Қишлоқ темирчиси Фёдор Грай драмтўгаракда “содда” одамларни ўйнарди.
У клуб саҳнасига чиққанида ранги оқариб, секин гапирар, овозини ҳатто биринчи қаторда ўтирганлар ҳам яхши эшитолмасди. Азбаройи зўриққанидан кўйлаги остидаги мушаклари бўртиб турарди. Гап қотишдан олдин шеригига узоқ тикилар, бу қарашида ўйналаётган воқеага шундай бир ишонч бор эдики, бундан томошабинлар завқланиб, гоҳо чапак билан олқишлаб ҳам қўйишарди.
Драмтўгарак раҳбари ҳовлиқма, юзига сепкил тошган, кўримсизгина одам репетицияда Фёдорга бақирар, аччиқ-чучук сўзлар билан уни қаттиқроқ гапиришга қистар эди. Фёдор бу зуғумларга зўрға чидар, ўз роли устида кўпроқ ўйлар эди… Саҳнага чиқиши билан яна ўша ҳолат такрорланарди: Фёдор секин гапирар ва шерикларига хўмрайиб қарар эди. Режиссёр саҳна ортидан туриб лабини тишлар ва алам билан пичирларди:
— Тўнка… Галварс…
Фёдор ролни ўйнаб, саҳнадан тушгач, режиссёр унга ёпиша кетар, ҳуркитилган ғоздай ғақиллашини қўймасди.
— Тилинг борми ўзи? Қани кўрсат-чи!..Жойида турибди-ку…
Фёдор жимгина қулоқ солганча четга ўгирилиб оларди. У бу жиккакни ёқтирмас, шундай бўлса-да, санъатни ундан камроқ билсам керак деб ўйларди… Барига чидаб келарди. Фақат бир гал ўзини тутолмади.
— Тилинг борми ўзи?.. — одатича тархашлик қила бошлади режиссёр.
Фёдор уни елкасидан тутиб шундай бир силкидики, режиссёрнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.
— Бундан кейин менга ўшқирма, — деди Фёдор ва аста режиссёрни қўйиб юборди.
Ранги қув оқариб кетган режиссёрнинг ҳадеганда тили калимага келмади.
— Биринчидан, мен ўшқираётганим йўқ, — деди у тутилиб-қалтираб. —Иккинчидан, агар сенга бу ер ёқмаётган бўлса кетишинг мумкин. Ўргилдим сендақа қаҳрамондан…
— Қани, яна бир “ғинг” деб кўр-чи, — Фёдор режиссёрга худди саҳнадаги шеригига қарагандай хўмрайиб қўйди.
У Фёдорнинг тикилишига тоб беролмай, елкасини қисганча жўнаб қолди. Шундан кейин режиссёр Фёдорга бошқа бақирмайдиган бўлди.
— Қаттиқроқ, сал қаттиқроқ гапиришнинг иложи йўқми? — илтимос қиларди у репетицияда темирчига эҳтиромли ҳайрат ва қизиқиш билан тикилиб.
Фёдор қаттиқроқ гапиришга уринарди.
Фёдорнинг отаси, Емельян Спиридонич бир куни ўғлини кўргани клубга келди. Кўрди-ю, ҳеч кимга ҳеч нима демай қайтиб кетди. Уйда, кечки овқат маҳали ўғлига мулойим тикилиб, деди:
— Яхши ўйнаркансан.
Фёдор сал қизаринди.
— Пичоққа ярайдиган пьесалар йўқ… мундоқ мириқиб ўйнайдиган, — деди у секингина.
Саҳнадан туриб “қишлоқ хўжалик фанлари”, “шу долзарб паллада”, “моҳият-эътибори билан айтганда” каби сўзларни тилга олиш оғир эди. Айниқса, “атта-батта”, “қаққа” каби алламбалоларни талаффуз қилиш қийингина эмас, кўнгилни айнитадиган даражада безор қиларди. Режиссёр эса “содда” одамлар ҳақида гап кетганда, худди ана шундай “содда” тилда гапириш керак, дея оёқ тираб туриб оларди.
— Ахир сен содда йигитсан! — ҳовлиқиб уқтира кетарди у, — содда одамлар қандай гапиришини биласанми ўзи?
