Суд иши кўрилаётган хонада пишлоқ ҳиди анқирди. Одамлар лиқ тўла хонанинг бурчагидаги тўнтариб қўйилган кичикроқ бочка устида ғужанак бўлиб ўтирган боланинг димоғига пишлоқ ва яна алланарсаларнинг ҳиди уриларди; ўтирган жойидан у япасқи, думалоқ, дўмпайган тунука идишлар қатор қилиб терилган токчаларни кўрар, идишларнинг қоринларидаги ёзувларни худди қурсоғи билан ўқиётгандай бўлар, зеро, ёзувларнинг ҳарфлари унинг онги-идрокига етиб бормас, аммо қизил чизиқлар билан балиқлар думларининг кумушсимон ёйлари бошқача туюларди; буларнинг бари – пишлоқ ва ҳаво ўтмайдиган, зичлаб ёпилган идишлардаги гўштнинг ҳиди унинг иштаҳасини қитиқлар, дам-бадам димоғига урилиб, уни тинимсиз анқиётган бошқа бир ҳид ё сезгидан бироз бўлса-да, чалғитар, бу қўрқишданмикин, ё тўғрироғи, алам ва умидсизликмикин – унинг қонини қайнатар, қаҳр-ғазабга тўлдирар, аммо бу биринчи марта бўлаётган нарса эмасди. У судья ўтирган столни ҳам, стол олдида тик оёқда турган отаси ҳамда унинг рақибини ҳам кўрмасди. “Бизнинг рақибимиз, – деб ўйларди бола аламангиз, – мен ва отамнинг рақиби. Ахир, бу менинг отам-ку!” Бироқ у гап-сўзларни аниқ-тиниқ эшитиб ўтирар, тўғрироғи, икки кишининг гап-сўзи қулоғига чалинар, аммо отаси бу орада чурқ этиб оғиз очмаган эди.
– Сизнинг қандай далил-исботларингиз бор, жаноб Ҳаррис?
– Боя сизга айтдим-ку. Унинг ахта чўчқаси экинларимни пайҳон қилди. Мен уни тутиб ўзига топширдим. Унинг ўралган деворлари ҳам йўқ. Уни огоҳлантирдим. Бошқа сафар унинг чўчқасини ўзимга қўшиб олдим. У чўчқасини олиб кетгани келганида, унга бир ғалтак сим бердим, қўтон қуриб ол деб. Кейинги гал ўзим бордим унинг ерига. Борсам, сим ҳам, ғалтак ҳам ўша-ўша ҳолича ҳовлида ётибди. Мен унга агар пайҳон қилинган экин учун бир доллар тўласа, чўчқасини қайтариб олаверсин дедим. Оқшом у бир қорадан бир доллар бериб юбориб, чўчқасини олдириб кетди. Бегона бир негр экан. У менга: “Сизга шу гапларни айтиб қўйишни тайинлашди: оғоч ва пичан тез ёниб кетадиган нарсалар” деди. Мен ўзи нима гап дедим. “Шу-шу гап, шуни тайинлашди, ёғоч билан пичан тез ёниб кетадиган нарсалар дейишди”. Шу кечанинг ўзидаёқ менинг молхонамга ўт тушди, мол-ҳолни қутқариб қолдим, молхона ёниб кетди.
– Ўша негр қаёқда? Уни ушладингизми?
– Сизга айтдим-ку, бегона негр, танимайман деб. Унга нима бўлганини билмайман.
– Хўш, бу далил бўлолмайди. Сиз буни тушунмайсизми?
– Сиз йигитчадан сўраб кўринг. У билади.
Олдинига бола гап менинг акам ҳақида боряпти, деб ўйлади, аммо Ҳаррис шундай деди:
– Йўқ, унимас. Анавинисини, болакайни. Кичкинасини айтаман.
Шу ориқ елкаси туртиб чиққан, ёшига нисбатан жуссаси ушоқ, паст бўйли, отаси каби қотма, эски-туски, йиртиқ-ямоқ увадалар ичида ўсган, тўғри тикрайган қизғиш-қўнғир сочларига ҳеч қачон тароқ тегмаган, кўзлари худди қора булутдек кўкимтир ва ғайр боқувчи болакай одамлар четланиб стол орасидан ўзича жой очаётганларини, хўмрайган башаралар тизилишиб, охирида сочлари оқара бошлаган, кўримсиз, кўйлаги ёқасиз, кўзойнакли жаноб судьяга тўғри рўпара бўлиб қолганлигини кўрди ва не қилсинки, судья уни ўз ёнига чақирмоқда эди. У яланг оёқлари билан полни қандай босиб бораётганлигини сезмади: барча бадқовоқ нигоҳлар унинг елкасидан оғир юк бўлиб босди, назарида. Ота якшанба кунлари киядиган қора камзулида хода ютгандай қотиб турарди. Камзулни у судга бораётгани учун эмас, йўлга чиққани учун кийганди – у болакайга ҳатто кўз қирини ташлагани ҳам йўқ. “У менинг ёлғон гапиришимни истаяпти, – ўйланди болакай ва яна умидсизлик ва ғам-андуҳга чўмди. – Ёлғон гапиришимга тўғри келади”.
– Отинг нимадир, болакай? – сўради судья.
– Полковник Сарторис Сноупс, – пичирлади бола.
– Ростданми? – ҳайратланди судья. – Қаттиқроқ сўйла. Бундан чиқди сенга туғилганингдаёқ полковник деб от қўйишган экан-да? Хўш, ундай эса номи полковник шарафига қўйилган одам фақат тўғрисини айтиши керак. Шундайми?
Сарти индамади.
“Душман! Душман!” деб ўйлади у. Бир зум унинг кўзлари ҳеч нарсани илғамади, судьянинг нимтабассум қилиб турганини пайқамади, судьянинг товуши Ҳаррис исмли одамга мурожаат этганида қалтираб кетганлигини сезмади.
– Хўш, сиз шу болакайни сўроқ қилишимни хоҳлайсизми?
Лекин, ҳарқалай, қулоғи эшитаётганди, мана шу одамлар тиқилинч, вазмин ва ҳаяжонли нафаслардан бошқа тиқ этган товуш чиқмаётган хонада у ўзини бошқача сезди, бир куни у жар устидаги узун ток зангига чиқиб бор кучи билан силкинганда, у томондан бу томонга чайқалиб бориб келганда, уни худди бепоён вақт ичидан узиб олингандай, ўзининг фавқулоддалиги билан карахт қилиб қўядиган туганмас бир лаҳза қамраб олганди.
– Йўқ! – деди зарда ва қаҳр билан Ҳаррис. – Керакмас! Уни уйига қайтариб юборинг!
Ва яна вақт худди оқиб келаётган тўлқинлардай унинг бошига ёғилди, панир-пишлоқ ҳамда идишларга тиқиб жойланган гўшт ҳидларига омухта овозлар ёғилди, қўрқув ҳам, умидсизлик ҳам, яна ўша-ўша эски яранинг азоб-оғриқлари ҳам ёғилди.
– Даъво рад этилсин. Сизга қарши сурилган айбловни, Сноупс, мен исботланмаган деб топаман, аммо сизга бир маслаҳат бераман. Бу ердан кетинг ва ҳеч қачон қайтиб келманг.
Шунда бирдан отаси тилга кирди. Унинг товуши совуқ ва ғайр эди, у текис ва ҳеч қандай ифодасиз сўйларди.
– Ўзим ҳам шундай қилмоқчиман. Мен бунда турли-туман ҳалигинақалар орасида… – у муайян бирон кимсанинг шаънига қаратилмаган бўлса-да, айтиб бўлмайдиган коски, қўпол бир сўзни тилга олди.
– Жуда соз! – деди судья. – Аравангизни тортинг, эртага эрталабдан бу ерларда бошқа қорангизни кўрсатманг. Мажлис ёпиқ.
