Тереса де ла Парра. Каракаслик хонимнинг кундалиги

Бошимдан омадсизлигу асаббузарликка тўла кўп кунлар ўтди! Анчадан бери Венесуэлага боришни кўнглимга тугиб қўйгандим, чунки қариндошларим ва юртимни жуда соғиндим. Минг афсуски, бу ниятим барбод бўлди. Тўсатдан юзага келган муаммо мени йўлдан қайтарди. Паспортим венесуэлалик эканимни тасдиқласа-да, уни қалбаки деб гумон қилишди.
Ўзи, америкаликлар бошқаларга шубҳа билан қарайди. Суриштириб кўрсам, улар мени рус деб ўйлашибди. Уларга Каракасда туғилганимни, шу ерда улғайганимни тушунтиравериб чарчадим, лекин ҳақлигимни исботлай олмадим. Америкада рус бўлиш жуда қийин экан…
Ёрдам сўраб консулликка мурожаат қилдим. Менга керак одам – консул жаноблари шарпанинг ўзи. Ҳеч тутқич бермайди. Борсам, нуқул эшиги ёпиқ, унинг келишини кутавериб тоқатим тоқ бўлди.
Кунлар ўтди, Венесуэлага қараб сузадиган кема йўлга чиқди. Ғазабимни ичимга ютиб уни ортидан кузатиб қолдим-да, сўнг “бор-э”, деб зарда билан қўл силтадим ва менда Японияга саёҳат қилиш фикри туғилди.
Эрим Марк банкда ишлайди. У билан Японияга бориш ҳақида гап­лашиб кўрдим, у рози бўлди, шу йўл билан биратўла ўзининг шахсий ишларини ҳам битириб олар экан.
Турли афсоналарда “Микадо” номи билан машҳур бўлган, узоқ Шарқдаги Япон ороллари гейшалар ва самурайлар ватани саналади.
Саёҳат куни яқинлашар, мен эса Йокогама, Шанхай ва Харбинда ўтадиган мароқли кунларим ҳақида хаёл сурардим. Осиёликларнинг меҳмондўст экани, мазали таомлари ҳақида кўп эшитгандим. Саёҳатгача кунлар бир йўсинда ўтиб борар, бўш вақтда дўкон айланиб турардим. Баъзида столга тирсагимни қўйганча хаёл суриб, Япония ва Хитой харитасини кўз олдимга келтирардим.
Соат ўн ярим. Нью-Йоркнинг баҳорий ёқимли ва илиқ кунларидан бири. Биз ниҳоят йўлга чиқдик. Табиатнинг ўзи бизга оқ йўл тилаётгандек ҳаво очиқ, ям-яшил дарахтлар барқ уриб, қуёш нуридан баҳра оляпти. Кайфиятим чоғ, ҳаётимнинг ширин лаҳзалари ўтган жонажон уйим билан вақтинчалик хайрлашдим.
Вокзалга етиб келдик, саёҳатдаги шерикларимиз билан бир жойда йиғилдик. Гуруҳимиз, асосан, банк хизматчиларидан иборат, улар орасида энг жонбози ва саёҳат ташкилотчиси – эрим Марк. Сафимизда банк бошқарувчиси ўринбосари, стенограф, Манилага кетаётган банк вакили, Голдманлар оиласи ва Йокогамага иш юзасидан бораётган эр-хотинлар ҳам бор эди. Уларнинг беш-олти ёшли, малла сочли ёқимтой фарзанди бор экан. Кичкинтой ҳамманинг юзида қувонч уйғотар, кулгиси билан ҳаммани ўзига қаратарди.
Поездга чиқдик. Биз жойлашган вагон жуда шинам ва кенг экан. Вагонда столчалар ва икки диван бор, диванлар йиғилиб каравотга айланар экан. Ваннахона яқин, иккита вагон нарида умумий ошхона бор.
Поезд деразасидан бош чиқардиму, узоқдан уйимизни кўриб, эримга: “Марк, қаранг, Бродвейдаги уйимиз кўриняпти!” деб қичқирдим.
Поезд деразасидан ўрмонлар, тоғлар, кўллар, шаршаралар, дарёлар кўринарди – атрофни кузатган киши завқланиб чарчамасди.
Поезд Чикаго шаҳрига келди. Биз икки кунга “Аудиториум” меҳмонхонасига жойлашдик. Чикагодаги ҳаёт мени ҳайратга солди. Шаҳар ташқи кўриниши ва тузилиши жиҳатидан Нью-Йоркка ўхшаб кетарди. Одамлар қаергадир шошади, машиналар тинмай ҳаракатда, ҳамма ерда тутун… Шаҳарда қад кўтарган осмонўпар бинолар ва гуркираб ривожланаётган саноат белгилари – турли заводларнинг шовқини ва узлуксиз ишлаши… Икки кунда шаҳар шовқини мени ҳолдан тойдирди. Поездга чиқдик, шаҳардан узоқлашган сари унинг тиниб-тинчимас заводлари аста-секин кўздан ғойиб бўлди, табиат измида ўзимни анча бахтиёр ҳис қилдим. Саҳроларни кесиб ўтиб, Нью-Мексикога етиб келдик.
Нью-Мексикодан ўтаётиб иқлим ўзгарганига гувоҳ бўлдик: бу ернинг табиати бутунлай бошқача, майин шабада эсар, аҳён-аҳёнда ям-яшил ўтлоқлар кўринар, баъзи ерларда буғдойсимон майсалар шамолда мавжланади; узоқдан қор билан қопланган тоғ чўққилари кўзга ташланади. Поезд пастлик томон елиб борарди. Туман ичида фақат чўққиси кўринаётган сўнган вулқонлар бор эди. “Льяно Эстакадо” деб аталувчи улкан биёбон қум ва ора-сира пастқам қоялар билан қопланган.
