Чэд Оливер. Юлдуз шуъласи (қисса)

Тепасида юлдузи турмаган бирорта йўл дунёда йўқ.
 Эмерсон

1

Улар ўтирган хона каттагина, салобатли мебель билан жиҳозланган, файзли эди. Қизил, қора ва кулранг нақшлари бир-бирига уйғунлашиб кетган бир неча қадимий асл навахо гиламлари, қаттиқ заранг ёғочидан ишланган паркет полни анчайин жонлантириб турарди. Серкўз қарағай оғочларидан тикланган хона деворларида бешта ажойиб суврат илинган бўлиб, тўрттаси замонавий ва биттаси Гоген қаламига мансуб икки юз йиллик расм эди. Ўша жойнинг ўзида маҳобатли ёзув столи ва иккита қулайгина оромкурси ўрин олган.
Оромкурсилардан бирида ўтирган Вэйд Драйден олдинга эгилди. Илк лаҳзаларда у ҳамсуҳбатини янглиш тушунди, аммо кўнглининг бир чеккасида ҳеч бўлмаганда хонанинг ортиқча ҳашаматсиз жиҳозланганидан мамнун эди – бу унинг эсанкираб қолмаслигига ёрдам берарди, зеро у тетиклик ҳозир ўзига ниҳоятда зарур эканлигини ҳис этиб турарди.
– Улар кимни… топишибди? – деб сўради у, ваҳоланки, биринчи мартадаёқ тўғри эшитганини ўзи яхши англаб турарди.
– Отларни, – яна қайтарди Ҳейнрик Шамиссо. Унинг озғингина қўли стол устида ҳаракатсиз қотган, бармоқлари стол сиртини асабий ва тез-тез чертмоқда эди. Вэйд бунга аллақачон кўникиб кетган бўлса ҳам, аммо бугун бармоқнинг бетўхтов тақиллаб туриши унинг асабларини тинчлантириши даргумон. – О – Т – Л – А – Р – Н – И. Эквус кабаллус.
Вэйд тинмай гапиришда давом этарди, нима бўлганда ҳам оғир жимлик унинг вужудини қайта эзмаса бас.
– Ҳэнк, мен балки санасида адашгандирман. Уларни қачон пай-қаб қолишибди дединг?
– Агар сен бизнинг тақвим тизимимиздан фойдаланишни маъқул кўрсанг, у ҳолда июнь ойида.
Шамиссонинг кўзлари остида қора доиралар кўриниб турар, аммо кўзлар тиниқ ва ҳушёр эди. Бош бармоғи столни тақиллатишдан тўхтамасди. – 1445 йилда. Қулоқ сол, Вэйд, давр бўйича ҳеч қандай хато бўлиши мумкин эмас – тадқиқотчи гуруҳлардан бири отлар ҳақида хабар бериши биланоқ, биз шу заҳоти у ерга Замонлар хавфсизлиги бошқармаси вакилларини жўнатиб, бу маълумотни қайта текширувдан ўтказдик. Дэйв Тоуни – сен уни яхши танийсан – якуний ҳисоботни тақдим этди.
– Ҳа, мен уни биламан – Вэйд бошини қимирлатиб қўяркан, ошқозонида худди бир нима «чирт» этиб узилгандек бўлди.
– Энди эса кейинги саволингга ўрин қолдирмаслигимга ижозат берсанг, – давом этди Шамиссо сезилар-сезилмас табассум билан. – Отлар Мексикада топилган. Аниқроғи, Марказий Мексикада. Илтимос, мендан, ҳазиллашаяпсанми, деб сўрама. Бутунжаҳон Кенгаши аъзоларининг тенг ярми ҳозир бўғзимга пичоқ қадаб турибди, мен ҳозир майнавозчилик қиладиган аҳволда эмасман.
– Сен нима чора кўрдинг?
Шамиссо елка қисиб қўйди.
– Мен нима ҳам қила олардим? Бошқарма гуруҳлари 1300 йилдан шу кунгача бўлган вақтни текширувдан ўтказишяпти. Замон оша саё-ҳатлар бўйича барча янги илтимосномаларни кўриб чиқиш ишлари тўхтатиб қўйилди. Бугунги кунгача тўрт юз нафардан зиёд олим давр чегарасининг нариги томонида туришибди, улардан айримлари мезозой эрасидан, уч киши эса палеозой давридан қўним топган; биз уларни у ёқдан осонгина суғуриб ололмаймиз, аммо ҳаммасини кузатиб турибмиз.
– Ҳаммаси жуда соз, зўр, – дея гап қўшди Вэйд, – аммо муаммони булар ҳал этмайди, шундайми?
– Бу ишларни биз виждонни поклаб олиш учунгина қиляпмиз, – тасдиқлади Шамиссо. – Кенгаш аъзоларида яхши таассурот қолдиришга уриняпмиз, холос.
– Улар бунинг қанчалик жиддий эканини тушунишадими?
– Билмадим. Менимча, йўқ. Очиғи, бу ёғини энди вақт кўрсатади. Илтимос, бу кутилмаган чалкашлик учун мени кечир.
– Энди мен ғалванинг давомини топишга уриниб кўраман, – деди Вэйд юзини буриштириб. – Сизлар Замонлар хавфсизлиги бошқармасининг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказгансизлар. Шунингдек, сенатор Вайненс икковингиз мени бу ишни ихтиёрий равишда бажаради, деган фикрга келгансизлар.
– Рости, ҳаммаси худди сен айтганингдек, Вэйд. Агар тирик қайтиб келолсанг, балки маошинг ҳам ошиб қолар.
– Кўринишдан мен ёлғиз жўнайман, шекилли?
– Кечирасан, лекин шундай қилинса, яхши бўлади.
Вэйд Драйден пиджагининг чўнтагига қўл солиб, ғоятда кўримсиз чубуғини олди. Чубуққа арзон тамаки бўлагини солди-да, ўт олишини беш сония кутиб турди, сўнгра чека бошлади. Кейин у ўрнидан туриб хона бўйлаб юра бошлади, вақти-вақти билан паркет устида сирпаниб кетаётган навахо гиламларини оёғи билан у ёқ-бу ёққа суриб қўярди. Унинг бўйчан, дароз вужуди бўшашиб қолгандек кўринар, озғин юзида эса зўриқиш аломати сезилиб турар эди.
– Отлар? – унинг пешанасидан муздек тер чиқиб кетди. – Бундай ҳазил кимнинг калласига кела қолдийкин?
Шамиссо стол ичидан бир жилд олди, ундан рангли фотосувратни чиқариб, бирор сўз айтмасдан Вэйдга узатди.
Вэйд Драйден фотосуратга қарадию, сесканиб кетди.
У Вақт саёҳатчиси паспортидан олинган яхшигина фотосуврат эди. Сувратдаги одамнинг чеҳрасида қатъият ва кибр яққол кўзга ташланиб турарди; Драйден ўзини шу тобда худди қўлида одам калласини ушлаб тургандек ҳис қилди.
Фотосувратдан Вэйдга салгина заҳарханда қиёфа тикилиб турарди. У кучли кишининг қиёфаси эди – жиддий юз бичими, тиниқ кўк кўзлар, ўткир нигоҳ. Оппоқ сочлари бир текис таралган.
Агар мана шу юзда қандайдир ёвузлик яширинган тақдирда ҳам, ҳеч қандай асбоб уни илғаб ололмаган бўларди. Ўзининг оддийлигига қарамасдан, бу чеҳра ёқимли эди.
Айнан ана шундан Вэйд титраб кетди.
– Унинг исми нима?
Бош бармоқ столни чертишдан чарчамас эди.
– Очиғи, унинг исми бирор ёвузликдан дарак бермайди – Дэниэл Ҳюз; боз устига уни ҳамма шунчаки Дэн деб атайди. У олтмиш ёшда, ўтмишга саёҳат қилиш учун рухсатномани ҳам оддий тартибда Цинциннатидаги бўлимимиз орқали олган. Албатта, текширувлардан ўтган ва уни ниҳоятда ижобий шахс сифатида қабул қилишган, ҳатто ҳаддан ташқари ижобий баҳо ҳам бериб юборишган, аммо биз буни энди тушуниб етаяпмиз. Касби бўйича у тарихчи, Ҳарвардда фалсафа фанлари доктори даражасини олган, одатдагидай бир неча илмий асарлар муаллифи ва ҳоказо. Бирор марта кўнгилсиз ишларга аралашмаган. Ҳамкасблари у ҳақда яхши фикрдалар. У Марказий ва Жанубий Америкадаги, айниқса Марказий Мексикадаги юқори даражада ривожланган дастлабки жамиятлар бўйича ихтисослашган.
– Ҳм, – Вэйд яна фотосувратга тикилди. – Ҳарҳолда, унинг эси жойидадир, деб умид қиламан.
– Ақли жойида, – Шамиссонинг қовоғи солинди. – У оғир-босиқ одам сифатида танилган – ниҳоятда беозор, қобил, меҳнаткаш.
– Ҳа, у ташқи кўринишидан бунақа ўйин кўрсатишга қодир одамга ўхшамайди.
– Сен қаёқдан биласан? – деди Шамиссо юзига совуқ табассум югуриб. – Ахир ҳали ҳеч ким бундай томоша у ёқда турсин, шунга яқинроғига ҳам қўл уришга уриниб кўрган эмас. Турли хил жиноятлар ҳар турли жиноятчиларни ўзига жалб этади.
– Демак, сен буни жиноят деб ҳисоблар экансан-да?
– Ҳуқуқий нуқтаи назардан шундай. Буни яна қандай аташ мумкин?
Вэйд кулиб юборди.
– Дунёга ўт қўйган кишини ҳам мушакбозлик бўйича техник, деб атайсан, шекилли.
– Балки.
Вэйд Шамиссога тикилди, у эса бу нигоҳни киприк қоқмай кузатди. Вэйд бошини қимирлатиб қўйди. У Шамиссони ўттиз йилдан бери билади, аммо бу одам унинг учун барибир жумбоқ бўлиб қолаверади.
Вэйд фотосувратни йиғмажилдга қайтариб солиб қўйди, ўз оромкурсиси ёнига келиб ўтирди. У чубуғини яхшилаб кўздан кечириб, тамаки буткул ёниб тугаганига ишонч ҳосил қилгач, чўнтагига солиб қўйди.
– Ҳюз отларни қаердан топган? – деб сўради у. – Ўзи унда нечта от бор?
– Тахминан элликтача, – дея жавоб берди Шамиссо. – Байталлар ҳам, айғирлар ҳам бор. Уларнинг айнан элликта эканига кафиллик беролмайман, чамаси, шунинг атрофида. Уларни қаердан топгани бизга номаълум. Албатта, биз буни аниқлашга ҳаракат қиляпмиз, аммо ҳозирча барчаси беҳуда.
– У ўтмишга саёҳат қилганида, отларни ўзи билан бирга олиб кетган бўлиши мумкин эмас, тўғрими? Менимча, Цинциннатидаги бўлимимизда, шубҳасиз, эллик отдан иборат уюрни пайқашган бўлишарди.
Шамиссо энди ўнг қўлини тинч қўйиб, чап қўлининг бош бармоғи билан столни черта бошлади.
– Йўқ, у жўнаган пайтда унинг отлари йўқ эди, ўтмишга ўтиш йўлида кимдир уни кўздан қочирган ва бунинг учун ўша кимдир калласи билан жавоб беради, лекин бунинг сенга дахли йўқ. Чамаси у – 1900, 1800–йилдами ёки яна бошқа қаердадир тўхтаб ўтган ва уларни ўзи билан олиб кетган. Бу қандай юз берган, билмадим, лекин албатта аниқлайман.
– У отларни 1445 йилда Европадан келтирган бўлиши ҳам мумкин, – деб сўз қистирди Вэйд.
– Эҳтимол, аммо даргумон. У вақтда Колумбнинг саёҳатига ҳали ярим аср бор эди, шу боис, ишончим комилки, у отларни уммон орқали олиб ўтмаган.
Вэйднинг қовоғи солинди.
– Қачонлардир Америкада ҳам отлар бўлган, шундай эмасми? Айт-моқчиманки – маҳаллий отлар.
– Ёмон фикрмас! Ҳақиқатан ҳам, Янги Дунёда қачонлардир отлар яшаган, бироқ улар тош асри охирида қирилиб кетишган. Албатта, у отларни тош асридан олган бўлиши ҳам мумкин, аммо бунинг деярли имкони йўқ – у бир ўзи ёввойи отлар тўдасини қўлга ўргатиши ва уларни йигирма минг йил мобайнида тош асри охиридан 1445 йилга қадар ҳайдаб келиши лозим бўларди. Очиғини айтсам, мен бунга ишонмайман. Энди нима бўлганда ҳам гап унинг отларни қаердан олганида эмас. Сен билишинг керак бўлган нарсалар шу холос.
Шамиссо Вэйд томонга энгашди.
– Биз юз йилдан зиёд кобальт бомбаси таҳдиди остида яшадик, – деди Шамиссо. Унинг озғин танаси ҳозир яна ҳам кичрайиб кетгандай туюларди. – Ҳайриятки, биз унинг портлаши оқибатларини бошдан кечирмадик. Аммо у ҳар лаҳзада портлаши мумкин эди. Бу отлар ҳам, Вэйд, – бомбанинг ўзи, фақат замонга дахлдор, мен бу атамани атайин қўлладим. Эҳтимол бу бомба вишиллаб-вишиллаб, ҳатто Дэниэл Ҳюзнинг олов пуркаб турганига ҳам қарамай, ўз-ўзидан ўчиб қолар. У портлаган тақдирда ҳам, унинг таъсири фақатгина кичик кўламда бўлиши ва ҳар қандай излари бизнинг давримиздан анчагина олдин ўчиб кетиши мумкин. Аммо 1445 йил Марказий Мексикада 1520 йилдан унчалик ҳам орқада эмас – бу эса Кортес сузиб келган йилдир. Агар биз дарҳол бу хавфнинг олдини олмасак, бизнинг бутун тамаддунимиз ва ўзимиз ҳам бир лаҳзада асфаласофилинга қараб кетишимиз мумкин. Мана, буниси энди ўта жиддий масала.
Шамиссонинг сўзлари Вэйдни баттар ташвишга солиб қўйди.
– Сенингча, бу вазифани гуруҳ яхшироқ бажармайдими? Мен хатога йўл қўйсам нима бўлади?
– Янглишмасликка ҳаракат қил, – хотиржам маслаҳат берди Шамиссо. Бош бармоқ яна столни черткилай бошлади. – Рўй берган воқеа қанчалик камроқ овоза бўлса, омад имконияти шунчалик кўпроқ бўлади. Дастлаб, ҳеч бўлмаганда, бир кишини жўнатиш лозим. Бу ўйинга инсонлар ҳаёти тикилган, Вэйд, ҳозир кимга нима маъқуллигини ҳал қиладиган пайт эмас. Буни ўзинг ҳам тушуниб турибсан.
Вэйд чуқур хўрсинди.
– Яхши, Ҳэнк, сен айтганча бўла қолсин. Ишни нимадан бошлайман?
– Мана бундан. Шамиссо йиғмажилдга имлади. – Сен аввало Ҳюз ҳақида бизга нималар маълумлигини хулоса тарзида тақдим этишинг лозим. Кейин эса, уни билган одамлар билан учрашишингни хоҳлардим, – дарвоқе, унинг хотини ҳали ҳам шу ерда – кейин у ҳақда тасаввурга эга бўлишинг керак. Дэниэл Ҳюз – ҳамма нарсанинг калити, сен у билан қандай муносабатда бўлишингни ҳал қилиб олишинг шарт. Тайёргарлигинг ҳақида аниқ қарорга келиб ол, фақат шошма, сенинг ихтиёрингда икки ҳафта вақт бор – биз сени 1445 йилга, нақ унинг томи устига ташлаймиз, агар унинг устида томи бўлса албатта. Шундан сўнг, сен ўзинг мустақил ҳаракат қилишни бошлайсан. Бизда Хавфсизлик бошқармасининг агентлар гуруҳи тайёр туради, аммо сен уларни фавқулодда зарур вазиятдагина чақиртира оласан. Агар сен қаердадир хато қилсанг, биз ҳамма ишни тинчитиш учун бутун бошли экспедицияни юбориб, бутун бир халқ маданиятини ўзгартиришимизга тўғри келади, бунинг эса доим ҳам уддасидан чиқиб бўлмайди.
Вэйд яна бир бор фотосувратдаги кулимсираб турган оқсоч кишига кўз қирини ташлаб қўйди.
Шамиссо бош ирғаб қўйди.
– Агар зарур бўлса, уни ўлдир, – деди у. Вэйд йиғмажилдни олиб, хонадан чиқди ва ўз вертолёти томон шошди.