Отаси шахд билан орқасига қайрилди, шунда бола қотириб қўйилгандай қора камзул ва пайдор қотма қомат орқасидан эргашди, воқеан, бундан ўттиз йил муқаддам худди мана шу ерда ўғирланган отда жанубликларнинг дала жандармалари ёғдирган ўқлардан ана шунақа бош эгмай, шошилмай узоқлашиб кетган, лекин охир-оқибат ўқлардан бири товонига текканди; бола рўпарасида пайдо бўлган иккита қора елка ортидан борди, чунки қаердандир тўда ичидан қадди-басти отаси билан тенг, лекин ундан кўра миқтироқ катта акаси ҳар доимгидай икки лунжида тамаки сақич чайнаган ҳолда уларга қўшилди; бола бадқовоқ башаралар орасидан ўтиб, бинонинг эскирган айвон йўлаги оша қимирлаб турган пиллапоялардан пастга тушиб, итлару ўсмирлар оралаб билқиллаб ётган май ойининг чанг-тўзон тупроғини босиб борди – ва шунда кимнингдир вишиллаган товушини эшитди:
– Ҳап, сеними, ўт қўювчи!
Яна унинг кўз ўнгида ҳамма нарса айқаш-уйқаш бўлиб кетди; унинг бўйидан сал пастроқ бир бола – башарасини худди қизил туман босгандай дум-думалоқ иржайган бир калла – ва шунда бола қизил туманга қараб ташланди, устма-уст тушаётган мушт зарбаларини ҳам сезмади, ўзини чалиб йиқитишгани, боши билан ерга гурсиллаб қулаганини ҳам билмади, амал-тақал қилиб ўрнидан турди ва яна ҳалиги думалоқ туманга ташланди ва яна кетма-кет тушган зарбаларни пайқамади, оғзидаги шўр қон таъмини туймади ва яна қаддини ростлади, ташланди, анов сариқ туман қочди, изидан қувди, шунда темирдек қўл уни қаттиқ тутди, қайтарди ва ғаюр совуқ товуш эшитилди:
– Қани, тез аравага чиқ!
Усти ёпиқ катта арава-фургон йўл бўйида акас ва тут дарахтлари тагида турарди. Якшанбаликка ясаниб кийинган тўлачадан келган опалари, қалин сурп кўйлак, енгил бош чепак кийимдаги онаси ва холаси – ҳаммалари не-не дарбадарликларни кўрмаган, боланинг ҳеч эсидан чиқмайдиган эски-туски бўхчалар, тугунлар устида ўтиришарди; қийшайиб қолган темир печка, синган-чиққан каравотлару курсилар, онасининг сепи билан келган, қандайдир олис ўтмишда қолган ва унутилиб кетган аллақайси бир куннинг икки-ю ўн тўрт дақиқасида таққа қотган, садаф қадалган соат. Онаси кўз ёш тўкиб ўтирар, лекин уни кўргач, ёшларини енги билан артиб фургондан туша бошлади.
– Бу ёққа! – деди отаси.
– Соғ жойини қўймай уришибди. Мен сув топиб ювиб қўяй…
– Ўтир жойингга! – қайтарди отаси.
Бола орқадаги зиначадан аравага чиқди. Отаси арава ўриндиғида ўтирар, акаси ҳам шу ерга ўрнашган, у қўлидаги узун тол қамчи билан хачирларни кетма-кет икки бора қаҳрланмасдан, аммо зўр бериб савалади. Унинг бу хатти-ҳаракатида қаҳру ғазаб йўқ эди, кейин-кейинлар унинг издошлари ҳам шундай қиладиган бўлиб, шунга одатландилар – жилову хивични баравар ишга солдилар, ҳайдовчилар эса турган жойнинг ўзида қаттиқ газ бериб, шу заҳоти яна тормоз босардилар. Фургон арава ўрнидан жилди, дўкон ҳамда миқ этмай томоша қилиб турган хўмрайган бадқовоқ тўда ёнидан ўтдилар ва мана, ниҳоят, муюлишда ҳаммаси кўздан йўқолди. “Абадулабад, – деб ўйлади бола, – етар энди шунча кўргиликларим, мана энди у…” Ҳатто ўзига ўзи бу сўзни айтмаслик учун у тилини тийди. Онаси унинг елкасига қўлини қўйди.
– Оғрияптими? – сўради у.
– Йўқ, – деди бола. – Нимасига оғрийди. Гапирманг.
– Қотиб қолмасдан бурун қонни ювиб ташласанг бўлармиди.
– Кечқурун ювинаман, – деди бола. – Сизга айтдилар-ку, қўйинг.
Фургон-арава олға одимларди. Қаерга кетаётганликларини бола билмасди. Шундай, уларнинг ҳеч қайсилари ҳеч қачон билмаган ва ҳеч қачон сўрамаган, чунки улар доим қайгадир боришар ва икки-уч кун юрганларидан сўнг уларни доим қандайдир бир бўм-бўш ётган уй кутиб оларди. Чамаси, бу сафар ҳам отаси биронта ферма билан еридан ҳосилини йиғиб-териб беришга келишган бўлса керак, кейин яна худо билади… Ва яна бола ўз ўй-хаёлларига чек қўйди. Отаси ҳар қачон шундай қилган. У бўридек саркаш ва довюрак эди, шунинг учун уни бошқалар ҳурмат қилишарди, босиқ, шу билан бирга тийиқсиз қаҳр-ғазаби унинг мустақиллигини қандайдир иҳота қилиб турар, кишилар наздида ўзининг ҳақ эканлигига битмас-туганмас ишончи у билан бир фикрда бўлганлар, бир ёқадан бош чиқарганларнинг ҳаммаси учун фойда келтирадигандек эди.
Кечаси улар эманзор ўрмондаги булоқ бўйига қўнишди. Кечалари ҳали ҳаво жуда совуқ бўларди, аммо улар нима қилишни билишарди, аллакимларнинг четанидан ёғоч ходачаларни суғуриб олишарди-да, майдалаб ўтин қилиб, қаловини келтириб гулхан ёқишарди. Отаси ҳатто қаҳратон аёзларда ҳам гулханни катта қилиб ёқишга рухсат бермасди. Ёши пича каттароқ ва ўзи эслироқ бўлганда, бола бунинг нималигини фаҳмлаши ва ҳайрон қолиши мумкин эди, нима учун отаси гулханни каттароқ қилиб ёқмасин, нима учун киши, урушларнинг бемаъни вайронагарчиликларини кўрган, кичик ёшидан бери бошқаларга тегишли нарсаларни аяб-авайлаб ўтирмасликка жоҳилона ўрганиб одатланган киши нечук катта гулханлар ёқмасин, нечук атроф-тумонотда нимага дуч келса, бари-барини ўт-олов ҳукмига дучор этмасин. Балки болакай эслироқ бўлганда, эҳтимол, бундан кўра ҳам бошқачароқ бир хулоса чиқарармиди; қаердан келиб чиқди гулханни бундай тежаб кичкина қилиб ёқиш, отаси бундан тўрт йил илгари бир қанча аравага қўшиладиган отлари билан (отаси уларни ўлжа отлар дерди) ўрмонликларда барча одамлардан, кўк кийганлардан ҳам, бўз кийганлардан ҳам қочиб, яшириниб юрган чоғларида балки кечаларда чоғроқ гулханлар ёқишга ўргангандир. Балки болакай кейинроқ бориб бунинг ҳақиқий сабабини қидириб топган: англаган ва тушунган бўларди, эҳтимол, ўт-оловнинг асл, азал табиати отасининг туб онги қаърларида ётган алланарсаларга муқобил менгзарди – мисоли порох билан пўлатнинг азал табиати бошқа бир кишилар онги қаърларидаги алланарсаларга мосу муқобил тушгандай – ва булар ўзи учун энг қадр-қимматли нарсаларни сақлаш ва асраш воситасига айлангандай – ва буларсиз ҳаётнинг ўзи ҳам асло ҳаёт эмасдай; шундан эмасми, ахир, оловни эъзозлаш, уни зиқналарча асраш, ундан зиқналарча фойдаланиш.
Аммо болакай ҳозир булар ҳақда ўйламасди; шу пайтгача у фақат ўта тежамкорлик билан ёқилган гулханларнигина кўрганди. Болакай ўз тунука товоғи устида мудрай бошлаганда, отаси уни чақирди ва у яна отасининг темирдай қаттиқ елкаси, омонсиз оқсоқланган оёқлари ортидан йўл танобини тортиб борди, улар юлдузлар ёғдусида оқариб турган йўлдан тепаликка кўтарилдилар; юқорига чиққанларида отаси унга қараб ўгирилди ва у отасини юлдузлар шуъласида кўрди – юзида юз йўқ, кўримсиз, турган-битгани қора шарпанинг ўзи, япасқи ва қонсиз, худди тунукадан кесиб ясалгандай, бўйига ўлчаб тикилмаган камзулининг бурма қатлари қаттиқ. Тунукадай қаттиқ; япасқи бир овоз эшитилди болага:
– Сен уларга айтиб бермоқчи бўлдинг. Уларга сен айтармидинг?
У отасига жавоб бермади. Отаси унинг бошига кафти билан қаттиқ урди, аммо ғазаб қилмади, хачирларни суд биноси олдида қамчи кўтариб шундай урганди, худди хачирлар яғринига ёпишган сўналарни уриб ўлдирмоқчи бўлгандай; лекин овозида қаҳру ғазаб ва кин сезилмасди.
– Кўп ўтмай сен эр йигит бўласан. Тушуниш керак. Ўзингнинг қондош қариндошларингга суянишинг керак, кейин сени ҳам суяйдилар. Судда кимдир ёнингни оларди деб ўйлайсанми? Уларнинг бутун ўй-хаёли мени қўлга туширишда, тушунмайсанми шуни? Улар мени бошқача йўл билан қўлга туширолмасликларини яхши билишарди. Хўп, тушундингми?
Кейинроқ, йигирма йиллардан сўнг бола буларни эслаб, шундай деб ўйлаганди: “Агар мен улар фақат ҳақ ва адолатни хоҳлагандилар, десам, отам мени яна урган бўларди”. Бироқ у ўшанда ҳеч нарса демади. Кўз ёш тўкмади. У индамай турди.
– Хўш, билдингми? Гапир, – деди отаси.
– Ҳа, – дея пичирлади бола.
– Бор, ухла. Эртага етиб борамиз.
Эртасига улар етиб бордилар. Тушликка яқин фургон-арава икки хонали бўялмаган уй олдида тўхтади; болакай ўн ёшга киргунча худди икки томчи сувдай бир-бирига ўхшайдиган жуда кўп мана шундай уйларда яшаганди; яна ҳамма вақт бўлганидай онаси ва холаси пастга тушиб, аравадан юкларни бўшата бошладилар, опачалари, акаси ва отаси ёрдамга қўл ҳам чўзишгани йўқ.
– Бу уй чўчқаларга охурликка ҳам ярамайди, – деб гап қилди опачаларидан бири.
– Сенга ярайверади. Чўчқаларни боқиб кўпайтирасан, хурсанд бўлиб юрасан оғзинг қулоғингда, – деди отаси. – Қани, қимирланглар, онангга қарашинглар.
Худди сигирдай йирик-йирик бесўнақай опачалари крахмалланган ленталарини шилдиратишиб ўрниларидан туришди; бириси ўрин-кўрпалар тагидан сирлари кўчган фонарни кўтарди, иккинчиси жунлари тўкилган эски чўткани қўлга олди. Отаси жиловни катта ўғлига берди-да, белини букмай ғилдиракка оёқ тираб аравадан тушди.
– Юкларни тушириб бўлишгандан кейин, хачирларни отхонага олиб бор, емларини бер! – Кейин қўшиб қўйди (аввалига болакай отам акамга айтяпти деб ўйлади): – Юр!
– Менми? – Сергак тортди бола.
– Ҳа, – деди отаси, – сен.
– Эбнер, – деди онаси.
Отаси индамай унга қаради. Оқара бошлаган қуюқ қошларини чимирди, нигоҳи қаттиқ ва маъносиз эди.
– Мени бутун ашқол-дашқолларим билан роса саккиз ойга сотиб олган одамга бир оғиз сўз айтсам жоиздир-ку, а?
Яна йўлга тушишди. Бирор ҳафта бурун ёки кечаги оқшомгача бола балки қаёққа борамиз, деб сўраган бўларди, аммо энди бунга эҳтиёж қолмаган эди. Отаси илгарилар ҳам, кеча кечқурунга довур, уни калтаклаб турар, аммо ҳеч нега калтаклаганининг сабабини айтмасди; мана энди бошига қарс этиб ургани ва ундан кейин худди таҳқирлагандай осуда, вазмин товуш билан сўйлагани ҳамон боланинг қулоғидан кетмай акс садо бериб турар, лекин бундан унинг болаларча ночорлигидан ўзга ҳеч нимани тушуниб бўлмасди – бошидан кечирган йилларнинг енгил-елпи, ҳилпирак таассуротлари юки мана энди у баногоҳ улоқтирилиб юборилган дунёдан бутунлай узилиб кетишига йўл қўймай халақит берар ва шу билан бирга оёқда маҳкам туриш, бу дунёга қаршилик кўрсатиш ва унинг саҳнида нималарнидир ўзгартиришга ҳам ожизлик қиларди.
Кўп ўтмай у қуббадор эманзор, тўп-тўп қарағайлар ва яна аллақандай гуллаб ётган дарахтлар, бутазорларни кўрди, бой қўрғон шуларнинг орқасида бўлса керак. Улар учқат буталари ва наъматаклар чирмашган кўк четан девор ёқалаб, тавақалари кенг очилган ғиштин таянчли катта дарвозага боришди, кейин хиёбонга ўтишди; умрида биринчи маротаба бундай қўрғонни кўриши эди ва бир зумга отасини, ўзининг қўрқувлари-ю алам-умидсизликларини унутди, ҳатто отасини эслаганда ҳам (отаси тўхтамай одим отарди), қўрқувлари ва ўртанишлари бошқа қайталамасди. Қанча кўп сарсон-саргардон юрмасинлар, улар шу чоққача бу қашшоқ юртни, майда-чуйда фермалару озғин кам ҳосил ерлар, хароба кулбалар юртини ҳеч қачон тарк этмагандилар ва шу чоққача у бундай уйни ҳеч қачон кўрмаганди. “Катталигини қаранг, худди саройга ўхшайди-я”, деб ўйлади бола кутилмаганда тинчланиб. Ушбу осудалик ва хотиржамлик нимадан эканлигини у сўз билан тушунтириб беролмасди: бунинг учун ҳали анча ёшлик қиларди. Бундай ерда яшайдиганлар отасидан қўрқишмайди. Бундай роҳат-фароғатда яшайдиган кишиларга отасининг кучи етмайди, улар отасига ғўнғиллаган арига қарагандай қарашади: нари борса, бир марта чақади – бор-йўғи шу, холос, бу эминлик, фароғат, улуғворлик отасининг зиқна юҳо оловидан омборлару молхона-ю отхоналарни тўсиб, сақлаб туради… Лекин у қорайган қаттиқ яғрин, омонсиз оқсоқланган оёқлар, уйнинг маҳобатидан заррача ўксинмаган қадду қоматни кўрганда, осойиш ва қувонч шу заҳоти уни тарк этди; шуниси ҳам борки, отасининг жуссаси ҳеч қачон ҳеч ерда каттайиб маҳобат билан кўзга ташланмасди; мана энди қатор-қатор устунлар кўтариб турган ҳашамдор уй олдида отаси ясси тунукадан ясалган жонсиз лошга ўхшар, у ён тарафдан қараганда, ҳатто соя ҳам ташламасди. Бола отаси оғишмай тўғри одим отиб бораётганини пайқади; шу билан бирга у отасининг букилмайдиган бир оёғи йўлкадаги от тезагини тик босиб ўтганини кўрди, ҳолбуки, отаси уни босмай осонгина четлаб ўтса ҳам бўларди. Лекин бу фикр бир сония унинг хаёлидан лип этиб ўтди, буни ҳам сўз билан ифодалаб беролмаган бўларди; кейин яна уйнинг ҳашами унинг хаёлини ўзига банд этди – қанийди шундай уйда яшасанг! – Йўқ, у ҳасад қилмади, ўксинмади – унга бир неча қадам илгарироқда бораётган чўяндай оғир қора камзулнинг кин ва қаҳру ғазабга тўла адовати бегона эди. “Балки отам ҳам шундай деб ўйлаётгандир. Балки худди шу нарса уни ўзгартириб юборар ва балки ўзи ихтиёрсиз тарзда тушган ҳозиргидақа аҳволдан қутулар?”
