Мануэл Лопеш (Manuel Lopes; 23 декабрь 1907, Минделу, Кабо-Верде — 25 января 2005, Лиссабон) — шоир, носир, эссеист. Сан-Висент оролида (ҳозир Кабо-Вердеда). Португал тилида ижод қилган.
ТОРТИНЧОҚ ШОИР
У гоҳо қўрқади шоирлигидан –
ўзга дунёларнинг телба сайёҳи.
Қўрқади ғалати, кимсасиз жойлардан, ёлғизланишдан ҳайиқар,
сирларини, ҳаммадан ёлғизлик сари беркинишлар сабабини
билишга уринадиган,
иржайган айғоқчилардан ҳадиксирар.
Даҳшат-ла кўрадики, кундалик ташвиш одамлари,
бетакаллуфлик билан, ёввойи қушни томоша қилгандай,
унга қарайдилар, ифлос қўлларини
покиза юрагига сола бошлайдилар.
Ўғринча қайтади у оддийлик доирасига,
бунда офтоб ошкорадир,
шамолнинг нашидаси тотиб бўлинган,
ранглар ўрганилган, фанлар ўқилган…
Ўз ичига юзланади, юмади кўзларини,
ҳаловатсиз кенгликларини тарк этади …
Ва у ўзи аччиқлигини кашф этган,
мақсадга элтадиган ғуссали йўлини тарк этади.
Янги ваҳий – янги ғусса – унинг қисмати.
Тақдири оғирдир.
Гоҳо қўрқиб кетар шоирлигидан…
Карим Баҳриев таржимаси