2

Апрель осмони ғаройиб бир нафис мовий рангда, ҳатто бир парча булут ҳам Аризонанинг илиқ қуёшини тўсмасди. Вэйд вертолётни беш минг фут баландликкача кўтарди ва автобошқарув тизимини ишга солиб қўйди. Анча пастда суғориш ариқлари кесиб ўтган далалар елиб ўтар, бутун дашт байрамона либосга – кўкламнинг илиқ яшиллигига бурканган эди. Табиат қишнинг совуқ шамолларини унутиб улгурган, ёзнинг жазирама саратонлари эса узоқ хотира бўлиб қолган эди, холос.
Вэйд олдидаги столча устига йиғмажилдни қўйиб очди ва саҳифаларни шошмасдан варақлай бошлади. У ҳужжатларга кўз югуртираркан, ҳамма нарсани бирма-бир эслаб қолишга уринмас, шунчаки таассуротларни онгига сингдириб борар эди. Қуёш тафти уни анча бўшаштирди; офтобнинг илиқ нурлари Вэйднинг куракларини қитиқлар, елкаларини ёқимли қиздирарди. У нафис бир яшилликка бурканган, сойларию кўллар соҳилидаги қумларнинг намчил иси узоқларданоқ димоққа уриб турувчи олис ерлар ифорини туйди. Атрофда сокинлик ҳукм сурар, фақат вертолётнинг моторигина бўғиқ ғувиллаб турар эди.
У отлар ҳақида ўйлай бошлади. 1445 йилги Мексикадаги отлар.
Инсон томонидан яратилган ҳар бир буюк ихтиро, чамаси инсоният тамаддуни ажалининг куртакларини ўзида ифодаларди. Вэйд буни ҳамиша ҳис қилган: ҳар бир кашфиётнинг оқибати учун албатта, уни кашф этган шахс жавобгар ва масъулдир. Мана, қирқ йилдирки, одамлар 2040 йилда Калифорния технология университетида бир ҳафтани «йўқотган» вақтларидан бошлаб, замонлар оша саёҳат қилишмоқда ва энди антиқа ҳолат учинчи бор такрорланмоқда.
Аввал ҳам бу ҳолат икки марта тасодиф туфайлигина юз бермай қолди. Бу сафар эса таҳдид қасддан уюштирилди.
Ҳужжатда Дэниэл Ҳюз тўғрисида анчагина маълумот жамланган бўлиб, ҳатто унинг бир нечта монографиялари мазмунини ҳам ўз ичига олган эди. Бири «Теотихуакандан сўнг Марказий Америкада шаҳарлаштиришнинг халқ жамиятига таъсири» деб номланарди. Бош-қасининг сарлавҳаси «Маданий бирлик ва мумтоз даврда тольтеклар». Ҳар икки монография ҳам жиддий илмий тадқиқот бўлиб, уларнинг муаллифи бир телба одам эканини тасаввур қилиш анчайин мушкул.
Шубҳасиз, Дэниэл Ҳюзни зарарсизлантириш осон бўлмайди.
Вэйд бошқаларнинг Ҳюзга берган баҳоларини фикран яна бир бор сарҳисоб қилди. У Дэниэл Ҳюзни унинг рафиқаси, қўшнилари, ҳамкасб хизматдошлари назари билан кўриб, англашга ҳаракат қилди. Тасаввурлар бир-бирига ўхшаш бўлиб, бунда ғайриоддий ҳеч нарса кўзга ташланмасди.
Бинобарин, улар ҳаммаси янглиш фикрлар эди.
Уларнинг ҳеч бири ҳақиқий Дэниэл Ҳюзни билмасди – чунки у қилган иш йиғмаҳужжатда таърифланган нотавон, омадсиз бир одам томонидан ўйлаб чиқилиши, боз устига, амалга оширилиши мумкин эмасди. Вэйд, бу кишилар билан бўладиган учрашувларда кўпроқ нарса билиб олиши лозимлигини тушунарди – йиғмажилдда унга керакли маълумот йўқ эди.
У яна фотосувратни олиб, қаршисига қўйди.
Вэйдга фотосуврат ичидан ёқимли, жилмайган чеҳра қараб турарди.
У Огайога парвоз қилиш учун автобошқарувни ишга туширди ва ҳавога кўтарилди.
Вэйд пастга, истиқболига югуриб келаётган уфққа қаради, аммо унинг нигоҳини бошқа уфқлар ўзига жалб этганди. Бу – замонларнинг сирли кўланкасидаги тасаввурга сиғмас даражада тубсиз, яширин, номаълум вақт сарҳадлари эди.

3

Колумбус шаҳри Вэйдга таниш бўлган шаҳарлардан унчалик катта фарқ қилмасди, лекин у қўшни Кливленд ва Цинциннати каби Вэйдда бу қадар оғир таассурот уйғотгани йўқ. Ҳар қандай катта шаҳар каби, у кимсасиз ва ташландиқ кўринарди, илгари ўрта буржуазия яшаган бутун бошли ҳудудлар ҳозирда вақти-вақти билан бир ташландиқ шаҳардан бошқасига кўчиб юрувчи ярим дайди скваттерлар томонидан эгаллаб олинганди.
Барча шаҳарлар, албатта, эскиликка айланиб бўлган. Электрон ҳисоблаш машиналари билан бошқариладиган, тўлиқ автоматлаштирилган саноат ҳамда қуёш қувватидан кучланадиган арзон, тезкор транспортларнинг пайдо бўлиши шаҳарларга қақшатқич зарба берди.
Шаҳарларнинг пайдо бўлиши мажбурий ҳол эди – улар одамларни иш билан таъминлар ва муҳофаза этарди. Уларга эҳтиёж йўқолгач эса, одамлар янада табиийроқ турмуш тарзига қайтдилар. Қишлоқ жойларда кўримсиз, аммо озода қўрғонлар барпо бўлди. Уларда одамлар ҳамжиҳатликда елкама-елка меҳнат қилиб, турмуш кечирдилар. Бўш ер майдонларида уйлар қурилди, одамлар ер ва осмонни кўрдилар, муздек сойлар ҳамда беқарор шабадаларнинг куйларини тингладилар.
Шаҳарлар балки яна бир муддат сақланиб қолар, аммо улар барибир ўлиб боради. Қачонлардир руҳсиз бетон ва пўлат томонидан сиқиб чиқарилган дарахтлар ҳамда майсалар қадамба-қадам шаҳарларга ўрмалагандек кириб келаверди – қаровсиз кўчаларда яшил ниҳоллар ерни ёриб чиқа бошлади, илдизлар тупроқ томон интилиб, шаҳарларнинг кулранг пойдеворларини қоплаб олди.
Колумбус аввалги кўринишини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. У штатнинг пойтахти ҳамда Огайо штатининг қадимий университети жойлашган шаҳар сифатида яшаб қолди.
Вэйд тарих факультети декани доктор Фредерик Клементснинг ёқимли чеҳрасини кўриб, жилмайиб қўйди. «Қизиқ, – ўйлади у, – шаҳарда ишлаган киши қандай туйғуларни ҳис этаркин?».
– Сиз Дэниэл Ҳюз ҳақида нималар дея оласиз? – деб сўради у.

4

Доктор Клементс узун бармоқларини бирлаштирди – учбурчак эҳромсифат шакл ҳосил бўлди, – унинг юзига чуқур ўйчанлик соя солди. У сабрли ва паришонхотир қиёфага кириб олди, гўёки Драйден билан суҳбатлашиб, аллақандай ҳақиқатан Муҳим Илмий Тадқиқотдан чалғиб, ўзининг қимматли вақтини бой бергандек. Аслида эса у тадқиқот ишларини деярли юритмас эди; у факультет декани лавозимини эгаллаб турарди, яхши сиёсатчи ҳам эди, устига-устак мажлисларда қатнашишни яхши кўрарди. Яна у ўзини доим худди ўз илмий ишига содиқ одамдек тутишга ҳаракат қилар эди.
– Доктор Ҳюз қандайдир, кўнгилсиз ишга аралашиб қолганини тасаввур этолмайман, – деди доктор Клементс.
– Мен ундай деганим йўқ.
– Бу гапни қўйинг, жаноб Драйден! Сиз Хавфсизлик бошқармасининг шу ҳафта давомида Ҳюз ҳақида менга саволлар бераётган учинчи вакилисиз. Мен сиз ўйлаганчалик нодон эмасман.
«Ажойиб фикр», – деб ўйлади Вэйд.
– Айтинг-чи, Ҳюз билан ўртангизда ҳеч тўқнашувлар бўлганми? қандайдир… ҳмм… зиддиятми?
– Йўқ. Доктор Ҳюз ўз ишини ниҳоятда саранжом ва муваффақиятли бажарарди. Барча машғулотларни шахсан ўзи ўтказарди, агар билсангиз. Уни тадқиқот ишларида ниҳоятда тиришқоқ эди, деб бўлмайди – чамаси доктор Ҳюзни ташқи ютуқлардан бегона бўлган нуфузли олим шуҳрати тўла қаноатлантирар эди. Талабалар уни яхши кўришарди.
– Шахсий ҳаёти қандай эди?
– Афсуски, бу борада сизга ёрдам беролмайман. Бизнинг муассасамизда ўқитувчиларнинг шахсий ҳаётига суқулиб кириш одати йўқ. Доктор Ҳюзнинг илмий фаолиятидан бошқа ҳеч қандай маълумотни сизга тақдим этолмайман.
– Назаримда, сиз у билан яқин дўст бўлмагансиз, шундайми?
Доктор Клементс иккиланиб қолди.
– Мен доктор Ҳюзга нисбатан чуқур эҳтиромда бўлганман, – деди у.
– Тушунарли. Сиз тарихчи сифатида Ҳюзнинг тадқиқотлари ҳақида нима дея оласиз? Сиз Ҳюз тадқиқотларининг асосий йўналишлари ҳақида қандай фикрдасиз?
Клементс Вэйдга ажабланиб қаради.
– Нимани назарда тутаётганингизни тушунолмаяпман.
Вэйд ҳам таслим бўлмасди.
– Сиз Ҳюз билан узоқ йиллар бирга ишлагансиз, доктор Клементс. Сиз каби мислсиз обрў-эътиборга эга олим, шу вақт давомида унинг ишларига нисбатан ўз муносабатини белгилаб олиши лозим эди, тўғрими? Билишимча, сиз тарих фанига қизиқасиз-а?
Клементс тузоққа илинди.
– Ҳақиқатан ҳам шундай, жаноб Драйден. Менга доим шундай туюлардики – албатта бу гап иккимизнинг орамизда қолиши керак, – доктор Ҳюз илмий ишларининг айрим томонларига ўзи ҳам унчалик ишонмасди. Тарих, билсангиз агар, бошқа нарсалар каби сабаб ва оқибатлар натижасидир. Шу боис унга яхлит жараён сифатида қараш лозим. Англаяпсизми? Бошқа тарафдан эса, биз одамзодга нисбатан бутун коинот бўйсунадиган қонуниятлардан ташқарида, мустақил амал қилувчи ғайритабиий мавжудот сифатида муносабатда бўлишимиз мумкин. Тўғри, доктор Ҳюз бу исбот талаб қилмайдиган фаразларга эътироз билдирмаган, ҳар ҳолда ошкора қарши бўлмаган. Унинг илмий асарлари, мен сизга айтсам, бир оз… ҳмм… қуруқ ёзилган. Суҳбат чоғларида эса у одамларга нисбатан катта қизиқиш билдирарди. Тушуняпсизми? У ҳатто роман ёзишга ҳам уриниб кўрган.
«Ниҳоят, – деб ўйлади Вэйд, – омадим келди».
– У чоп этилганмиди? Балки тахаллус билан чиқаргандир?
Доктор Клементс бош силтаб қўйди.
– Назаримда ҳали у тугалланмаган эди.
– Сиз уни ўқиганмисиз?
– Йўқ. Мен доктор Ҳюзга… унчалик… яқин эмасдим. У ҳеч қачон ўз романи ҳақида мен билан сўзлашмаган.
Клементснинг овозидан унинг ғурури топталгани сезилиб турарди ва Вэйд илк бор унга нисбатан ўзида хайрихоҳлик сезди.
– Сизнингча, унинг энг яқин дўсти ким эди, жаноб? Тарихчиларнинг қайси бири?
– Менимча йўқ, – дея Клементс ўзини оромкурси суянчиғига ташлади. – Назаримда у хизматчи касбдошлари билан унчалик яқин бўлмаган, аммо биз билан ҳамиша мулойим муносабатда бўлган. – Унинг лабида сезилар-сезилмас табассум пайдо бўлди. – Ҳюз канадалик бир йигитдан узундан-узун мактублар оларди. Мактубларни машғулотлар орасидаги танаффусларда ўтириб ўқирди, баъзан шунақанги қаттиқ кулар эдики, бу бизга бир оз… ҳалиги, бир оз ғалатироқ туюларди.
– У йигитнинг исмини биласизми?
– Карпэнтер. Ҳерберт К. Карпэнтер.
– Шоир Карпэнтерми?
– Менимча шундай. Доктор Ҳюз унинг китобларидан намуна нусхаларни ноширлардан оларди, мен уларнинг бир нечтасини кўрганман.
– Шундай денг? Мен сиздан миннатдорман, доктор Клементс, ўйлашимча, биз сизни бошқа безовта қилмаймиз. Бизга катта ёрдам бердингиз.
Клементс кулимсираб қўйди.
– Сиз билан суҳбатлашиш мен учун ёқимли бўлди, жаноб Драйден. Ҳаммаси жойида бўлади, деб умид қиламан.
– Мен ҳам, – жавоб қилди Вэйд.

