Хисрав Шохоний. Танишув ҳангомаси (ҳикоя)

Ҳаётимда илк маротаба менинг ана шундай тантанавор маросимда иштирок этишимга тўғри келиб қолди. Бу воқеа янги ҳоким тайинлашдан кўп ўтмай содир бўлди. Ўшанда мен қуйидаги мазмунда битилган таклиф мактубчаси олдим: “Ҳурматли жаноб… Сиздан янги ҳоким Банинов ҳамда у кишининг рафиқалари билан танишув учун ҳокимлик қабулхонасига ташриф буюришингизни сўраймиз. Кийиниш услуби – ҳар кимнинг ўз таъбича”.
Мўъжазгина шаҳарчамизда маскунлар бир-бирининг хатидаги икир- чикирларигача хабардор бўлгани учун мен қабулхонага қадам ранжида қилар эканман, ўзимни мутлақо бегона ҳис этмадим. Мен ҳар томондан оқиб келаётган меҳмонларнинг кўпчилигини яхши билардим. Бу катта қабул тантанаси бўлиб, унга муассасаларнинг бошлиқларидан тортиб, мактаб муаллимларигача ва ҳатто бозорнинг савдогарларидан сотувчиларигача – турли соҳа кишилари таклиф этилганди.
Орадан кўп ўтмай, аввалги барча ҳокимларга ёрдамчилик қилган, агар адашмасам, умр бўйи шу лавозимда ишлаб келаётган ҳамда саккиз нафар бошлиқни кўрган жаноб Садоқатпеша овозини баралла қўйиб эълон қилди:
– Ҳурматли хонимлар ва жаноблар! Ҳозир бизнинг янги ҳокимимиз жаноб Банинов ўз рафиқалари билан ташриф буюражаклар. Таништирувимиз қулай бўлсин учун меҳмонлардан бир сафга тизилишларини илтимос қиламиз.
Бундай тантаналарга аллақачон кўникиб кетган меҳмонлар дарҳол жамиятда мавқеларига ҳамда хизмат лавозимларига қараб жойларини эгалладилар. Табиийки, сизнинг содиқ қулингиз узундан-узоқ чўзилиб кетган сафнинг охирига илинди. Орадан кўп ўтмай жаноб Банинов рафиқаси билан пайдо бўлди. Барча саф тортиб турганлар гўё шамолдан эгилган буғдой бошоқларидек бирдан олдинга эгилишди. Худди сафда турганлар бир-бирига кўз илғамас мурватчалар ҳамда ошиқ-мошиқлар билан бирлаштириб қўйилгандек. Сизнинг содиқ қулингиз ҳам истаса- истамаса уларга эргашишига тўғри келди ва улар билан биргаликда эгилганча қотиб тураверди. Жамоавий етти букилиш тантанаси тугаб, икки қўлни ёнга тушириб ғоз турар эканмиз, мен беихтиёр, хўш, очиғини айтганда, бу жаноб нима учун аллада азиз ва нега энди биз унинг олдида бош эгишимиз керак, деган ўйга бордим.
Бундай қараганда, бу кимсанинг ўзгалардан ажралиб, кўз-кўз бўлиб турадиган ортиқча хислати кўзга ташланмасди, ўрта бўйли оддий одам эди.
Танишув тантанасига саф тортганларнинг бошида бўйнини чўзиб турган шаҳримизнинг дев келбатли бош имоми билан ёнма-ён тураркан, ҳоким туя ёнидаги бўталоққа ўхшаб кўринарди. Энди унинг рафиқасини айтмайсизми, Оллоҳ номи билан қасамёд қиламанки, шаҳримизнинг кўпчилик аёллари ва ҳатто танишув тантанасида иштирок этаётган аёллар ҳам унга қараганда анча кўҳли ва жозибалироқ эдилар.