Фёдор ана шундай “содда” сўзлардан бирини айтишга жиддий тайёрланиб турди, сўзни “ямламай” аниқ айтишга уринди, аммо худди шу сўзга келганда минғирлаб қўйдию қизариб кетди. Ўзиям роса хижолат бўлди-да.
— Тўхтанглар! — чинқирди режиссёр. — Мен нима дейилганини эшитмай қолдим. Сўзни ўрнига қўйиб айтиш керак. Қани, олдик яна. Сал жонлироқ!
— Эплолмайман, — деди Фёдор.
— Нега эплолмайсан?
— Қандайдир аҳмоқона сўз… Ким шунақа гапиради?
— Мана ахир, мана! Ёпирай! — Режиссёр сакраб туриб, пьесани Фёдорнинг бурнига тутди. — Кўрдингми? Сендан кўра ақллироқ одам ёзгандир. “Ким шунақа гапиради” эмиш… Ахир бу бадиий образ! Актёр!
Фёдор иши юришмаганида жиддий изтироб чекар, астойдил қайғуриб, хомуш бўлиб қолар эди. Кундузи устахонасида жонини жабборга бериб ишлар, кечқурун тағин клубга репетицияга келар эди.
… Бадиий ҳаваскорларнинг туманлараро кўригига тайёрланишарди.
Режиссёр бўзчининг мокисидай, саҳнада зир югурар, у ёки бу “бадиий образни” қандай ижро этиш кераклигини ўзи ўйнаб кўрсатарди.
— Унақамас-да энди!.. Ё фалак! — қичқирди у Фёдорнинг ёнига чопиб келиб. — Ишонмайман! Мана, қараб тур. — У кепкани кўзига бостириб, қўлларини чўнтакка тиқди ва чапани бир юриш билан “колхоз раисининг кабинети”га кирди. Юзлари тунд, анқов бир тус олди.
— Бизга, яъни бизнинг қишлоғимиз ёшларига, Иван Петрович, клуб керак… А, лаббай?
Атрофдагилар кулишиб, режиссёрга ҳавас билан тикилишди.Боплаяпти!
Фёдор эса кўнглида сассиз бир ғазаб ва маъюслик туйди. Режиссёр кўрсатган нарса, албатта, кулгили бўлишга кулгили-я, аммо сохта эди. Фёдор буни айтолмай доғда.
Режиссёр эса одамларни қойил қолдирганидан мамнунлигини яширишга тиришиб, ишбилармонлик билан писанда қиларди:
— Тахминан ана шундай, тақсир. Ўзингча қилиб кўришинг ҳам мумкин. Менга тақлид қилиш шарт эмас. Аммо менга умумий манзара муҳим. Тушундингми?
Режиссёр бу кўрикда ўзини кўрсатиб қолишни хоҳларди. Ўзининг туманида уни жуда истеъдодли ҳисоблашарди.
Фёдор унинг енгил-елпи режиссёрлик қилиқларини кўриб, бошига яхшилаб туширгиси, умуман бу ердан даф қилгиси келарди. У барибир ўз билганидан қолмади. Икки марта режиссёрнинг ўзига тикилиб турганини кўриб қолди. У бошқа иштирокчиларнинг ўйинини кузата туриб, уларнинг эътиборини Фёдорга жалб қиларкан, ясама бир изтироб илан кўзларини соққа қилди ва қўлларини икки томонга ёйиб, гўё: “Ортиқ нимаям қила олардим”, дегандай бўлди.
Фёдор тишларини ғижирлатиб, сабр-тоқат қилар,ўша “ А, лаббай!”ни айтар, аммо бунга ҳеч ким кулмас эди.
Пьесадаги воқеалар ривожи давомида Фёдор ашаддий бюрократ ва сансалорчи колхоз раисининг олдига кириб, ундан қишлоққа клуб қуриб беришни талаб қилиши лозим эди. Пьесанинг маҳаллий муаллифи “ҳаётий билим”ини намойиш этиб, “А, лаббай!”, “Атта-батта” каби “халқ тили”ни қалаштириб ташлаганди. Фёдорнинг ширасиз, ланж тилда гапирадиган ва оқибат икки қўлини бурнига тиқиб қолган қаҳрамони хокисор, ялинчоқ бир кимсага ўхшарди. Фёдор ролини ўйнаётган ўша одамни ёмон кўриб қолди.
Ниҳоят, кўрик бўладиган серҳаяжон кун келди. Клубда одам тирбанд. Олдинги қаторда ҳакамлар ўтирибди.
Режиссёр репетиция хонасида актёрларга илтижо қиларди:
— Лочинларим, фақат ҳаяжонланманглар! Ҳаммаси яхши бўлади… Мана кўрасиз: ҳаммаси зўр бўлади.
Фёдор бир чеккада, бурчакка ўтирволиб чекарди. Томоша бошланишидан олдин режиссёр олдига келди:
— Эски гиналарни унутамиз… Ўтиниб сўрайман: қаттиқроқ гапириш керак. Бошқа ҳеч нима керакмас…
— Нари тур!.. — Фёдор совуққина зарда қилди. Инсондаги бу қадар сохталикка тоқати қолмади. Бу нарса баттар жинини қўзғатарди.
Режиссёр унга ҳадиксираб қараб қўйди ва бошқаларнинг олдига кетди.Фёдор унинг:
“Ортиқ ҳеч нима қилолмайман…” деганини эшитиб қолди.
Ҳар гал саҳнага чиққанида Фёдор ўзини жуда ёмон ҳис қиларди: худди каттакон бир ўрага қулаб тушаётгандай бўларди. Юрагининг дукиллашини ҳам эшитиб турарди. Кўкраги қизиб, занжирдай сиқарди.
Бу сафар ҳам эшикнинг орқасида “бошланди” деган ишорани кутиб тураркан, Фёдор кўкраги қизий бошлаганини ҳис қилди.
Энг сўнгги лаҳзада у режиссёрнинг ҳаяжондан бўғриққан юзини кўриб қолди. Режиссёр лаблари билан ишора қиларди: “Қаттиқроқ”.
Ҳаммаси мана шундан бошланди. Фёдор бирдан қандайдир ғалати хотиржамлик билан, дадил ва бемалол қадам ташлаб чароғон саҳнага чиқиб келди.
Рўпарасида тепакал бюрократ – раис ўтирарди. Пьеса бўйича Фёдорнинг дастлабки луқмаси шундай эди: “Ассалому алайкум, Иван Петрович. Мен ҳалиги клуб масаласида, ҳм-м… Биласизми, Иван Петрович, бизнинг қишлоғимиз ёшлари…” Бунга жавобан Иван Петрович телефон гўшагини ирғитиб, бақирарди: “Клубим чиқиб турибди ҳозир! Бу ёқда экиш расво бўляпти-ку…”
Фёдор раиснинг ёнига келиб, стулга ўтирди.
— Клуб қачон бўлади? — секингина сўради.
Суфлёр ўз хонасидан зўр бериб шипширди:
— “Ассалому алайкум, Иван Петрович! Ассалому алайкум. Иван Петрович! Мен ҳалиги…”
Фёдор бунга парво қилмади.
— Клуб қачон бўлади деб сўраяпман? — шеригининг кўзига тик қараб, саволини такрорлади у : шериги гангиб қолди.
— Қачон бўладиган бўлса, шунда бўлади, — тўнғиллади у. — Кўзим учиб тургани йўқ клубга.
— Қанақасига кўзим учиб тургани йўқ?!
— “Қанақасига, қанақасига”!.. Шунақасига. Нима, сен?.. Осмондан тушганмидинг?! — Энди шериги ҳам таваккалига кўчди. — Осмон узилиб ерга тушармиди, клубсиз яшасанг?..
Фёдор бақувват қўлларини раиснинг олдидаги қоғозларга қўйди.
— Клуб бўладими ё йўқми?
— Бақирма! Мен ҳам биламан бақиришни.
— “ Бизнинг комсомол мажлисимиз қарор қилди…” — афсус билан такрорлади суфлёр.