Улар қатор-қатор устунлардан ўтишди. Энди отасининг плиталар устида янграётган зилдай қадам товушлари қулоғида зириллар ва соат овозидай равшан акс садо берарди; товушлар бу уйнинг ҳам, келувчиларнинг ҳам миқёсларига сира мос эмасди; акс садоларни бу ердаги ҳеч вақо, ҳатто қаршиларида турган оқ эшик ҳам босиб кетолмас, гўё қаҳрли, ваҳшиёна зиддиятнинг энг кескин, сўнгги чегарасига етиб келингандай ва бу ҳолнинг шиддатини ҳеч нарса пасайтира олмайдигандай эди; яна унинг шундоқ кўз ўнгида япасқи, айвони кенг қора шляпа, дағал қалин матодан тикилган басавлат камзул турди-қолди; бир маҳаллар туси қора бўлган бу камзул энди эскириб, чирки йилтиллаб, худди гўнг пашшадай кўкимтир товланар, илгарига томон силкинаётган қўл эса худди тирноқлари қайрилган панжани эслатар, ҳаддан ташқари кенг енглари тирсакларига қадар қайрилганди. Эшик шитоб билан очилганидан хизматкор негр улардан кўз узмай кузатиб турганлигини бола тушунди. Жингалак сочларига оқ оралаган, газлама камзулча кийган қари негр; у эшикни гавдаси билан тўсиб деди:
– Оёғингизни артинг, оқ кишисиз, саранжом-озода уйга киряпсиз. Майор ҳозир уйда йўқ.
– Қоч йўлдан, қора ялоқ, – деди отаси аччиғи чиқмай, хотиржам.
У негрни бир четга суриб, ҳамон бошидан қора шляпасини ечмай ичкари кирди. Шунда бола отасининг оёғидаги тезак юқидан аввал бўсағада, ундан кейин гилам устида из қолганини кўрди; отасининг оқсоқ оёғи тезак юқини худди машинадай муҳрлаб борар, гавдасининг бутун оғирлигини бор куч билан шу оёғига ташларди. Негр унинг орқасидан йўрғалаб:
– Мисс Лула! Мисс Лула! – деб қичқирарди.
Кейин бола гилам тўшалган пиллапоялар, жимирлаб ялт-юлт этган шокилалар, биллур қандиллар, тилларанг ромларнинг юмшоқ илиқ тўлқинларига ғарқ бўлди; у илдам яқинлашаётган қадам товушларини эшитди, кейин хонимойни кўрди – илгари у ҳеч қачон бундай ойимларни кўрмаганди – аёл тўр ёқали кулранг силлиқ текис кўйлак кийган, белига айлантириб пешбанд ўраган, енглари тирсакдан юқоригача қайрилганди; у залга кириб келаркан, хамир юқи қўлларини сочиқ билан дам-бадам артарди. У отасига эмас, отаси гулдор гиламда қолдирган изларга ишонқирамай ҳайратланиб қарарди.
– Мен ичкарига киритганим йўқ! – деб қичқирарди негр. – Мен унга айтдим, у…
– Илтимос, кетинг бу ердан, – деди ойим овози қалтираб. – Майор де Спейн уйда йўқ. Илтимос, кетинг…
Отаси чурқ этиб оғиз очмади. Оғзини оғритиб ўтирмади. У ҳатто ойимга қарамади ҳам. Бошидаги шляпасини ечмасдан гилам ўртасида қаққайиб турар, кўкимтир бароқ қошларини чимирар, пўлатдай йилтиллаган кўзларини уйнинг ҳашаматига нафратомуз югуртирарди. Кейин у худди ўшандай нафрат ёғилган беписандлик билан шартта ортига ўгирилди; у соғ оёғига таянган ҳолда эгилмайдиган оёғида ярим доира ясаб айланди-да, гилам узра хайр-маъзур ўрнига узунчоқ тезак изини қолдирди. Отаси гиламга бир боқиб ҳам қўймади-ю, ташқарига чиқди-кетди, негр эшикни очиб турди. Эшик орқаларидан қарсиллаб ёпилди. Уй ичидаги аёлнинг асабий чинқириғи эшитилмай қўйди. Отаси остона олдидаги зинапояда тўхтаб ифлос этигини зинага яхшилаб артди. Иккинчи зинага қадам қўяркан, букилмас оёғига бутун оғирини ташлаб яна бир зум тўхтади-да, юзини уйга бурди.
– Оппоққина! Чиройли! – деди у. – Барибир бировнинг пешона теридан бўлган. Занжиларнинг пешона теридан. Балки энди бундай уйлар қурилиши учун занжиларнинг манглай терига қон аралашгандир. Энди балки унга бизнинг пешона теримиз ҳам қорилиши керакдир…
Шундан икки соатлардан кейин бола уй орқасида ўтин ёрар, уй ичида онаси билан бирга холаси ўчоқ бошида тушлик таом ҳозирлаб ўралашиб юришарди (деворлар тўсиб турган бўлса ҳам, ичкарида опачалари ўлардай ялқовлик қилиб ғўнғирлаб вағирлаётганларини эшитарди), шунда бирдан қулоғига отлар дупури чалинди, у газмол костюм кийиб чиройли тўриқ байталга минган чавандозни кўрди; унинг ким эканлигини семиз ахта от устида ўроғлик гиламни олдига қўйиб кўтариб келаётган негр болани ҳали кўрмасданоқ билди; от чоптириб бораётган одамнинг аччиқ ғазабдан қизариб-бўртиб кетган башараси ёнгинасидан тасирлаб ўтиб, отаси билан катта акаси майишиб кетган стулларда ўтиришган уй ортида кўздан ғойиб бўлди; бола ҳали ёғоч ғўлани ёриб улгурмай орадан бир зум ҳам ўтмаган эдики, тағин от тақаларининг тасир-тусур овози келди-да, тўриқ байтал яна қўрғондан чиқиб йўл томонга дупур-дупур ўтиб кетди, кейин отаси қизларидан бирини чақира бошлади-ю кўп ўтмай ўралган гиламни ерда судраб орқасига тислана-тислана ошхона эшигига битта опачаси, кейин унинг изидан бепарво судралиб иккинчиси чиқди.
– Бирга кўтаргинг келмаса, қозонга ўт ёқиб юборсанг-чи, – деди гиламни судраган опачаси тўнғиллаб.
– Ҳой, Сарти! – қичқирди иккинчи опачаси. – Қозонда сув қайнат!
Мулкдор қўрғонининг ҳашаматига қандай лоқайд қараган бўлса, кўримсиз атроф-теваракка ҳам шундай фарқсиз боққан отаси уй эшигида кўринди; унинг елкаси оша онасининг ташвишга ботган чеҳраси қараб турарди.
– Тез-тез қимирланглар, ҳей! – деди отаси. – Гиламни ёзинглар.
Семиз ва бесўнақай опалари гилам устига эгилишди, шунда уларнинг этаклари кенг-мўл кўйлаклари ҳилпираб кетди, ранго-ранг тасмачалари шалдир-шулдир овозлар чиқарди.
– Нима қиларкан шунақа гиламни Франциядан олиб келиб уйига тўшамаса, оёқости бўлиб, булғаниб кетишини билишмайдими, – деб тўнғилларди биринчи опачаси.
Улар гиламни кўтаришди.
– Эбнер! – гап қотди онаси. – Мен ўзим қила қолай.
– Бориб овқатингга қара, – деди отаси. – Буни мен ўзим қиламан.