Ҳоким рафиқаси билан биргаликда саф тортганлар яқинига келиб, бош имом қаршисида тўхтади. Таништирув тантаналари маросимларида беқиёс тажрибага эга бўлган ҳамда саф тортган барча меҳмонларнинг уруғ-аймоқларигача танийдиган жаноб Садоқатпеша ўз вазифасини ижро этишга киришди:
– Бу киши машҳур дин пешвоси, шаҳримизнинг атоқли олими Жаноб Ҳожат ол-фалон Авлодободий бўладилар. Ҳазратнинг эътиқодлари мустаҳкам бўлиб, масжидимизда имомлик қиладилар. У кишининг жонкуярлиги ва меҳрибонлиги туфайли ҳаммамиз тинч-осойишта ва ҳузур-ҳаловатда яшаяпмиз.
“Ана, холос. Бундан чиқди, бизнинг бош имомимиз чиндан ҳам олийжаноб Садоқатпеша кўкка кўтариб таърифлаганидек, иззат-икромга лойиқ инсон экан-да”, деб ўйлаб қолдим мен.
– Сиз бу кишининг исми-шарифини нима дедингиз? – суриштирди ҳоким.
– Жаноби олийлари, Авлодободий, дедим.
– У ўзига шундай пурмаъно исм-шариф танлаган экан, демак унинг жужуқлари сероб экан-да, – ҳазиллашиб қўйди ҳоким.
– Худди шундай, жаноби олийлари,– деб жавоб берди Садоқатпеша.– Сиз сезиб олганингиздек, руҳий раҳнамомизнинг оилалари катта: иккита муқим никоҳдаги аёллари ҳамда тўртта шаръий никоҳлаб олган хотинлари бор. Шуни ҳам айтиб қўйишим лозимки, уларнинг барчаси оқсуяк оилалардан. Булардан ташқари Авлодободий жанобларининг ўн олти нафар ўғиллари, етти қизлари ҳамда кўплаб келинлари ва набиралари бор.
“Бундан чиқди,– деб ўйладим мен.–Бизнинг бош имомимиз инкубатор экан-да”.
– Елкангизга,–деди унга жилмайиб ҳоким, – оғир вазифалар юкланади. Сиз бу масалаларга жамоат олдида барча масъулиятни сезган ҳолда виждонан ёндашишингиз керак бўлади.
Бунга жавобан бизнинг бош имомимиз етти букилар экан, Оллоҳ томонидан буюрилган дин йўлидаги барча ишларни холис ва оғишмай бажаришга жаноб ҳокимни ишонтирди.
Кейинги одамга навбат келганида жаноб Садоқатпеша ҳамма эшитадиган қилиб деди:
– Бу киши жаноб Покфамил бўладилар, молия бошқармасининг ҳурматга сазовор бошлиғи. Исм-шарифларининг ўзи яққол таъкидлаб турганидек, давлатнинг соф ва беғараз хизматчиларидан бири ҳисобланадилар. Жаноб Покфамил бу соҳада кўп йилдан буён тер тўкиб келадилар ва…
Мен бу исм-шарифни эшитгач, шаҳар аҳли даҳшатдан дир-дир титрайдиган, қийноққа соладиган жаллод эмасмикин, дея бўйнимни чўзиб қарадим. Не кўз билан кўрайки, худди ўша – ўзлари! Қани, айтинг-чи, ахир буни қандай тушунмоқ керак? Номи қаттиққўллик ва раҳм-шафқатсизлик тимсолига айланиб кетган бу қонхўр кимса бирдан исми-шарифига заррача доғ туширмаган покиза ва беғараз инсонга айланиб қолса-я?!
Шу тобда миямга қон қуйилаётганини сездим. Бутун аъзойи баданим қизиб кетар, гоҳ қалтироқ тутарди. Жаноб ҳоким, барча гаплар ёлғон! Сизнинг шон-шарафингиз билан қас амёд қиламанки, бу турқи- тароватнинг исми-шарифи Покфамил эмас, Нажасфамилдир. У замонамиз ярамасларининг ярамаси, муттаҳамларнинг муттаҳами, деб қичқириб юборишимга сал қолди. Хайриятки, шу заҳотиёқ ўзимни қўлга олиб ўйлай бошладим: “Сенинг нима ишинг бор-а? Яна бирон-бир ғалвага аралашиб қолиб, сенинг ишларингни ҳам ағдар-тўнтар қилишларини истаяпсанми? Эҳтимол сен янглишиб қолгандирсан, бу Покфамилнинг сен ўйлаётган ифлос турқ-тароватга ҳеч қандай алоқаси йўқ чиқар!”