Мен жажжи Голдман билан поезд деразасидан атрофни кузатар эканман, бундай овлоқ жойларда ҳам одамлар қўним топганидан ҳайратландим, болакайга жўр бўлиб, уларга салом тариқасида шодон қўл силкитиб бақирдик. Бу ерлик ҳинду болалар бизни кўриб қичқиришди. Улар оддий бичимдаги, ола-була кийимларига турли хил тақинчоқлар осиб олишган. Бу ҳиндуларнинг кийими мен билган гуахиралик ҳиндуларнинг миллий либосига ўхшамас экан.
Поезд илгарилаган сари аста-секин тураржойлар кўпая бошлади. Мустамлака даврида испанлар томонидан қурилган яшаш жойлари, эски монастир, черков, қалъа харобалари кўринаяпти. Бу ерларга ўтмишда қанчадан-қанча босқинчилар бостириб келганлар, шу жумладан, машҳур конкистадор Эрнан Кортес ҳам шу ерда ҳалок бўлган.
Поездда анча юриб, ниҳоят, Лос-Анжелес шаҳрига етдик. Ярим тропик иқлимли шаҳар атрофи боғлар билан ўралган, бу ерларда бутун АҚШга машҳур ширин мевалар етиштирилади. Айниқса, Пасадена даҳаси жуда мафтункор бўлиб, бу ерда шаҳардаги пулдор одамлар яшар экан. Апельсинзорлар ва алвон гуллар ёнида ҳашаматли уйлар қад кўтариб турибди. Машҳур Буш фамилияли пиво қироли ҳам шу ерда яшар экан. Шаҳардаги кўприклар, ҳовузлар, ҳайкаллар, ҳайвонот боғи шаҳарга кўрк бағишлаб турибди. Замонавий шаҳар мана шундай бўлиши керак эмасми? Яхшиямки, шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини кўришга ҳали вақтимиз бор. Хиёбондаги апельсинзорларда сайр этаётиб, Годельядаги “Саградо Корасон” монастирида ўтказган ёқимли дамларим, коллеж ўқувчиси бўлган пайтимда ёмғирда жиққа ҳўл бўлиб ерга тушаётган апельсин гуллари тагида югурганларим эсимга тушди.
Лос-Анжелесда биз “Александрия” меҳмонхонасига жойлашдик. Меҳмонхона ресторанининг иккинчи хонасида овқатландик, биринчи хонадаги столларда бой одамлар ўзларини кўз-кўз қилиб ўтиришарди.
Лос-Анжелесдан Сан-Францискога йўл олдик. Атрофга маҳлиё бўлиб, вақт қанчалик тез ўтганини сезмай қолибман. Поезд баланд тоққа кўтарилганда, бепоён океан қаршисидаги бир нечта жарлик кўринди, сўнг поезд тоғ ёнбағридаги эгри-бугри йўллар бўйлаб гоҳ чапга, гоҳ ўнгга юрди.
Ахийри поезд Сан-Францискога етиб келди. Биз соҳил яқинидаги меҳмонхонага жойлашдик, Сан-Франциско кўрфази шундоқ ёнимизда эди. Балкондан соҳил бўйлаб чўзилган пляж, “Голден Гэйт” хиёбони, сал нарироқда Сан Франциск номидаги испан қалъаси кўринарди. Сан Франциск номи кейинчалик фақат қалъани эмас, балки бутун шаҳарни англатадиган бўлди, бугун қалъа ҳарбий мактабга айлантирилган.
1902 йилда юз берган зилзила оқибатида кўп одамлар ҳалок бўлган, шаҳар эса харобага айланган. Зилзила етказган талафот жуда катта бўлган, аммо одамларнинг юксак матонати ва метин иродаси туфайли шаҳар тез суръатда яна тикланади. Қисқа муддатда тураржойлар, гумбазли иморатлар қурилади, миноралар қад ростлайди.
Балконда ўтирволиб бўш вақтимда ёндафтарчамга кўрган-билганларимни қайд эта бошладим. Навбатдаги саёҳат олдидан бизни қандай саргузаштлар кутаётганини роса билгим келарди. Энди саёҳатимиз кемада давом этади. Кема бизни бепоён ва сир-асрорга тўла уммон бўйлаб қаерларга олиб боради, уфқ ортида бизни қандай ғаройиботлар кутиб турибди, буниси менга номаълум эди…
Бу шунчаки тасодифми, билмайман, бандаргоҳдаги саёҳатга чиқадиган кемамизнинг номи “Венесуэла” экан. Кема жуда кенг ва улкан эди, йўловчилар сони ҳам шунга яраша бўлса керак. Бугун пешиндан кейин кемага чиқамиз. У бошқа кемалардан мачтаси билан ажралиб турибди. “Венесуэла ҳаммасидан гўзал!” дедим ичимда ватан туйғуси жўш уриб.