5

Эртаси куни Вэйд Канадада эди.
Машҳур Фрэнк Ллойд Ройт тақдимотидаги овчи кулбасини эслатувчи ёғоч ходадан тикланган уй, Канаданинг поёнсиз қарағайзор ўрмонларида у ер-бу ерда сочилиб ётган беҳисоб зумрад кўллардан биридаги кўзгусимон кўрфаз ўртасида турган миттигина оролчада қўним топганди.
Оролча худди табиийдек туюларди, бироқ Вэйд бунга кафолат беролмас эди.
Вэйд вертолётини тош териб қўйилган ҳовли сатҳига қўндирди, мум иси сингиган ҳаводан кўксини тўлдириб нафас олди ва кулбанинг ёғоч эшигини тақиллатди.
Уч дақиқалар ўтиб, у яна эшик қоқди. Эшик очилди ва остона юзида на қизиқиш, на ҳайронлик ифодаси бўлмаган, жуссадор бир одам пайдо бўлди. Унинг кийими дағал ва ғижим, соч-соқоли эса устараталаб эди. Қўл мушаклари ҳар ҳолда қоғоз-қаламдан бўртиб чиққан эмасди; бу нотаниш кишининг чуқур жойлашган кўк кўзлари гўё совуқ шамолдан ёки кўл сувида акс этаётган офтоб нурларидан ҳимояланишга уринаётгандек бир оз қисиқроқ эди.
– Сиз жаноб Ҳерберт К. Карпэнтермисиз? – деди Вэйд.
– Ҳа, менинг исмим Ҳерб. – У баланд овозда, дўриллаб сўзларди. – Агар сизга менинг дастхатим керак бўлса, бу сизга ўн минг доллар ва бир тепкига тушади.
Вэйд ишшайиб қўйди.
– Менинг исмим Вэйд Драйден. Кеча оқшом сизга қўнғироқ қилгандим.
– А-а. Дэн бўйича. Киринг.
Ҳерб Карпэнтер Вэйдни ўзининг озода, саришта, китобларга тўла уйига олиб кирди. Улар ғиштдан терилган ажойиб каминли, деворига буғу калласи илиб қўйилган улкан меҳмонхонани босиб ўтиб, Карпэнтернинг иш хонасига кирдилар. Бу кичиккина, ёзув столи ҳамда бир қарашда бир-бирига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ҳар хил буюмлар, хусусан, китоблар, магнитофон тасмалари, стерео товушли овоз ускунаси, одамнинг калла суяги, сайқалланган қип-қизил сарв ғўласи, ипи ҳафсала билан ўраб қўйилган қармоқ илиниб жиҳозланган хона эди.
– Ўтиринг, Вэйд, – дея таклиф этди шоир, офтобда тобланган қўли билан оромкурсилардан бири томон ишора қилиб.
Вэйд курсига чўкди. Хона муҳити тамаки тутатишни талаб этарди, шу боис у чубуғини олиб чека бошлади.
– Дэн бирор фалокатга учраган, шундайми? – деб сўради Карпэнтер кулранг тусда товланиб турган сувда акс этаётган яккам-дуккам қарағайлар кўриниб турган дераза томон эгилиб. – У нима қилувди?
Карпэнтер илк қарашданоқ Вэйдга ёқди ва унинг шеърларини ўқиб чиқишни кўнглига тугиб қўйди. Вэйд бор ҳақиқатни Карпэнтерга сўзлаб беришни истар, аммо бунинг иложи йўқ эди. Агар куталаётган хавф ҳақидаги овозалар тарқалиб кетса, ваҳима кўтарилади, саросимада эса ҳар нарса юз бериши мумкин.
– Мен афсусдаман, Ҳерб, аммо сизга бор гапни айтолмайман – деди Вэйд. Ҳақиқатан Дэниэл Ҳюз кўнгилсизликка учраган. Мен ҳозирда унинг нима учун фалокатга йўлиққанини аниқламоқчиман. Балки уни қутқаришга муваффақ бўларман.
Карпэнтер пастки лабини тишлади.
– Дэниэл Ҳюзнинг қандай одамлигини ҳеч ким билмайди, – деди у ниҳоят.
– У бошқаларга ўхшамайдими?
– Менимча, ҳа, – Карпэнтер ўзини оромкурсига ташлаб, ўз вазни билан уни ғичирлатиб юборди. – Дэн ҳам худди Томас Вульфга ўхшаган тарихчи.
– Томас Вульф дегани яна ким бўлди?
– Ёзувчи, ХХ асрнинг 30-йилларида ижод қилган. У салмоқли, ажойиб китоблар яратган. Унинг романларида ҳаёт бор эди. Эртами, кечми, сиз барибир унинг асарлари билан танишасиз, албатта.
– Ҳмм. Демак, Дэн ўша Вульфга ўхшаган экан-да?
– Йўқ, лекин, ўхшаши мумкин эди.
– Тушунарли.
– Ҳеч нарсани тушунганингиз йўқ. Лекин бу аҳамиятсиз. Дэн менинг кўпгина танишларимга ўхшарди. Ўзи хоҳлаган ишини амалга оширишда унда дадиллик етишмасди, шу боис у университет деворлари ичига қамалиб олганди. Натижада касбий илмларни беармон эгаллади. Аммо у ҳеч қачон осмондан юлдузларни узиб олишга, айтмоқчиманки, имконидан ортиқ нарсага интилмаган.
– Мен сизни унинг яқин дўсти бўлсангиз керак, деб ўйлагандим.
– Ҳақиқатан ҳам мен унинг қадрдон дўстиман, – дея Карпэнтер резина ўчирғични олиб, деворга қараб отди. Сизнингча, кишини анг-лаш билан бир вақтда, уни яхши кўриш мумкин эмасми?
– Йўқ, шекилли, – деди Вэйд чубуғини тутатганича. Карпэнтернинг дангаллигига кўникиш осон эмасди.
– У ёзишга иштиёқманд эди, деб ўйлайсизми?
– Билмадим. Баъзида бу ҳақда ҳам ўйларди.
– Унинг романини ўқиганмисиз?
– Ҳа, у ёзган нарсаларнинг ҳаммасини ўқиганман. Асарининг номини «Юлдузларга йўл» деб номлаган эди. Дэнга уни ёқиб юборишни маслаҳат бергандим.
– У сизга ёқмаганмиди?
– Дўстим, бу – расво, бундан баттари бўлмайди.
– Унинг мазмуни қандай эди?
– Бу шахсий фикрнинг бадиий ифодаси эди. Тафаккур оқими. Мен буни «нима учун»лар деб атайман. Эсингиздадир — одам нима учун керак? Нима учун бизнинг самовий куррамиз кичкина? Нима учун болалар дунёга келади? Митти ўрмон жониворлари нима учун мавжуд? Нимага? Нима учун? Сафсата.
– Сиз бу ҳақда аниқ бирор нарса айта олмайсизми?
– Йўқ. Бу китобда Дэннинг ўзлиги йўқ эди. Шу боис, у бошқача бўлиб чиқди.
– Ҳерб, Дэн ўзи аслида ким эди? Буни билиш мен учун ниҳоятда муҳим!
Карпэнтер елка қисиб қўйди.
– У ҳеч қандай таснифга сиғмасди. Балки ҳамма гап ана шундадир. У ақлли эди – фавқулодда мустақил тафаккур эгаси. У ўринли савол бера оларди. Балиқ овлашни ёқтирарди. Уйланган, аммо хотинини яхши кўрмасди; фарзандлари бўлмаган. Деярли ҳамма вақт унинг асабий ҳолда юриши сезилиб турарди. Ишга бепарво муносабатда бўларди. Вақти-вақти билан ичиб ҳам турарди – одатда шу ерда, менинг уйимда. У яхши йигит эди. Дэннинг илдизи йўқ эди, бундай ибора учун мени кечирасиз, албатта ўзи интилган нарсани топа олмасди. Очиғи, Дэннинг қандай инсон эканлигини мен билмайман. Ҳарҳолда, у оддий одам эмас эди. Агар билсангиз, одамзод ажойиб хусусиятларга эга – уларни тушуниш осон эмас. Тангрига шукрки, одамлар баъзан бизни ҳайратга солиб турадилар.
– Мен уни қайтариб олиб келишга умид қиламан.
– Эҳтимол у янги жойда бу ердагидан кўра бахтлироқдир.
– Мен қўлимдан келган барча ишни қиламан, Ҳерб.
Карпэнтер ўрнидан турди.
– Сиз уйланмагансиз, тўғрими?
– Йўқ, – ҳайратланиб жавоб берди Вэйд. – Буни қаёқдан билдингиз?
Карпэнтер жилмайиб қўйди.
– Мен ахир шоирман-ку, оғайни. Энди ошхонага кирамиз. Сени Фэй билан таништираман. Унинг қаҳваси ҳам тайёр бўлгандир.
Карпэнтернинг рафиқаси латофатли эди: маълум маънода уни чиройли деб бўлмасди, аммо унинг борлиги уйга жозиба бағишларди. У Карпэнтерга бўлган муҳаббати ва садоқатини яширмасди, эри ҳам унга шундай муносабатда эди.
Қаҳва ажойиб тайёрланганди.
Карпэнтер уни эшиккача кузатиб қўйди.
– Ҳаммаси якун топгач, – деди у – бизникига қайтиб кел. Кўрамиз, балки кўлга қармоқ ташлаб, гулмоҳилардан бир-иккитасини қармоққа илинтирармиз.
– Раҳмат, Ҳерб.
– Ташрифингдан хурсанд бўлдим.
Улар қаттиқ қўл сиқишиб қўйдилар.
Вэйд илиқ, файзли уйчага, шаффоф кўлга, харсанглар орасида ўсиб ётган қирққулоқларга нигоҳ ташлади. Қалбининг қаеридадир ич-ичидан афсус ҳиссини туйди – кўп йиллардан буён у мана шу туйғуни бу қадар кучли ҳис этмаганди.
У вертолёт кабинасига кўтарилиб, оқшом осмонига парвоз қилди ва жанубга, зулмат қуюқлашиб бораётган томонга йўналди.
Дэниэл Ҳюз сафарда бўлган пайтида унинг хотини Калифорнияга, синглисиникига кўчиб ўтганди. У Вэйд билан самимий саломлашди ва қандайдир бир ички ғурур ила суюққина чой билан меҳмон қилди, аммо Дэниэл Ҳюз ҳақида сўзлаб берадиган нарсасининг ўзи йўқлиги кўриниб турарди.
У нимжонгина бўлиб, ҳаддан ташқари одми кийинган ҳамда «кои-нот авлиёлари» – Жанубий Калифорнияга ўрнашиб олган чалатентакларнинг кўп сонли диний тўдаларидан бирининг «таълимот»ига телбаларча эътиқод қўйганди.
– Айтинг-чи, Ҳюз хоним, сўнгги бир неча йил ичида эрингизнинг хулқ-атворида бирор-бир ноодатийликни сезганмидингиз?
– О, йўқ, йўқ! Шўрлик Дэниэл, – паришонхотирлик билан деди у. – Мен унчалик соғлом эмасдим – безгак, билсангиз агар, жонгинам, Дэниэл ниҳоятда хаёлчан бўлиб қолганди, ўзига ўзи нонушта тайёрлар, яна бошқа ишларни ҳам ўзи қиларди. Мен ўша вақтларда ҳеч ўзимга келолмаётган эдим…
– Тушунаман, – унинг гапини бўлди Вэйд жилмайганича, унинг ташвишларига қанчалик ачинаётганини кўрсатиш учун. – У бахтли эди, шундайми?
– Бечора Дэниэл! Бахтли дейсизми? Ҳа, эҳтимол. У эртадан кечгача ўз китобларига кўмилиб ўтирарди, ахир, сиз олимларни биласиз-ку! У баъзан менинг уйда эканимни сезмасди ҳам. Чунки менинг безгагим бор эди, юришга ниҳоятда қийналардим, деярли ўрнимдан турмай қўйгандим.
– Албатта, албатта! Ҳюз хоним, балки сиз эсларсиз, эрингиз «Юлдузларга йўл» номли асарини ёза бошлаган экан.
– Ҳа, албатта! Азизим Дэниэлнинг романи шундай деб номланганди. Бир қанча вақт у, агар хотирам панд бермаётган бўлса, ўша романига қаттиқ ёпишиб олганди. Бироқ бу унга муносиб машғулот эмасди – айтмоқчиманки, у бундан ҳам жиддийроқ иш билан машғул эди, мени тушуняпсиз, деб умид қиламан. Лекин мен буни енгиб ўтолмадим – аммо бу ҳақда унга айтманг – ваҳоланки, неча марта бошлашга ҳаракат қилганман!

6

– Сизга раҳмат, Ҳюз хоним. Бизга ғоятда катта ёрдам бердингиз.
Аёл бошини эгганича, дастрўмолини тортқилай бошлади.
– Айтинг-чи… Дэниэл… у ҳеч нарса… айтмоқчиманки, у бирор ёмон иш қилгани йўқми?
– Албатта йўқ, бу шунчаки оддий бир текширув. Ундан ташвишланманг, Ҳюз хоним.
– Баъзан у жуда эҳтиётсиз бўлиб қоларди. – У четга ўгирилганича, ўз ички дунёсига шўнғиди. – Агар унга керак бўлиб қолсам, хабар берасизми, жаноб Драйден?
Вэйд унинг қўлларини ўз кафтига олди. Дэниэл Ҳюз ҳеч қачон хотинининг ёрдамига муҳтож бўлмаган ёки муҳтож эмасман, деб ўйлаганлиги энди Вэйдга аён эди…
– Албатта, – деди у.
Вэйд чойни ичиб бўлгач, хайрлашди.
Вертолёт тепага кўтарилиши биланоқ Калифорния тумани ичида ғойиб бўлди. Вэйд Аризона томон учди.
Йигирма биринчи асрда у имкони бўлган барча ишларни қилди.
Энди ўтмишга жўнаш вақти етиб келган эди. Ўтмишга, Дэниэл Ҳюз ҳузурига…

