Барон Клейнгампл донишманд одам ва Битоуховодаги холасининг қўрғонини мерос тарзида қабул қилиб олар экан, ўзининг янги мулкида қандай ўзгаришлар қилиш тўғрисида берилиб ўйлай бошлади. Унга, масалан, қўрғон олдидаги боғда қад ростлаб турган кекса, сершох эман дарахтлари манзарани бўғиб тургандай туюлди. Шу боисдан, қўрғондаги янги иш бошқарувчини ҳузурига чорлаб, эманларни қаергадир, бошқа ёққа кўчириб ўтқазишни буюрди.
Иш бошқарувчининг бу топшириқдан боши гангиб юрди. Пан бароннинг айтганларини эслаган заҳоти унинг бор вужудида лоҳаслик уйғонарди. Наҳотки, хўжайин шундай азим дарахтни кўчириб ўтказса бўлади деб, бунга чиндан ҳам ишонади?..
Иш бошқарувчи иккилана-иккилана хўжайиннинг ҳузурига борди. Барон кутубхонада ўтирар, қандайдир илмий ишни мутолаа қилиш билан машғул эди. Иш бошқарувчи ўз муддаосининг муқаддима сўзини дудуқлана-дудуқлана баён этиб, сўнгра юз йиллик эманларни кўчириб ўтқазиб бўлмаслигини ва буни қандай қилиб амалда бажариш мумкинлигини шахсан ўзи тасаввур ҳам эта олмаслигини тушунтира бошлади. Барон ўтирган жойида уни ҳафсала билан эшитди, кейин мийиғида жилмайди-да, иш бошқарувчидан китоблар жавонида ясланиб турган катта яшил китобни олиб, ўзига узатишини илтимос қилди.
— Бу китоб боғдорчилик тўғрисида, азизим, — деди дилкаш бир оҳангда барон. — Унинг хатчўп қўйилган саҳифасини очинг, сиз бу юмушнинг ниҳоятда осон эканлигини билиб оласиз: Кўряпсизми, китобда бу вазифа аниқ-тиниқ қилиб тушунтирилган. Ўқинг!
Иш бошқарувчи ўқий бошлади:
— “Фуксия қандай кўчириб ўтқазилади? Фуксия тувакдан чиқариб олинади ва бутун илдизи билан бошқа тувакка кўчириб ўтқазилади. Илдизларига заха етказмаслик учун бу ишни бағоят эҳтиёткорлик билан бажаришга тўғри келади”.
— Ана, кўрдингизми, азизим, бу жудаям осон экан. Шундай қилиб, эманни ковлашни хизматкорларга буюринг ва уни қаёққа олиш кераклигини эса ўзим айтаман. Кўрсатилган жойда катта ўра кавланади ва унга эманни ўтқазасиз — иш тамом, вассалом. Менга мерос қолган қўрғоннинг манзарасини бутунлай ўзгартириш бўйича шу кунларда улкан режаларни ўйлаяпман, сизнинг вазифангиз, уларни изчил ва оғишмасдан рўёбга чиқазишдан иборат, бу — ютуқларимиз гаровидир. Табиийки, дастлабки пайтда қайсидир бир вазифани бажариш ўта мушкулдай бўлиб туюлади. Масалан, мана, эманни кўчириб ўтқазишни олайлик. Бироқ биз барча масалалар бўйича махсус адабиётларга эгамиз, бундан ташқари, ихтиёримизда қомусий луғат ҳам бор. Сиз қўрғон ёнидаги ўша, энг кекса эмандан ишни бошлайсиз. Унинг илдизига алоҳида диққат-эътиборни қаратинг, ҳар бир катта-кичик илдиз ердан ўта эҳтиёткорлик билан суғуриб олиниши керак. Шуни ёдда тутингки, эманни олиб бошқа ерга экишда худди фуксияни кўчириб ўтқазишда талаб қилинадиган қонун-қоидаларга қатъиян риоя этилиши лозим, бунда илдизларга заха етказмаслик — бош масала ҳисобланади. Эман ва фуксия, барибир эмасми, ахир униси ҳам, буниси ҳам яшил ўсимлик-ку!
Бароннинг ўзига ишончи баланд эди, шу боисдан иш бошқарувчи хўжайиннинг раъйига қарши боришга истиҳола қилди.