Кемада сузиш қандай ажойиб! Унда ўтган завқли ва шодон кунларим ҳеч қачон эсимдан чиқмаса керак. Кема улкан уммонда виқор билан, баланд тўлқинлар оша балиқдек енгил сузиб борарди. Кўпчиликни хавотирга соладиган денгиз касали мени мутлақо ўйлантирмасди, чунки дўстлар даврасида вақтим жуда хуш ўтарди. Бортда турволиб кемани олдинга чорлагандек “Олға, олға!” дея бақирардик. Кема “Пасифик Мэйл Ко” ширкатига тегишли бўлиб, йигирма минг тонна юк кўтарар экан. “Эль Экуадор”, “Эль Колумбия” каби йирик кемалар қаторида Сан-Франциско, Гонолулу, Гон-Конг, Йокогама, Кобе, Шанхай, Манила ва бошқа шаҳарларга сузар экан. Унда йўловчилар яхши дам олиши ва вақтини хуш ўтказиши учун нимаики даркор бўлса – мазали таомлар билан сийлайдиган ресторану даврани қиздирадиган оркестр ва мусиқачилар, рақс заллари, бассейн, хуллас, ҳаммаси муҳайё.
Йўловчилар дунёнинг турли чеккасидан келган, улар орасида америкаликлар, инглизлар, шведлар, японлар, бельгияликлар, хитойлар ва руслар ҳам бор. Бортдаги руслар, билишимча, рус империясининг шарқий чегарасидан паноҳ топишга кетаётибди. Биз кўпроқ бельгиялик­лар ва руслар билан яқин алоқада бўлдик; улар орасида зиёли кишилар, таниқли артистлар, жамиятда баланд мавқега эга шахслар бор.
Кемадаги саёҳатнинг еттинчи кунида Гавайи ороллари пойтахти Гонолулуга келдик. Ёзув столида шошиб-пишиб хат ёзарканман, ташқаридаги шовқиндан хаёлимни бир ерга жамлай олмасдим. Арқон ва занжирларнинг ғижирлаши, юк туширувчи ишчиларнинг шовқини, ўз молини мақтаётган сотувчиларнинг жарангдор овози қулоғимни қоматга келтиряпти, бунинг устига, шерикларим ёнимга қайта-қайта келавериб безор қилишди, улар жойимда қимирламай ўтирганимдан ажабланиб, ташқарига чорлашарди. “Миссис Бунимович, нега ҳалиям кемада ўтирибсиз?”, “Бунимович хоним, ҳамма қирғоқда сайр қилиб юрибди, сиз нега шу аҳмоқона хатингизни ёзиб ўтирибсиз?” дерди.
Ручкани столга қўйдим ва каютадан ташқарига чиқдим. Эрим мени ташқарида кутиб олди, шаҳарни ўз кўзим билан кўриш учун қирғоққа чиқдим.
Гавайи оролларининг сўлим табиати, жайдари мевалари ва турли-туман ўсимлик олами, вулқонли, баланд тоғларини кўриб, роса завқландим. Уйимиздаги граммофонда кўп бора эшитганим, ўзида ҳам мумтоз, ҳам дунёвий оҳангни жамлаган куй Гавайи оролларига бағишланган бўлса керак. Менимча, дунёдаги барча нафис ва оҳангдор куйлар мана шундай мафтункор гўшалардан илҳом олиб басталанса, ажаб эмас.
Гавайи – иқлими илиқ ва юмшоқ кўплаб ороллардан иборат. Илгари ўзим яшаган Каракаснинг об-ҳавосига ўхшатдим. Гонолулу шаҳри атрофида шакарқамиш жўяклари, баланд букаре дарахтлари соясидаги қаҳва плантациялари, ананас, манго, папайязорлар, пассифлора гуллари очилиб турибди.
Бу оролларда яшовчи элат – қорамағиз полинезияликлар. Ўтмишда маҳаллий қабила бошлиқлари оддий одамлардан кўра баъзи бир устунликларга эга бўлишган, мисол учун, улар ўтмишда “ломи-ломи” деган сирли массаждан фойдаланганлар. Ломи-ломи – қадимий массаж турларидан бири бўлиб, оддий одамларнинг у билан шуғулланиши тақиқланган. Массаж жуда мураккаб, аммо соғлиққа роса фойдали, шу боис ҳозирги кунда бу массаж усули бутун Гавайи бўйлаб оммалашиб кетган.
Гонолулу ва унинг атрофини айланар эканмиз, таътилга келган америкалик бойваччаларнинг дабдабали виллаларига кўзимиз тушди. Баланд вулқонга чиқиб атрофга назар ташладик: теваракда ананасзорлар, мангозорлар чўзилиб кетган. Гавайида яшайдиган одамларнинг кўнгли очиқ, уларда табақага ажратиш йўқ, барча тенг кўрилади, сайёҳларни ҳам худди гавайиликдек илиқ кутиб олишади.
Орол бўйлаб мароқли саёҳатдан сўнг биз яна кемага қайтдик ва йўлда давом этдик.
Кемада байрам бўлди. Бу шодиёна кеманинг меридиан чизиғидан 18000 ўтгани муносабати билан уюштирилган экан; зиёфат, рақс, концерт авжида. Айниқса, маскарадли рақс кечаси завқу шавққа тўла бўлди. Америкаликлар бу ўйинда анча фаол қатнашишди. Улар худди мана шундай томоша бўлишини олдиндан билгандек, чемоданларида маскарад либосларини ўзлари билан олиб келишган экан. Америкада яшасам-да, ватандошларимнинг кутилмаган ғайратидан ҳайратга тушдим, илгари буни сезмаган эканман.
Аввал маскарадда қатнашувчилар тўсиқдан бирма-бир ўтиши эълон қилинди, сўнг ҳар бир иштирокчи антиқа кийимини кийиб, оммани ҳайрон қолдира бошлади. Чиқишлар гулдурос қарсак ва баланд ҳайқириқлар билан қарши олинарди. Қатнашчилар пижама, шиппак, шапка, чўмилиш кийимлари, шунингдек, попукли ва жулдур кийимларда чиқишарди. Айниқса, менга эгнига аёллар либоси ва бошига парик кийган эркакларнинг чиқиши жуда ёқди, уларни кўриб, роса кулдик.
