Маъмун аш-Шинавий (مأمون الشناوي) – мисрлик машҳур шоир. У 1914 йили Мансур шаҳрида туғилган.
УЙҒОН, СЕВГИЛИМ…
Уйғон, севгилим, уйғон,
Кун берма уйқуларга,
Уйғон, кўзларингни оч,
Қара янги кунларга!
Уйғон, севгилим, уйғон,
Юракдан уйқуни қув
Қара, тип-тиниқ осмон,
Товланиб турипти у.
Қара, қизарди уфқ,
Келаётир тонготар.
Ҳаёт учар мисли ўқ,
Бир зумда ўтар-кетар.
Азизим, сенинг севгинг
Қуёшнинг нури каби –
Ҳам илиқ, ҳам меҳрибон
Баҳорнинг қўри каби.
йғон, севгилим, уйғон,
Анвор шарқнинг ҳар ёғи.
Елларда эркаланар
Анвор гуллар япроғи.
Хушбўй ҳид таратар боғ,
Ювган тонголди шабнам.
Оқиб киргандир ифор
Менинг юрагимга ҳам.
Уйғон, қачон турасан,
Жоним тўла сен билан.
Кўзларимнинг нурисан,
Сенга қараб тўймайман.
Билмасдан олдин отинг,
Сени севмасдан бурун
Аччиқ эди ҳаётим,
Маъносиз эди, маҳзун.
Севгинг мисоли машъал
Ҳаётни этди ёруғ.
Энди яшамоқ гўзал,
Ҳар қандай ғамдан форуғ.
Кундуз қувади тунни,
Кунни ёритар қуёш.
Қуёш қувар туманни,
Кулгингдан тинар кўзёш.
Ғамдан қолмайди асар
Тарқайди арқин-арқин
Қалбга тўлар шодликлар
Денгиздай тўлқин-тўлқин.
КЎЗЛАРИМНИ БЕРАМАН, СЎРАСАНГ АГАР
Кўзларимни бераман, сўрасанг агар,
Юрагимни бераман қўшимча қилиб!
Бугун севги севинчи бизга берилар,
Қара, йиғлаётирман қувончдан кулиб!
Уйғонмас уйқулардан мени уйғотдинг,
Сақлаб қолдинг аянчли адашувлардан.
Юрагимга оғриқлар қурган эди ин,
Шифо бўлиб қутқардинг ана шулардан.
Хатар, алам, кўзёши денгизларидан
Қуруқликка соғ-омон қайтишим учун
Мусибатли йўллардан келтирганим ўт
Даркормиди умримни ёритиш учун?
Қийна, синамоқ учун мени бемалол,
Севаман аччиқланган ўтли онларинг.
Ишқ нелигин сўз билан англатиш маҳол
Фақат сен-ла билдим ишқ ҳаяжонларин…
Кўзларимни бераман, сўрасанг агар,
Оташин тунларимни қиламан инъом.
Мен ишқда алдамайман, сотмайман магар,
Фақат менинг тунларим қисқарди, инон!
Мен сени олиб юрдим қалбда машъалдай,
Энг хатарли тушим деб билардим сени.
Бироқ ўтди қўрқинчли тушлар маҳали,
Кераксиз синовларга йўллама мени!
Фақат синамоқ учун қўрқмасдан қийна,
Мен арзийман севинчлар, изтиробларга
Фақат сен билан билдим муҳаббат нима,
Унинг таърифи йўқдир зўр китобларда.
Кўзларимни бераман, сўрасанг агар,
Биз доим ошиқларни жароҳатлаймиз.
Мен ишқда алдамайман, сотмайман магар,
Мен бахтли бўлгум азоб есам-да ҳаргиз!
Мени синамоқ учун тайёрла азоб
Сени севиб билдим не, ишқий изтироб!
МЕН СЕНИ МАЛАК ДЕБ ЎЙЛАГАН ЭДИМ
Сени фаришта деб ўйлагандим мен!
Гулдаста қучоқлаб келган эдинг сен!
Кулгингни марварид деб ўйлагандим
Тип-тиниқ, жарангли, нозли, мулойим!
Аслида сен шайтон экансан ёмон,
Азоблар ёғдирдинг менга беомон…
Кулгинг ҳам сохтакор, қалбаки экан,
Айирди у мени овунчоғимдан…
Булоқ деб ўйладим дудоқларингни,
Босдим унга қақроқ дудоқларимни!
Қарашларинг юлдуз деб ўйлагандим
Менга йўлчи юлдуз бўлар дегандим!
Аммо дудоқларинг сақич экан-ку,
Ёпишиб, куйдирди дунёмни буткул
Қарашларинг илон экан қоматга,
Жонимни келтирди ўлар ҳолатга…
Мен эса фаришта билибман сени!..
Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси