Ярослав Гашек. Мурувват (ҳикоя)

Қайси қилган айби учун осишлари керак?.. Патялга энди бунинг қизиғи йўқ эди. Қатл олдидаги оқшомда, содир этган жиноятлари тўғрисида хаёл суриб ўтирар экан, назоратчи қамоқхона ҳужрасига бир шиша май ҳамда бузоқнинг бинойидай бир бўлак гўштидан тайёрланган қовурма таомни кўтариб кириб келганида, у ўзини кулимсирашдан тия олмади.
— Бунинг ҳаммаси менгами?
— Ҳа-да, — деди назоратчи. — Сўнгги бор бир хумордан чиқиб, тўйиб овқатланинг. Ҳозир мен сизга бодрингдан газак ҳам келтираман, барчасини биратўласига олиб келишни уддалай олмадим.
Патял уни мамнун бўлиб тинглади. Кейин курсига бамайлихотир ўрнашиб олди-да, кинояомуз жилмайиб, қовурдоқни паққос туширишга киришди. Кўриниб турибдики, у борича фикрлайдиган беор бир кимса эди, ҳатто умрининг шу охирги соатларида ҳам, ҳаёт ўзига ниманики раво кўрган бўлса, уларнинг ҳеч бирини қўлдан чиқаришни истамасди.
Фақат битта ўй Патялнинг иштаҳасига озроқ панд берарди: унинг шафқат сўраб қилган ўтинчи бугун тонгда рад этилди, ҳукмнинг ижроси атиги йигирма тўрт соатгагина кечиктирилди, холос. Бу тўғридаги хабарни унга етказган кишилар, яъни ҳукмнинг ижро этилиши олдидан уни барибир ўлимга кўнгилдагидай ҳозирлаш учун жонини жабборга бераётган мана шу одамлар, уни осишади ва мурдасини томоша қилишади. Ўзлари бўлса, эртага, эртадан кейин ва яна анча-мунча йиллар яшайверишади, оқшомлари, гўё айтарли бирон кори ҳол рўй бермагандай, хотиржам, оилалари бағрига ошиқишади, лекин Патял… бу оламда бошқа бўлмайди.
Кўнглида шундай ўйлар кезар экан, Патял дилгир бир аҳволда бузоқ гўштидан тайёрланган қовурдоқни астойдил тановул қиларди. Бодрингдан қилинган газак ҳамда булка нон келтиришганида эса, у ҳомуза тортди ва сархил тамакидан топилса, бир мириқиб трубка тортиш истаги йўқ эмаслигини изҳор этди.
Маҳбусга энг аъло навли тамаки харид қилинди. Назоратчининг ўзи, лутфан унга гугурт чақиб тутди ва гап орасида Патялга Аллоҳнинг марҳамати чексиз эканлигини эслатди. Мабодо, ердан насибаси узилганида ҳам, айтиб бўлмайди, балки осмонда…
Маҳбус шундан кейин яна бир тўйимли дудланган чўчқа гўшти ҳамда бир шиша май келтиришларини сўради.
— Бугун кўнглингиз тусаганини муҳайё қиламиз, — куйинчаклик билан деди назоратчи. — Сиз каби одамлардан биз ҳеч бир нарсани аямаймиз.
— Агар ундай бўлса, — деди бундай илтифотдан кўнгли бироз ёришиб Патял, —менга яна икки тўйимли, ўпка-жигар аралаш-масидан тайёрланган колбаса келтирсангиз. Тағин, бир литр қорамтир пиво бўлса, қани эди…
— Ҳозироқ буюраман, келтиришади, — деди назоратчи. — Нега энди вақтингизни чоғ қилмас эканмиз? Ҳаёт дегани жуда омонат, ундан имкон қадар, улгурганингни олиб қолишинг керак.
Назоратчи буюртмаларни келтиргач, Патял ундан астойдил мамнун эканлигини маълум қилди.