Ҳоким Покфамил билан танишувни ниҳоясига етказиб, унинг қўлини қаттиқ қисиб қўйди-да, учинчи меҳмон рўпарасига борди.
– Бу киши жаноб Етимнавоз бўладилар, – Садоқатпешанинг қулоқни қоматга келтирувчи овозини эшитдим. – Шаҳримизнинг ҳалол-пок, ғамхўр савдогарларидан бири. Худди шу жаноб кўп йиллардан буён шаҳримизнинг гуллаб-яшнаши учун жонбозлик қилмоқдалар. Ўзларига мерос бўлиб қолган кўп ерларни мактаб, шифохона ҳамда болалар боғчалари қуриш учун сахийлик билан давлатга бериб юборганлар. Етимнавоз жаноблари ҳар ҳафта бечораҳол ва қашшоқ кишиларни меҳмон қиладилар, уларга ўз мол-мулкларидан улашадилар.
Етимнавознинг исм-шарифи қулоғимга чалингунча мен Покфамил ҳақида эшитганларим таъсири остида бўлиб, ҳамон ўз-ўзимни юпатардим. “Ия, қанақасига! Наҳотки бу ўша – биз ҳожи мумсик деб атайдиган ва ўтакетган зиқна, ҳаромхўр чайқовчи Ҳожи Етимнавоз бўлса? Қарасам, нақ ўшанинг ўзгинаси! Бу нима деган гап ахир? Нега энди Садоқатпеша деган кас кўзини бақрайтириб туриб ёлғон гапиради? Ҳожи Етимнавоз дегани ўзига мерос қолган ерини давлатга мактаб, шифохона ҳамда болалар уйлари қуриш учун таг-туги билан текинга бериб юборди, деган гапни қаёқдан олди? Ахир, унинг ер олди-сотдисида қалбаки ҳужжатлар тайёрлагани ҳақидаги “иши” ҳамон ёпилгани йўқ, тергов ишлари давом этмоқда-ку. Бошқа бир кимса эмас, нақ шу жанобнинг ўзи икки йил бурун шаҳар бошқаруви аъзоси бўлиб, адлия бўлими бошлиғининг ёрдамида бахтсиз бева-бечоралар ҳамда етим-есирларнинг уйларини ҳам қўшиб олиб, барча ишлаган ва ишламаган вақф ерларини ўзига ўтказиб, ўзлаштириб олган эди-ку. Ахир қандай қилиб, бу жиноятчи, таъбир жоиз бўлса, тўсатдан ҳақиқатгўй ва адолатли инсонга айланиб қолди?! Макка сафарига бориб келгани билан керилиб юрувчи ва тақводор мунофиқ чайқовчилик орқасидан ҳамда қарз берган ҳар бир тумани устига икки ҳисса фойда олиб, кун кўрарди-ку. Ночор қолган кимсаларнинг қонини сўрувчи бу зулук қачондан буён инсонпарвар ва саховатпеша қиёфасига кириб, муҳтожларнинг ҳожатбарорлиги билан шуғулланадиган бўлиб қолипти! Наҳотки бу турқ-тароватнинг кимлигини Садоқатпеша билмаса?” Мен яна бор овозда барча азиз-авлиёлар номи билан қасам ичаманки, Садоқатпеша ёлғон гапиряпти, деб юборишимга сал қолди. Бироқ шу тобда ҳокимнинг Етимнавоздан буёғига ҳам Қуръон кўрсатмаларига биноан иш юритишни давом эттиришини илтимос қилаётгани қулоғимга чалиниб, тилим танглайимга ёпишиб қолди. Гўё симёғочга айланиб қолган эдим.