Байрам тонггача давом этди. Чарчаб хонамга қайтдим ва дам олдим. Ҳаётимда бундай ажойиб тун жуда кам бўлган.
Кейин эса кемада хайрлашув зиёфати уюштирилди. Манзилга тезроқ етиб олишга интизор бўлсам-да, яқинда кемани тарк этишимдан бироз хафа эдим. Кечқурун океаннинг тоза ҳавосидан тўйиб нафас олиб, тўлин ойга тикилиб ўтириш қандай ёқимли! Йўловчилар бир-бирлари билан ҳаётларида содир бўлган қизиқ воқеалар ва уруш ҳақида гаплашардилар.
Икки кундан сўнг “Венесуэла” билан хайрлашиб, Япония томон йўл олдик.
Йокогама – Япониянинг йирик порт шаҳарларидан бири. Биз “Гранд” меҳмонхонасига жойлашдик. Меҳмонхона биноси катта, ўзи озода экан, ҳамма қулайлик бор, сизга айтсам, у Нью-Йоркнинг манаман деган меҳмонхоналаридан қолишмас экан. Кунига ўттиз доллар тўласак-да, у бунга арзийди. Юқори қаватдаги хона деразасидан ташқарига қараб, японларнинг осмонўпар биноларига кўзим тушди, улар бу билан ўзларининг нималарга қодир эканини кўрсатмоқчидек гўё.
Мени шаҳарсозлик тамаддунидан кўра, табиати, тарихий обидалари, аҳолининг эътиқоди ва урф-одатлари кўпроқ қизиқтирарди. Катта боғ меҳмонхонани ўраб олган, боғ ёнида бир текис қурилган япон уйлари чўзилган. Меҳмонхонадан нарироқда кўрфазнинг ажиб манзаралари кўзни қувонтиради.
Шаҳар шунчалик мафтункорки, тепадан қараганда худди “қўғирчоқ шаҳар”га ўхшайди. Паст бўйли японларнинг бежиримгина кимонода соябон тутиб юришлари, пойабзалини тақиллатиб у ёқдан-бу ёққа ўтишларини томоша қилиб ўтирдим. Нарироқда – йўллари тоза ва равон кўчаларда мандарин, апельсин, қарағай дарахтлари бўй чўзган.
Японларнинг қадам босиши кўзимга ғалати туюлди: худди бетоб одамникига ўхшайди – қисқа ва чумолидай майда қадамлар. Аммо японларнинг тасаввурида биз бесўнақай, қўполмиз. Икки миллат одами бўлишимизга қарамай, орамиздаги шунча фарқ бор. Буларни таққослаш менга жуда қизиқарли бўлди.
Японларнинг бир жиҳати мени бироз ранжитди. Уларнинг чет эллик­ларга нисбатан салбий муносабати турли вазиятларда диққатимни торта бошлади. Агар улар бирор ғарблик билан бирон масалада тортишиб қолса, меҳмон деб аяб ўтиришмайди.
Японларда ғарб либослари аста-секин урф бўлаётганига қарамай, кимоно кийганлар кўпчиликни ташкил қилар экан. Унинг енглари кенг, турли безаклар солинган, белида белбоғи бор. Кимоно японларнинг эгнида шамолдаги байроқдай ҳилпирайди.
Японларнинг ўзига хос жиҳати – уларнинг бизга қараб заҳарханда жилмайиши. Бу қилиқларидан бизни ёқтирмаётгани кўриниб туради. Улар бир вақтнинг ўзида биздан ҳам нафратланишади, ҳам яхши кўришади. Бизни ёмон кўришларини яшириб, биздан устун эканлик­ларини кўрсатмоқчи бўлишади. Японлар қалбидаги дард-ҳасратни бошқаларга билдирмасликка уринишади, биров уларнинг қайғусини билатуриб нега хафалигини сўраса, улар ўзларини хўрлангандек ҳис қилишади. Агар она ўғлининг ўлимига аза тутиб йиғлаётган бўлса-ю, эшикдан бирон бегона киши кириб қолса, у йиғисини дарров яширади.
Японларда сабр-тоқат, ватанпарварлик ва жасорат қадрланади. Ғарб мамлакатларининг мустамлакачилик сиёсати, уларнинг тараққиётига қараб интилиш японларни русларга қарши уруш эълон қилишга мажбур этган. Урушдаги ғалабадан сўнг японлар ўзларининг қудратли халқ эканини, юксак тамаддунга эгалигини Ғарбга кўрсатиб қўйди. Лекин японларга паст назар билан қараш кайфияти йўқолмади, шунинг учун ҳам улар чет элликларга нисбатан совуқ муносабатда бўлишади.
Мен Японияда қадимдан катта нуфуз ва ҳокимиятга эга бўлган оқсуяк ҳарбийлар – самурайлар ҳақида кўп эшитдим. Самурайлар билан бошқа ҳарбийлар орасида бўлиб ўтган тўқнашувлар тўғрисида ҳам ҳикоя қилиб беришди. Самурайлар, япон аскарлари қатори, русларга қарши урушда катта қаҳрамонликлар кўрсатишган. Шунга қарамай, император уларга очлик, даҳшатли азоб-уқубатларни раво кўрди, улар ҳозир ўтмишдаги катта нуфуздан аллақачон маҳрум бўлган ва аччиқ қисматга тан берган ночор ҳарбийлардир.