Бироқ нафсини, қани энди, нафсини жиловлай олса!..
— Энди, гап бундай, — деди у барча идиш-товоқларни ялаб-тозалаб бўлгач, — шу топда негадир қовурилган қуён гўшти, пишлоқ, анави, горгонзола дейишадими — ўшандан, жиққа ёғли сардинка ва яна, енгил ҳазм бўладиган ул-бул ейимликлар топилса, зўр бўларди…
— Ҳеч ҳам тортинманг, маҳбус, хоҳлаганингизни топамиз. Очиғини айтсам, сизнинг киройи иштаҳангизни кўриб, дилим яйраяпти. Умид қиламанки, менинг ихтиёримда экансиз, тонггача ўзингизни осиб қўймассиз? Кўриниб турибди, эсли-ҳушли кишисиз. Бунинг устига, жаноб Патял, сизни ҳукумат осишидан олдин ўзингизни осиб қўйишингиздан кимга нима наф бор? Ростгўй бир одам сифатида шуни айтмоқчиманки, сиз бунга қобил эмассиз, зинҳор. Бу тўғрида ўйлаб ҳам ўтирманг. Қани, яхшиси, пивони ичинг. Қаранг, сиз билан ишимиз хамирдан қил суғургандай силлиқ битаяпти! Горгонзоладан олдин пивони бир сипқориб юборинг — оҳ-оҳ, бундан ҳам лаззатли оби замзам бўладими, ўзи? Мен сизга яна икки кружкасини келтираман, сардинка ва қовурилган қуённи эса, азиз дўстим, май билан тановул қиласиз.
Тез орада келтирилган хушхўр таомларнинг ёқимли ҳиди қамоқхона ҳужрасини гуркираб тутиб кетди. Патял таомларни столга бирин-кетин жойлаштирар экан, пишлоқ ва сардинкани ихлос билан газак қилиб, гоҳ пивони, гоҳида майни, қай бири қўлига аввал илинса, ўшани ютоқиб симира бошлади.
Шу тобда, ногаҳонда, ҳали озодликда юрганида, шаҳар четидаги бир рестораннинг очиқ айвонида мана шундай тўйиб ва мириқиб кечки зиёфатда ўтирган дамлари унинг ёдига тушди. Дарахтларнинг барглари ой ёруғида нафис жилваланиб турар, қаршисида эса рестораннинг бақалоқ соҳиби — мана шу жаннат бурчагининг хўжайини ясланиб ўтирар, тўхтовсиз валақлар ва Патялга иззат-икром кўрсатар эди…
— Менга бирон латифа айтиб берсангиз, — сўраб қолди Патял хаёлини йиғиштириб олиб ва назоратчи унга қандайдир, Патялнинг ўз таъбири билан айтадиган бўлсак, исқирт бир мазмунли латифани бошлади.
Овқатланиб бўлгач, Патял ҳазми таом учун ўзига мевалар ва тақсимчада печенье билан тим қора қаҳва келтиришларини буюрди.
Унинг истаги тўла бажо этилди. Патял сўнгги буюртма таомларни еб-ичиб бўлгач, ниҳоят, маҳбусга кўнгил хотиржамлигини ато этиш учун ҳужрага қамоқхона руҳонийси ташриф буюрди.
Руҳоний хушчақчақ, одми муомалали ва айни шу кезда Патялни ўраб олиб, қўлларидан келганича меҳрибонлик кўрсатаётган, уни ўлимга ҳукм этишган ва эрта тонгдаёқ осишга чоғланишаётган барча – бошқаларга ўхшаш, кўриниши ёқимтой бир одам эди. Чеҳрасида ўктамлик барқ уриб турарди, ўзаро дилкашликнинг ҳавосини олган бу инсон билан Патял бирпасда киришиб кетди.