Шу тобда навбат кейинги меҳмонга келган эди ва Садоқатпешанинг товуши қўнғироқ товушидек миямда акс-садо берарди:
– Бу ҳазрат жаноб Синэпахи бўладилар. Шаҳримизнинг мақтаса арзугудек ёш спортчиларидан бири. Бу бизнинг фахримиз, мамлакатимизнинг шон-шуҳрати. Ўзининг бағрикенглиги билан бу инсон мамлакатимизда биринчи ўринлардан бирида туради. Сахийликда, қалби очиқлик, одамшавандаликда тенги йўқ. У ўзининг ҳалол меҳнати эвазига топган даромадидан учта спорт клуби қуриб ташлади.
“ Ана холос ! Ахир бунинг т аниқли ка ллаке с ар , пичоқбоз ва йўлтўсарлигини бутун шаҳар билади-ку. Ахир, у учта фоҳишахонанинг эгаси-ку! Спорт клублари бу ерда нима қилиб юрибди? Худди шу Синэпахи дегани пичоқбозлиги ва қотиллиги учун Кешм, Харк оролларига ҳамда Бандар-Аббосга тўрт марта сургун қилиниб, тўрт мартасида ҳам у ерлардан қочиб келган-ку. Бу безорининг тушига инсонпарварлик номига
ҳам кирмаган бўлса керак. Ундаги сахийлик, бағрикенглик ва бошқа сифатлар қаёқдан пайдо бўлиб қолдийкин? Шаҳримиз аҳолиси кўчада уни кўриб қолгудек бўлса, оч бўрига йўлиққан қўйлардек ҳар томонга тарқалиб кетишади-ку. Қандай қилиб бу йўлтўсар мамлакатимизнинг ғурури-ю, шон-шуҳратига айланиб қолди?!”.
Мен бор кучимни жамлаб, шижоат билан олдинга чиқиб: “Жаноби ҳоким! Сизнинг рафиқангиз номи билан қасамёд қиламанки, Садоқатпеша ҳалиям алдашда давом этмоқда! У кўз кўриб, қулоқ эшитмаган гапларни тўқиб ташлаяпти”, деб юбормаслик учун тишимни тишга босдим. Бироқ шу тобда жаноб ҳокимнинг рафиқаси табассум ила меҳри товланиб, ҳайратланган бир ҳолатда Синэпахининг қўлини қисаркан, ўзининг ташқи кўринишига ҳечам мос тушмайдиган эркаловчи ҳамда нозик товуш билан унга мурожаат қилиб, сўзланарди:
– Бизнинг ватанимиз, бизнинг халқимиз сиз каби инсонларга муҳтож! Бизнинг миллатимиз сизга ўхшаш довруғи довон ошган спортчилар билан ғурурланмай иложи йўқ. Бизнинг замонамиз ёшлари жисмонан кучли ҳамда жаҳон спорт майдонларида байроғимизнинг шонли ҳилпирашига имкон туғдириб берган жамоатларгина ривожланишга ва оламшумул эътирофга сазовор бўлишига ҳақли. Мен ёшларимизнинг бақувватлиги, жисми пўлатдек мустаҳкамлиги ва соғломлигини ҳар кўрганимда ўзимда қониқиш ҳосил қиламан.
Назаримда бошимдан кимдир муздек сув қуйиб юборгандек бўлди. Афтим буришиб, мазам қочди ва аъзойи баданимдан совуқ тер чиқиб кетди.
Олтинчи ўринда турган одам билан танишувга навбат етди. Садоқатпеша аввалгиларидек ахборот йиғиш бошқармасининг штатдан ташқари хуфия ходими бўлмиш Пачевармалидэнинг кўкрагига ўнг қўли билан ниқтар экан, деди:
– Жаноб Пачевармалидэ атоқли адабиётшунос, олим ва нозиктаъб шоирлардан бири. У шон-шуҳратга эга бўлишига қарамасдан, хокисоргина ҳаёт кечиради ва жамоа орасида кам кўринади ҳамда ўзини кўз-кўз қилишни ёқтирмайди.
