Наири Зарян (1900-1970)

Наири Зарян (Նաիրի Զարյան; ҳақиқий исми Айастан Егиазарьян) – шоир ва носир. 1928 йили Ереван давлат университетини тугатган. Бир нечта шеърий тўплами чоп этилган. “Авацан”, “Жаноб Петрос ва унинг вазирлари” романлари, “Ара” трагедияси, “Булоқ бошида”, “Тажриба даласи” сингари комедиялари ҳам эътибор топган.

* * *

Ғуссага чўмарсан бир кун соғиниб,
Ортиқ йўлларингда бўлмасам абгор.
Кузда йиғлаб оққан жилға бўйида
Бағри хун толдайин кутмасам зинҳор.

Овозим олисдан жаранглар фақат,
Кўл тубидан келган нидодай ғамнок.
Кўчага чиқарсан ёлғиз, бетоқат,
Вужудинг титроққа тўлади шу чоқ.

Излаб тополмассан, энди кўчангдан
Ўтмоққа етмагай кўнглим дошлари.
Ноилож қайтарсан ортингга, боғда
Унутилиб қолар кўзинг ёшлари.

Рус тилидан Нодира Абдуллаева таржимаси