— Мен барча эман дарахтлари қўрғоннинг орқасидаги ҳовуз бўйида ўсишини истайман, ёки йўқ, яхшиси, ҳовузни тугатамиз, балиқларни ҳам баҳридан ўтамиз, у ерга эман экилади. Ҳовуз ўрнида ўриндиқлар ўрнатамиз ва бўш вақтларимда мен у ерда ҳордиқ чиқараман. Қисқаси, азиз дўстим, эман қачон гуллайди, ўзи? Бу жуда муҳим, негаки, эман гул очадиган кезда кўчириб ўтқазиш мумкин эмас. Ушбу китобда айтилишича, ҳатто фуксияларни ҳам авжи гуллаб турган даврида кўчириб ўтқазиб бўлмас экан. Дарвоқе, ҳозир ахир, куз пайти-ку, демак, менинг хавотирланишимга ҳам ҳожат йўқ. Ҳа, яна нима демоқчиман? Мен бу тўғрида анча-мунча бош қотиришимга тўғри келди. Фуксияларни фақат ичи иситиладиган биноларгагина кўчириб ўтқазиш мумкин, эманларни кўчириб ўтқазишда эса… бундай талабга амал қилишнинг иложи йўғ-ов. Лекин эманлар ҳам совуқ ҳавога жуда сезгир-да, шу боисдан, менга қулоқ тутинглар, бунинг жуда антиқа йўлини ўйлаб топдим. Биз эман атрофидаги тупроқни қизитамиз; бунинг учун, ҳовуздаги сувни қуритганимиздан кейин у ерда унча катта бўлмаган печ бунёд этамиз, унинг устида тупроқ уюмини ёйиб қиздирамиз, кейин шу тупроқ билан эман экилган чуқурликларни кўмамиз. Эманлар фақат, шуни эсда тутинг — фақат! — кундузи кўчириб ўтқазилади, чунки китобда айтилганидек, ҳатто фуксияларни ҳам тун қоронғусида кўчат қилиб бўлмайди, акс ҳолда, уларнинг барглари сўлиб, заҳаланар экан.
Яна менинг ўйлашимча, эманларни ёмғир пайтида кўчириб ўтқазиш жуда хатарли, негаки, дарахт ердан суғуриб олинаётганда ишчилар баландга соябонлар билан кўтарилишга ва токи ёмғир тўхтамас экан, иш якунланганига қадар улар ўша осмону фалакда соябон тутиб ўтиришларига тўғри келади. Яна бир муҳим нарса тўғрисида сиз билан фикрлашиб олишим ниҳоятда зарур. Гап шундаки, эманлар кавлаб олингач, бўшаган ўраларга хурмо дарахтларини ўтқазамиз. Уларнинг биринчи ҳосилини йиғиб олишимиз қандай ажойиб воқеага айланади! Ҳа, хўжалик манфаатини ўйлаб, фақат хурмо дарахтларини кўпайтириш ҳар тарафлама фойдалидир. Мен бу тўғрида узоқ ўйладим ва тушундимки, хўжаликни ростакамига қайта ташкил этиш нақадар муҳим. Нега бизда ҳеч ким хурмо экмайди? Сабаби оддий: ялқовлик! Мен эса, ер юзининг барча мамлакатларидан хурмо дарахтларини келтираман, ахир менинг ер-мулкимда тупроқ жуда унумдор. Кеча далани айландим ва ниҳоятда таажжубландим: у ерда қандай ажойиб лавлаги ўсяпти! Иқтисодчи эса: “Мени авф этгайсиз, барон, бу лавлаги эмас, балки картошка” деб менга изоҳ берди. Модомики, одамлар картошкани лавлаги билан адаштириб юборишаяптими, демак, бу ернинг тупроғи зўр, дегани. Лекин ўша, картошка деганининг пояси жуда қуруқшаган ва синиб тушмоқда. Келгуси йилда ҳар бир картошка тупи ёнига дароз ходаларни қадаймиз ва шохларини уларга боғлаймиз, ахир печакгул ва узум токларини шундай тиргакларга суяб ўстиришади-ку. Бу жуда фойдали, чунки шундай қилинса, картошка ер бағирлаб ўсмайди, аксинча, фақат юқорига қараб бўй тортади, у ҳолда картошканинг ҳосили ҳам ковлаб олинмайди, балки буталардан узиб-юлиб терилади, бу иш унумини оширади ҳамда ишнинг озода бажарилишини таъминлайди. Ва шу йўсинда, бизнинг хўжаликда меҳнат нақадар оқилона йўлга қўйилганига атрофдаги барча одамлар тан беради.