Бола ўтинхонада куймаланиб юриб, кечгача улардан кўз узмади. Қозонда сув қайнади, гилам ўчоқнинг олдида ерга ёзилди, иккала опачаси истар-истамай уйқусираганча у ёқдан-бу ёққа эмаклашарди, отаси эса уларнинг тепасида қовоқларини уйганча ғўддайиб турар, овозини кўтармасдан уларни қисти-бастига оларди. Боланинг димоғига хомаки ишқорнинг бадбўй ҳиди уриларди; онаси бир марта эшикка чиқиб, буларнинг ҳаммасига ташвиш-хавотирга ботиб, умидсиз ҳолда аламангиз қараб турди. Бола отасининг гавда ўгирганини пайқади ва яна қўлига болтасини оларкан, кўз қири билан отаси эгилиб ердан ясси қумтошни кўтарганини кўрди, унга диққат билан тикилиб қаради-да, кейин қайнаётган қозонга ташлади, сўнг бола онасининг ялиниб-ёлвораётганини эшитди:
– Эбнер, Эбнер! Илтимос, ундай қилма. Ёлвораман, Эбнер!
Бола ниҳоят ўтинларни саранжом қилди. Қош қорайди. Эчкиэмар чурқиллаб қўшиғини бошлади. Тушликдан ортган совиб қолган овқатни кечки таом ўрнида ейишди, ошхона томондан қаҳва ҳиди таралди, бола бу ерга кириб келганидаёқ қаҳва тайёрланаётганини сезган эди, сабаби ўчоқда олов ёниб тургани бўлса керак; ёнаётган оловга яқин қўйилган иккита стул суянчиғига тозаланган гилам ёйилганди. Энди унда отаси қолдирган тезак излари кўринмасди. Лекин улар ўрнида жун гиламда худди тирналгандек нам тортган жойлар кўзга чалинарди.
Совиган овқатни еётганларида ҳам гилам стулларда осиғлик турди; кейин иккала хонада дуч келганча уйқуга ётишди; онаси каравотга, ёнида отасига жой ҳозирлаб, чўзилди, катта акаси бошқа каравотни эгаллади, боланинг ўзи, холаси ва опалари – сомон тўлдирилган тўшакларни полга тўшаб ётишди.
Бироқ отаси ётмади. Боланинг кўзи уйқуга кетаркан, гилам устига эгилган отасининг ялпоқ шляпаси ва камзулининг қуюқ соясини эслаб қолди, аммо кўзлари ҳали уйқуга тўла чўмиб улгурмай, ўчоқнинг ўчиб бораётган яллиғларидан тушаётган ўша соялар ўзининг устига эгилганини сезди ва шу заҳоти темир қозиқдай тизза биқинига туртди.
– Хачирни олиб чиқ! – деди отаси.
Бола хачирни олиб келганда, отаси ошхона эшигида турар, ўралган гилам елкасида эди.
– Нима, хачирда борасизми? – сўради бола.
– Йўқ. Кел, оёғингни қўй.
Бола тиззасини букиб, отасининг қўлига тиралди, хачирга азот жойлашаркан, отаси қўлининг чайир кучини ҳис қилди (бир пайтлар уларнинг эгар-жабдуқлари бўларди, аммо бунга шунча кўп вақт ўтдики, эсидан ҳам чиқиб кетди). Отаси гиламни ҳам шундай енгиллик билан хачир яғрини устига жойлаштирди. Осмонга юлдузлар чиққан эди, улар яна кечаги тупроқ йўлдан, ислари таралган учқат буталари ёнидан, қоронғи хиёбонлардан дарвозадан чироқлари кўринмайдиган қўрғонга ўтиб бордилар; ўша ерда бола ўроғлик гиламнинг қаттиқ қирраси оёғини қириб ўтгани ва ғойиб бўлганини сезди.
– Ёрдамлашайми? – пичирлади бола.
Отаси жавоб бермади. Бола яна қўш устунлар аро акс садо таратган чўлоқ оёқнинг оғир одимларини эшитди, бу одимларда ёғоч каби дағаллик, кишининг жиғига тегадиган бир тирранчалик зуҳур этарди. Ана ниҳоят бурчакка итқитилган гилам ҳаддан ташқари гумбурлаб овоз чиқарди (оҳиста қўйилмаган гилам товуши болага ҳатто қоронғида ҳам анча сезилди), сўнг яна шошилмай ташланган оғир қадам товушлари дўқирлади; уй ичкарисида чироқ ёнди; қадамлар тезлашмай бир меъёрда зинапоядан тушиб келаркан, бола асаблари таранг тортилган ҳолда одатдагига қараганда чуқур ва тез-тез нафас олиб хачир устида ўтирарди, ниҳоят, у отасини кўрди.
– Сиз энди уловга чиқиб оласизми? – пичирлаб сўради бола. – У икки кишини кўтаради…
Дам ёрқин шуъла сочиб, дам хиралашиб, уй ичида чироқ у ёқдан-бу ёққа юрарди. “Ҳалиям зинадан тушяпти”, деб ўйлади бола. Хачир нақ зина ёнида тўхтади, ана отаси унинг орқасига ўтирди, бола жиловни тортди ва хачирнинг бўйнига кафти билан шапатилади, лекин ҳали хачир одимини тезлатмасдан, бола орқасидан темирдай қаттиқ ва чайир қўл узатилди-да, тошдай чўнг ғўдир бармоқлар хачирнинг бошини орқага тортиб, уни бир маромда қадамлатди.
Қуёш илк нурларини соча бошлаганда, улар қўрада хачирларни қўшга қўшиб бўлишганди. Тўриқ байтал бу сафар шу қадар секин юриб келдики, у ҳатто товушини эшитмай қолди; от устидаги одам ёқасиз кўйлак кийган, боши шляпасиз, бесаранжом бир алфозда катта қўрғондаги анави хотин каби титраб-қалтираб сўзлади. Отаси истар-истамас унга бир қараб қўйди-ю, яна айилни тортганича ерга эгилди, отда келган киши отасининг эгилган елкасига қараб гапиришга мажбур бўлди.
– Тушунасизми ўзи, гиламнинг расвосини чиқардингиз! Нима, тозалайдиган хотинлар йўқмиди бу ерда… – от устидаги кимса қақшаб-қалтираб, тили калимага келмай қолди.
Бола ундан кўзини узмас, катта акаси отхона эшигида ҳаммасига бефарқ қараб, сақич чайнаб тупурарди.
– Гилам юз доллар туради. Сиз шунча пулни тушингизда ҳам кўрмайсиз. Шунинг учун мен сизнинг ҳисобингиздан йигирма бушель ғалла олиб қоламан. Мен буни сиз билан тузиладиган шартномага киритаман, шерифнинг олдида шартномага имзо чекаётганингизда бунга ҳайрон бўлиб ўтирманг. Бу миссис де Спейнга тасалли бермайди, лекин эҳтимол сизни бировнинг уйига кираётганда оёқни артиб киришга ўргатади.
Шундан сўнг бу одам жўнаб кетди. Бола шу пайтгача миқ этиб оғиз очмаган, ҳатто бошини ҳам ердан кўтармаган ва шу тобда хачирга бўйинча ўтказаётган отасига қаради.
– Ота, – деди бола.
Отаси унга қаради; бароқ қошлар остидан хўмрайиб боққан бўзарган кўзлар, алланечук башара. Бола бирдан унга қараб талпинди, лекин шу заҳоти ўзини тўхтатди-да, қичқириб юборди:
– Сиз ҳаммасини қилиб бердингиз, қўлингиздан келганча!.. Агар бошқача қилмоқчи бўлса, унда нега ўзи қолиб кўрсатиб бермади? Олиб бўпти! Ҳаммасини йиғиштириб оламиз, яшириб қўямиз! Ўзим кўриқлаб ўтираман!..
– Сен айтганимдай қилиб чимқирқарни пишиқ ўрнатдингми?
– Йўқ ҳали, сэр, – пичирлади бола.
– Бор, жойлаштириб қўй.
