Варлен Алексанян – шоир, таржимон.
ХОТИРАЛАР
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган Шаум ҳамда Вачаган Миноянлар хотирасига
Кирларга ўралган сўқмоқларга,
Бошоқларга чирмашган шамолларга,
Ўрилган далага — ангорларга,
Куздаги бетиним ёмғирларга,
Баҳорги куртакка
Ва саратонга
Қоришиб бормоқда
Хотиралар, оҳ…
Энди улар қайтмас ҳеч қачон.
Туманли кунларда
Қирга тирмашиб,
Тонг саҳарда
Кетганларию
Чошгоҳ чоғи
Кетганлари ҳам.
Шудгорланган далалар бўйлаб
Қайтмагайлар
Тонг саҳарда ҳам,
Қайтмагайлар
Чошгоҳ чоғи ва
Тун келса-да, ҳеч қайтмагайлар.
Тепаликлар ёмғир ичида,
Пичан ичра ғивирлар шамол.
Йўқотишлар дарду ғамидан
Хира тортган кўзларда баъзан
Ёш қалқийди… —
Уларга аён:
Ёмғирли кун
Кетганлари ҳам,
Қуёшли кун
Кетганлари ҳам
Қайтмагайлар энди ҳеч қачон.
Русчадан Усмон Азим таржимаси