Биз дала меҳнатида ҳам тежамкорлик йўлларини излаб топишимиз керак. Нега энди, жин урсин, битта далага буғдой экилади, бошқасига жавдар, учинчисига — сули, тўртинчисига — арпа экилади? Сиз ишни шундай ташкил этинг: барча экин уруғлари аралаштириб юборилсин ва ҳаммаси битта далада экилсин. Шундай қилинса, буғдой, сули, арпа, жавдар — аралашига — битта далада ўсади. Шу йўсинда биз, биринчидан, ерни тежаймиз, иккинчидан эса, у бир куни сули, эртасига — жавдар, учинчи кун — арпа ўриб ётмаймиз; айни пайтда, биз вақтдан ҳам ютамиз. Қишда, яъни одамларнинг далада қиладиган иши қолмасдан, эснаб юришган дамларда — етиштирилган дон хирмонини хилларга ажратиб, тўрт уюмга ажратиш билан шуғулланадилар.
Кейинчалик биз ишни такомиллаштириш мақсадида бошқа янгиликларни ҳам жорий этиб борамиз, албатта. Биринчи навбатда, дўлга қарши чора-тадбирларни кўрамиз: буғдойни атрофи очиқ, йирик шийпонларда ва соябонлар остида кўкартирамиз, жанубий адирларда какао ва қаҳва дарахтларини ўстирамиз… Афсус, минг афсус! Хўжалик ўз ҳолига ташлаб қўйилибди, бироқ мен умид қиламан — барча куч-имкониятларимизни биргаликда сафарбар этиб, уни кўтарамиз.
Дарвоқе, майда уй паррандалари хусусида шуни айтишим мумкинки, бу йўналишда ҳам унча-мунча ўзгаришлар қилиш зарур. Тарозибоп, барваста жўжалар етиштиришни ўйлашимиз керак. Бунинг учун ғозларни товуқлар билан чатиштирамиз. Она товуқлар жўжаларни ортидан етаклаб юришни бас қилган пайтда, биз ҳушёрликни, айниқса, оширишимиз зарур, токи хўрозлар полапонларни еб қўйишмасин, тағин. Ахир ахталанган чўчқалар кичик чўчқа болаларини тутиб ейишади-ку? Дарвоқе, чўчқалар исқирт ҳайвонлардир, улар кўлмак ва ботқоқларда ағанаб ётишгани- ётишган. Бу ҳолат улардаги гўштнинг таъмига албатта ўз таъсирини кўрсатади. Шу сабабдан, барча чўчқаларнинг танасини қора лак бўёққа бўятиб, бир-икки кун печкада тоблашга тўғри келади. Айтгандай, биласизми, нега чўчқаларнинг қора ботқоқдан чиққилари келмайди? Сабаби, улар ўзларининг оппоқ рангда эканлигини ёқтиришмайди, аксинча, зулукдай тим қора бўлиб юришни хуш кўришади. Агар биз уларнинг айни ўз хоҳишларидан келиб чиқиб иш юритсак ва терисини лак бўёқ билан қоралаб бўясак, улар ботқоқликка қайта ўзини урмайди ва хушчақчақ ҳаётий кайфиятли ҳайвонларга айланишади. Сигирларни эса… ҳаммом қилдирамиз, шундан кейин улар янада мўл-кўл сут бера бошлашади. Ахир соғлом сигирнинг сути янада мазали бўлади-ку?
Ана шундай гаплар, менинг қадрдоним! Биз тараққиёт йўлида оғишмасдан олға боришимиз керак. Энди эса, кўришгунча хайр, мен сизга айтган режалар ижроси устида ҳозирданоқ ўйлай бошланг. Кечиктирманг!
Иш бошқарувчи эса бошқача қарорга келди: у шу заҳотиёқ ўзини сувга чўктириш учун дарё томонга қараб йўл солди.
Рус тилидан Михли Сафаров таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 5-сон.