Булар чоршанба куни бўлаётган гаплар. Ҳафтанинг қолган барча кунлари бола кучи борича, тиришиб-тирмашиб, жонини жабборга бериб ишлади, у бир гапни икки қиладиганлардан эмасди, бу томондан онасига ўхшарди – фарқи фақат шунда эдики, у қилаётган ишининг лоақал бир қисмини жон-дилдан ихлос билан адо этарди. Мисол учун, у кичкина болтачаси билан ўтин ёришни ёқтирарди, болтачани янги йил мавлудида онаси билан холаси, қаёқдандир пул тўплашибми ё топишибми, унга совға қилишганди. Уйдаги катта ёшли аёллар билан (бир сафар ҳатто опачаларидан бирови билан ҳам) у чўчқалар ва сигирга қўра қурди, бу мулкдор билан ўрталаридаги шартномага кўра отасининг вазифасига кирарди, бир куни эса отаси қаергадир кетганда, бола ҳатто далага катта акасига ёрдамлашгани чиқди.
Акаси омоч ортида борар, тўғри эгат олар, бола эса тармашлаб тортаётган хачир ёнида жиловни тутиб қадам ташларди. Ғовлаган қора ер намчил таровати билан яланг оёқларига муздек ёқар, бола ўй ўйлаганча одимларди: “Балки ниҳоят энди ҳаммаси яхши бўлиб кетар. Арзимаган битта гиламни деб, шунча дон-дундан айрилиб ўтириш одамга алам қилса ҳам, балки энди шу билан бари оппон-соппон бўлиб кетар ва бошқа энди ҳеч қачон қайтарилмас ва отаси ҳам энди бутунлай шу пайтгача бўлгандан кўра бошқача одам бўлиб қолар. – Бола шунчалар ўз ўйларига берилиб кетдики, хачир ҳам эсидан чиқди ва акаси уни уришиб берди. – Балки ҳали улар шунча дон-дунни тортиб олиб ҳам ўтиришмас, балки ҳали ҳаммаси – дон-дун ҳам, гилам ҳам, ўт-аланга ҳам – ҳаммаси бир ёқли бўлиб кетар, қўрқув ва қайғу-алам буткул даф бўлар ва худди от қўшилган икки арава сени икки ёққа тортиб, қоқ иккига ажралиб кетаётгандай аҳволдан қутуларсан, – ҳамма-ҳаммаси тугайди, бутунлай, бутунлай тугайди…”
Кейин шанба куни келди. Бола хачирни нўхталаркан, яна отасини қора камзул ва шляпа кийган ҳолда кўрди.
– Йўқ, – деди отаси, – аравага қўш.
Икки соатлардан сўнг арава манзилга етиб борди. Бола отаси билан акасининг орқасида пештахта ўриндиғи устида ўтираркан, яна дўконнинг бўялмаган, путурдан кетган биноси, тамаки ҳамда дори-дармонларнинг туси ўчган, йиртилган рекламалари, айвоннинг устунларига бойланган миниладиган отлар ва усти ёпиқ араваларга қўшилган хачирларни кўрди. У отаси билан акасининг орқасидан қийшиқ пиллапоялардан юқорига чиқди ва учовлари одми тахта столга қараб ўтиб бораётганларида яна томоша қилиб турган қатор совуқ башараларни кўрди, стол ортида кўзойнакли бир киши ўтирар, биров тушунтирмаса ҳам, бу кишининг судья эканлиги болага равшан эди. Кейин бола бўйнига ёқа ва бўйинбоғ таққан одамни кўрди ва унга қаҳру ғазаб билан худди еб қўйгудек бўлиб ўқрайиб қаради, бу одамни у икки марта кўрган, икки марта ҳам от устида кўрганди; ҳозир унинг важоҳатида ғазаб нишоналари кўринмас, нимадандир лолу ҳайрон эди, аммо бола ҳозир бунинг нималигини тушунишдан ожиз эди. Бўлмасам-чи! Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бир воқеа: чоракор ўз мулкдорини судга бериб ўтирса-я. Бола отаси орқасидан мана шу барча одамлар орасидан тўппа-тўғри столга ўтиб борди-да, судьяга қараб бор овоз билан қичқирди:
– Отам бунақа қилмаган! У ўт қўймаган!..
– Бор, аравага чиқиб ўтир, – деди отаси.
– Ёндирмаган дейсанми? – сўради судья. – Нима, гилам ёндирилган ҳам эдими?
– Ҳеч ким бундай айбни бўйнимга қўёлмайди! – деди отаси ва болага буюрди: – Бор, аравага чиқ!
Аммо бола чиқиб кетмади, у худди ўтган сафаргидай одамларга лиқ тўла хонанинг бир бурчагига суқилиб олди, ўтиргани ҳам йўқ, тик тураверди, стол атрофида бўлаётган гапларга индамай қулоқ солаётган издиҳом уни деворга сиқиб қўйганди.
– Сиз гилам эгасига етказилган зарар учун талаб қилинаётган йигирма бушель дон зарарга қараганда анча кўп деб ҳисоблайсизми?
– Хўжайин гиламни олиб келиб тозалашни буюрди. Мен уни тозалаб қайтариб олиб бориб бердим.
– Лекин сиз гиламни қайтариб берганингизда, у аввалгидай эмас эди-да.
Отаси жавоб бермади, шунда бир зум диққат билан тинглаётган издиҳомнинг нафаси, босиқ, теран нафасидан бошқа ҳеч нарса эшитилмади.
– Сиз жавоб беришдан бош тортасизми, жаноб Сноупс? – Яна отаси индамади. – Мен сизни айбдор деб қарайман, жаноб Сноупс. Мен сизни майор де Спейннинг гиламига зарар етказган деб биламан ва зарарни қоплашга ҳукм чиқараман. Бироқ йигирма бушель дон жарима тўлаш сизнинг аҳволингиздаги одам учун ҳаддан ташқари кўп деб ҳисоблайман. Майор де Спейн гиламнинг баҳосини юз доллар дейди. Октябрь ойида дон тахминан эллик цент туради. Агар майор де Спейн нақд пул тўлаб сотиб олган нарса учун тўқсон беш доллар миқдорида зарар кўришга қодир бўлса, унда сиз ҳали ишлаб топилмаган беш доллар миқдорида зиён кўришдан қочмасангиз керак, деб ҳисоблайман. Мен сизни майор де Спейнга етказилган зарарни шартномада белгилангандан ташқари ўн бушель дон миқдорида қоплашга ҳукм қиламан ва уни ғалла йиғиб олингандан сўнг дарҳол тўлашни тавсия этаман. Суд мажлисини ёпиқ деб эълон қиламан.
Булар ҳаммаси кўп вақт олгани йўқ, ҳали вақт эрта эди. Бола энди уйга қайтсак керак деб ўйлаганди, балки тўғри далага йўл олишар, чунки улар бошқа фермерларга қараганда анча кечикишаётганди. Аммо бунинг ўрнига отаси арава ёнидан тўхтамай ўтиб кетди, катта акасини имлаб чақириб, йўлни кесиб ўтди-да, темирчилик устахонасига қараб юрди, шунда бола ўзини отаси томонга отди, йўлини тўсиб уни қучоқлаб олди, эски шляпа остидаги қаттиқ, вазмин башарасига тикилиб ғўлдираб пичирлади:
– Бир сиқим ҳам бермаймиз унга. Бир дона ҳам бермаймиз. Биз…
Отаси унга қаради, башараси осуда, совуқ боққан кўзлари узра оқарган қошлари чимирилган, аммо овози мулойим, бир қадар эркаловчи:
– Шунақа дегин? Майли, октябргача бораверайлик, кўрармиз.
Аравани тузатиш – уч-тўрт кегайларни алмаштириш, тегирчакларни тортиш – кўп вақт олгани йўқ. Аравани темирчиликнинг орқасидаги сув тўлдирилган чуқурга тўғрилаб тегирчакларни совутишди, хачирлар ўқтин-ўқтин сув шимиришар, бола эса арава ўриндиғида ўтириб, жиловларни бўш қўйган, тепада қора дуд босган том тагида темирчининг болғаси босинқи тарақлар, отаси эса сарв ғўла устида ўтирганича дам ўзи сўйлар, дам бошқаларни тингларди. Бола ҳаммаёғи ҳўл аравани сув чуқурдан устахона эшигига олиб келганда, отаси ҳалиям ўша ерда ўтирарди.