7

Аризонадаги ноёб гўзалликка эга бўлган Оук-Крик дараси яқинида, Замонлар хавфсизлиги бошқармасига тегишли Йўналтириш Маркази жойлашган. Аммо кимдир Марказни шу ном билан атаганини Вэйд бирор маротаба эшитмаган; унга дахлдор ҳар бир одам, ашаддий қоғозбозлар бундан мустасно албатта, Вэйд уни Тортиш Станцияси деб атайди.
Табиийки, ҳеч ким муайян даврни муфассал ўрганмагунига қадар, замонлар оша саёҳат қилишга жазм этолмайди.
Мабодо кимдир Цицерон давридаги Римга боришни истаса, у лотин тилида мукаммал сўзлай олишни ўрганиши лозим, шунингдек, давримиздан аввалги биринчи аср Италиясининг турмуш тарзи ва маданиятини ҳам билиши керак.
Вақт қаърига саёҳат қилган кишининг бирор маротаба ҳам хато қилишга ҳаққи йўқ. Биргина ноўрин ҳаракатнинг кутилмаган оқибатлари, бутун бир тамаддуннинг ҳалокатига олиб келиши мумкин – ва ўша тамаддун сизники бўлиб чиқиши ҳам ҳеч гап эмас.
Ҳатто майда ҳодисалар ҳам минг йилликлар давомида қор коптокча каби катталашиб бориши мумкин.
Тортиш Станцияси ана шундай хатоларга йўл қўймаслик мақсадида ташкил этилганди.
Унинг ходимлари ҳеч қандай мансабдорларни тан олмайди; номзодларни шартта ёқасидан олиб, мияси тўлгунига қадар зарурий билимларни тиқиштираверишади.
Вэйд Марказнинг ертўласида ўн кун ётди ва шу вақт давомида бирор марта ҳам ҳушига келмади. У муҳрлаб қўйилган хонада шифтга қараганича ётар ва ҳар олти соатда унинг оғзига озиқлантирувчи хапдори ташлаб, бир стакан сувни томчилатиб ичиришарди. У сунъий уйқуда бўлиб, машиналар унинг бошига ўрнатилган митти электродлар орқали миясига ахборот оқимини жўнатарди.
Бу нарса ёқимсиз таассурот уйғотса-да, аммо айтишларига қараганда, унинг азобли оғриқлари хотирангизда сақланиб қолмас экан.
Тортиш Станциясида бўлиб қайтганидан кейин ҳам Вэйдни даҳшат ҳисси анчагача таъқиб этиб юрди. Ахборот жўнатувчи машиналар ўн кун давомида тингани йўқ.
Вэйд ўша даврдаги маҳаллий тилни ўзлаштириб олди – бу албатта, нахуатль тили бўлиб, бошқа ҳинду лаҳжалари ҳам аралашиб кетган эди. У тақвим тизимининг асосий даврлари билан ҳамда муқаддас тақвим – тоналпохуалли билан танишди. У маҳаллий «илоҳ»ларнинг кимлигини ҳам билиб олди: Хитцилопочтли – уруш тангриси, Тлалок – ёмғир худоси, Тонатиуха – қуёш маъбуди ва яна минглаб шундай «илоҳ»чалар. У мамлакат пойтахти – Теночтитландаги кўчаларнинг жойлашуви билан танишди ҳамда чинампас, яъни сузиб юрувчи боғларда тановулбоп ўсимликларни етиштиришни ўрганди.
Вэйднинг ўзи ҳам мамлакат ижтимоий тизимининг бир қисмига айланди, у коҳинларни ҳам, деҳқонларни ҳам тушуна бошлади, Бургут суворийси бўлиш нима эканини англаб етди. У обсидианни парчалашни ўрганди ва ёвуз кучлар билан қандай муносабатда бўлмоқликни ўзлаштирди.
Лекин энг асосийси – у 1445 йилда Марказий Мексикада яшашнинг нима эканини ҳис этди.
У ўзини мағрур ҳамда шафқатсиз, буюк ва сабрли ҳис эта бошлади.
У ниҳоят, инсон қанд ай қилиб лабларида табассум ва қалбида қувонч билан ўзини қурбон қилишини; коҳиннинг қип-қизил қонга беланган ҳолда эҳром қоясидан туриб, оломонга назар ташлаган чоғида нималарни ҳис этишини англади…
Вэйд Тортиш Станциясини тарк этган вақтда, қандайдир ўзгариб қолган эди. Энди эса ўша «ўзгариш» умрининг охирига қадар у билан бирга бўлиши аниқ.
Ҳейнрик Шамиссо вақт машинаси ёнида унга қўлини узатди.
– Патли ёпинчиқнинг зўрини топибсан! Уни эҳтиёт қил.
Вэйд кулимсираб қўйди, унинг мисранг-қизғиш юзида оппоқ тишлари ярқираб кўринди. У ниҳоят даражада ғайриоддий кўринарди. Устида узун қора ёпинчиқ, паҳмоқ сочларида эса қотиб қолган қон излари. Қулоғининг солинчаклари тарам-тарам қилиб қирқилган, шокила бўлиб осилиб ётарди.
– Омад тилайман, Вэйд.
– Мени кут, Ҳенк. Зерикма!
Вэйд машина ичига кирди ва эшикни беркитадиган механизмни ишга туширди.
У курсига ўтираётиб, патларни эзиб қўймаслик учун ёпинчиғини асталик билан тўғирлаб қўйди ва кута бошлади.
2080 йил, 28 апрель.
Чироқлар липиллаб, 2080 йил ҳам ортда қолди.
Вэйд оромкурсига чўзилиб, бир оз бўшашишга уринди.
У жойлашган машина кичик бир уйчадан унчалик ҳам фарқ қилмасди. Қўрғошин деворлар ёқимли оч ҳаворангга бўялган. Хонага каравот, кўзгу қўйилган, тўсиқ ортида – чўмилиш бурчаги. Деворга осилган сувратлар ҳам кўзга ташланмайдиган қилиб танланган. Жавон мутойибалар рукнидаги китоблар билан тўла.
Машина нима учундир Вэйдга доимо тиш шифокорининг хонасини эслатарди. У ўзи билан чубуғини олмаганига афсусланиб, кўзини юмди. 1445 йилгача ҳали тўрт соат бор, шу боис кутишдан бошқа чора йўқ. Хонага бирорта дераза ўрнатилмаган, бўлганида ҳам барибир томоша қиладиган нарсанинг ўзи йўқ эди.
Унинг фикрлари вақт машинасини ҳам ортда қолдириб, олға интиларди.
Ортга, тарихнинг чалкаш йўлаклари орқали, Хиросимани ортда қолдириб, президент Линкольнни четлаб, Америкада оқ танли одам пайдо бўлишидан аввалги Буюк текисликлардаги ёввойи ҳўкизларни четлаб ўтиб, Мексика тоғлари ва чангалзорларига – ҳали Мексиканинг ўзи мавжуд бўлмаган даврлар томон олға…
2080 йилдан 1445 йилгача – олти асрдан салгина ортиқроқ, бор-йўғи 635 йил, қўшма Штатлар эса ҳали тасаввурда ҳам йўқ.
Замон йўлаги бўйлаб олға.
Дэниэл Ҳюз сари олға.

8

Бу хўп ғалати нарса – замонлар оша саёҳат, – ўйлади у, – ғаро-йиб ва айни пайтда ниҳоят даражада оддий.
Кўплаб йиллар давомида, замонлараро саёҳатлар воқеликка айлангунига қадар, турли йўналишдаги мутафаккирлар, вақт ичига кириб боришда юзага келадиган эҳтимолли оқибатлар ҳақида фикрлаб, турли башоратлар қилишарди. Бу башоратларнинг айримлари жиддий, бошқалари шунчаки кулгили, аммо ҳаммаси у ёки бу жумбоқларга ва фаразларга асосланганди. Одамлар бу ғоя билан мушук-сичқон ўйнагандек ўйнар эдилар.
Фараз қилайлик, ёндош замон йўлаклари, турли имкониятлар мавжуд.
Фараз қилайлик, қайсидир бир замонда сиз ўз-ўзингизни учратиб қолдингиз.
Воқелик эса ҳам содда, ҳам мураккаб эди.
Агар инсониятнинг ўзи зиддиқоидавий, яъни парадокс бўлмаса, табиатда зиддиқоидавий нарсанинг ўзи йўқ. Зиддиқоидалар фақатгина мантиқий тизимларда, фалсафий тамойилларда – қисқаси, фақат кишиларнинг тафаккурида мавжуд.
Башариятнинг энг қадимий орзуси армонлигича қолди: инсоният учун келажак мутлақо ўтиб бўлмас тўсиққа айланди. Чунки келажак – том маънода вақтнинг айни даврида мавжуд эмас; айнан шу боисдан ҳам у келажак, деб аталади. Модомики, у мавжуд эмас экан, унга киришнинг иложи йўқ. Доимо шундай бўлиши мумкинки – келажак умуман мавжуд эмас.
Келажакка кириб боришнинг фақат битта йўли бор. Ҳар бир эркак, ҳар бир аёл, ҳар бир гўдак бутун умри давомида келажак бўйлаб саёҳат қилади – тирикликнинг мазмуни ҳам ана шунда. Ҳамма биргаликда ва бир вақтда, ҳар бири алоҳида тарзда одамзод қадамба-қадам, лаҳзама-лаҳза, ўзгаришларга бўйсунмайдиган, узлуксиз бир ривожланишда келажак қаърига кириб боради.
Ўтмиш мавжуд, чунки у бўлган. Мана улар, йилномаларга муҳрланган тарих кечмишлари.
Ҳозирги замон ҳам мавжуд: сурилиб бораётган ўтмишнинг энг чеккасида инсон фаолиятининг янги излари сал-пал кўзга ташланиб қолади ва ғойиб бўлади. Албатта, ҳозирги замон бу – шунчаки бир ғоя, у шундайин бир тезликда келиб-кетадики, уни ушлаш, тутиб қолиш, тўхтатиш ва: «Мана ҳозирда, мана шу онда ҳозирги замон кўз олдимизда турибди!», дейишнинг имкони йўқ. Чунки биз шу сўзларни айтаётган вақтимизда, ҳозирги замон ўтмишга айланиб улгуради.
Шунга қарамасдан, ҳозирги замон лаҳзасининг оний бир зарраси ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Одатда, барча тарихий ҳодисалар бир лаҳзада – ҳозирги замоннинг тутқич бермас сониясида юз беради.
Агар ўтмиш ўзгартирилса нима бўлади?
Фараз қилайлик, масалан, Римни кичик бир қишлоқ пайтидаёқ йўқ қилиб юборишди. Айтайлик, этрусклар умуман мавжуд бўлмаган. Борингки, Рим салтанати умуман бўлмаган. У ҳолда нима бўлади?
Бир қарашда бунинг жавоби оддий туюлади. Вэйд Драйденни ҳозирги замонга олиб келган ўтмишда Рим салтанати бор эди. Буни ўзгартириб бўлмайди.
Агар бу қандайдир тарзда ўзгартирилса, айни пайтда мавжуд бўлган ҳозирги замоннинг борлиги ҳам имконсиз бўлиб қолади.
Демак, имконсиз нарса – мавжуд нарса эмас.
Ҳақиқатан ҳам бу ҳол зиддиқоида бўлиб туюлади. Агар ўтмиш мавжуд бўлса, уни ўзгартириб бўлмайди ва у муайян ўтмишга олиб келувчи ўтмишлигича қолаверади. Аслида бунда нима юз беради?
Электрон-ҳисоблаш машиналаридан жавоб олинди.
Шохлаб кетган улкан бир дарахтни тасаввур қилинг. Шу дарахтнинг илдизларини ҳам тасаввур этинг, чуқур илдизлар, агар уларни кавлаб олсангиз, албатта нобуд бўлади. Ҳар бири ўзича ноёб бўлган новдалар ва баргларни ҳам хаёлингизга келтиринг.
Энди болта кўтарган ўтинчини тасаввур қилинг. Болта дарахтнинг танасига ботиб, шу билан уни ўзгартиради.
Вақт муаммоси билан шуғулланувчи давршунос олимлар бу ҳодисани «кесма» деб атайдилар.
Дарахтнинг кесилган жойидан юқорида бўлган қисми йиқилади. Барча шохлар ва барглар аввалгидек мавжуд, аммо улар нобуд бўлган. Дарахтнинг кесилган танаси, қачонлардир тирик эди, энди эса у бир ёғоч хода холос; у янги ўзакда ривожлана олмайди. У ғўла сифатидагина мавжуд; у йўқликка ва чиришга маҳкум.
Кесилган жойдан пастда эса тирик илдиздан янги новдалар ўсиб чиқади. Балки янги дарахт эскисига жуда ўхшаш бўлар, лекин барибир бу энди бошқа дарахт.
Агар дарахтнинг юқори шохларига уя қурган бўлсангиз, у ҳолда хулоса аниқ: «Ўтинчи, бу дарахтга тегма!».
Вэйд соатга қаради. У икки соатдан бери шу ерда, вақт машинаси ичида. Ташқарида, агар бу сўз даврийлик майдонида қандайдир маънога эга бўлса, уч асрнинг шарпалари шитирлаб ўтди. У ҳозир қаердан ўтяпти экан? 1776 йилдами? Ёки 1700 йилдамикан?
Бу шунчалик муҳимми?
Вэйд қулайроқ жойлашиб олди ва ичидан кучайиб келаётган асабий зўриқишни босишга уринди.
Дэниэл Ҳюз ўз отлари билан 1445 йилга тушгач, ўтмишнинг бир қисмига айланди. Шу боис уни ўтмишга йўл олган вақтидан илгари тўхтатишнинг иложи йўқ.
Вақтга бўлган саёҳатларда зиддиқоидалар бўлмайди.
Умуман, бу отлар қандай аҳамиятга эга бўлиши мумкин?
Вақт саёҳатчисининг биринчи қоидаси шундай: худди ҳамма каби бўл.
Агар сиз Крит оролига, унинг аҳолиси дунё мўъжизаси бўлган даврга сафар қилсангиз, сиз улар каби ўйлашингиз, уларнинг қиёфасида кўринишингиз ва энг асосийси, улар каби саъй-ҳаракатда бўлишингиз лозим.
Ҳеч нарсани ўзгартирмайсиз. Ҳамма нарсани қатъий ўз ҳолича қолдирасиз.
Бу нима – некбинлик майлиданми? Жуда унчаликмас.
Энг аввало бу – яшаш истаги.
Энди отларга қайтайлик – 1445 йилдаги Мексика уюрлари.
1445 йилда на Шимолий, на Жанубий, на Марказий Америкада отлар бўлмаган – Вэйд Драйден яшаётган ҳозирги замонга олиб келувчи ўтмишда отлар бўлган эмас. Америкада отлар тош асрининг охирларидаёқ қирилиб кетган ва фақат 1519 йилда испанлар келгусидаги Вера-Крус шаҳри ўрнига келиб тушганларидагина пайдо бўлган.
Отлар қандай аҳамиятга эга бўлиши мумкин?
Испанлар пайдо бўлгунларига қадар Янги Дунёда камида учта юқори даражада ривожланган тамаддунлар бўлган. Майялар «ноль» тушунчасини ҳиндулардан илгарироқ кашф этганлар, инклар эса Перуда биринж асрида яшаганлар.
Жамиятлар, халқлар табиат эҳсонларини ўзлаштириб борганлари сари, ривожланаверади. Бутун Америка бўйлаб, шимолдаги эскимослардан то жанубдаги уналарга қадар ҳинду қабилаларининг ривожи кучли уй ҳайвонларининг йўқлиги туфайли тўхтаб қолган.
Давримиздан аввалги тўртинчи минг йилликдаёқ ҳиндулар буғдой етиштирганлар, аммо уй ҳайвонларидан уларда фақатгина итлар ва ламалар, шунингдек, денгиз чўчқаси ҳамда курка каби ғаройиб жониворлар бўлган. Итлар ва ламалар, шунингдек, ламанинг қариндоши – альпаналардан улов ҳайвонлари сифатида фойдаланилган, аммо уларнинг барчаси бундай иш учун мослашмаган эди.
Уловбоп ҳайвонларнинг йўқлигини шунчаки билимсизликка ёки маданиятсизликка ҳам йўйиш мумкин, аммо гап бошқа ёқда.
Агар юртингизда йирик шохли чорва бўлмаса, сигирни хонакилаштира олмайсиз. Агар сизда от бўлмаса, отни ҳам бўйсундира олмайсиз.
Янги Дунёда жуда катта миқдорда ёввойи ҳайвонлар – буғу, қуён, айиқлар, турли мушуклар бўлган. Аммо юк ташиш учун керакли ҳайвонлар бутун қитъада йўқ эди. Бу ишга яроқли бўлган бизонларни эса, ҳатто, ХХ асрда қўшма Штатларда бир қанча мукаммал илмий услублар қўлланганидан кейин ҳам, хонакилаштириб бўлмади.
Буюк текисликларда ҳаёт кечирган Шимолий Америка ҳиндуларига эътибор беринг. Испанлар томонидан Америкага келтирилган отлар, уларнинг қўлларига тушгунига қадар, Америка ғарбининг афсонавий ҳиндулари қашшоқликда кун кечирганлар. 1600 йилга қадар бирорта ҳам америкалик ҳинду от минган эмасди. Шейяннлар Миннесотада буғдой етиштирганлар. Команчлар, Миссисипи водийсидаги ночор қабила бўлган Буюк текисликлар рамзи бўлмиш дакоталик сиукслар, Миссисипи дарёси бўйларида зироатчилик билан шуғулланганлар.
Шимолий Америкада отлар пайдо бўлгунига қадар бизонлар ва ҳўкизлар озуқа манбаси бўлган, аммо бу фақатгина тасодифий ва ишончсиз манба. Ваҳоланки, Буюк текисликлардаги ҳиндулар ҳаёти бизонларга боғлиқ бўлган. Ҳукумат бизонларни қириб ташлаши билан ҳиндуларни ҳам ҳалок этди.
Отларни Испаниядан Нью-Мексикага келтиришди. Шундан сўнг маданият даражаси ҳам кўтарилди. Энди ҳинду қабилаларининг емиши етарли эди, улар кўчиб юриш имконига эга бўлдилар. Кўплаб қабилалар Буюк текисликларда қўним топишди. Илгаригидек тош асрида яшаб келаётган европаликларга маълум бўлган жанговар ҳаракатларни юритиш услублари ва техникаси ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмаган ҳиндулар, Шимол ва Жануб ўртасидаги урушга қадар АҚШга қарши муваффақиятли жанг олиб бордилар.
Агар, отлар ҳақиқатан ҳам юқори тараққий этган тузум шароитларида испанлар босқинидан бир неча йил аввалроқ пайдо бўлган, деб фараз қилсак-чи?
Дастлабки вақтларда Кортесга ва унинг аскарларига ҳеч ҳам осон бўлмаган, аммо улар қабилаларни Монтесума Иккинчига қарши исён кўтаришга кўндирдилар. Гарчи Кортес ниҳоятда маккор ва қобилиятли саркарда бўлса-да, у кетма-кет мағлубиятга учради, унинг қўшини тор-мор қилинди, фақатгина унга содиқ бўлган, унинг аскарларидан анчагина кўп бўлган тлакскаланлик жангчиларнинг кўмакларигина Кортесни муқаррар ҳалокатдан асраб қолди. Охир-оқибат у ариқларни бўғиб, пойтахтда очликни юзага келтириб, Теночтитланни ўзига бўйсундирди.
Агар 1445 йилда Мексикада отлар бўлганида эди, Монтесуманинг отлиқ лашкари бўларди ва муҳими, худди қадимги Римдаги каби тезчопар отлар ёрдамида алоқа боғлаб туриладиган ҳақиқий ягона салтанатга эга бўларди.
Ғилдирак ҳам оддий ўйинчоқ бўлмай қўярди.
Янги дунёнинг энг барқарор тамаддуни 1521 йилда таг-томири билан қўпориб ташланмаган бўларди. У гоҳида, испан кемаларида етказиб турилган ёрдамчи кучларга қарши юз йиллар давомида муваффақиятли қаршилик кўрсатиши, ҳатто зафар қозониши ҳам мумкин эди.
Шуниси равшанки, бундай ўтмиш билан Вэйд яшаб турган 2080 йилдаги дунёнинг мавжуд бўлиши амримаҳол бўларди.
Шу боисдан ҳам отларни, улар ҳаёт зайлига таъсир кўрсатмасларидан аввалроқ мусодара қилиш керак. Дэниэл Ҳюзни дарҳол тўхтатиш лозим эди.
Вақт машинаси жимиб қолди. Яшил чироқ чақнади. Вэйднинг иккиланиши мумкин эмасди. У эшикни очди ва ташқарига чиқди. У ўзининг қаерда эканини бутун вужуди билан ҳис этмоқда эди.
Шубҳасиз, унинг қаршисида – дунёга маълум энг ғаройиб маданиятлардан бири турарди.
Марказий Мексика, 1445 йил. Ацтеклар.
Вэйд Койоаканадан жануброқдаги дарахтзорга келиб тушганди. Барглар орасидан ёрқин қуёш нурлари тўкилиб турарди. Кун илиқ. Аммо кўл тарафдан намлик уфурмоқда. Вэйд кечга бориб ҳаво сал-қин ва ёқимсиз бўлишини тушунди.
Вэйд дарахтлар панасидан чиқди ва кенг сўқмоқ бўйлаб кичкина Койоакан қишлоқчаси томон йўл олди. У қишлоқда тўхтамай, Тескоко кўлидан шимол томонга қараб йўналган тўғон бўйлаб юришда давом этди.
Кўл юзасининг у ер-бу ерида нуқтадек бўлиб қайиқлар кўзга ташланар, тўғоннинг ўзида ҳам йўловчилар анчагина эди. Унинг йўлида учраган ҳиндуларнинг кўпчилиги сочини узун ўстириб олган, сонига боғич боғлаган, бир елкасига ёпинчиқ ташлаб олган ҳамда оёғига чармдан шиппак кийган эркаклар эди. Улар Вэйдни кўришлари биланоқ ўзларини четга олиб, унга йўл беришар ва у олдинга тикилганича одимлаб бораверарди.
Нефрит ва феруза қадалиб, зеб берилган либосдаги бадавлат бир савдогар у билан саломлашишга журъат этди; Вэйд унинг саломига совуққина жавоб қайтарди.
Коҳинлик либоси уни ўткинчилар билан суҳбатлашиш заруратидан ҳимоя этар ва оддий халқнинг ўзи ҳам имкон қадар унинг назарига тушмасликка ҳаракат қиларди.
 Тўғоннинг икки томонини эгаллаб ётган сув, аста-секинлик билан ўз ўрнини сабзавот экилган кичик, балчиқли ям-яшил оролчаларга бўшатиб бера бошлади. Ертўлаларда яшовчи деҳқонлар уларни парвариш қилишарди.
Бундай сузиб юрувчи полиз ўсимликларининг илдизлари кўл тубига маҳкамроқ илингани сари кўпайиб бораверарди ва кўл торайиб бориб, тўғоннинг икки томонидаги иккита ўқариққа айланганди.
Ҳар жой-ҳар жойда лойдан тикланган кулбалар кўриниб қолади, узоқда, олис тоғлардаги вулқон ўймалари атрофида Вэйд йирикроқ биноларни ҳам фарқлай бошлади.
Энди тўғонда одамлар яна ҳам кўп эди – патлардан бош кийим кийиб олган мансабдорлар, асо тутган чопарлар. Маҳсулотларга тўла қайиқлар, ариқлар орқали шаҳар томон асталик билан сузиб борарди.
Вэйд кўз олдида ястаниб ётган бу шаҳарда уч юз мингдан ортиқ одам яшашини биларди. Бу асло қишлоқ эмасди, шунга қарамасдан ҳайратланарли даражада сокин эди. Фақатгина ариқлардаги сувнинг майин шовуллаши, тоғ қояларидан эсаётган шамолнинг гувури ва шивирлаган товушлар эшитиларди, холос. Бу ерда йўллар ўрнига ариқлар бўлиб, бутун бошли шаҳарда на битта арава ва на бирорта улов ҳайвони бор.
У қизил-оқ рангли тошлардан тикланган бино томондан келаётган кулгини ва чалпакларни пишириш жараёнидаги кафтларнинг шапати овозларини эшитди.
Энди коҳинлар кўпроқ учрай бошларди ва хушбўй ҳавода муаттар ҳид анқир эди.
Айрим коҳинлар Вэйдга ҳайрат билан қарашар, аммо уни гапга тутишмас эди. «Шаҳар ҳаётининг афзалликларидан бири шундаки, – Вэйднинг миясидан ўтди, – ҳар бир ўткинчини юзидан таниб олиш мумкин эмас».
Вэйд йўлида давом этаркан, тез орада ёқимсиз, қўланса бир исни туйди.
У бунинг нима эканини биларди, лекин барибир ходаларнинг узун қаторларини кўрганида титраб кетди. Улар тўртта эди – бутхонанинг ёнгинасида ерга кўмиб қўйилган найзасимон ходаларнинг тўртта узун қатори. Бу ходаларга минглаб одамларнинг калла суяклари илиб қўйилганди.
Албатта, ҳиндулар коҳинни кўришлари биланоқ четлашиб, унга йўл берардилар.
Эҳромлар қуёшга қараб бўй чўзган, бир бурчида эса мамлакат ҳукмдори Монтесума Биринчининг саройи кўрк очиб турган улкан очиқ майдон орқали ўтиб борар экан, Вэйд ариқ бўйлаб юрди ва Тлалтелолко бозорига чиқди. Бу – тарошланган тошлар терилган майдон эди, четлари бўйлаб қатор айвончалар қурилган бўлиб, сотувчилар у ерга ўз молларини ёяр эдилар. Сабзавотлар, бўйралар, обсидиандан ишланган асбоб-ускуналар, патлар, қимматбаҳо тошлар – бу ерда ҳар бир товарнинг ўз ўрни бор. Сабр-тоқатли ҳинду аёллари савдо-сотиқ ва айирбош қилишарди, баъзан какао донларини пул ўрнида ишлатишар, гўёки вақт ҳам кечки офтоб нурларидан шуълаланиб турган бозор майдонига ўз ҳукмини ўтказа олмайдигандек – у шу қадар сокин кўринар эди.
Ҳатто шу ерда ҳам ацтекларнинг турмушини белгилаб берувчи асосий нарса сезилиб турарди. Бозордан сал нарироқда, қўшдевор ортида Тлалтелолко бутхоналари кўзга ташланиб турарди. Улар орасида уруш маъбудининг улкан эҳроми қад кўтарган. Унинг тепасида кўзлари обсидиандан ишланган паст бўйли Хитцилопочтл ва Тецкатлинокка бағишланган жуфт бутхона бор.
Эҳромлар узун, қоп-қора соя ташлаб турарди.
Вэйд замонлар оша кўчиб ўтишнинг ҳайратомуз ҳиссини туйди. Унинг теварагидаги шаҳар ғаройиб даражада воқеий эди – Вэйд уни кўриб, эшитиб, ҳис этиб турарди. Уни ўраб турган одамлар – болалар, аёллар, жангчилар, қуллар, хизматчилар – кулар эдилар, сўзлашардилар, қўрқувни ҳис этардилар.
Лекин шунга қарамасдан Вэйдга, у худди мозий асрлар оралаб бораётгандек, бутун атроф эса юз йилликлар гардига кўмилиб кетгандек туюларди. У ҳозир юриб бораётган йўл бўйлаб ацтеклар пойтахти – Тепочтитлан шаҳрига кириб боради. Яна бир неча юз йилликлардан кейин Тлекоко кўли қурийди ва орол бошкент – Теночтитлан Мексиканинг бош шаҳри Мехико-ситига айланади. Запата исмли бошқа бир ҳинду эса халқни яна испанларга қарши курашга чорлайди…
Вэйд асрлар мусибати ҳамда машаққатларини ҳис этди.
Аммо у қайғули фикрларни шууридан чиқариб ташлади. Агар у қатъий ҳаракат қилмаса, ўзи билган тарихи воқеликка айланмайди, ацтек дунёси илдизларидан эса янги тарих ўсиб чиқади.
Вэйд иршайиб турган калла суяклари ёнидан жиддий қиёфада ўтиб, улкан бутхонанинг ярим зимистон қаърига кириб кетди.

