Фрэнсис Вебб (1925-1973)

Фрэнсис Вебб (Francis Charles Webb-Wagg; 8 февраль 1925, Роуз Парк, Аделаида, Австралия – 23 ноябрь 1973, Райдалмир, Австралия) – австралиялик шоир. 1950 йили шизофрения дардига чалиниб, умрини руҳий касалликлар касалхонасида ўтказган. Австралия адабиёт жамияти олтин медали (1973), Кристофер Бреннан номидаги мукофот соҳиби. Унинг “Бен Бойд учун дўмбира”, “Туғилган кун”, “Хўрознинг шарпаси”, “Леичхардт театрда” каби китоблари чоп этилган.

БИР ШОИРГА

Мусофир ва мутафаккирсиз,
Қофиядан фолчи дилингиз чаман!
Биламан, сиз менга ачинишингиз мумкин.
Ажабо, мен сизга ачинаман.

Ҳаётни биласиз мусобақа деб,
Чирик бу фанодан изладингиз шон,
Қалбингизни эл дардидан асраб,
Эришолмадингиз шонга ҳеч қачон.

Қаҳрли кўзингиз боқар доғули,
Гўзаллик киролмас унга сўроқсиз,
Бешафқат ақлнинг олғир соқчиси –
Киприклар қўймади ерга қоришган
Халқнинг ноласини ичга киришга,

Фабрика қизларининг тонги поезларда
қийқирган тавқин ҳам эшитмадингиз.
Фожеавий қитмирликнинг ёнидан ўтиб,
Байрам шишасини кўрган сураткаш –
Ўзингизга яқин ялтоқи жувонлар
Ва чиркин маддоҳлар
Орасида яшаб ўтдингиз.

Мана, бугун эзгулик ва ёвузлик устида ҳокимсиз.
Сизнинг сатрингизни мактаб толиби ёдлашга мажбур,
Ва сиз ҳайкал бўлиб тепадан пастга қарамоқдасиз.
Аянчли манзара: сиз ёлғиз, одамсиз яйдоқ майдонда.
Тагингизда ёнар мангу аланга –
Мен эса халқнинг қабртоши каби оғир дардин елкалаб,
ҳали йўллардаман, менга бўлади.
Албатта, сиз менга ачинишингиз мумкин эди,
Ажабо, менинг сизга раҳмим келади.

Рус тилидан Карим Баҳриев таржимаси