Мужоҳид Абдулмунайм Мужоҳид

МАЪЮС ТАБАССУМИНГ СОЯСИДА

Оҳиста куйлайман, сени ўйлайман,
Ой, юлдузлар тушиб сени йўқласин.
Оҳиста-оҳиста сингиб куйлайман,
Менинг ўғлим кўксинг узра ухласин.

Кўзларингда ўқийман шул сўзларни:
Нечун куйлар гўё ғамлардан озод,
Гўё ўчган ташвиш — мотам излари,
Гўёки кишвари Сулаймонобод?

Сахий Ар-Рашиддек йўқдир ташвиши,
Бир мири йўқ ҳувиллайди кўйлаги,
Нечун куйлар, кулмасми кўрган киши?
Кўрса кўрсин содда ёрим, куйлагин.

Ҳа, суюклим, менда давлат на қилсин?
Ойни этак билан яшириб бўлмас.
Фақат кўзларингдан қайғу чекилсин,
Менинг хазинам бор — сенинг қалбинг, бас.

Менинг бор давлатим кипригинг узра
Ҳали тўкилмаган икки томчи ёш.
Майли, дастурхонда ноним бир бурда,
Барибир, куйлайман кулиб, умрдош.

Кўк юзида ухлаган юлдуз каби
Боримиз бешикда — жавҳари нужум.
Куйлайман мен сенинг муқаддас қалбинг,
Маъюс табассуминг соясида жим.

Рауф Парфи таржимаси