Японларнинг иродаси, жанговар руҳи, соғлом ва бақувват жисми “Жию-жицу” – япон якка курашида намоён бўлади. Бу якка кураш турида жанговар машқлар билан бирга одам танасининг тузилиши синчик­лаб ўрганиларкан, агар жию-жицу жангчиси бармоқлари билан кучли зарба берса, рақибини нариги дунёга равона қилиши мумкин экан.
Японияда никоҳ кўпинча икки ёш ўртасида тузилмайди. Бунга ота-оналар масъул. Баъзи ҳолларда қиз ёки ўғил беш-етти ёшга кирганида ота-оналар ўзаро келишиб, унаштириб қўйишади. Эрлар ўз истагига кўра, гейшалар ва бошқа енгилтак аёллар билан қовоқхоналарда кўнгилхушлик қилишлари мумкин, бу айб саналмайди; уларнинг хотинлари буни ножўя иш ёки одобсизлик белгиси деб билмайдилар.
Йокогамадан Токиога йўл олдик. Машинада шерикларим билан гурунглашиб Токиогача келдик. Бу ёққа келгунча кўп йўл юрдик, иссиқ ҳаводан бироз қийналдик, аксига олиб, йўлда машина ҳам бузилиб қолса бўладими.
Токио – япон империяси пойтахти, Япониянинг энг гавжум ва мутараққий шаҳри, у ерда император саройи жойлашган. Токионинг тарихи жуда узун. Илгари у “Эдо” деб номланган. Дастлаб қалъа бўлган, кейинчалик сёгун Токугава даврида атрофида уйлар қурилиб, шаҳарга айланган. Токиони кесиб Сумида дарёси оқиб ўтади, унинг тўлиб мавж­ланаётган тиниқ сувлари устига кўприклар қурилган.
Токиода диққатга сазовор жойлар кўп экан. Биз аввал император, сўнг Микадо саройига бордик; Япониядаги энг катта Будда ҳайкали оёқлари остида расмга тушдик, ресторанда овқатландик, дўкон айландик. Биз овқатланган ресторан жуда шинам экан, унинг ҳамма жиҳозлари янги, тозаликка қатъиян риоя қилинар экан.
Шарқона ресторан ёки ошхоналар – диққатга сазовор жойлар. У ерда биз ўтиришга ўрганган стол-стул йўқ; меҳмонлар полга ўтиради, чой ичишлари учун ёстиқчалар, овқат тановул қилишлари учун пастак хонтахталар қўйилган.
Токиода ҳам Йокогамадагидек Ғарб тамаддуни деярли ҳамма ерда ҳукмрон; кўчаларда симёғочлар ва улар орқали тортилган симлар мавжуд. Ғарб услубидаги замонавий бинолар катта масофани эгаллаб, деярли кўҳна император саройи ёнигача чўзилиб кетган. Шаҳарда электрда юрадиган трамвайлар, автомашиналарнинг қатнаши миллий транспорт тури – рикшаларни бекор қолдирган, чунки уларнинг хизматидан кам йўловчи фойдаланади, шу сабаб уларга ўтмиш сарқити сифатида қаралади. Мен рикшачиларнинг аҳволига жуда ачиндим.
Токиодаги саёҳатимизда даврамизга бир қиз қўшилди, у Харбингача биз билан бирга бўлар экан. Қизнинг шахсияти мени жуда қизиқтириб қўйди. У бўш вақтларида кўп саёҳат қилар, ёшлигига қарамай анча зукко, гапга чечан, дунёқараши кенг, руслар олиб бораётган сиёсат ва бутун Европанинг ҳозирги ҳолати ҳақида чуқур маълумотга эга, бир неча хорижий тилда бемалол сўзлаша олар экан.
Мен қиз билан меҳмонхонада танишиб қолдим, у доим ёнимизда, зукколиги билан ҳаммамизни лол қолдиради, билмайдиган нарсаси йўқ.
Саёҳат давомида қаёққа қараманг, дўст орттириш учун баҳона бисёр. Гарчи дўстлик вақтинчалик бўлса-да, вақтни чоғ ўтказиш учун қулай имконият. Шу билан бирга, бундай дўстларга ҳамма гапни айтиб ҳам бўлмайди. Эрим Марк эса сал одамовироқ, дуч келган одам билан гаплашиб кетавермайди. Мен, аксинча, одам танламайман, таништиришларини ҳам кутиб ўтирмасдан, гаплашиб кетавераман.
Марк ўз ишларини битириш учун кўчага чиқиб кетди, кўча айланиб жуда чарчаганим учун мен меҳмонхонада қолдим. Хонамда зерикиб, меҳмонхона салонига тушдим ва келган-кетганлар билан у ёқ-бу ёқдан гурунглашдим.
Марк қайтиб келганида, шерикларим билан сайёҳатга кетаётган эдим. Уларни Маркка таништирдим. Улардан бири иқтидорли мусаввир экан, бирпасда портретимни чизиб берди. Марк суратни кўриб хурсанд бўлди.
Саёҳат давомида кўҳна япон қасрини томоша қилдик. Эрим Япония тарихига жуда қизиқади, унга бу тарихий обида манзур бўлди.