– Том тагига олиб бор, боғлаб қўй, – буюрди отаси.
Бола хачирларни боғлаб қайтиб келди. Отасининг ёнида темирчи билан яна аллаким чўккалаб ўтиришиб, ҳосил ва қорамоллар ҳақида сўйлашишарди, бола улар ёнига туёқларнинг қирқилган бўлаклари ва занг-зунгларнинг парчалари устига чанг-тупроққа чўк тушди; отасининг ҳали тўнғич ўғли туғилмасидан илгари жаллоблик қилиб юрган пайтларида бошидан ўтказган узундан-узоқ бир воқеани шошилмай ҳикоя қилаётганига қулоқ солди. Кейин отаси ўрнидан туриб унинг ёнига келди-да, ўтган йили келган циркнинг оқариб-тўзиб кетган рекламаси парчаларини кўздан кечирди, бола шу қизил отлар, масхарабозларнинг бўялган башараларини қинғир-қийшиқ қилиб оҳангжамалар қилишлари, баданларга ёпишиб турган, бир-бирига чатишиб кетган ажиб тўр, йилтироқ либосларни завқи келиб томоша қиларди. Кейин отаси айтди:
– Кетдик, овқатланамиз.
Аммо улар уйга боришмади. Бола акаси билан бирга деворга суяниб тураркан, отасининг дўкондан қоғоз халта кўтариб чиқаётганини кўрди. Отаси қоғоз халтадан каттакон пишлоқ бўлагини чиқариб, паккида ҳафсала билан уни тенг уч бўлакка бўлди, кейин халтадан қотирилган нон олди. Учовлон тимнинг панжарасига ўтириб, шошилмай тановул қилишгандан кейин ўша дўконнинг ўзида тосга тўлдирилган илиқроқ сувдан ичишди, сувдан кедрдан ясалган бочка тахтачаларининг, қора қайиннингми, мазаси келарди. Кейин яна улар уйга қайтишгани йўқ, отаси бу сафар уларни от саройига бошлади; баланд узун темир тўсиқларнинг пешсупачаларида анча одамлар ўтиришар, тик туришарди; қўра ичкарисидан дам-бадам отларни олиб чиқишар, совитиб юришар, йўлка бўйлаб у ёқдан-бу ёққа чоптиришарди, орада қўранинг ўзида савдо-сотиқ борарди. Қуёш ғарбга оққан, улар ҳамон бўлаётган гап-сўзларга қулоқ тутиб, кўзларини ҳар томонга югуртириб айланиб юришарди, акасининг кўзларини уйқу босган, ҳамон қарсиллатиб сақичини чайнарди. Отаси онда-сонда қай бир отларни ўзича баҳолаб қўярди.
Уйга қоронғи тушганда қайтишди. Чироқ ёруғида овқатланишди. Кейин бола остонада ўтириб тун қоронғилигининг қуюқлашиб боришини томоша қилди, эчкиэмар ва қурбақаларнинг сайрашларини тинглади, бирдан қулоғига онасининг эланиб ёлворган овози чалинди:
– Қўй, Эбнер! Қўй! Худо ҳақи! Йўқ, Эбнер, худо ҳақи!
Бола дик этиб ўрнидан турди, орқасига ўгирилди ва шиша оғзига ўрнатилган шам қолдиғи ёруғида ҳали шляпаси ва камзулини ҳам ечмаган отаси худди шармандали ёвуз бир ишни қилишга отлангандай, айни пайтнинг ўзида ҳам кулгили, ҳам жиддий тарзда чироқ ичидан катта бидон идишга керосин қуяр, онаси эса унинг енгидан ушлаб олган, бир маҳал отаси чироқни бошқа қўлига олди-да, тирсаги билан онасини қаттиқ туртиб юборди, у буни қаҳр-ғазаб ва дағаллик билан қилмаган эса-да, онаси унинг турткисидан деворга бориб урилди, алам-ўкинч ичида оғзи очилиб, тамомила умидсиз ҳолда иккала қўли билан деворга тиралиб қолди, онаси боя отасига ялиниб-ёлвораётганда ҳам худди шундай кўйга тушганди. Шу пайт отаси эшик остонасида турган болани кўриб қолди.
– Дарров саройга бориб, қорамой солинган идишни олиб кел, – деди отаси.
Бола қимир этмади. Кейин у тилга кирди:
– Нима? – қичқириб юборди бола. – Нима қилмоқчисиз ўзи…
– Бор бидонни олиб кел, – такрорлади отаси. – Қани!
Шундан сўнг бола уйдан саройга ғизиллади: одатланишнинг кучи шунақа, томирида оқаётган бу қонни у ўзи танламаган, хоҳ-нохоҳ бу унга мерос бўлиб ўтган, унгача қанчадан-қанча томирларда жўшган, қандай зўравонликлар, ваҳшийликлар, ҳирсу ҳаволанишлар қайлардадир тўкилиб қотиб қуюлгани номаълум. “Мен қайтиб келмаслигим мумкин, – ўйларди бола. – Шундай югуриб кетаверсанг, югураверсанг ва ҳеч қачон орқангга қарамасанг, ҳеч қачон унинг башарасини кўрмасанг. Аммо қўлимдан келмайди…” Мана занглаган бидон қўлида, унинг ичида мой шилқиллайди, у уй томон оёғини қўлига олиб чопқиллайди, уй ичидан онасининг ҳўнграб йиғлагани эшитилади, бола бидонни отасига узатади.
– Сиз ҳатто негрни ҳам жўнатмоқчи эмассиз? – қичқирди бола. – Сиз илгари негрларни юборар эдингиз…
Отаси бу сафар уни урмади. Ҳозиргина стол устидаги бидонда турган қўл кўз очиб-юмгунча уни ёқасидан тутиб шундоқ силтаб кўтардики, бола ҳатто оёғи ердан қандай узилганини билмай қолди; у фақат яхмалакдек совуқ шафқатсиз башарани кўрди, ўлим нафаси келган совуқ товушни эшитди, овоз столга қапишиб турган, худди сигирга ўхшаб жағларини у ёқдан-бу ёққа буриб кавш қайтараётган акасига буюрди:
– Уни катта идишга солиб олиб бор. Мен орқангдан етиб бораман.
– Яхшиси, уни каравотга боғлаб қўйинг, – деди акаси.
– Айтганимни қил, – деди отаси.
Кейин бола ердан кўтарилганини сезди, кўйлаги бошига сидирилиб чиқди, чўяндай қаттиқ қўл икки елкаси орасидан чангаллаб тутди, оёқ бармоқларининг учи ерда судралди, уни олови сўнган ўчоқ олдидаги ўриндиқларга оғир чўккан опачалари олдидан судраб ўтишди, онаси билан холаси бир-бирларини қучоқлаб ўтиришган каравот олдига олиб боришди.
– Ушла уни, – деди отаси. Холаси улар томонга талпинди. – Йўқ, сен эмас, – деди отаси. – Ленни, маҳкам ушла, қўйиб юборма!
Онаси болани қўлидан тутди.
– Йўқ, маҳкам тут. Агар қўлингдан чиқиб кетса, у, биласанми, нима қилади? У ановларникига чопади. – Отаси бошини қимирлатиб йўлни кўрсатди. – Балки уни бойлаб қўйган яхшидир.
– Мен уни маҳкам ушлаб тураман, – деди онаси.
– Қара, қўйиб юборма.
Кейин отаси кетди, унинг бир маромдаги оғир қадам товушлари ниҳоят тинди.
Шунда бола ўзини у ёқдан-бу ёққа отиб юлқина бошлади. Онаси уни иккала қўли билан қучоқлаб олди, у эса ўзини ҳар томонга урарди, барибир чиқиб кетаман дегандай. Аммо вақт зиқ эди.
