасрлар жозибасини,
аксирасиз сиз.
Эҳ, бу паст товуш,
бу ҳайқириғи соддадил буруннинг,
ҳеч қачон журъат этмаган у
тантанали залларига уриб кирмоққа
поэмангизнинг…
Сиз аксирдингиз ва буришдингиз ногоҳ
ва мен ачиндим сизга жаноб шоир
зерикарли сизга ниҳоят
кезинмоқ ўз курсингизда
кимсасиздир ён-атроф
ва ҳеч ким сизга ёзиб бермас тумов учун томчи дори
ва йўқдир манқал,
жунжиккан бармоқларни иситмоқ учун,
ҳатто кечки бекчи ғойиб бўлди қаёққадир,
ва ҳеч ким сизни
тепмас ортингиздан,
сизнинг тозаланган қонингизда
югурмоғи учун биргина томчи
дағал
ерли
ажиб ҳаётдан.

Рус тилидан Шермурод Субҳон таржимаси