Пачевармалидэ жанобларининг ажойиб ва қалбларни жунбушга солувчи шеърлари оғиздан оғизга ўтиб юради, унинг ўзи эса шаҳримиздаги барчанинг ҳурматини қозонган ва тан олинган. Ҳафта сайин унинг уйида адабиёт кечалари уюштирилади ва унда шаҳарнинг шоир ва ёзувчилари қатнашиб янги-янги асарларни қўйиб берадилар. Биз ҳозир Пачевармалидэ жанобларидан жаноб ҳоким ва унинг рафиқаларининг шаҳримизга шарафига бағишлаб махсус битилган қасидани ўқиб беришини илтимос қиламиз.
Жаноб ҳоким ва унинг рафиқаси Пачевармалидэга ўзининг шоирлик қобилиятини намойиш этиши учун розилик берганлигини ишора қилиб, назокат ила жилмайиб қўйди.
Ахборот йиғиш бошқармасининг штатсиз ходими ҳамда барча қонуний ва ғайриқонуний битимлар даллолининг шаҳар маркази ва ташқарисидаги уйлари шаҳарнинг турли муассасалари бошлиқлари учун ишратхона бўлиб, шулар орқали мўмайгина кўчмас мулк даромадига эга бўлган Пачевармалидэ бир қадам олдинга чиқиб, етти букилиб таъзим бажо этгач, баланд овозда хониш билан ҳоким ҳамда унинг рафиқаси шаънига бағишланган қасидани ўқий кетди.
“Ана холос! Шунчалик ҳам сурбетлик бўладими, ахир! – ўйга толдим мен. – Шундай разил кимсанинг шеъриятга, умуман адабиётга қандай алоқаси бўлиши мумкин? Бу ярамасни шаҳарда ҳамма яхши билади- ку. У фирибгарлик ва ёлғончилик мактабини ўқиган кимса-ку. Ахир у ўтакетган фирибгар ва бузғунчи-ку. Хат-саводи йўқ гумроҳ-ку. У шу қадар саводсизки, ҳатто имзо чекишни ҳам уддалай олмайди. Буни қарангки, ана шу ярамасни улкан адабиётчи ва шеъриятнинг билимдони сифатида намойиш этмоқдалар. Бизнинг шаҳримизда чиндан ҳам шундай ажойиб шоирлар борки, уларнинг шеърлари буюк Низомий ғазаллари билан бемалол рақобатлаша олади, бироқ улар муҳтожликка маҳкум этилгандек зўр-базўр кун кечирмоқдалар. Бу муттаҳамни ҳоким ва унинг рафиқасига шоир сифатида таништириш фикри кимдан чиқдийкин?”
Хаёлларим танишувда иштирок этаётганларнинг қарсаклари ва “Яшасин!”, “Яшасин!” дея қичқириқлардан бўлиниб кетди. Ҳоким жаноблари ва унинг рафиқаси бу тўнканинг қофиябозлигини юксак баҳолашгач, кейинги меҳмон билан таниша бошлашди.
Қисқасини айтганда, жаноб Садоқатпеша ғишт терувчини – тоғ муҳандисига, гўрковни – археологга, бўёқчини – улуғ мусаввирга, фолбин ва башоратчини – мулла ва донишмандга, хачирбоқарни – моҳир чавандозга, хат ташувчини – ёзувчи ва адабиётшуносга, ғирт каптарбозни – биолог олимга чиқариб қўярди.
Садоқатпеша бошқаларни қандай таништирган бўлса, мени ҳам худди шундай таништира бошлади:
– Бу жаноб – жўшқин ёшларимиздан бири, ватанпарвар, жасур, мустаҳкам иродали, серфикр, меҳрибон, итоаткор, сипо, ақлли, донишманд ва ҳоказо.