– Қўйворинг! – қичқирди бола. – Қўлингиз оғрийди!
– Қўйвор уни, – деди холаси. – У бўлмаса, мен ўзимоқ бориб айтаман уларга!
– Мен бундай қилолмайман, биласан-ку, – йиғлади онаси. – Сарти! Сарти! Қўй! Ёрдам берсанг-чи, Лиззи!
Бироқ бола алоҳа юлқиниб чиқди. Холаси уни тутиб қолмоққа уринди, аммо иложи бўлмади. У ўқдай учиб кетди. Онаси қоқилиб йиқилди, тиззаларида судраларкан, қизларидан бирига қичқирарди:
– Ушла уни, Нетти, ушла!
Аммо иложи бўлмади. (Опа-сингиллар эгизак эдилар, уларнинг ҳар бирови вазнига ва ҳажмига кўра, қайси бирига бўлмасин, оила аъзоларининг иккитасига тўғри келишарди). Нетти ҳатто ўтирган жойидан қўзғалиб улгурмади, фақат лоқайдлик акс этган юзини ўгириб, унга худди сигирга ўхшаб бақрайиб қаради. Бола эса уйдан отилиб чиқди, йўлнинг билқиллаб ётган юмшоқ тупроғини босиб, димоғига учқатларнинг гупурган ҳидлари урилиб, югура кетди; оёқлари остидаги бўз тупроқли йўл жуда секин айланаётганга ўхшарди; мана, ниҳоят, дарвоза, яна озроқ, яна озроқ, юрак гурсиллайди, нафас томоққа тиқилади; хиёбондан югуради, олдинда чироқлар ёнган уй, чироқлардан чароғон эшик. Бола тақиллатиб ўтирди дейсизми, у бўғзидан бир сўз чиқаришга мажоли етмай, ҳаллослаб ҳансираганча уйга отилиб кирди; дафъатан сурп куртка кийган негрнинг донг қотиб, қути ўчган бетини кўрди, лекин у қаердан пайдо бўлганлигини идрок қилолмади.
– Де Спейн! – деб қичқирди бола жони борича. – Де Спейн борми… – Шунда у зал эшигидан чиқиб келаётган ўша оқ танли кишини кўрди. – Омбор! – қичқирарди бола. – Омбор!
– Нима? – сўради киши. – Омбор?
– Ҳа! – қичқирарди бола. – Омбор!
– Ушла уни! – қичқирди киши.
Аммо яна иложи бўлмади. Негр уни кўйлагидан тутди, лекин йилларча ювилавериб тўзиган кўйлакнинг енги негрнинг қўлида узилганча қолди, бола ўзини эшикка урди ва яна хиёбондан чопиб кетди, у, ахир, шунча пайтдан бери бир зум тўхтагани ҳам йўқ, ҳатто оқ танли кишини огоҳлантираётганда ҳам тўхтамади.
Орқасидан овоз эшитилди:
– Отни олиб кел! Тезроқ!
Бола дарахтзорларни тўғри кесиб ўтиб, четан деворни ошиб йўлга чиқмоқчи бўлди, аммо на парк ичини ва на хмел билан қопланган деворнинг паст-баландлигини билар, шунинг учун юраги дов бермасди. У хиёбондан ўқдай учиб борар, чакка томирлари қаттиқ лўқиллар, харс-харс нафас оларди; ана, ниҳоят, йўлга чиқди, буни оёғи тупроққа ботганда билди. Унинг кўзи кўрмас, қулоғи чиппа битган, сал бўлмаса, гурсиллаб чопиб келаётган от остида қолиб кетай деди, бола эса ҳамон тўхтамай югурар, гўё қайғу-аламининг зўри унга қанот бағишлаётгандек эди; бола охиригача йўлдан четга чиқмади, фақат сўнгги дамда қамиш ўсган жарга қулади, шунда фақат бир зумгагина юлдузлар қаҳрли йўртиб бораётган отнинг ваҳимали шарпасини тўсиб қолдилар, сўнг от даҳшатли тасир-тусур солиб ёнидан ўтиб кетди; ҳали отлиқ кимса кўздан ғойиб бўлмай туриб, яна осуда осмон унинг бошига оғир даҳшат солиб ағдарилди; бирдан ақл бовар қилмас, гунг ва туганмас гирдобланган ўкирик янгради ва яна унинг кўзларидан юлдузларни тўсди-қўйди, бола ўрнидан дик этиб туриб, сакраб йўлга чиқди ва энди ҳеч нарсанинг иложи қолмаганлигини билган ҳолда яна чопиб кетди, у ўқ товушини, кейин яна икки марта ўқ узилганлигини эшитганида ҳам, барибир ҳали чопиб борарди, кейин ўзи англамаган ҳолда тўхтади ва “Ота! Ота!” – деб қичқирди – у ўзи англамаган кўйи яна югуриб борар, нималаргадир қоқилар, тояр, нималарнидир оралаб ёриб ўтар ва яна тинмай чопар, ҳатто орқасига ўгирилиб қараб ўт яллиғларини кўрганда ҳам у елиб борарди; у кўзи кўрмаётган дарахтларга урилар, ҳансирар ва ич-ичидан инграрди: “Ота! Ота!”
Ярим кечада у адир тепасида ўтирарди. У тун ярим бўлганини ҳам, ўзининг қаердалигини ҳам билмасди. Аммо орқасида энди яллиғлар кўринмасди, фақат тўрт кунгина унга бошпана бўлган уйга тескари қараб ўтирар, олдида қоронғи ўрмонлар ястаниб ётарди, энди у зим-зиё қоронғиликда кичкина мурғак жони билан титраб-қақшаб чувринди юпқа кўйлагига ўралиб бу ўрмонларга кирганда юрагини қўрқув ва даҳшат эмас, ноумидлик ва азоб қамраб олади, ҳа, фақат ноумидлик ва азоб. “Отам! Менинг отам…” ўйлади бола.
– У мард одам эди! – деб қичқирди у бирдан, аммо қичқиргани пичирлаш янглиғ эшитилди. – У ботир. У урушда бўлган! У полковник Сарториснинг отлиқ полкида хизмат қилган! – деб қичқирарди, у отаси урушга кўнгилли бўлиб борганлигини билмасди, илгари Европада ландскнехтлар шундай қилишган. Отаси ҳарбий кийим киймаган, устидан ҳеч кимнинг қўмондонлигини тан олмаган, ҳеч қайси қўшин ёки байроққа қасамёд қилмаган, ўзини ҳеч нарсага боғлашни истамаган. Бир замонлар Малбрук нимага урушга борган бўлса, худди шу мақсадда борган; ўлжа илинжида бўлган, кимни талайди, душманними ё бошқани, буни ўйлаб ўтирмаган, фарқига бормаган.
Осмонда юлдузлар туркумлари оҳиста силжирди. Тезда тонг отади, қуёш чиқади, оч қолади. Лекин бунинг фурсати эртага, ҳозир эса у совқотди, юрса, танаси исийди. У бироз нафасини ростлади ва ўрнидан туриб юришга чоғланди, кейин у музлаб ухлаб қолганини англади, чунки тонг оқарган эди ва тун тугаганди. Эчкиэмарлар хониши буни тасдиқларди. Ҳали ҳаммаёқда, ҳали қорайиб турган дарахтлар орасида уларнинг тинмаган, безор қиладиган, кун чиққан сайин зўрайиб борадиган куйлари янграрди, аммо тез орада улар ўз ўрнини қушлар сайроғига бўшатиб беради. Бола ўрнидан турди. Увишиб қолган оёқларини ёзолмади, аммо юрса, тез орада бу ўтиб кетади, бадани исийди – ахир, тезда қуёш чиқади. У тепадан пастга, қорайган ўрмонзорларга тушиб борди, у ерларда қушларнинг кумушдек янгроқ сайрашлари жарангларди – баҳор наҳорининг куйга ташна юраги кучли зарб билан бетўхтов дукурлаб урарди. Бола орқасига қайрилмади.
Рус тилидан Иброҳим Ғафуров таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 10-сон