Марк бизнинг “зукко” рус қизимиз билан сиёсат ва большевиклар ҳаракати ҳақида тортишиб чарчамайди. Мен рус тилини ўрганмоқчи бўлдим. Бу тил анча мураккаб экан. Рус алифбосини ўрганаман деб роса бош қотирдим; бечора жажжи болалар қандай қилиб бу мураккаб ҳарфларни ёд олишади? Рус грамматикаси ҳам қийин экан, бизнинг тилимизга ўхшаш томони жуда кам, айниқса, от турланишининг қийинлигини айтмайсизми…

* * *

Июнь ойининг ўртасида Голдманлар ва бошқа шерикларимиз билан хайрлашиб, Йокогамадан поездга чиқдик. Биз борадиган жой энди Киото – Япониянинг қадимги пойтахти.
Бу гал олдинги сафардагидек ҳар биримиз алоҳида эмас, японлар билан бирга кетдик.
Вагонга кирганимизда димоғимизга ўткир ҳид урилди, бу упа ва брильянтин қоришмасининг иси эди; башанг кийинган, сочлари ялтироқ япон қизлари сумкасидан қутичасини чиқариб, юзига упа суртарди. Уларнинг мураккаб соч турмаги, тинмай елпиниши диққатимни тортди, қизлар ҳам қисиқ кўзлари билан бизга мулойим тикилишарди. Йўловчилар тушликка егулик олишлари учун поезд бир бекатда тўхтаганда деразадан вагон ичига қуёш нури тушди, бояги қизлар қуёш нуридан ваҳимага тушиб, юзларини елпиғич билан ёпиб олишди, бири ўрнидан туриб, поезд пардасини ёпиб қўйди. Японлар вокзалдаги овқатларни тановул қилишмас экан, соат ўн икки бўлиши билан ёғоч қутиларини олиб, ичидаги гуручни таёқчалар ёрдамида ея бошлашди. Йигирма соат деганда манзилга етиб келдик; поезд ниҳоят сўнгги бекат – Киотога келиб тўхтади.
Киото милодий 794 йилдан 1869 йилга қадар пойтахт ва императорнинг бош қароргоҳи бўлган. Шаҳар япон маданияти ўчоқларидан бири, қадимий ёдгорликларга бой. Унинг номи “пойтахт” ёки “тинчлик шаҳри” деган маънони англатар экан; бу ердан кўплаб қудратли япон қўмондонлари – сёгунлар етишиб чиққан. Шаҳарни ҳаммаёқдан тўлиб-тошиб оқаётган анҳорлар ўраб олган, ям-яшил дарахтлар акси тиниқ сувда кўриниб турарди, қўй подасидай йиғилиб олган кичик-кичик оқ уйлар худди сополдан ясалгандек. Бутун Киотода баҳор нафаси уфуриб турибди. Ранг-баранг гуллар очилган. Шариллаб оқаётган сув боғларни суғориб, ям-яшил йўсинзорларда оқ зумраддек ялтираб, бир хил шакл­даги уйларга жозиба бағишлайди.
Японлар соябонларини ёпиб, ёғоч пойабзалларини “тақ-туқ” қилиб айланиб юришибди. Шаҳарликларнинг аксарияти иш билан банд, баъзилар Киотодаги анъанавий ипак тўқиш фабрикаларида, бошқалар сопол идишларга безак берадиган устахоналарда ишлайди. Ғарбда ҳозир япон ҳунармандлик санъати буюмларига қизиқиш жуда кучли.
Киотони кўҳна Римга қиёсласа муболаға бўлмайди; у маъбудлар ва диндорлар шаҳри, минг йиллик тарихга эга ибодатхоналар японлар учун жуда муқаддас саналади. Биз ҳам ибодатхоналарга кириб кўрдик, у ерга анъана бўйича оёқяланг кирдик, руҳонийларнинг айтишича, пок қалб билан остона ҳатлаган инсонга Будда мададкор экан.
Бир неча кундан сўнг қадрдон Киото билан хайрлашишга тўғри келди, яна поездга чиқдик ва Кобега отландик.
Кобе шаҳри Япониянинг муҳим бандаргоҳ шаҳарларидан бири экан. Аммо бу ерда диққатга сазовор тарихий жойлар кам. Ўн кун давомида шаҳар ҳаётини яқиндан кузатдик.
Кобедаги туб аҳоли билан дўстлашолмасам-да, бу ерда ўтган кунларим мен учун унутилмас дамлар бўлди. Анъанавий япон чойхоналаридан бирида япон маданиятига бағишланган кечада қатнашдик. Эгнимизга гулли, ипакдан тўқилган кимоно кийиб, созандалар билан рақсга тушдик. Ўйин пайти оёғимиздаги ёғоч пойабзал овози қулоқни қоматга келтирарди. Бироздан сўнг ҳар томондан официантлар ёпирилиб келиб, ҳар бир меҳмонга хонтахта қўйди. Биз хонтахта қаршисида чўккалаганча, саҳнада мунгли мусиқага монанд ўйнаётган раққосаларнинг нафис ҳаракатларига маҳлиё бўлиб ўтирдик. Дастурхонга япон ошхонасининг тансиқ таомлари қўйилди. Японларда қошиқ вазифасини ўтайдиган таёқчаларни қандай ушлашни билмай роса қийналдим, мазали таомлардан татиб кўришга сабрим чидамаяпти. Инсон учун оддий иш бўлган овқат тановул қилиш ҳам шунчалик мушкул бўладими? Агар бола бўлганимда эди, ҳеч уялмай, овқатни қўл билан еган бўлардим… Зиёфат охирида кўк чой ичдик, оқсуяклар сакесидан татиб кўрдик, саке бу ерда худди биздаги шампан виносидек кўп ичилар экан, қайноқ саке бутун баданимизни қиздириб юборди.