Бу ҳангомани давом эттиришга сабрим чидамай тоқатим тоқ бўлиб кетди. Агар бошқаларга нисбатан шундай ҳол рўй берганида бир амаллаб чидаса бўларди-ю, аммо худди шу алфозда менга баҳо беришар экан, ўзимни қўлга олишга қурбим етмай қолди. Шаҳд билан бир қадам ташлаб, сафнинг олдига чиқдим-да, бор овозим билан дедим:
– Ҳоким жаноблари, сизнинг шуҳратингиз билан қасамёд қиламанки, бу одам ғирт ёлғон гапираяпти. Барча авлиёлар номига қасамки, бари бўлмаган гап! Мен, умуман, довюрак эмасман! Агар мен довюрак бўлганимда эди, сурбетлик билан неча йиллардан бери мана, ўн йилдирки, барчани боплаб лақиллатиб келаётган жаноб Садоқатпешанинг ўрнида ўтирган бўлардим. Мен журъатли ҳам эмасман, йўқса, Синэпахига ўхшаб шаҳарда учта ишратхона очиб қўйиб, ойига ўн минг, ўн беш минг тумандан пул ишлаб ётган бўлардим! Мен донишманд ҳам эмасман, агар шундай бўлганимда, жаноб Етимнавознинг ўрнини эгаллаб, олтинга чўмилиб ётардим! Агар мен ақлли бўлиб, елкамдаги каллам ишлаганида эди, унда аллақачон анави Пачевармалидэга ўхшаб, ахборот йиғиш бошқармасининг штатсиз ходими вазифасига ўтиб олардим ва худди ўшанга ўхшаб, ўз уйимни ишратхонага ва ахлоқсиз кимсалар, яъни шаҳримизнинг нуфузли отахонлари тўпланадиган масканга айлантириб қўярдим! Мен ватанпарвар ҳам эмасман, йўқса, мана шу ерларнинг жуда бўлмаганида ярми меники бўларди. Агар итоаткор ва сипо бўлганимда эди, барча мени асраб-авайларди, бошида кўтариб юрарди…
Мен шу топда яна нималар деб валдираганимни аниқ эслай олмайман! Фақат нима деб бақирмай, меҳмонлар менга ачиниш билан қарашарди ҳамда гапларимга қўшилганликларини билдириш маъносида бошларини чайқашарди.
Жаноби ҳоким ва унинг рафиқаси бўлса яккаш менга далда беришар ва давом эттиришимга ундашарди. Улар: “Жуда зўр! Довюраклигингга балли! Ана жасорат! Мана, ҳақиқий ватанпарвар! Мана, беғараз ва софдил инсон! Мана, биз ҳақиқатни бетга айтишни кимдан ўрганишимиз керак! Яша, йигит, яшавор! Гапиравер, йигит, асло чўчима! Агар сен бўлмаганингда эди, бизлар ҳеч қачон ҳақиқат нималигини, қачон ва қаерда номаъқулчиликлар содир этилаётганини билмас эдик. Ахир биз бу ерга ишларингизни кўриб чиқишга, қийинчиликлар, пишиб етилган масалалар билан танишишга, газакнинг олдини олишга келганмиз-да. Ахир биз барча одамларни била олмаймиз-ку. Гапиравер, ўғлим, гапира бер, юрагингда қандай дард бўлса тўкиб сол! Ҳечам қолдирма! Асло чўчима, биз ҳаммасини кўриб чиқамиз ва сенга ёрдам берамиз! Бизнинг ватанимиз шундай ёшлар билан ғурурланади, биз бундай ёшларга муҳтожмиз…”
Бу ҳангома қандай якун топганини билишни истайсизми? Марҳамат! Орадан бир ҳафта ўтгач, жаноб ҳоким ўзининг марказга юборган махфий ҳисоботида шундай дебди: “Бу нусха (яъни, сизнинг содиқ қулингиз) – фитнакор, ғаламис ва бетгачопар экан. Буюринг, уни нима қилай?”
…Олинган жавоб мазмунини сизга баён қилиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак, деб ўйлайман.

Рус тилидан Мурод Парпихўжаев таржимаси