— Гап бундоқ, — Фёдор ўрнидан турди. — Агар бизни эскичасига яшайверади деб ўйласангиз, чучварани хом санабсиз! Бунақаси кетмайди! — Фёдорнинг овози жарангдор ва тиниқ эди. — Шуни қулоғингизга қўрғошиндай қуйиб олинг, раис. Ўзингиз чол-кампир печкада кўкнори хаёл суриб ётаверинг, бизга эса клуб керак. Биз шунга яраша иш қилиб қўйдик. Бизга ҳали кутубхона ҳам керак. Қоғозлар билан важ-корсон қилишни хўп ўйлаб топибсизлар. Бунақа қоғоз-поғозларни кўришга кўзим йўқ! Аммо аҳмоқона яшашниям хоҳламайман!
Дами ичига тушиб қолган суфлёр, энди бу ёғи нима бўларкин, дея бақрайиб ўтирарди.
Режиссёр эса саҳна ортида бўларича бўлди.
— Намунча кекирдагингни чўзиб қолдинг сен, — раис Фёдорни сал ҳовуридан тушириб қўймоқчи бўлар, аммо энди уни тўхтатиб бўлмас эди: у ўзи ҳам сезмаган ҳолда раис билан “сен”лашиб кетди.
— Олашақшаққа ўхшаб шақиллашдан бошқасига ярамайсан.Сенга ўхшаган алмисоқдан қолганлар, тепса-тебранмаслар бўлмаганда-ку ҳамма нарса аллақачон йўлга тушиб кетарди-я… Бир ўзинг ким бўпсан – яккамоховсан! Яна ноз-фироқ қилганинг ортиқча. Қани, клуб қурмай кўр-чи, нақ жонингни суғуриб оларман! — Фёдор, ўзини босиб олган, қудратли ва кескин эди. Хонада юриб турар, кўзлари ғазабдан ёнар эди. Шу ҳолатида у ажойиб кўринарди.
Залда сукунат.
— Сўзларим эсингда турсин, агар клуб қуришни бошламасанг, туманга, ундан-да юқорига, дунёнинг у бурчига ҳам бораман, аммо сени мулла қиламан.Айтганимни қилмай кўр-чи.
— Қани, тезроқ туёғингни шиқиллатиб қол! — тутоқди раис.
— Клуб бўладими ё йўқми?
Раис нима қилишини билмай бўғиларди. У Фёдор бу ердан айтганини қилдирмасдан чиқмаслигини биларди.
— Мен ўйлаб кўраман.
— Эртага ўйларсан.Бўладими клуб?
— Майли.
— Нима, майли?
— Клуб бўлади. Сен ўзи, умуман, нима қиляпсан ахир?.. — Раис юраги сиқилиб атрофга жавдиради – режиссёрни қидирди, ўзиям бу можародан бирон нима тушунишни истарди.
Залда кулги кўтарилди.
— Мана бу энди бошқа гап. Доимо шунақа дегин. — Фёдор ўрнидан туриб, ташқарига чоғланди. — Хайр. Клуб учун раҳмат.
Залда ҳамма қарсак чалиб олқишлади.
Фёдор ҳеч кимга эътибор қилмай, актёрлар хонасига кириб кийимларини алмаштира бошлади.
— Нима қилиб қўйдинг ўзи? — мунғайиб сўради режиссёр.
— Нима бўпти? Сен айтгандай бўлмадими? Ҳечқиси йўқ… Чидарсан. Чиқиб тур –шимимни кийволай. Сендан тортинаман.
Фёдор кийингач,хайр-маъзур ўрнига эшикни қаттиқ ёпиб, клубдан чиқди.У санъат билан энди алоқасини узишга қарор қилди.
Уч кундан кейин кўрик натижасини эълон қилишди: ўлкадаги йигирмата туман бадиий ҳаваскорлари орасида биринчи ўрин темирчи Фёдор Грайга берилганди.
— Кҳм… Эҳтимол, яна бошқа Фёдор Грай дегани ҳам бордир? — шубҳаланди Фёдорнинг отаси.
— Йўқ.Бир ўзимман Фёдор Грай, — деди секингина Фёдор. — Бўлса бордир яна… Билмадим…
Рус тилидан Шодмон Отабек таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 12-сон