Елена Шуваева-Петросян (1978)

Елена Шуваева-Петросян 1978 йилда Россиянинг Волгоград вилоятида туғилган. Ереванда Лазарян номидаги Халқаро алоқалар институтини тамомлаган. Россия ҳам­да Арманистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Бир қанча халқаро мукофотлар соҳибаси. 2001 йилдан буён Ереванда яшайди.
Елена Шуваева-Петросян шеърлар ва насрий асарлардан иборат тўрт китоб муаллифи, Халқаро адабий танловлар иштирокчиси. Асарлари инглиз, немис, болгар, румин, қирғиз тилларига таржима қилинган. Шоира альпинизм билан фаол шуғулланади. Айни пайтда “Гора” журнали бош муҳаррири.

ЁҚАЛАБ

Осмон қирғоғидан денгиз қирғоғигача,
Бахт соҳилидан қайғу соҳили сари,
Ёғду ёқасидан зулмат ёқалаб…
Тўсиқ, қанотларни ирғитиб
Ёпинчиқ бўлмаган кийимлар –
Тўлқинларнинг ингроқ оғуши…
Оқяпман, денгиздаги пайраҳа каби,
Унутганча жароҳатларни,
Қалбим маёқ томон елади.
Дунё тутилиши чулғар оламни
Лаҳзада майдаланган кўз ёшлар,
Қуёш шарбатига сингиб кетади.

Туннинг ёқасидан кундуз ёқалаб
Руҳсизлик кўтариб елади мени…

ЁҚАЛАБ – 2

Осмоннинг четидан денгиз четига,
Бахт қирғоғидан қайғу қирғоғигача,
Ёғду ёқасидан зулмат ёқалаб…
Қуёш парчалари қизариб борар,
Ибтидодан ёришди йўллар
Бўм-бўш шовқинларни оралаб.
Совуқ шамол келтирар ғусса….
Осмоннинг четидан денгиз четига
Дунё қафасидан қочиб борасан…

Рус тилидан Гўзал Бегим таржимаси

ОЙ ТОШЛАРИ

Ой тошлари
Маржонингда ётишар ухлаб.
Вақтни ортга қайтариб бўлмас.
Лаҳзалар бор эди,
Маржонингда ухлар улар ҳам…
Фақат ишонч
Тирилтирар уларни
Ва тўлдирар
Барҳаёт Ой нафаси билан.

ҚУШ ЭМАСМАН, МЕН БИР ТИРИК ХОЧ

Cеван сувлари
Қондиражак юлдузлар ва
Маъбудларнинг ташналигини,
Кўзларимдан сув ичгандан сўнг
Яшилланди ранглари бир оз.
Сен мени қучдинг,
Ўша онда ўлгим келди негадир:

Ишонаман, бахтли бўлажак
Жон берганлар севги онида.
“Иккимиз ҳозирча барҳаётмиз”, –
Қулоғимга шивирладинг
Ва тўлқинлар жўр бўлди сенга.
Қўлларимни ёйдим қувончдан –
Қуш эмасман, мен – бир тирик хоч…

* * *

Юрагим қабристони
Етганида улкан ўлчамга,
Мен тикладим крематорий.
Лек ҳаммамиз суянгувчи Зот
Кулдан яна Эркак яратди,
Кейин мени – қовурғасидан.

ТУНГИ СУҲБАТ

Ой тўлганда
Кўксингдаги қора қуёш билан
Келасан.
Нимагадир титрар лабларинг…
Мен эса…
Хонамнинг бурчакларида
То ҳануз қўрққанча қоронғиликдан,
Тунги тоғлар маҳобатидан
Озодлик излайман.

Рус тилидан Гулноз Мўминова таржимаси