— Яратган Эгамнинг ўзи сабр берсин, — деди қамоқхона руҳонийси Патялнинг елкасига қўл ташлаб. — Эртага, тонгда сиз учун барчаси тугайди, бироқ зинҳор изтиробга берилманг. Тавба қилинг ва бу ёруғ оламга лоқайд назар ташланг. Парвардигорга топинсангиз, у ҳар бир осий бандасининг тавба-тазарруларини қабул қилади. Кимки, тавба-тазаррудан бўйин товласа, бутун тунни азобда ўтказади. Қамоқхона ҳужрасида ўзини қўярга жой топа олмайди ва йиғи-сиғидан бўшамайди. Бунинг сизга нима кераги бор, а? Беҳудага бошингиз оғригани қолади. Ва кимки тавба-тазарру қилса, бу сўнгги кечани баайни тақводор зотдай, тинч уйқуда ўтказади. Такрорлайман, қароғим, дилингизни ғуборлардан фориғ этсангиз, енгил тортасиз…
Бироқ Патялнинг шу топда бирдан рангги оқарди. Унинг кўнгли айний бошлади, ичида ичак-чавоғи ағдарилиб кетгандай туюлди, аммо қайд қилмади. Танасини даҳшатли бир тутқалоқ исканжага ола бошлади, у эгрилиб-буралар, оғриқдан афтлари бурушиб кетган эди, пешонасидан совуқ тер томчилай бошлади.
Руҳонийни ҳазилакамига қўрқув босмади. Назоратчилар елиб-югуриб қолишди ва Патялни қамоқхонанинг шифохонасига жўнатишди. Қамоқхона ҳакимлари унинг аҳволини кўриб, бош чайқашди. Кечга яқин беморнинг ҳарорати кескин кўтарилди, тун яримдан оққанда эса шифокорлар гуруҳи унинг ҳаёти таҳлика остида эканлигини маълум қилишди ва барчаси якдил равишда ташхис қўйишди: ўткир заҳарланиш!
Оғир беморларни эса қатл этиб бўлмайди, шу сабабдан ўша тунда қамоқхона майдонида Патял учун дор қурилмади.
Бунинг ўрнига, ошқозонини ҳафсала билан тозалашди. У қайд қилиб ташлаган овқатнинг ҳазм бўлмаган қолдиғи таҳлили кўрсатдики, ўпка-жигар аралашмасидан қилинган колбаса ачиб-айниган ва заҳарга айланган экан.
Колбаса сотилган дўконни комиссия босди, маълум бўлишича, дўкондор санитария қонун-қоидаларига парво ҳам қилмаган, колбасани музлаткичда эмас, балки дим-иссиқ жойда сақлаган экан. Комиссия баённома тузди ҳамда ишни прокурорга оширди, прокурор эса сотувчининг маҳсулотни ноқулай шароитда сақлаганликда айблаб, жавобгарликка тортди.
Патялни даволашган қамоқхона шифохонасида ёш, диёнатли, навқирон бир шифокор йигит бор эди, у бемор маҳбуснинг ёнидан бир қадам ҳам жилмади ва унинг ҳаётини сақлаб қолишга бор билим-тажрибасини бағишлади. Негаки, бу хасталик камёб, мураккаб ҳамда қизиқарли бир дард эди. Ёш ҳаким кечани-кеча, кундузни-кундуз демасдан Патялга ғамхўрлик кўрсатди ва ниҳоят орадан икки ҳафта ўтгач, унинг елкасига қоқиб, деди:
— Мана, сизни қутқариб қолдик!
Эртасига Патялни, барча қонун-қоидаларга риоя қилинган ҳолда, осишди. Негаки, у дорга осса бўладиган даражада соғайган эди.
Айби билан Патялнинг умри икки ҳафтага узайишига сабабчи бўлган колбасафуруш уч йил муддатга кесилди, Патялнинг ҳаётини дор учун асраб қолган ёш шифокор эса бошлиқларнинг алоҳида мақтов ва таърифларига сазовор бўлди.

Рус тилидан Михли Сафаров таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 5-сон.