Япончасига қадаҳ кўтариш менга зерикарли ва ёқимсиз туюлди; тўлдирилган қадаҳдаги сакени аввал бир жуфтлик, тубида қолганини бошқа жуфтлик ичади, агар яна қолган бўлса, қадаҳ учинчи жуфтликка узатилади ва шундай давом этаверади. Бошқалардан қолган сакени ичмаслик учун биринчи қадаҳни ўзим кўтардим; охирги қадаҳдан сўнг зиёфат тугади.
Кобеда япон миллий театр томошасига бордик. Зерикарли мусиқа, ерда чордона қуриб ўтиравериш жуда ноқулай бўлди; ҳеч нарсани тушунмаганимиз учун томоша қизиқиш уйғотмади. Охирги марта юртимда бўлган “Сариқ тунука” деб номланган намойиш менда чуқур таассурот қолдирганди. Ўшанда актёр Герреро-Мендоса хитойлик қаҳрамон образига шунчалик қойилмақом кирган эдики, томошабинлар ўртасида узоқ вақт турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди.
Ниҳоят, Кобеда ўтган ўн кун ниҳоясига етди, энди параходда Нагасаки ва яна бир неча ороллардан ўтиб, сўнг Хитойга сузиб кетамиз.
Кюсю ва Сикоку ўртасидаги Бунго бўғозидан ўтдик, бу бўғоз Япон денгизини Тинч океани билан боғлаб туради. Бунго бўғози дунёдаги энг гўзал табиат манзараларидан бири бўлса керак, уни томоша қилиб роса завқландик. Биз кўрган юзлаб кичик-кичик оролчалар архипелагларни ташкил қилади, сув шунчалик шаффоф, кўм-кўкки, ўтаётиб афсонавий денгиз мавжудотлари – сув парилари яшайдиган биллур сарой устидан сузаётгандек бўлдик.
Ороллардан бирига келганимизда, боя бизни завқлантирган бетакрор манзаранинг мутлақо тескарисига гувоҳ бўлдик. Қорин тўйдириш учун ерга тушдик. Бу оролда асосан балиқчилар яшар экан, уларнинг афт-ангори кир-чир, ташқи кўриниши аянчли аҳволда, эгнида жулдур кийим. Эсаётган шамол димоғимизга қўланса ҳидни урарди, шунинг учун бурнимизни дастрўмол билан ёпиб олдик.
Кемага қайтиб, денгиздаги саёҳатимизни давом эттирдик. Уфққа етганимизда сув ранги мовийдан кулранг тусга кира бошлади, сув худди лойқаланган дарёга ўхшарди. Бунинг сабаби – биз Сариқ денгиз ҳавзасига кирган эканмиз. Денгиз бўйлаб ғарб томонга сузиб, Хитойнинг бандаргоҳ шаҳри – Шанхайга етиб келдик.
Шанхайни саноати ривожланаётган шаҳарлар сирасига киритса бўлади. Хитой ҳудудида жойлашганига қарамай, у ерга кўплаб инглиз ва французлар кўчиб келган экан. Инглизлар мавзесида жойлашган кенг хиё­бонлар, нозик дид билан қурилган катта уйлар, ҳашаматли бинолар менга жуда ёқди. Ўзим Америкада яшаганим учунми, уларга яқинлигимни ҳис қилдим. Биргалашиб ресторанга бордик, шаҳар айландик, спектакль томоша қилдик, хуллас, Шанхайда ўтган кунларим менда илиқ таассурот қолдирди.
Шанхайдан кемага чиқиб, Сариқ денгизнинг қизғиш-кулранг ҳавзасидан ўтдик ва корейс кўрфазида жойлашган Лиаодонг ярим оролига етиб келдик. Кейин Цзиндао порт шаҳрига йўл олдик ва бу ерга келганимиздан роса хурсанд бўлдик. Чунки Цзиндаода диққатга сазовор жойлар жуда кўп экан.
1897 йили олмон империяси Цзиндаони Хитойдан ижарага олган. Олмонлар шаҳар режасини қайтадан кўриб чиқишган, кўчалар, уйлар, корхона, заводлар барпо этишган. Олмон меъморлари қурган бинолар, кенг, озода кўчалар, хиёбонлар шаҳар кўркига кўрк қўшиб турибди. Европада 1914 йили уруш бошлангач, олмонлар ҳарбий кучини шу урушга қаратади, японлар эса бу имкониятдан фойдаланиб, Цзиндаони қамал қилади. Шаҳар мустаҳкам девор билан ўралганига қарамай, қурол-яроғ етишмаслиги, япон қўшинига нисбатан аскарлари камлиги сабаб олмонлар таслим бўлади ва Цзиндао японлар қўлига ўтади.
Бу ердаги қонли жанг майдони, шиддатли кураш ва шафқатсиз азоб-уқубат гувоҳи бўлган мудофаа иншоотини кўришга бордик. Очиғини айтсам, кўрганларим менда ачиниш ҳиссини уйғотди, кўз олдимда бу ерда жон берган аскарларнинг даҳшатли қиёфалари пайдо бўлди.