9

Ибодатхона ташқаридан маҳобатли кўринса-да, ичкариси ғаройиб бир зулматга чўмган. Маконининг асосий қисмини улкан деворлар эгаллаган; ацтеклар ҳақиқий аркалар ҳақида тасаввурга эга эмасликлари боис, ибодатхонанинг сербезак томини кўтариб туриш учун қандайдир тиргак керак бўлган. Таянч сифатида эса улар қатор-қатор деворларни қураверганлар. Қаердандир юқоридан, устунлар орасидан заифгина ёруғлик сизиб кирар, бироқ умумий таассурот юракда ғашлик уйғотарди.
Коҳинларнинг сир-асрорларидан сабоқ олаётган болалар гуруҳига аҳамият ҳам бермасдан, Вэйд бутхонанинг ўнг томонидаги торгина бир хонага кирди.
Хонада коҳин турарди: қора кўзлари тешиб юборгудек ўткир, паст бўйли семиз одам эди.
Вэйд у билан қуруққина саломлашди, имкон қадар ўзининг бу ерда бўлишига тўла ҳақли экани ҳақида таассурот уйғотишга уринди.
– Хўш? – деди коҳин нахуатил шевасида.
Вэйд вазиятни бир оз бўрттиришга қарор қилди – ортиқча ваҳима зарар қилмайди.
– Мен – Тескоколик буюк Тецкатлипокнинг хизматкори бўламан, – у ҳам худди шу шевада жавоб қайтарди. – Мен ҳузурингга сенга ини сифатида ташриф буюрдим, зеро сенинг заковатинг барчага маълумдир.
Коҳин бу хушомадга парво қилмасдан, киноя билан томоқ қириб қўйди.
– Бизнинг бутхонамизга нима учун келдинг, тескоканлик одам?
– Сенга хабар келтирдим, – тантанавор тусда давом этди Вэйд, – Менга ёвуз аломатлар рўё бўлди ва мен билан ғаройиб мўъжизалар юз берди.
Коҳин кўксига қўлларини чалкаштирди. Қора кўзлари Вэйдга ошкора ишончсизлик билан тикилди.
– Қани, гапир-чи.
Вэйд ваҳимани янада бўрттирди.
– Айни пайтда, Тўрт Зилзила йилида, – Вэйд бетўхтов бидирлашни бошлади, – мен ғалати тушлар кўрдим ва ўз шаҳримда ажабтовур ҳодисотга шоҳид бўлдим. Мен тушимда, ўзи билан даҳшатли тўрт оёқли маҳлуқларни олиб келган нотаниш одам пайдо бўлганини кўрдим, бунақасини илгари ҳеч қачон кўрган эмасман. Бугун эса шаҳарда ўша одамни ва у билан элликта жаҳаннам мавжудотларини учратдим. – У диққат билан коҳиннинг қандай таъсирланишини кузатди, аммо коҳиннинг ҳиссиз юзидан, у гапнинг нима ҳақда бораётганини билиши ёки билмаслигини англаб бўлмасди. Наҳотки у Ҳюзнинг пайдо бўлганидан ҳанузгача бехабар бўлса? – О, катта оға, буни мен – буюк Тецкатлинокнинг хизматкори айтмоқдаман, бу иблислар бизга Мурдалар ҳукмдори – Миктлантекутл томонидан юборилган. Ўша ёт кишининг айтишича, у бизга гўёки дўст эмиш, аслида у барчамизни ўликлар салтанатига олиб кетиш учун келган.
– Бизнинг нима ишимиз бор? – деб сўради коҳин ҳиссиз бир овозда. – Сен Тескоко ҳақида гапиряпсан: биз эса Тлалтелолкода яшаймиз.
Вэйд совуқ илжайиб қўйди ва қабилалар ўртасидаги азалий зиддиятлардан фойдаланишга қарор қилди. Келажакдан хабардор кишининг имкониятлари чексиз, ўйлади у, чунки коҳин, ҳатто хаёлига ҳам келтиролмайдиган нарсалардан Вэйд хабардор эди – бир неча йилдан сўнг Теночтитлан Тлалтелолкони забт этади ва ўз ҳудудига қўшиб олади.
– Мен сенга хабар бераётган одам, – деди у, – фикран Теночтитланнинг ҳукмдори Монтесума билан сўзлашаётиб. Бу унинг фақатгина орзуси эмас – у Монтесума жангчиларини бу иблислар билан муносабатда бўлишга ўргатяпти ва Тлалтелолкодаги Тецкатлипок ибодатхонасини ҳозирданоқ ўзиники деб ҳисобламоқда.
Коҳин титраб кетди. Вэйд эса ўқнинг нишонга бориб текканини сезди. Тлалтелолко ва Теночтитлан ўртасидаги рақобат тобора зўрайиб борар ва ўзаро шубҳа-гумонларни алангалатиш ниҳоятда осон эди.
– Мақсадинг нима? – деб очиқчасига сўради коҳин.
Вэйд гапнинг тўғрисини айтиб қўяқолишдан тийилиб, башоратчилик билан гапни чалғитишга уринди:
– Сенга гапим шу, о, катта оға: ўша одам ва унинг иблислари йўқ қилинмоғи лозим. Агар улар Мурдалар ҳукмдорининг ўзига қайтариб юборилмаса, мамлакат осмонини пўлат тумшуқли қушлар қоплайди. Ва ўшанда, орадан ўн йил ўтиб, Янги Олов Маросимининг вақти келгач, одамлар очликка дучор бўладилар, ерларда умуман буғдой унмайди. Сиз ўз фарзандларингизни қурбонликка бағишлайсиз, лекин барибир осмондан ёмғир ёғмайди. Ва шунда Юлдуз Тепалигида Янги Олов ёқилади, олов ўчади ва мамлакат узра абадий зулмат ҳукмронлик қилади.
Вэйднинг сўзлари коҳинга таъсир этгандек эди гўё; аммо бу аниқ сезилмасди. Вэйд унга 1451 ва 1456 йиллар орасида қаҳратон совуқлар ва тўфонлар оқибатида даҳшатли очарчиликларнинг рўй беришини айтмади. Аммо ўша ҳодисалар юз бергач, унинг башоратларини ёдга олишлари Вэйдга маълум эди.
– Менга исбот керак, – деди коҳин. Чамаси, уни ҳар нарсада айблаш мумкин эди-ю, фақат иримчиликда эмас.
Вэйд пичирлашга ўтди:
– Бир кун ичида ўша иблислар Тескокодаги ўз қурбонларини ҳалок этдилар. Агар улар тўхтатилмаса, бу ерга ҳам етиб келишади. У коҳинга тикилганича, яна битта омади гапни айтди. – Улар бизнинг ҳудудларимизга таҳдид қилишмоқда.
Коҳиннинг кўзлари маъносиз эди.
Вэйд энди хавотирга туша бошлади – унинг суҳбатдоши ниҳоят даражада бадгумон эди.
– Сўзларимни бошқаларга ҳам етказ, – гапини тугатди Вэйд. – Менинг қудратимдан шубҳа қилма.
У ўз ортидаги тош тўшама устига иккита тутовчи портлагични ташлади, орқага бир қадам қўйди ва бир зумда бутхона ичини қоплаган қоп-қора тутун парда орасида ғойиб бўлди.
Коҳин кутилмаган бу ҳодисадан ўзига келиб улгурмасидан Вэйд бутхонадан чиқиб, майдондаги одамлар тўдаси ичига сингиб кетди. Атрофда шунчалик кўп коҳинлар юрганида яна битта коҳин келиб қўшилгани кўзга ташланмайди.
Демак, биринчи қадам ташланди, аммо унинг қанчалик муваффақиятли бўлгани Вэйд учун қоронғи эди. Ацтеклар жамияти беҳисоб коҳинлар тўдаси томонидан бошқариладиган, руҳонийлар ҳокимияти эди. Агар коҳинларга ёқмай қолсанг, исмингни ҳам, жисмингни ҳам балчиққа булғаб ташлардилар.
Вэйд Тескоко кўли соҳили томон шошилди, катта қайиқ олди ва сокин оқшом қоронғисида шимол томон эшкак эшиб кетди. Олдинда эса Тескоко ястаниб ётар, у ерда қирол-шоир Нецахуалкоатл яшарди.
Узоқларда эса Вэйднинг шу жойларга келишига сабабчи бўлган инсон – Дэниэл Ҳюз бор эди.

