Вольфганг Борхерт. Ошхона соати (ҳикоя)

Одамлар унинг ўзларига томон яқинлашиб келаётганини пайқашди, чунки унда диққатни тортадиган нимадир бор эди. Унинг юзи қаримсиқ кўринса-да, бироқ юришидан унга йигирма ёш берса бўларди. Қаримсиқ юзли кимса одамлар ёнига, скамейкага ўтирди. Кейин уларга қўлидаги нарсани кўрсатди.
— Бу бизнинг ошхона соатимиз эди, — деди у ва скамейкада кунчувокда ўтирган ҳамма одамларни бирма-бир кўздан кечирди. — Ҳа, уни ҳозир топиб олдим. Қолиб кетган экан.
У оппоқ ликопга ўхшаш ошхона соатини қўлида ушлаб турар ва бармоғи билан унинг ҳаворанг рақамларини силарди.
— Энди унинг ҳеч бир қиммати йўқ, — деди у ўзини оқлагансимон, — буни биламан. Бунинг устига унчалик чиройли ҳам эмас. У бор-йўғи оппоқ ликопга ўхшайди, холос. Лекин ҳаворанг рақамлари ҳалиям яхшигина сақланган назаримда. Тўғри, миллари жездан қилинган. У энди юрмайди. Йўқ. У ичидан бузилган, бу аниқ. Аммо кўринишдан ҳамишагидек. Гарчи ҳозир юрмаётган бўлса-да.
У ликопга ўхшаш соатнинг чеккаси бўйлаб бармоғи билан оҳиста айлана ҳосил қилди. Шу аснода секингина: “У қолиб кетган экан” деди.
Скамейкада кунчувокда ўтирганлар унга қарашмади. Биттаси ўз туфлисига тикилган, аёл эса боласининг аравачаси билан овора эди.
— Ҳамма нарсангиздан айрилибсиз-да? — деди сўнгра кимдир.
— Ҳа, ҳа, — деди у очиқ чеҳра билан, — ўйлаб кўринг, ҳамма нарсадан айрилдик! Фақат манавигина қолибди. — Гўё бошқалар буни билмагандек, у соатни баланд кўтарди.
— Лекин у ҳозир юрмаяпти-ку, — деди аёл.
— Йўқ, йўқ, юрмайди. У бузилган, буни ўзим ҳам биламан. Шунга қарамай у ҳалиям ўша-ўша: оқ ва ҳаворанг. — У соатни тағин одамларга кўрсатди. — Энг қизиғи шуки, — ҳаяжонланиб сўзида давом этди у, — мен ҳали бу ҳақда сизларга гапириб бермадим. Энг қизиғи : тасаввур қилиб кўринг, у соат икки яримда тўхтаб қолган, айнан икки яримда, тасаввур қиляпсизми?
— Унда уйингизга айнан икки яримда бомба тушган, — деди бир одам пастки лабини виқор билан чўччайтириб. — Кўп эшитганим бор. Бомба тушса соатлар тўхтаб қоларкан. Босим кучлилигидан бўлса керак.
У соатга қараб ўйчан бошини чайқади.
— Йўқ, ҳурматли жаноб, йўқ, бундай эмас. Бунинг бомбага алоқаси йўқ. Бомбаларни бунга аралаштирманг. Йўқ. Ундай эмас, соат икки ярим бутунлай бошқа нарса билан боғлиқ. Унинг соат учдан ўн беш дақиқа ўтганда ёки соат еттида эмас, балки айнан икки яримда тўхтаб қолгани, шубҳасиз, қизиқ. Мен ҳамиша айни соат икки яримда уйга келардим. Тунда, демоқчиман. Деярли ҳамиша соат икки яримда. Худди шу нарса қизиқ.
У одамларга қаради, лекин улар нигоҳларини ундан олиб қочишди. Кўзлар кўзга тушмади. Шунда у соатга қараб бош силкиди:
— Ўшанда қорним оч бўларди, тўғрими? Дарҳол ошхонага кирардим. Ўша пайтда деярли ҳамиша соат икки ярим бўларди. Сўнгра, сўнгра онам кириб келарди. Мен эшикни нечоғлик секин очмайин, у барибир эшитарди. Мен ошхонада бирор егулик қидираётганимда бирданига чироқ ёнарди. Онам устида жемпери, елкасида шолрўмоли билан остонада турган бўларди. Ялангоёқ, мудом ялангоёқ. Ошхонамизнинг поли кафелланган эди. Ёруғлик кучлилигидан у кўзларини қисиб оларди. Чунки у аллақачон ухлаб ётган бўларди-да. Тун эди ахир. “Тағин кеч келдингми?” деярди у кейин. Ортиқ ҳеч нарса демасди. “Тағин кеч келдингми?” деярди, холос. Сўнг овқатимни иситиб берарди ва овқат ейишимни кузатиб ўтирар, шу аснода оёқларини тинмай бир-бирига ишқаларди. Негаки кафеллар муздек эди-да. У кечаси шиппак киймасди. Овқатимни еб бўлгунимча олдимда ўтирарди. Мен хонамга кириб чироқ ёққанимда унинг идишларни йиғиштираётгани эшитилиб турарди. Ҳар кеча шундай бўларди. Деярли ҳамиша тунги соат икки яримда. Тунги соат икки яримда унинг менга овқатимни тайёрлаб бериши мен учун одатий ҳол эди. Мен буни мутлақо одатий ҳол деб ҳисоблардим. Негаки у ҳамиша шундай қиларди. “Тағин кеч келдингми?”дан бошқа бирон оғиз сўз айтмасди. Ҳар гал шу сўзларни айтарди. Бу бир умр давом этаверади, деб ўйлардим. Бу мен учун одатий ҳол эди. Ахир ҳамиша шундай эди-да.
Скамейкада бир зум жимлик чўкди.
— Энди-чи? — деди у секин ва одамларга қаради. Бироқ кўзлар кўзга тушмади. Шунда у соатнинг оқ- ҳаворанг юмалоқ юзасига қараб:
— Энди, фақат энди у дамларнинг жаннат эканлигини англадим. Ҳақиқий жаннат.
Скамейкада ҳамма жим эди.
— Оилангиз-чи? — деб сўради сўнгра бир аёл.
У аёлга қараб хижолатомуз жилмайди.
— Ҳа-а, ота-онамни айтяпсизми? Улар ҳам ўтишди. Ҳаммаси ўтди. Ҳамма нарса, ўйлаб кўринг, ҳамма нарса йўқ бўлди.
У одамларнинг биридан иккинчисига хижолатомуз қараб чиқди. Лекин улар унга қарашмасди. У яна соатни яна бапанд кўтарди-да, кулди.
— Фақат шу қолган, — деди кулиб, — энг қизиғи, у айнан соат икки яримда тўхтаб қолган. Айнан икки яримда.
У ортиқ ҳеч нарса демади. Унинг юзи қаримсиқ эди. Ёнида ўтирган одам туфлисига тикилган,аммо уларни кўрмасди.. Унинг миясида узлуксиз “жаннат” сўзи айланарди.

Немисчадан Янглиш Эгамова таржимаси