Мазиси Кунене (Mazisi Kunene) Дурбанда туғилган. Наталь университетини тамомлаган. Бир неча йил ўқитувчилик қилгандан сўнг Лондонга кўчиб кетган. Зулус шеърияти бўйича кўп илмий ишлари мавжуд. 1970 йилда “Зулус шеърлари” номида шеърий тўпламини эълон қилди.
ДЎСТЛАР
Мени аста-секин элтади уйқу,
Гарчи асал сингаридир сенинг сўзларинг.
Сен сўнгсиз ҳикоя айтасан менга,
Мен мудрайман кафтларинг беланчагида,
Ҳозирча аламлар тешган танимни тебратасан.
Ўраб-чирмайсан уни меҳрибонлик билан,
Пичирлайсан, пичирлайсан.
Биласан-ку, ахир, мен бирибир эшитмайман сени.
Аммо пичирларинг юрагимдан ҳайдайди
Ёлғизликнинг бедорлигини.
ТЕМИР ТАМАДДУН
Мен кўрдим у зотларни – боши қирилганларни,
Шақ-шақ юрарлар темир тишли бошмоқларда,
Мис чақадай кўзлари чақчайиб…
Мен кўрдим у зотларни,
Темир меҳроблар олдига
Саноқсиз подадай тиқилишарди:
Болаларни эзиб ўлдирганлари жойда
Тиллари осилиб туришарди.
Мен кўрдим, тирноқлари ўткир темир бут,
Қучоқларида ёндирарди чақалоқларни.
Бошқалари лақиллаб юришади йўлларда,
Қон ва сутдан бўлган ҳомиласин ташиб,
Темир бут қаршисида тиз чўкишади.
Мен кўрдим: сут оқимлари бўйлаб юриб борарди темир.
Тупроқ бужмаярди.
Дунёда мавжуд барча механизмлар унинг бағрида гувилларди.
Тупроқ увилларди.
Энди инсон деган нарса йўқ эди,
Энди аёл деган хилқат йўқ эди,
Муҳаббатни отдилар бозор кўчаларига,
Олтинни тўзларга улоқтиргандай,
Уларнинг темир байрамлари учун
Керакли товардай, совундай.
Уларнинг олтин қазиб чиқарувчилари эса
Тошйўлларнинг тошларида ётарлар акашак бўлиб.
Қуюнларда ўлдирилиб.
Мен кўрдим уларни – темирга сиғинувчиларни,
Оғизларин сиқиб ётишарди…
ВИДОЛАШУВ
Неча йиллар сизларга қўшиқлар айтдим,
Мана энди мен кетяпман.
Алоқа тамом.
Чўкиб кетар бу қора ниҳол ботқоқда,
Шамоллар йиғисида чўкар уруғлар,
Уларни сочиб ташлар шамол чўлларга,
Мен ишонаман: улуғ кун келади,
Бирлаштирар бизни йўлларда.
Шаффоф сувли кўзалар сари келсангиз,
Тарқатаман танимдан саҳро мудроғин,
Мева тугар чоғи анжирлар,
Мажнунтоллар сояси сўлим титраркан,
Биёбонлар оҳуси ўтаркан ҳуркак,
Оталар бўсағаси узра ўтириб,
Ечамиз тугунларни бир-бир, кун бўйи.
ЯҚИНЛИК
Бизни ажратишга уринар мудроқ,
Аммо уйқулар келар – ланг очилар сўнгра қопқалар.
Қўнғироқчалар жаранги остида кенг уй ўртасига
Аста-аста тушиб келасан сен
Ва ўйнашасан юнги ўсиқ итлар билан…
Мен шарқ эшигининг тавақаларин узиб оламан-да,
Улоқтираман гуриллаб ёнаётган гулханга,
Гулхан сенинг юзларингни ёритар,
Ҳар хил рангли тупроқ гўзаллигидай гўзал у.
Жилмайганин яшириб ортга ўгирилар у.
Аммо узоқ бир ердан сени кимдир чақирар –
Ва сен ғойиб бўласан индамай, мен билан гаплашмай,
Ва юзинг чизгиларини сақлаб қолар ичимдаги ғам-ғусса.
БОШҚАЛАР
Кўнглимда ҳеч қандай истак қолмаганда
Қўлимга шу саватни беринг, ичида сақланган уруғи билан.
Мен уни бошқаларнинг истаклари билан тўлдириб,
Йўли саҳроларда чўзилган одамларга берайинки,
Шўрликлар очликни билмасинлар.
ҚАЙСАР ШОИРА АЛИСИЯ МЕДИНАГА
Эй, самолар қизининг қизи,
Бу дунёда, ишон, кўзёшларсиз қўшиқлар йўқ.
Рангдор камалак қўшиқларининг ҳаммаси ердан чиққан,
Уларда ернинг чириши муҳри бор!
Кунларингни ерда бекор ўтказма,
Қалдирғочлар билан парвоз қил кўкларга!
Мана улар,
Энг улуғ қўшиқлар, тубсиз ер остининг акс садолари,
Кўзёшлар билан тўла.
Тонготарда улар, улар қондиришар оломоннинг чанқоғини,
Ҳар нарсага қодир сўзларнинг чанқоғини.
Билимсизлик бешигингни ташласанг-чи энди,
Юрагингни ланг очиб қўй шамолларга.
Шундай кун келади – ерга шариллаб ёғар
сўқирларнинг қўшиқлари,
Мангу дарёларнинг гуруллашларин такрорлаб.
Сўнг яна гуллайди дарахтлар,
Чарчаганларга сояси билан мадад бериб,
Ўз улуғворлик мевалари билан қондирар уларнинг очлигини.
Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси