Ўзимни сизга қандай таништиришга ҳам ақлим етмай қолди… Айтайлик, мен қандай одам бўлсам шундайлигимча таништирайми, ё бўлмасам… Борди-ю бирдан сиз ҳам баъзи бировлар каби менинг кимлигимни билиб олсангиз, болохонадор қилиб сўкиб қолмайсизми? Келинг, нима бўлса бўлди, яхшиси сизга бор ҳақиқатни айтиб бера қолай.
Гап шундаки, мен тили билан дили қовушмаган бир инсонман. Тилимни тия олмаганимдан дакки еганим еган. Аммо бирон марта яхшилик кўрганим йўқ. Нега шундай бўлаверар экан, деб бошим қотгани-қотган.
Ў, менинг лойим асли шундай қорилган, ё ота-онамнинг тарбияси шундай бўлган. Бир сўз билан айтсам, ё барча одамлар мендан айрича, ёки бўлмасам мен… Масалан, айтайлик, мени меҳмонга таклиф этишди. Шунда мен меҳмонга кетаётиб ўз-ўзимга сўз бераман: бу сафар тилимни шундай тияманки, ҳеч қандай ортиқча сўзлашига йўл қўймайман. Бошқа меҳмонлар нима ҳақида сўзласа, мен ҳам ўша мавзуда гапираман. Худди ўзгалардек ўз тилимга ўзим хўжайин бўламан. Қарабсизки, меҳмонда ўтирарканман, аввалига ўзимни-ўзим чунонам идора қиламанки… Бироқ орадан кўп ўтмай, тўсатдан аллақандай ички ғалаён ич-этимни кемира бошлайди: “Нега энди “миқ” этмасдан ўтирибсан? Ҳа, ҳақиқатни айтишга юрагинг дов бермаяптими? Қандай қилиб, пойинтар-сойинтар сўзларни эшита туриб, оғзинг қулоғингга етиб бош ирғаб маъқуллайсан?!” Ана шундан кейин десангиз ўз-ўзимни қўлга ололмай, тилимнинг бошбоғини чиқариб юбораман. Қарабсизки, тилим менга ҳукмрон бўлиб оғзимга келганини қайтармайди.
Меҳмондорчиликда мендан бошқа ҳам кўпчилик ўтирган бўлади, албатта. Бино йўлаги олдида энг сўнгги русумдаги автомобиль кутиб турган, афти бужур, тепакал жаноб шахснинг эркинлиги ҳақида, маънавий қадриятлар ҳамда қалбнинг покизалиги ҳақида томоқ йиртади:
– Ҳа, жаноблар… қасамёд қиламанки, дунёнинг ортиқча ташвишлари-ю вақтинчалик омад, ғизиллаб ўтиб кетувчи ҳаётда биздек азизу мукаррам қилиб яратилган инсонларнинг бойлик ва унвон учун ҳукмдорлар олдида тилёғламалик қилишимиз, ўзимизни ерга уришимиз ва обрў- эътиборимизни бир пул қилишимиз асло арзимас бир ҳолдир. Ахир ноиблик, вазирлик ва бошқа амалдорлик мансаблари йўловчилар бот-бот алмашиб турадиган автобус ўриндиқларидан бошқа ҳеч нарса эмас. Ана шу дабдабалар инсоний ғурурни йўқотишга арзийдими? Виждонимни ўртага қўйиб қасамёд қиламанки, тубан инсонларни асло жиним суймайди. Исми хаёлимга келмай турган бир шоиримиз бу ҳақда шундай деган эди.
Бир парча еру қўш ҳўкизга эга бўлиш, Улардан бирин амир, бирин вазир деб билиш Ибн Ямин-чун минг карра камдир, бешак, Қайқубод, Кайхусравни алдаган безак.
Ана шу баландпарвоз сўзлардан кейин барчанинг нигоҳи ваъзхонга ҳайрат ила қадалиб қолди. Улар: “Воҳ, воҳ, воҳ! Қандай ақл соҳиби-я, қандай илғор, тараққийпарвар ва ноёб фикрлар-а!” деб юборишганини сезмай қолишди.
Мен ҳам унинг баландпарвоз сўзларини эшитар эканман, сўрадим:
– Ҳурматли жаноб, мени маъзур тут асиз-у, сизнинг соҳангиз қандайлигини билсам бўладими?
– Мен Марказий саҳродаги майда шағални йиригидан ажратиш вазирлигида вазир ёрдамчисиман.
Бирдан аъзои баданим қизиб кетиб, орқа миямга қон қуюла бошлади.
– Нега энди сизга шу лавозимни ишониб топширишган? – дея олдим ўзимни зўр-базўр босиб.
– Афтидан, менинг ишбилармонлигим, айрича қобилиятга эгалигимни инобатга олишган бўлишса керак.
– Унда сиз кунига неча марта жаноб вазирга етти букилишингизга тўғри келади, шуни айта оласизми? Турли баҳоналарни рўкач қилиб, кунига неча марта жаноб вазирнинг хонасига мўралайсиз-у, унинг оғзига тикилиб: “Эшитаман”, “Қандай юмуш буюрасиз, жаноби олийлари?” дея шивирлайсиз?
– Бирон марта ҳам букилмайман. Ҳа, энди мўралаган бўлсам, бу менинг хизмат вазифам.
– Сизнинг ишчанлигингиз ва қобилиятингизга ишониб топширилган мансабни сақлаб қолиш учун кунига неча марталаб тилёғламалик қиласиз-у, вазирининг соясига салом берасиз? Ана, кўрдингизми, мен ўз-ўзимни идора қила олмай қоламан. – Қани, айт-чи, кунига жаноб вазир автомобилининг эшигини неча марта очасан-у, ёпасан? Вазирнинг ишончига кириш учун ўз қўл остингда бўлганларни оёқ учида кўрсатиб, уларга заҳрингни сочасан ва улар шаънига қаттиқ-қурум сўзлар айтасан? Кунга неча мароталаб ёлғон сўзлайсан-у, қанчалаб қалбаки ҳужжатларга имзо чекасан? Ҳе, сени қара-ю… лаганбардорсан, бахти қаро ёлғончисан!
Яна сен қулвачча қалбинг билан ғурур ҳақида, инсон шаън-шавкати ҳақида оғиз кўпиртирасан. Балки сен бизларни меров деб ўйлаётгандирсан?! Ҳозироқ нақ шу ернинг ўзида, барчанинг кўзи олдида тумшуғингга бир туширайки, ана ундан кейин эсинг жойига келиб қолар.
…Турган гапки, иш муштлашув билан якунланади. Охир-оқибат ё у меҳмондорчиликни ташлаб чиқиб кетади, ё бўлмаса, мени кўчага шармандаларча қувиб чиқариб юборишади. Қарабсизки, мезбон мен билан бутунлай алоқани узиб ташлагани етмагандек, бошқаларни ҳам огоҳлантириб қўяди: «Илоё, шу каллаварам Шоҳоний дегани билан таниш бўлишдан сизни яратганнинг ўзи асрасин!” (У, албатта, ноҳақ бўлади!). Ёки бўлмаса, бошқа бир ҳодисани кўз олдингизга келтиринг. Мен ёзувчилар, шоирлар, э, борингки, ақл-заковат соҳиблари даврасида ўтирибман. Гап шеърхонликдан бошланди, дейлик. Шунда меҳмонлардан бири ашъор ўқийди.
Шоирлар эса асосан ё анъанапарастлар, ёхуд бўлмасам янгилик тарафдорларига бўлинишади. Бордию шоир анъанапараст бўлса, тингловчиларнинг олқишлари ва дод-фарёдлари остида кўз ёшини шашқатор этиб, рақибининг тошбағирлигидан, маъшуқасининг бевафолигию севгисини хор этганидан, унинг маккоралиги ҳамда бошқа мавзуларда ғазал ўқиб, нолаю афғон чекади. Йиғлайди, йиғлатади.
Мен ҳам барча қатори ғазални тинглаб бўлгач, шеърхонга юзланаман:
– Жаноб, ўринсиз саволим учун мени маъзур тутасиз, ёшингиз нечада?
– Олтмиш саккизда.
– Оила қурганмисиз?
– Ҳа.
– Фарзандларингиз ҳам бўлса керак?
– Ҳа, албатта. Етти фарзандим, невараларим бор.
– Сизни ташлаб кетган маъшуқангиз неча ёшда эди?
У ғамга чўмиб, жавоб беради:
– Йигирма ёшларда эди.
– У сизни нега ташлаб кетди?
– Бунинг тагига ўзим ҳам етолмаяпман. Бевафо экан, мени ташлади- кетди, – дейди ғазалхон отахон ғамгин бир ҳолатда. – Ҳозир кечаю кундуз куйганим-куйган. Ғамида адо бўладиганга ўхшайман энди.
Ана шундан кейин лампамой сепилган алангадек бирдан ловуллаб кетаман:
– Эсини еган виждонсиз чурук чол! Етмишни уриб қўйибсан-у, бир оёғинг гўрда бўла туриб, ёш қизга осилишни ким қўйибди сенга? Яна у нега ташлаб кетганига ақли етмасмиш буни. Сен – чириб кетган жўкак кимгаям керак бўлардинг? Охир-оқибат бетамиз бетамизлигича қолаверар экан-да. Покдамонлик билан олийжанобликнинг фарқига боролмай қолибсан-ку… Яна кўз ёши тўкиб, маъшуқам ташлаб кетди, деб ҳиқиллайсан. Яхши қилибди, минг офарин ўшанга. Сенга катта сабоқ бериб кетипти, эс-ҳушингни йиғиб ол энди. Аёлинг, етти фарзандинг, набираларинг бўла туриб, қизлар кетидан илакишиб юришни ким қўйибди сенга?!
Қарабсизки, яна жанжал бошланади. Тағин ё у кетиб қолади, ё мени ташқарига чиқариб ташлашади. Хонадон соҳиби бўлса барчага эшиттириб: “Шоҳоний деганингиз ким бўлибди ўзи? Бадииятдан умуман йироқда: на шеъриятни, на адабиётни англаб етади”, дейди.
Борди-ю, янгилик яратувчи шоир бўлса, на бошланиши, на ниҳояси, на қофиясию на туроғининг тайини бўлмаган шеърида Биафранинг оч-наҳор қолган одамлари ҳақида ғам чекади, Африканинг бахтсиз болаларига ҳамдардлик билдириб, нола қилади. Шеърларини тантанавор равишда ўқиган янгилик яратувчи назмкор турган гапки, барча қатори мендан ҳам ўзининг инсонпарварлик туйғулари ҳамда илғор фикрларга кўмилган ашъорлари учун ҳамду-санолар кутади. Мен эса мақтов ўрнига шартта ёқасидан оламану, сўроққа тутаман:
– Ўртоқжон, қани айт-чи, кечаги оқшомни қаерда ўтказдинг?
– Дўстлар билан майхонада бўлдим.
– Ўтган кунги тунда-чи?..
– Дўстлар даврасида маишатда эдим.
– Хўш, ундан олдин-чи?
– Лолазорда бўлдик.
Ана шундан кейин мен яна чегарадан чиқиб кетаман:
– Ифлос, виждонсиз! Лоақал бир кеча Биафранинг оч яшаётган одамлари-ю Африканинг бахтсиз болалари учун майхонада шаробни уриб, бузуқчилик қилмасдан уйингда ўтирсанг бўлмасмиди?! Ўз маҳаллангда қанчалаб оч-наҳор юрганига бир назар ташласанг-чи… Нима, бизларни аҳмоқ деб ўйлаяпсанми? Биафрада нима бўлаётгани билан сенинг неча пуллик ишинг бор? Родезияда рўй бераётган ҳодисаларга тупурмайсанми? Қара, Биафрадаги оч қолаётган болалар тақдири сени шунчалик ғамга ботирганки, иштаҳанг бўғилиб, жўжанинг юмшоқ гўшти ҳам томоғингдан ўтмаяпти. Қани, ичкиликбоз, суюқоёқ ковушингни тўғрилаб қўймасимдан бу ердан туёғингни шиқиллатиб қол-чи!
…Яна ғалва! Яна ё у мендан дарғазаб бўлганча жўнаб қолади, ё менга ҳаддингдан ошдинг энди, қани бир жуфтакни ростла-чи, дейишади. Ҳар сафар бир муаммо чиққани чиққан.
Биз ўтирган даврада бирор кимсанинг кўзлари шилпиқ бўлса-ю, бирор кимса унга кўзларингиз бирам чиройлики, нақ мовий наргизнинг ўзгинаси-я, деб қолса борми, бирдан ўзим сезмаган ҳолда фиғоним фалакка чиқиб кетади-да: “Ўҳ, ўша шабкўрнинг кўзларини мовий наргизга ўхшатган кимсанинг отаси гўрида тикка туриб кетсин-а!” деган сўзларни айтиб юбораман.
…Яқинда бир ошнам мени тутиб олиб, панд-насиҳат қила кетди:
– Қачонгача шундай яшаш мумкин ахир?! Ҳадеб одамларнинг жиғига тега берасанми? Ҳамма сендан кўнгли совиб, узоқлашиб кетади-ку. Ҳеч ким сен билан дўстлашмай қўяди, ҳатто яқинига йўлатмасликка ҳаракат қилади. Ўйлаб кўргин, ўзинг ҳам бир назар ташлаб қўй… Хулқингни ўзгартир энди. Бошқалар нима деса, сен ҳам қўшиладиган, сўзларини қўллаб-қувватлайдиган бўл. Нега энди ҳамманинг фикрига қарши чиқавериб, дилини ранжитишинг, ўзингдан бездиришинг керак?!
– Мен ўзимни асло қўлга ололмаяпман, – дедим надомат ила. – Менинг тилим ўзимга душман бўлмоқда. Менга сираям бўйсунмаяпти. Кел, ўртоқжон, бирон-бир жўяли маслаҳатинг бўлса, айт.
– Мен сенга “Дўст орттириш қоидалари” деган бир китоб олиб келиб бераман. Уни синчиклаб ўқиб чиққин-да, айтилган тавсияларига қатъий риоя қил. Шундан кейин қарабсанки, сен ҳам ўзгаларга ўхшаб қоласан- қўясан. Қаерга борсанг барча ёқтирган мўмин-қобил меҳмонга айланасан- қоласан. Биров сен билан жанжаллашиб ҳам ўтирмайди, уйидан қувиб ҳам чиқармайди.
Бу гап менга маъқул тушди. У эртасигаёқ менга ваъда қилган китобини келтириб берди. Китобни мук тушиб ўқиб чиққач, шу нарсага ишонч ҳосил қилдимки, ҳақиқатдан унда битилган кўплаб фойдали маслаҳатларга амал қилгудек бўлсам, ўзимга душман орттириш эмас, талайгина дўстларга эга бўлишим мумкин экан. Масалан, бир ерида шундай дейилади:
“Меҳмондорчиликда ўтирар экансиз, шу тобда ҳатто хаёлингизни бирон- бир қизиқ воқеа банд қилган бўлса-да, суҳбатдошингизнинг сўзларига жиддий қулоқ солишга ҳаракат қилинг. Унинг шаънига ҳамду санолар ёғдиришдан ҳамда сўзларидан ҳайратга тушишдан асло ўзингизни тия кўрманг. Кийимининг ранги рўйидан, бўйинбоғининг шаклидан оғзингиз қулоғингизга етсин. Борди-ю меҳмонлардан биронтаси оғаси, отаси ёхуд меҳмонда ўтирганлардан бирининг ахлоқий ва виждоний сифатларини мақтай бошласа, сиз ҳам унинг сўзларини тасдиқлаб, қўллаб-қувватлаб туришингиз керак. Мабодо ёнингизда ўтирган кимсанинг бурни катта ва танқайган бўлса, сиз унинг ёнлама кўринишини аслзодаларга хос деб кўкларга кўтаринг…” ва ҳоказо-ю ҳоказолар.
Қоидаларни ўқиб чиққанимдан кейин бир куни мени меҳмондорчиликка таклиф қилиб қолишди. У ерда меҳмонга келганлардан бири билан таништириб қўйишди. Қаранг, шундай воқеа рўй берса бўладими? Унинг исми-шарифи менга жудаям таниш бўлиб, оғасини кўрган эдим.
Мулойимлик билан суриштира бошладим:
– Биродари азиз, марҳамат қилиб мени маъзур тутасиз-у, мабодо Акбархон деган акангиз йўқмилар?
– Нега бўлмасин, бор-да…
Мен дарҳол фурсатни бой бермай, оғайнимнинг берган маслаҳатлари билан у берган китобдаги қоидалардан олган таассуротларимни эслаб, шоша-пиша сўзимни давом эттирдим:
– Қандай ажойиб акангиз бор-а! Биз Акбархон билан кўп йиллардан буён дўстлашиб келамиз. Ҳа, ишонаверинг, Асқар оға, акангиз инсон эмас, нақ фариштанинг ўзгинаси. У ҳаддан ташқари покиза, саранжом- саришта, диёнатли йигит. Агар у билан жилла бўлмаса ҳафтада уч-тўрт марта учрашиб турмасак, ўзимизни қўярга жой тополмай қоламиз (Очиғини айтсам, у билан бор-йўғи икки марта учрашганмизми- йўқми, билмайман). У қандай самимий, меҳмоннавоз, қўли очиқ инсон-а! Бир сўз билан айтсам, у чин дўстим.
Ия, бу нима деган гап! Асқар оға сўзларимни охиригача эшитмай туриб, бирдан бомбадек портлаб кетса-я!
– Ҳой, менга қара, сен жудаям риёкор, тилёғламачи, расво одам экансан-ку. Нега бунча бўлмағур гапларни вайсадинг-а?! Ў, ўша аблаҳ акам сени ҳузуримга юбордими? Биз уни яна оиламизга қабул қилишимизни истаб қолдими, айт?..
…Ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Мен юзага келган вазиятдан чиқиб кетиш учун эҳтиёткорлик билан чора излайман-у, Асқар оға бўлса атрофдагиларнинг унинг сўзларини маъқуллашлари ва қўллаб- қувватлашларидан дадилланиб, айюҳаннос солар ва ўз акаси ҳамда менинг устимдан мағзава ағдаришда давом этарди:
– Ҳали кўп йиллардан буён остонамизга яқин йўлатмаётган бир безорини ҳимоя қилмоқчимисан? Инсонларнинг энг ифлосини, энг тубанини кўкларга кўтариб мақтаяпсанми ҳали? Бизнинг оиламиз унинг
исмини тилга олишдан ҳазар қилади. Мен ўтирган ерда у ярамасни ҳимоя қилишга қандай журъат этдинг?! Номуссиз! Ёлғончи! Бахтиқаро лаганбардор! Аблаҳ!
– Кечиринг, жаноб,–хижолатпазликдан чиқмоқчи бўлди мен. – Аллоҳ кўриб турибди, мен сизни ҳечам ранжитиш ниятим йўқ эди. Гап шундаки, мен бир қадрдон дўстимнинг маслаҳатига кўра, “Дўст орттириш
қоидалари” китобини ўқиб чиқиб, бугун биринчи марта ўша қоидаларни амалда синаб кўрмоқчи бўлувдим.
Асқар оға остидан илон чиққандек сапчиб туриб кетди. Муштларини тугган ҳолда юзлари анордек қип-қизариб шанғиллади:
– Сенгаям, дўстинггаям, қоидалар китобини ёзгангаям… лаънатлар бўлсин! Ҳозироқ мушт тушириб қолмасимдан тезроқ бу ердан жўнаб қол! Қани, тезроқ…
Сездимки, аҳвол оғир. Гарданимга бу шарманданинг мушти тушиб қолмасидан, ўзимни эҳтиётлаган ҳолда меҳмонлар тўдаси орасидан сирғалиб чиқдим ва ҳайдаб қолмасларидан буруноқ жуфтакни ростлаб қолдим.
Эртасига китобни қўлтиққа урганча дўстим ҳузурига бордим:
– Ўртоқжон, ма, китобинг ўзингга буюрсин! Мен энди ҳечам янги дўстлар орттирмоқчи эмасман. Аввалги ҳолича қолаверганим маъқул экан. Одамлар қандай бўлса, шундай қолавераркан. Ё мен бошқачаман ёки одамлар бошқача. Бу китобингни ўзинг ўқи, унинг қоидаларига ўзинг амал қил. Мени шундан халос эт, дўстим, мен бунга муносиб эмас эканман.
– Нега энди? Нима бўлди?
– Шунчаки… Ҳеч нарса бўлгани йўқ…
Рус тилидан Мурод Парпихўжаев таржимаси