10

Вэйд кўлнинг шарқий соҳилидан Тескоко шаҳрига етиб келганида, қирмизи оймома тоғ ўркачлари тепасида бамайлихотир сузиб юрарди. Тун эса рутубатли ва сокин эди, баъзида итлар дарғазаб ҳуриш билан Вэйдни кузатиб қолардилар.
У Дэниэл Ҳюзнинг уйини қийинчиликсиз топди. Бу – тол новдаларидан тўқилиб, ташқари томонидан лой билан сувалган, Тескоконинг бир чеккасида жойлашган ғарибона кулба эди. Уй орқасида эса оддий ғўлалардан тикланган отхона бор эди.
У отларни кўрди – уларнинг беҳаловат шарпалари кўтарилиб келаётган ойнинг кумушранг шуъласида равшан кўриниб турарди. Бу манзарада ёвузликдан ҳеч қандай асар йўқ эди; шунчаки отлар шу ерда, қўтонда туришар, гўёки бу уларнинг доимий жойларидек. Одатдаги оддий отлар.
Улар, очиғини айтганда, кобальт бомбаси каби хавфли эмас эдилар.
Тулпорлар ҳарбий қўшин каби қирғинбарот учун яралган эмасдилар. Аммо нима бўлишидан қатъи назар, улар ўз жойларидан ва ўз даврларидан ташқарида бўлиб, бу ажал каби хатарли эди.
Вэйд тараддудланмади. Отларни ҳеч ким қўриқламаётганди ва ҳеч ким Вэйднинг бу ердалигини билмасди. Бундай қулай имконият бошқа ҳеч қачон бўлмайди ва у мана шу имкониятдан фойдаланмаса бўлмайди.
Отхонада бир айғир нимадандир безовталаниб, қаттиқ кишнади.
Вэйд эҳтиёткорлик билан хода тўсиққа яқинлашди, сув турган ёғоч новга отларни талвасага солувчи хапдори ташлади. Дори сувни енгилгина чапиллатиб, новнинг тубига чўкди. Отлар безовталана бошладилар. Вэйд кескин ҳаракат қилмасликка интилиб, асталик билан отхонадан узоқлаша бошлади. Қўзғатувчи хапдорилар ўн беш соатдан кейингина таъсир қила бошлайди. Улар отларни ўлдириш учун эмас, балки талвасага солиш учунгина керак. Тўғри, агар бирор заҳар танланганда оғу албатта ҳеч бўлмаганда отларнинг бир қисмини ўлдириши мумкин эди. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳозир отхонада эканига Вэйднинг ишончи комил эмасди. Бошқарма агентларига номаълум бўлган бирор бошқа жойда ҳам Ҳюзнинг отлари бўлиши мумкин эди. Нима бўлганда ҳам Вэйд отларни қандайдир қўрқинчли, ғайритабиий мавжудотларга айлантириши лозим эдики, то Кортес келгунига қадар Мексика тупроғи томон бир умрга уларнинг йўллари тўсилсин.
Энг яхши восита – хавфнинг олдини олиш.
Бунинг учун у барча отлардан қутулиши шарт эмас; уларни сафдан чиқаришнинг ўзи кифоя. Эрталаб отхонадан топиладиган бир нечта айғирнинг жасади, отлар ҳам бошқа жонзотлар каби ўлувчан эканини исботлаб беради, холос. Аммо йигирмата ёки ўттизта ақлдан озган отлар эса – бутунлай бошқа, ёддан чиқмайдиган иш бўлади.
У уйнинг олдига келди. Уй эшиксиз бўлиб, девордаги тирқишга шунчаки чойшаб тортиб қўйилган эди. Вэйднинг кўзи шундоққина кириш олдига илиб қўйилган, бир учи сиртмоқланган пишиқ арқонга тушди. У сезилар-сезилмас тиржайиб қўйди ва лойсувоқли деворни астагина тақиллатди.
Сокинлик. Кейин қадам товушлари эшитилди. Аввал чойшабни четга суриб ташлаган қўл кўринди, кейин Вэйднинг қаршисида Дэниэл Ҳюз пайдо бўлди.
У ўзининг фотосуратларига унчалик ўхшамасди – оқарган сочлари қора рангга бўялган, бадани мисранг-қизил тусга кирган; у сонбоғич боғлаб, елкасига эса енгсиз чакмон ташлаб олганди.
Аммо ёқимли мовий кўзлари аввалги ҳолича қолган, юзидаги самимийлик ифодаси ҳам кўпни кўрган киши қиёфасини сақлаб қолганди.
– Салом, Дэн, – деди Вэйд инглизчалаб. – Кирсам майлими?
Кўринишдан Ҳюз ҳечам ҳайрон бўлмади, мабодо ҳайратга тушганида ҳам, Вэйд буни сезишга улгурмасданоқ ўзини тутиб олди.
– Вақт анча бемаҳал-ку, – жавоб берди Ҳюз юмшоқ оҳангда хушмуомалалик билан, – модомики келган экансиз, марҳамат. Мен сизни кутгандим.
Вэйд бир оз саросимага тушди-ю, буни сездирмасликни уддалади. «Минг лаънат, – ўзича ўйлади у, – агар муваффақият қозонишни истасам, демак Ҳюзни ўз қуроли билан маҳв этишим лозим».
У кулбага кирди.
Ичкари ҳам худди ташқаридаги каби соддагина эди – бўйралар, ёғоч курси ва хонтахтага ўхшаш яна бир анжом. Ошхона уйга тақаб қурилган ҳужрада жойлашган бўлиб, бинонинг ўзи уй билан ошхонанинг ўртасига қурилган ўчоқнинг хира шуъласида ёришиброқ турарди. Шунга қарамасдан уй илиқ, қуруқ ва шинам эди.
Аёл кишининг қомати – ғира-ширадаги заифгина шарпа – енгил одим билан бурчакдан чиқиб келди ва ҳеч қандай товуш чиқармасдан ошхонага ўтиб кетди. У кўздан ғойиб бўлмасидан олдин, Вэйд унинг юзига бир сония назар ташлашга улгурди – у йигирма ёшлардаги ғаройиб ҳуснга эга бўлган ҳинду қизи эди.
Дэниэл Ҳюз бўйрага чордона қуриб ўтириб олди.
– Сизнинг мендан битта устунлигингиз бор, – деди у хотиржамлик билан. – Мен сизнинг исмингизни билмайман.
– Драйден. Вэйд Драйден.
– Демак, Вэйд. Сиз, албатта Замонлар хавфсизлиги бошқармасидан бўлишингиз керак. Ўзингни «вақт» деб аталувчи бир нарсанинг ҳукми остида ҳис этиш ғалати-а, шундай эмасми? Бу ерда мен ўзимни уйдагидек ҳис этяпман… Марҳамат, ўтиринг.
Вэйд ўтирди. «Унда кишини ўзига тортадиган нимадир бор, – деган фикр Вэйднинг хаёлидан ўтди, – бундан ташқари мана шу ёқимли табассум ортида беназир ақл-заковат яширинган».
Ҳюз қўлларини кўкси устида қовуштирди.
– Мен гапни айлантиришни ёқтирмайман, Вэйд, – деди у. – Келинг, яхшиси очиқчасига мақсадга ўтайлик. Умид қиламанки, мен ақли ноқислар сирасига кирмайман, очиғини айтсам, шу боис ҳам Бошқарма вакилининг ташрифини олдиндан кўра билганман. Бир оз изоҳга ҳушингиз борми?
– Эшитайлик-чи, – розилик билдирди, вазиятни бой бераётганини ҳис этганича Вэйд.
– Демак бундай, – сўзини бошлади Ҳюз; унинг мовий кўзлари Вэйдга хотиржам боқиб турарди, – мен эртами-кечми Бошқарманинг қандайдир бирор нозири отларни пайқаб қолишини билардим. Бу равшан нарса. Шундан сўнг, бизнинг умумий танишимиз Шамиссо «дунёни қутқариш» деган кулгили бир ном остида ўтмишга сафар уюштиради. Бошқарма мавжуд вазиятни имкон қадар чигаллаштирмасликка тиришгани боис, ўша одам ёлғиз ўзи келади – мен айнан худди шундай бўлиб чиққанидан хурсандман.
– Энди айтинг-чи Вэйд, ўша агент ўтмишга келиб тушгач, қандай чора кўради?
Вэйд жавоб бермади. У кафтларининг терлаб, сув бўлиб кетганини сезди.
Ҳюз оҳистагина кулиб қўйди.
– Дўстимиз шундай фикр юритади: ацтеклар жамияти илоҳий эътиқодда бўлгани боис, ишни коҳинлардан бошлаш керак. Менинг фикримча, у ўзини коҳин қилиб кўрсатади, ибодатхоналардан бирига боради ва коҳинларни отларга қарши қилиб қўйиш учун ирим-сиримлар билан уларни чалғитишга уринади. Кейин, деб ўйладим мен, у отларни қутуртириш учун бирор тадбир қўллайди, ва ниҳоят менинг ҳузуримга келиб, виждон ҳақида маъруза ўқиб беради. Хўш, менинг сўзларим ҳақиқатга яқинми, жаноб Драйден?
– Менимча, унчаликмас, – деб алдади Вэйд.
Ҳюз ҳайронлик билан қошларини чимирди.
– Нима бўлганда ҳам, мен ҳақ бўлиб чиқишимга амин эдим, – деди у. – Мен барча коҳинларнинг олдига бирма-бир бориб, ҳар биттасига келажакдан башорат қилдим: тез орада ёт киши ташриф буюришини, менинг ҳайвонларим ҳақида уларга ёлғон сўзлар гапиришини айтдим. Сиз мардона равишда яширишга уринаётган кўзларингизнинг ифодасидан кўриб турибманки, менинг башоратларим рўёбга чиқибди ва бу ердаги нуфузим янада ортибди.
Вэйд ўрнидан турди. Унинг юраги кўксидан чиқиб кетгудек зарб билан ура бошлади.
– Илтимос, ўтиринг, жаноб Драйден. Бизнинг қисқа суҳбатимиз эндигина бошланди. Мен Замонлар хавфсизлиги бошқармасининг фаолиятини муфассал ўргандим, бинобарин, сизнинг иш услубингиз менга яхши маълум. Табиийки, сиз мени унчалик менсимайсиз – чунки сизнинг фалсафангиз, ўзингиздан кўра ақллироқ одамлар бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги ғояни қабул қилмайди. – У бепарво қўл силтади. – Мен аҳмоқ эмасман, Вэйд. Ўзингиз билан қурол олиш сизнинг хаёлингизга ҳам келмайди, аммо менинг ахлоқий қоидаларим сизникидан жиддий фарқ қилади. Сизни ишонтириб айтаманки, менинг хотиним ҳеч иккиланмасдан анави милтиқни ишга солишга қодир.
Вэйд ошхона томонга назар солди. Ҳинду аёли ўчоқ ортида панага ўтиб олган, қўлида эса эски русумдаги ўқотар милтиқни ушлаб турарди.
– Афсуски, сизни тирик қолдиришнинг иложи йўқ, Вэйд, аммо сўнгги сўзларингизни айтиб олишингизга имкон бермай, сизни ўлдириб юборишим инсофсизлик бўлади. Хўш, менга айтадиган бирор гапингиз борми?
Вэйд ўзини ожиз ва ҳимоясиз сеза бошлади – у мағлубият аламини ич-ичидан ҳис этарди.
Тунги кулба устида ой баланд кўтарилиб турар, тоғлар томондан эса муздек шамол эса бошлади.
Вэйд ўзини босиб олишга уринди. У ўз фаҳм-фаросатига суяниши лозимлигини билиб турарди. Унинг ягона қуроли мияси эди. Агар у ҳозир дадиллигидан айрилса, тамом бўлади. Унинг чув тушганига ҳеч қандай шубҳа йўқ; унинг босган ҳар бир қадамини Ҳюз олдиндан билиб, хавфсизлик чорасини ҳам кўриб қўйганди.
Яхши, ишни Дэн Ҳюз ҳақида сенга нималар маълум эканлигидан бошлаймиз!
Биринчидан ўзи тан олиши ё олмаслигидан қатъи назар, у тамом бўлган одам. Ҳюз роман ёзмоқчи эди, аммо эплолмади. У ўзи туғилиб ўсган муҳитдан ўз ўрнини тополмаган, бироқ фавқулодда ақл эгаси. У янчилиб бораётган «мен»ини қувватлантириши мумкин бўлган барча нарсага эришишга интилади.
Вақти келгач, бу уни изтиробга солиб қўйиши мумкин.
Ҳозирча уни гапиришга мажбур қилишдан наф йўқ.
Вэйд шолчага чўкди, қўлларини кўринарли қилиб тутиб туришга ҳаракат қилди. У Ҳюзнинг қандай ишораси билан ҳинду аёл милтиқ тепкисини босишини билмасди, аммо бу сафар тутун портлагични қўллаш каби қўпол ўйинлари уни асраб қололмас эди.
– Мен бу ерга сизнинг қотил эканингизни ўзингизга айтиб қўйиш учун келдим, – деди у. – Сиз инсоният тарихидаги энг катта қотилсиз. Бу ерга келишимдан мақсад – сизнинг жойингиз руҳий касаллар шифохонасида эканини айтиб қўйиш.
Кутилмаганда Ҳюзнинг юзидаги хушмуомалалик ифодаси ғойиб бўлди. Албатта, унинг эс-ҳуши жойида бўлиб, буни бошқалар ҳам билиши Ҳюз учун муҳим эди.
– Сиз мени қотил деяпсизми, жаноб Драйден? Нима учун бундай деб ўйлаяпсиз?
– Бу ахир аниқ-равшан-ку, шундай эмасми? Агар бу отлар маҳаллий маданиятнинг бир бўлагига айланса, у ҳолда бизнинг келажакда рўй бериши лозим бўлган тамаддунимиз имконсиз бўлиб қолади. 2080 йилда Америка ҳиндулар миллати заминига айланади – Колубм-дан кейинги барча амалга оширилган нарсалар ғойиб бўлади. Дунёнинг қолган қисми ҳам буткул ўзгача бўлади; бутунлай бошқа одамлар туғилади ва улар ўзгача ҳаётда яшай бошлашади. Демак, сиз бизнинг замонамизда туғилажак ҳар бир инсонни ўлдиряпсиз.
Ҳюз лабларини қийшайтирди.
– Ҳай-ҳай, сал ошириб юбордингиз, жаноб Драйден, – деди у. – Ўзингизни жуда саводсиз кўрсатишга уринманг. Сиз ҳам худди мен каби қотил эканингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми?
Дарҳақиқат, бундай фикр Вэйднинг калласига келган эди. У Ҳюзнинг яна нимадир дейишини кутиб, жим қолди.
– Агар билсангиз, – сабру тоқат билан сўзида давом этди олим, – отлар аллақачон шу ерда ва бу воқеликдир. Агар сиз уларни йўқ қилсангиз, ацтекларнинг яшаб қолиш имконини тортиб олган бўласиз. Кортес фаришта эмас эди, жаноб Драйден, ва бу сизга яхши маълум. Албатта, у жанг санъатини барча ацтек саркардалардан кўра кўпроқ билган; бундан ташқари, ХV аср Мексикасидаги каби қабилаларнинг беқарор иттифоқидан эмас, балки ҳақиқий давлатдан келган эди. Агар Монтесумада ва Куаутемокда отлар бўлса, бу ҳолат тарози палласини Кортеснинг камсонли қўшинига қарши оғдириш учун кифоя қилади.
– Демак, буни атайин қилибсиз-да?
– Сиз мени умуман тушунмаяпсиз, жаноб Драйден. Эндиги вазиятда ацтеклар ғалаба қозонишади. Бошқача қилиб айтганда, келажак уларнинг тамаддунига тегишли бўлади, фақат сиз жавоб юриши қилмасангиз албатта. Тўғри, тарих ривожланишда давом этади – аждодларимизнинг ўтмишда инсонни қурбонлик қилишдан ҳам кўра машъумроқ саҳифалари бисёр. Агар сиз менинг отларимни нобуд этсангиз ёки улардан фойдаланишимга тўсқинлик қилсангиз, бизнинг кунларимиздан то охир-замонга қадар сиз барча ҳиндуларнинг кушандасига айланасиз. Модомики шундай экан, менга ахлоқдан ваъз ўқиманг, Вэйд. Сиз ҳам худди мен каби бир хил вазиятда эканлигингизни яхши биласиз.
– Менга қаранг, – деди Вэйд, – ахир бизнинг жамиятимиз 2080 йилда мавжуд, сиз буни инкор қилолмайсиз. Сиз олам тақдирини ўзгартирмоқчисиз, аммо бу қарорингизни амалга оширишга қурбингиз етмайди.
– Сафсата! – деб гапни бўлди Ҳюз. – Тарихни ўзгартириш мумкин бўлган пайтда, танлаш муаммоси пайдо бўлади. ҳар сафар, сиз ўз хоҳишингиз билан қандайдир бир маданиятни йўқ қилганингизда, сиз унга нисбатан ўз ҳукмингизни чиқарасиз. Сиз ўзингизни мазкур маданиятнинг тараққиёт даражасидан анча юқори поғонада турганингизни даъво қиласиз. Мен эса бунинг ўтакетган худбинлик эканига ишонаман.
– Сиз ўз ҳукмингизни чиқаряпсиз.
– Албатта, мен фақатгина сизнинг қандай вазиятда эканингизни кўрсатмоқчи эдим. Бу ишларнинг қайси бири тўғрилиги ҳақидаги саволнинг ечими, кўп жиҳатдан сизнинг қаерда жойлашганингизга боғлиқ. Шу аср учун тўғри бўлган нарса 2080 йил учун ноўриндир. 2080 йил учун тўғри ҳолат эса, худди шу каби бу ерда нотўғри.
Вэйд баҳслашмасликка қарор қилди. Ҳюз маданият борасида нисбийлик тарафдорларининг ашаддий намояндаси эди ва шу боисдан ҳам уни оқилона далиллар билан ишонтириб бўлмасди. Зеро баҳслашиш, вақтни зое кетказиш билан баробар эди.
Асосий хавф шунда эдики, Ҳюз асло аҳмоқ эмасди ва унинг мав-қеи Вэйдникига қараганда анчайин мустаҳкам эди.
– Дэн, нима учун буларнинг маданияти бизникидан юқори, деган қарорга келдингиз? Келинг, вақтинча миллий мансубликни унутайлик. Америка байроғини сизга намуна қилиб кўрсатмасликка сўз бераман. Мен шунчаки мақсадингизни англамоқчиман.
Ҳюз жилмайиб қўйди.
– Мен ацтеклар биздан кўра афзалроқ, деб ўйлаётганим йўқ, – унинг сўзлари Вэйдни ҳайратга солди. – Бирор-бир турмуш тарзи бошқасидан яхшироқ бўлиши мумкинми, йўқми, буни ҳам билмайман. Бу борада «яхшироқ» деган тушунчанинг нимани англатиши ҳақида бирор тасаввурга ҳам эга эмасман.
– У ҳолда бу ишларни нега бошладингиз?
Ҳюз Вэйднинг кўзларига тик боқди.
– Мен севиб қолдим, – деди у. – ҳинду қизини севиб қолдим. Мени тушунмаслигингизни билиб турибман, аммо сизга бошқа изоҳим йўқ.
