Чени Рам Гогоч

ЯШАЁТГАН ИЛДИЗЛАР

На қувонч, на қайғу, на афсус менда,
На уйлар учрайди, на бир майсазор.
Охири кўринмас томлар устида
Кўкка учолмайди, ерга тушмас зор.

Мен қоқиб ташлаган қуруқ хас-чўплар
Чуқур илдизларга қоқилиб кетар.
Илдизларни тирнай-тирнай оёқлар
Қонайди, қон илдиз тубига етар…

МЕНИНГ ҚЎШИҒИМ

Мен шоирман, оддий ва содда,
Зериктирар ширин сўзлар ҳам.
Шунда сукут сақлар қабрлар
Қайғусида, сукунатида
Излайман ўзимга ўзимдек ҳамдам.

Бу ер менга таниш. Янги туғилган
Ёки умри қисқа мадҳлар, қўшиқлар
Мен билан қутлайди тунни тонггача,
Ҳаётнинг серунум тупроқларида
Қўшиқлар ўсади, кенгаяр уфқлар.

Қачондир уйғондим туннинг ёнида
Сўзларни тингладим, нурлар куй йўллар.
Мени кимдир севди, ким эшик ёпди,
Кимдир деразани қаттиқ беркитди,
Кўз ёшимни артди мулойим қўллар…

Қаршимда – долғали ҳаёт шитоби,
Ўқийман тугамас ҳаёт китоби.

Инглиз тилидан Ойгул Суюндиқова ва Зуҳра Асқарова таржимаcи