Эсташ Прюденсио (Бенин)

ОҚИМ БЎЙЛАБ

Қачонлардир сузиш керак бўлгандир сизга,
Со* бўйлаб Ганьве*дан Кинто*гача?
Сузмаган бўлсангиз,
унда тезроқ,
дўстларим,
Калавига, Калави*га,
узун, тор
кайиқлар кутгувчи жойга.
Сизни ажаблантирар
қайиқчининг тезкор ҳаракатлари,
Ярақлаган сувнинг сокин шовуллашида —
Тангачаларга ўхшаш — оқим бўйлаб пастга
Унинг енгил-енгил бошқаришлари.
Нилуфарлар секин тебраниб турар
Дарё тўлқинларининг сирли чайқалишида.
Ризофорлар* тиззасидан сувда
Қирғоқ бўйлаб қатор-қатор тизилган,
Шовқин тўла уяларни бошларига қўндириб.
Уйлар қозиқ оёқли,
бешиктебратарлар каби туришар,
Сачраб ҳаволанган томчиларнинг товуши
Болаларнинг хайқириғи билан қўшилиб кетар!
Нам қумликда ўйнаётган болалар
Ва кўплаб савалар, тартар қушлар
Қанотида силаб ўтар ўркач-ўркач тўлқинни,
Ва уларнинг живир-живир акси
Шитоб сирғанади чуқурликка,
Тебранади япроқлари ағдарилган хурмолар.
Ва нарёғи оқим бўйлаб деярлик Кинтодасиз,
Қоронғу тўлқинлар орасида аранг ажралиб
Чириган ходалардай тимсоҳлар ётар.
Балиқчилар эса ёнма-ён тўрларин тортишмоқца
Шошилмасдан,
осойишта ҳамда тинчгина.
Ўйлашингиз мумкин —
судралувчилар билан
уларни боғлаган
Қандайдир сирли шартнома.
Теварак сукутда улуғвор:
Бу ўрмон,
бу осмон,
бу дарё.
Кирғоқликлар шошилмай суҳбатлашар,
Ўтирганча
қулаб ётган дарахтларнинг кундаларига.
Учиб ўтаётган енгил шаббода эса
Шивирлайди дарёдан ўтганларга:
«Нега,
Қаерга шошасизлар,
шу ерда қолингиз.
Бизнинг қадрдон
Со қирғоқларида;
Фақат дарё, бизнинг дарё халос этади сизни
Шаҳарнинг ғувуридан
барча ташвишдан;
Тўлқинлар ортидан тўлқинлар келинг
Туғиласиз ва қайтадан дунё кўрасиз!
Дунёда бахтлироқ одамлар йўқдир
бахтлироқ яшаса бу ерликлардан!»
_____________
* Со — Бениндаги дарёнинг номи.
* Ганьве, Кинто — балиқчилик билан шуғулланадиган қозиқ оёқли шаҳар типидаги қишлоқлар.
* Калави — кемалар тўхташга мўлжалланган жой.
* Ризофорлар — ингичка томирли ўсимлик, шохлари баъзан ерга тегиб, баъзан тикка ўсади.

ТУН ЮЛДУЗИ

Ой нурида юлдуз сирпанар,—
Бутазор сўқмоқнинг шивири сокин.
Матонинг бир парчаси абжир қўллари-ла
Сонларига ўралган.
Унинг кўкси қиз кўкси каби
Чайқалади ойнинг нурида,
Сочлариям майда-майда ўрилган,
Унга қараб ён-веридан учиб ўтганча
Кўрсатишга уринибми енгил-енгил қадамларини
Қалтирайди тўтиқушча, сакрайди тўтиқушча.
Ўтганлар узишмас ундан нигоҳин.
Мен-чи, нафасимни кесолмай ўзимга дейман:
«Оҳ! Агар мен уни олиб кетсайдим,
Олиб кетсам эди орзуларимга!
Баланд-баландларга учган бўлардик,
Севгимизни яширмоққа мовий осмонга,
Беҳуда уринишлар, қуруқ низолардан узоқроқ!»
Бора қолгин, менинг кишлоғимга, бора қол малак.
Лекин қайтгин янги тунда яна бу ерга,
Минглаб-минглаб тиллақўнғиз ётган қирғоққа,
Менинг бутун танимни
Сенда ловуллаб ёнган
ва мени
қийнаётган
Ҳароратинг билан тўлдириш учун!

Рауф Субҳон таржималари