Вэйд асталик билан ўгирилиб, ортига қаради. Гўзал ҳинду аёли қўлида милтиқ ушлаганича, ҳануз ғира-шира қоронғида турарди. «Шу аёл учун – ўйлади Вэйд, – мана шугина учун у бутун дунёни ҳалок этишга тайёр».
Умуман, унинг нуқтаи назари билан қаралса, бунинг нимаси ёмон? Ҳюз ўзининг замонлар оша илк тадқиқот сафарларидан бирида бир қизни кўриб, севиб қолганди. Аммо уни ўзи билан олиб келолмаган; уни яширинча Цинциннати станциясидан 2080 йилга олиб ўтишнинг имкони йўқ эди. Ҳюзнинг табиатидаги асосий хусусият нима ўзи? У ўз жамиятига мос эмас эди. У ўз касбини ёқтирмайди, ўз орзусини амалга оширишда ҳам омадсизликка учради. Хотинига нисбатан бепарво, устига-устак фарзанди ҳам йўқ. Унинг энг яқин дўсти, шоир Карпэнтер, ҳалол одам бўлгани сабаб, ёлғон хушомад қилмади. Нега энди Ҳюз ўзини шу кўйга солган тамаддунга содиқ бўлиши керак экан?
– Менга қаранг, – деди Вэйд. – Отларнинг нима кераги бор? Сиз шу ерда қолиб у билан яшашингиз мумкин. Сизнинг умрингиз давомида Картес Америкага лангар ташламайди. Агар сиз менга бошқа бундай тентаклик қилмасликка ваъда берсангиз, сизни тинч қўйишларига эриша оламан, деб ўйлайман.
– Айтинг-чи, Вэйд, сиз қачондир севганмисиз?
Вэйд жавоб бермади.
– Мен ўз фарзандларим бўлишини хоҳлайман, – давом этди Ҳюз. – Мен фарзандларимнинг кўз олдида таназзул топадиган дунёга уларни олиб киролмайман, ахир ҳиндулар олами ҳалокатга маҳкум эканини биламан-ку; бу асло тахмин эмас, бу – ишонч. Мен илк бор шу ерда ўз хотиним билан бахтнинг нима эканини ҳис этдим. Шунинг учун ҳам унинг халқига қўлимдан келган барча ишни қилмоқчиман. Агар сиз буни жиноят деб атасангиз, сизга фақат шуни айтишим мумкинки, фикрингиз мен учун мутлақо аҳамиятсиз.
– Йўқ, – шошмасдан жавоб қайтарди Вэйд, – бу жиноят эмас. Бунинг нима эканини ўзим ҳам билмайман.
Вэйд ўзи ўтирган бўйрага тикилганича сукутга чўмди. У чуқур бир хавотирда эди; Ҳюзнинг важларини асоссиз деб бўлмасди. Вэйд сийқаси чиққан ҳақиқатлар билан ўзини алдашга уринмади. Айни вақтда ҳар иккала тамаддун ҳам мавжуд. Уларнинг бирортасини айнан қачондир мавжуд бўлганлиги учунгина бошқасидан яхши, деб эътироф этиш мумкин эмас. Бошқа тамаддунда дунё қандай бўлиши мумкинлигини ким билади?
Бу вазиятда тўғри ёки нотўғри нарсанинг ўзи йўқ эди.
Вэйд қаҳрамон бўлмагани каби, Ҳюз ҳам жиноятчи эмасди.
Яхши. У ҳолда вазиятни имкон қадар соддалаштирамиз. Уларнинг ёқтирган ва ёқтирмаган нарсалари турлича, виждон ҳақидаги тасаввурлари ҳам ҳар хил. Вэйд учун 2080 йилдан ташқаридаги ҳаёт маъносиз. Агар у Ҳюзни тўхтатмаса, ўзи ҳам ҳалок бўлади. Ўзини қурбон келтириш истаги эса унда йўқ.
Ҳаммаси ниҳоятда оддий.
У ҳаракат қилиши лозим. Лекин қандай?
Шарқ томонни шафақ эгаллаб келиши билан бир қаторда, кулбага совуқ, кулранг тонгги ёғдулар сизиб кела бошлади.
Вэйд ҳужумга ўтди.
– Ҳюзнинг нафсониятини нишонга олди ва мўлжалдан адашмасликка интилди.
– Сафар олдидан мен доктор Клементени кўрдим, – деди у. – Бошлиғингизнинг айтишича, сизнинг охирги ишингиз – ёдингиздами, шаҳарлаштириш тўғрисидаги тадқиқот – шу қадар ҳеч нарсага арзимас эканки, у сизнинг илмий даражангизни бекор қилиш масаласини қўйишга мажбур эмиш.
Бу гап Ҳюзга қаттиқ таъсир қилди.
– Нима? Бўлиши мумкинмас! Даража умрбодга берилади. Клементе – эшак. Менинг тадқиқотим фавқулодда муваффақиятли чиққан ва буни у билади. Сиз қанақасига…
– Хотинингиз ўз жонига қасд қилди, – совуққонлик билан унинг гапини бўлди Вэйд.
– Сизга ишонмайман.
– Мен Карпэнтер билан учрашдим. Романингизнинг бир нусхаси унда сақланиб қолганидан хабарингиз борми? Мен «Юлдузларга йўл»ни ўқиб чиқдим. Бўлмағур нарса. Лекин биттагина жойи яхши чиққан.
– Нусхаси сақланиб қолибдими? Қайси жойини айтяпсиз?
Вэйд шу пайтда ўзидан ғазабланиб кетди, аммо Ҳюзни қутуртириш зарур эди.
– Сиз ҳеч кимни яхши кўрмайсиз, Дэн. Сиз омадсиз эканлигингизни биласиз ва шу боис ўз-ўзингиздан яширинишга уриняпсиз. Аммо ўзлигидан қочиб қутулиш асло мумкин эмас. Сиз бу ерда ҳам муваффақиятсизликка учрайсиз. Сиз абадул-абад омадсиз бўлиб қоласиз…
Ҳюз ўрнидан сакраб турди. Офтобдан қорайиб тобланган юзи оқариб кетди. У оғир-оғир нафас оларди.
– Ёлғон гапиряпсиз! Алдаяпсиз! Мен ҳаммангизга исбот қилиб бераман…
Мана у, нажот онлари!
Вэйд чеккага, бўйра томон отилди, бир умбалоқ ошиб, эшикни ёпиб турган чойшабга ёпишди. Ташқарига чиқиши биланоқ ўзини четга урди.
Милтиқ қарсиллаб, ўқ чойшабни тешиб ўтди.
Вэйд эшик ёнида осилиб турган арқонни олиб, отхонага қараб югурди. Отлар ичкарида безовта хириллаб, ер тепиб туришарди. У бир силтаб дарвозани очиб юборди. Иккинчи ўқ шундоққина чаккаси ёнидан учиб ўтганини сезди.
Вэйд осилиб, тўсиқ устига чиқди, ёввойи ўкириш билан сиртмоқ ташлаб тутиб олган айғирининг устига минди. Кейинги лаҳзада у ерга қулади, бироқ яна отнинг устига тирмашиб чиқди ва бор кучи билан унинг ёлига маҳкам ёпишди.
У яна қичқирди ва арқоннинг бўш учи билан отларни савалай бошлади. Отлар ҳар томонга ирғишлай бошладилар.
Унинг остидаги айғир титраб қолди, лекин жойидан жилмади. Вэйд айғирнинг эгарланган ҳолда юришга кўникканини сезди, унинг танасида қайиш излари кўриниб турарди. Ваҳимага тушган отлар ўзларини ҳар ёққа урардилар. Отхонада росмана тўс-тўполон бошланди. Вэйд ўқ овозини эшитди. Уни четлаб ўтган ўқ бир байталга тегиб, одам чинқириғига ўхшаш овоз эшитилди.
Вэйд тиззаси билан айғирнинг биқинидан қисди ва бўш қўли билан унинг ёлига янада қаттиқроқ ёпишди. У ҳар қандай суворийнинг ҳавасини келтирадиган бир чинқириш қилди ва отни елдириб, очиқ дарвоза томон йўналди. Унинг ортидан деярли барча отлар эргашдилар – улар кўзлари косасидан чиққудек бўлиб, хириллаган ҳолда тонгги муздек ҳавони ютоқиб симирардилар.
Вэйд бир неча дақиқа айғирнинг уюр бошида чопиб боришига қўйиб берди; отнинг бўйнига ташланган арқон билан уни бошқариш имконсиз эди. Вэйд терга ботиб кетган айғир устида сакраб борар экан, йиқилмаслик ҳақида ўйлар, ҳилпираб бораётган коҳинлик ёпинчиғини ичида лаънатлаб борарди.
Ниҳоят, у бораётган айғирни аста-секинлик билан тўхтатишга муваффақ бўлди. Қолган отлар ҳам бўшашган ҳолда оғирликларини у оёқларидан бу оёқларига ташлаб турардилар. Вэйд отдан сакраб тушди ва бир қўли билан ёпинчиғини тутиб туриб, унинг бўйнига арқон сиртмоғидан юган солди. Кейин у айғирнинг ювош тортганидан қувониб, яна отга тирмашди. У сувга ташлаган асабийлаштирувчи хапдорилар ҳали таъсир кўрсата бошлагани йўқ, аммо мана бу пойга жараённи тезлаштирган бўлиши мумкин.
Вэйднинг ниҳоятда тинкаси қуриганди, аммо муздек тонг ҳавоси уни бир оз тетиклаштирди. У кўнгилсизликлар ҳали тугамаганини тушуниб турарди, бу ҳам камлик қилгандек, унинг режаси ўзига қарши ишлай бошлаганди.
Бу талвасага солувчи хапдорилар билан ҳали кўп балоларга учрайди, шекилли.
Вэйд вақт машинасини фақатгина ўзи қўйиб кетган жойга, Койоа-кан яқинидагина чақиртириши мумкин. Койоакан тиккасига кесиб борганда, ўн беш чақирим келади – у томонга қуш бўлиб учиб бориш мумкин, аммо Вэйд қуш эмасди. У Тескоко кўлини ҳам тўсиб ўтолмасди, барча тўғонлар кўлнинг нариги томонида жойлашган эди.
Демак, унинг айланиб ўтишига тўғри келади. Бунинг учун аҳоли камроқ бўлган шимол томонга бурилиш керак, яъни нотекис йўл бўйлаб эллик чақирим масофани босиб ўтиш лозим.
Шундай бўлса-да, икки вазият унга ёрдам бериши мумкин эди: қувғин юз берган тақдирда, таъқибчилар пиёда югуришларига тўғри келади, агар Ҳюзнинг ўзида от қолмаган бўлса, албатта. Алоқа воситалари эса шу қадар ёмон эдики, ҳеч ким унинг қаерда эканлигини аниқ айтиб бера олмасди.
Ҳюз ҳам қўзғатувчи хапдорилар ҳақида ҳеч нарса билмасди.
Вэйд айғирни шошмасдан аста йўрғалатиб, шимол томонга йўл олди. Деярли барча отлар унга эргашдилар. Ясама жилов панд бермади, Вэйд ҳам қуёшнинг илиқ нурлари остида бир оз хотиржам эди.
Йўлда унга жуда кўп ҳиндулар учради; баъзилар қўрқувдан кулбалар ичига яширинар, айримлари эса у билан ёнма-ён югуришга уринардилар. Аммо коҳинлик либоси уни душманлик таҳдидларидан асрар эди.
Жуда ғалати-я, деб ўйлади у, ундаги айғирнинг шошмасдан йўрғалаши барча тезликлардан юқори бўлиб, бутун Марказий Америкада бундан тезроқ ҳаракатланишнинг имкони йўқ эди. Вэйд ҳаракатда экан, уни қўлга тушириб бўлмасди.
Афсуски, у бетўхтов ҳаракатлана олмасди.
Куннинг ярмига келиб Вэйд айғирининг безовталаниб, қулоқларини диккайтириб, хириллаётганини сезди. Асабийлаштирувчи модда ўз таъсирини ўтказа бошлаганди.
Вэйд дарахтлар сийрак жойга яқинлашиб, тўхтади ва сакраб ерга тушди. Кейин у айғирини суғорди ва юганидан дарахтга маҳкам боғлаб қўйди.
Энди фақат кутиш қолган эди, холос.
Вэйд ҳар эҳтимолга қарши дарахтга чиқиб, қулай жойлашиб олди. Отлар, ҳатто қўзғатувчи доридан кейин ҳам чавандозларсиз ўзларича кетиб қолишлари эҳтимолдан узоқ эди, аммо у таваккал қилишни истамади.
Кечга бориб, унинг бутун танаси чарчоқдан қақшай бошлади. Тунда яна ҳам баттар бўлди.
Эрталабга яқин асабийлаштирувчи модданинг таъсири тўхтади. Вэйд ўз айғирини миниб, Тескоко кўлининг мовий суви ёқалаб, улкан ярим ҳалқа бўйлаб сафарини давом эттирди.
Теночтитландан шимолроқда жойлашган Тикоман ёнидаги дамбага етиб олиш учун, унга уч кун керак бўлди. Йўлда у тўртта балиқ тутишга ва эгалари қаёққадир чиқиб кетган деҳқон кулбалари олдидан ўтиб кетаётиб бир нечта зоғора нонни ўмариб олишга ҳам муваффақ бўлди. Лекин барибир Вэйд чарчаган, оч-наҳор эди ва очиқ осмон остидаги ҳаёт гўзалликларидан кўнгли қолганди.
Вақт машинасини чақиртирувчи радиоузатгич Вэйднинг чап сонига, шундоққина тиззасининг тепасига ўрнатиб қўйилган эди. Замонлар саёҳатчиси ҳар қандай ҳолда ҳам уни йўқотмаслиги лозим, шу боис радиоузатгич танага бир умрга тикиб қўйиларди.
Вэйд ускуна тугмачаларини муайян тартибда босиб чиқди, у Койоаканга эсон-омон етиб олишига умид қиларди. Узоқроққа етиб олса бас.
У сўнгги бор кўксини тўлдириб чуқур нафас олди ва дарахтлар панасидан чиқди. Унинг ортидан яна олтита от эргашиб борарди. Вэйд оҳиста айғирини тўғон томонга қараб бурди.
Қаршисида йўлиққан ҳиндулар уни кўрган заҳоти, ваҳимада чеккага қараб қочардилар. Улар қўрқоқ эмас, шунчаки коҳинлардан бирининг ғайритабиий кўринишдаги ҳайвонни миниб бораётганидан ҳайратда эдилар. Агар тақводорларга тўла ўрта асрнинг бирор-бир черковига руҳоний вертолётда кириб келса, қавм қай аҳволга тушса, бу ердаги ҳиндуларнинг ҳолати ҳам худди шундай эди.
Вэйд йўлида давом этаверди. Бошқа олтита от ҳам безовталик билан унга эргашди.
Ортиқ кутиш мумкин эмасди. Энди унинг қаерда экани маълум эди, агар Ҳюз ҳозир Теночтитланда бўлса, у, шубҳасиз, аҳолини Вэйдга қарши оёқлантириб бўлган. Агар у шаҳарга етиб келмаган бўлса ҳам барибир коҳинлар Вэйдни қўйиб юборишмайди – улар барча ғайритабиий нарсаларга ишончсизлик билан қарайдилар.
У ҳақ бўлиб чиқди.
Кун оқшомга қараб оғиб борарди, олд томондаги кўл йўллар четидаги икки ариққа айланар даражада торайиб келиб, сунъий оролларда барпо этилган яшил боғлар ортида, Уэднинг қаршисида шаҳар кўринди. Қўлларига камон ушлаган жангчилар гуруҳи тўғонга кўндаланг турарди.
Вэйд айғирни йўл четига бурди ва ҳуштак чалиб уларни ўз ёнига чорлади. У худди далда бергандек отининг бўйнига шапатилаб қўйди.
Кейин ваҳимали бир ҳуштак чалганича, отларни арқон билан қамчилай бошлади ва товони билан айғирнинг биқинига ниқтади.
Отлар шиддат билан жангчилар сафига бориб урилдилар. Суворийлар ҳужуми, агар унга қарши кураша олсангиз ҳам барибир кўнгилсиз бир ҳолатдан ўзга нарса эмас. Агар отларни бирор марта ҳам кўрмаган бўлсангиз, инчунун…
Биттадан ўқ узишга улгурган жангчилар ўзларини ариққа ота бошладилар. Отлардан бирининг яраланганини ҳисобга олмаганда, бош-қа йўқотишлар бўлмади.
Ҳозир ёки ҳеч қачон.
Вэйд бор овози билан ҳайқирганича отни елдириб, Тлаллетолконинг бозор майдонига бостириб кирди. Шамолнинг зўрлигидан кўзлари қисилиб, қаршисидан чиққанларни ўнгга-чапга улоқтирганича олдинга елиб бораверди. У атайин одамларни топтаб ташлади, ҳатто кўпроқ зиён етказиш мақсадида ҳайқириқ билан бир марта ибодатхона ичига ҳам от қўйди.
Бошқа отлар ҳам қаердадир ортда қолиб кетишди, аммо улар ҳам анчагина тўс-тўполон кўтаришди, чунки ҳеч ким уларни қандай эплашни билмасди.
Вэйд арғумоқнинг бўйнидан қучиб, унинг қулоғига нималарнидир пичирлади ва улар Теночтитланнинг марказий майдонига бостириб кирдилар, Вэйд у ерда ҳам ўз томошасини такрорлади. У шу қадар тез ҳаракатланар эдики, аҳоли бунга қарши бирор чора кўришга ҳам улгуролгани йўқ. Вэйд бир жойи тирналмасдан жуфтакни ростлаб қолди.
У Койоаканга олиб борувчи тўғонга чиққан пайтда, кимдир улоқтирган найза унинг чап курагига келиб урилди ва унинг отдан ағдарилишига бир баҳя қолди. Бир неча сониядан сўнг найза жароҳат етказган жойидан чиқиб кетиб, тўғонга тарақлаб тушди. Вэйд белидан илиқ қон оқиб тушаётганини ҳис этди.
У айғирнинг кучини асраш учун уни лўкиллатиб кетди, кейин эса уни елдириб Койоаканга бостириб кирди.
Қуёш кўлнинг нариги томонидаги тоғлар ортига ботиб улгурган, сув сиртидан эса совуқ туман кўтарила бошлаганди.
Вэйд ярим ҳушсиз ҳолатда, нималарнидир ғулдураганича олға елиб борарди. Койоаканда ҳеч ким унинг яқинлашиб келаётганини билмасди, шу боис Вэйд отни елдирганича уйқуга кетган қишлоқдан ҳеч қандай тўсиққа учрамай ўтиб кетди.
У дарахтзор олдида тўхтаб, қийинчилик билан отдан тушди. Айғир бир неча сония тик турди, танасидаги сон-саноқсиз жароҳатлар туфайли бадани қон ва кўпикка ботган эди, ўлар ҳолатга етган от аста ерга қулади. Вэйд унинг ёнига чўккалади. Ҳолдан тойган Вэйднинг йиғлашга мажоли йўқ эди. У айғирнинг жиққа ҳўл бўйнига шапатилаб қўйди.
– Хайр, дўстим, алвидо, – тили зўрға айланиб қийинчилик билан ғулдиради. У зўр бериб ниманидир эслашга ва айтишга уринди, аммо бунга кучи етмади.
Вэйд бутазорга судралиб бориб, қийинчилик билан вақт машинасининг ичига кириб олди, оромкурсига етиб олишга ҳам ҳоли келмай, шундоққина тўшамага чўзилди. Теварак-атрофдаги барча нарса тез-тез айлана бошлади ва ниҳоят зулматга чулғанди.
У оёғи остида қоннинг халқоб бўлиб бораётганини сезиб турарди.
Кейин бу ҳис ҳам йўқолди ва у бўшлиққа қулади…

11

Вэйд шифтга тикилганича шифохонада узоқ вақт ётди.
Бир куни, май ойи илиқ, ям-яшил июнь билан алмашинган пайт-да унинг ёнига Шамиссо ташриф буюрди.
Вэйд Шамиссонинг нималар деяётганини тушунишга ҳаракат қиларди.
– У отларни АҚШдаги фуқаролар уруши давридан олган экан. Унинг овози худди узоқлардан келаётганга ўхшарди. – Албатта, у Бошқарманинг маҳаллий нозирини сотиб олган. Чамаси у пулларини бир умр тўплаган бўлса керак.
Умри давомида. Умр бўйи.
– Сен вазифани аъло даражада уддаладинг, Вэйд. Энди кўнглинг тусаганича офтобда тобланиб ётишинг мумкин. Деярли барча отлар ўлдирилди, тушуняпсанми, омон қолганларидан эса барибир фойдаланишмайди. Ҳиндулар отларни иблиснинг махлуқи деб билишади. Улар 1519 йилда Кортеснинг отларини кўрганларида ҳам шундай ўйлаганлар. Замонлар оша саёҳат ғаройиб ҳодиса, шундай эмасми? Ҳам ғалати.
Ажиб ва ғаройиб.
– Дэнга нима бўлди? – пичирлаб сўради Вэйд.
Жимлик.
– Унга нима бўлганини ўзинг биласан.
Вэйд барчасидан хабардор эди. Ацтеклар жамиятида жиноятчининг ҳоли қандай кечиши унга маълум эди. У буни ўзи ётган хонадан кўра аниқроқ кўз олдига келтира оларди…
Оқшом ғира-ширасида эҳромнинг қоқ устида турган қора тош.
Қора либосга бурканган коҳинлар.
Обсидиандан ишланган, наштардан ўткирроқ пичоқ.
Кўтарилиб келаётган қуёшга кўз-кўз қилинаётган, қони оқиб турган одам юраги…
– Шундай қилишга мажбур эдик, Вэйд, – деди Шамиссо. – Бу ҳақда ўйламасликка ҳаракат қил.
– Ҳа. Уриниб кўраман, Ҳэнк.
Кунлар эса узундан-узун эди.
Вэйд шифохонадан август ойидагина чиқди.
У ўша куниёқ кузнинг сокин ранглари оғушида, баланд-баланд қарағайлар ям-яшил либосга бурканган Канадага учиб келди. Бу сафар у вертолётини зумрад кўлнинг ўртасига қўндирди ва машинани асталик билан ёғоч бандаргоҳга яқинлаштирди. Кейин ғўладор кулбанинг эшигини чертди.
Ҳерб Карпэнтер эшикни очар экан, хушмуомалалик билан илжайди.
– Дэн ўлди, Ҳерб. Шунда ҳам мени уйингга киритасанми?
Карпэнтер иккиланмади.
– Албатта. Киравер. Биз Шамиссодан мактуб олдик. Ҳой, кира қолсанг-чи, Фэй қаҳва дамлади, агар кўнглинг ўткирроқ нарсани тусамаса, албатта.
– Қаҳва – энг зўри.
Вэйдга бу уй худди тирик мавжудотдек туюларди. Ўчоқда ўтин чарсиллаб алангаланар, шинам, китобларга тўла меҳмонхонадаги илиқлик кишини аллаларди.
Илиқлик.
Ҳерб билан Фэйнинг қалблари илиқ эди – хотиржамликка эришганлари ва қўшиқ айтишни билганлари учун ҳам уларнинг қалблари қайноқ.
Улар ўз бахтларини у билан баҳам кўришга тайёр эканликлари учун миннатдорчилик юзасидан, Вэйд уларга қўл узатди. У ҳеч қачон бу қадар бахтли бўлмаган эди; бу туйғу кўпгина кишиларга бегона.
Дэн Ҳюз ҳам бахт нимада эканини англади-ю, бироқ бу узоқ давом этмади.
Вэйд тунда уйдан чиқиб, кўл бўйига борди. Унинг оёғи остига тўлқинлар аста бош уриб келар, нафасидан чиққан ҳовур эса юлдузларнинг муздек нурига сингиб кетарди. У тун зулматига тикилар экан, унинг қандайдир ноаниқ шарпаларга тўлалигини ҳис этарди.
Шарпалар.
Миллионлаб маданиятлар, миллионлаб турмуш тарзлари. Ацтеклар, банту, полинезияликлар, австралияликлар, апачлар, тасманлар. Уларнинг барчаси мана шу жамиятнинг тараққий этиши учунгина топталиб кетди, юз йилликларнинг гардига айланди…
Соялар. Фақатгина шарпалар.
Унинг халқи қуёш тизимининг ўзга дунёларигача етиб борди ва мана шу рангпар сайёралар энди инсониятга тегишли.
Чизмачилик тахталаридаги орзулар каби, янги фазовий кемалар барпо бўлди – барча буюк саргузаштлар ўз вақтида орзу бўлгани каби.
Биз нималар эвазига шу даражага етдик, деган саволга жавоб топиш учун, узоқ кечмишга кириб бормоғимиз лозим.
Кўл сукунати узра улкан қушнинг ваҳимали саси таралди.
Ҳерб уйидан чиқиб келди ва Вэйднинг ёнидаги тош устига ўтирди.
– Ажаб, – деди у чубуғини буруқситиб. – Шуларнинг барчаси бир одам туфайли йўқ бўлиб кетиши мумкинлигини ўйлашнинг ўзи ғалати – бизнинг оламимиздан нималарнидир излаган ва истаганини топа олмаган биргина одам туфайли.
Вэйд япалоқ тошни олиб кўлга улоқтирди ва у қорайиб турган сув юзида ирғий бошлади.
– Ошнамиз Дэнга менинг уйим ёқарди, – деди Ҳерб.
Вэйд бош ирғаб қўйди.
Улар ўз ўйларига чўмган ҳолда унсиз ўтирардилар.
Хотирлаб, ҳайратланиб.
Ва ўзларида умидга куч топа олдилар. Икковлон чақноқ юлдузлар остида ҳали совуб улгурмаган илиққина тошда ўтиришарди. Тепада эса сон-саноқсиз юлдузлар чарақлаб турарди…

Русчадан Алишер Саъдулла, Анвар Шер таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 5-сон.