Мудофаа иншооти ҳувиллаб ётибди, электр ёритгичлар йўқ, ҳаммаёқни зулмат қоплаган. Унинг ер тагида жойлашган қисмига қуёш нури тушмайди. Шунинг учун биз чироқ кўтарган йўлбошловчига эргашдик, изма-из тор йўлак бўйлаб юрдик, чироқнинг хира нури йўлимизни зўрға ёритаяпти. Деворлари зах, айрим ерларда сув тўпланиб қолган, сув кечганимизда у тўпиғимизгача чиқарди. Йўлакларда адашиб қолмаслик учун деворга олмон тилида манзиллар номи ёзилган, касалхона, шошилинч тиббий ёрдам, жарроҳлик хоналари йўналиши кўрсатилган. Деворларда ўлим онлари яқинлашган аскарларнинг аччиқ қисматини, оғир дардини, ҳаёт билан видолашув онларини муҳрлаган хира ёзувлар ҳам бор. Марк гугурт ёқиб, олмонча ёзувларни таржима қилар, мен эса унинг айтганларини ачиниб эшитардим. Ёзувлардан бирини ёндафтарчамга кўчириб олдим, у ерда шундай дейилган: “Душман сони биздан анча кўп. Икки юз минглик қўшинга қарши уч юз киши нима қила олади? Шунга қарамай, биз асло таслим бўлмаймиз. Ўлсак ҳам, жасорат билан, ватан учун жон берамиз. Шаънимизга доғ тушмасин. Яшасин она-Ватан!”
Зулматдаги ўлим олди битиклари, бузғунчиликлар, хунрезликлар – ҳаммасига одамзоднинг мол-дунёга ўчлиги сабаб, уруш оқибатида қанчадан-қанча бегуноҳ одамлар яшаш имкониятидан маҳрум бўлган…
Қалбимни ларзага солган битиклардан таъсирланиб ўзимга-ўзим “Бузғунчиликнинг сабаби нима? Она табиат бизни фақат меҳр-шафқат кўрсатишга, ҳаёт гўзаллигидан завқланишга ўргатади-ку, нега биз бутунлай тескарисини қиламиз, нега одам ўлдирамиз, бунчалик нафрат қаердан пайдо бўлади?” дея савол бердим.
Цзиндаодан чиқиб Далянга йўл олдик. Йўлда Порт-Артур бандаргоҳига кўзимиз тушди. Бандаргоҳ яқинида рус-япон уруши бўлиб ўтган. Шиддатли жангда японлар руслар устидан ғалаба қозонган. Марк ва ёнимиздаги руслар уни узоқдан маъюслик билан кузатишарди, уруш оқибатида японлар катта ҳудудий ва ҳарбий устунликка эришган.
Далянда поездга чиқиб Харбинга йўл олдик. Йўлда кўплаб қишлоқлар, шаҳарларни кўрдик, у ерда яшовчи аҳолини осойишта ва ҳорғин кайфиятда кузатиб кетдик.
Хитойликларнинг кундалик ҳаётидан баъзида ҳайрон бўлардим, баъзида эса кулгим қистарди. Масалан, сартарошларнинг сартарошхонада эмас, очиқ ҳавода соч олиши ғалати. Хитойликлар сочга катта эътибор қаратаркан, бойлар уч-тўрт кун, ўрта қатламдаги кишилар саккиз-ўн беш кунда, камбағаллар эса ҳар ой сартарош хизматидан фойдаланади. Кўчада сочини ўрдираётган болага кўзим тушди, бечора бола жимгина ўтириб, сочини ўриб бўлишларини сабр билан кутарди, чунки дид билан ўрилган соч хитойликларда гўзаллик белгиси экан.
Анча йўл босиб, ниҳоят, Харбинга келдик. Маркнинг банк ташкил этиш нияти амалга ошиб, таниш-билишлари билан бизнес алоқаларини йўлга қўймагунча шу ерда бўламиз. Нью-Йоркка қайтадиган пайтимиз ҳам яқинлашиб қолди. Харбин меъморий жиҳатдан рус шаҳарларини эслатади. Шаҳарда руслар ҳам кўп. Нарх-навонинг қимматлигидан ҳайрон қолдим. Қийинчилик билан ижарага кичкина ва чиройли уй топдик, уй боғ ва гулзор билан ўралган экан.
Шаҳарда рус инқилобидан қочиб келган бойлар кўп. Инқилоб уларнинг мол-дунёсига ва турмуш тарзига деярли таъсир кўрсатмаган. Барчаси дабдабали уйларда яшайди, пуллари кўп. Камтарона шаҳарнинг қимматлашишига шу бойваччалар сабаб бўлса керак, бу ҳам етмагандек улар ўзлари билан мусиқачи-ю раққосалар, турли артистларни ҳам бошлаб келишган. Тунда театр ва кабарелар одамларга тўла, қизиқарли томошалар, спектакллар ва концертлар тонг отгунча давом этади.
Маркнинг Москва, Санкт-Петурбург ва Вильнюсдан келган дўстлари шу ерда экан. Уларнинг барчаси йирик банкирлар. Санкт-Петербург, Вильнюс ва бошқа шаҳарларда хусусий банклари бор.
Аммо эрим уларга ўхшаб, бўрон тинишини кутиб пусиб ўтирмасди. У янги имкониятларни излайдиган, омадсизликдан чўчимайдиган одамлар тоифасидан эди.

* * *

Руслар эрим билан Россияда содир бўлган қирғинбарот инқилоб ҳақида суҳбатлашишарди; Россиянинг рус-япон урушидаги мағлубияти, Ғарб билан кескин муносабати, унинг жўғрофий яккаланиб қолиши ва рақиблари томонидан ҳар томондан сиқувга олиниши, саноатнинг оқсаши, ҳарбий жиҳатдан заифлик, инқилобдан ва урушдан кўрган катта талафот суҳбатнинг асосий мавзуси эди. Улар туҳматга қолиб ўз ватанини тарк этишга мажбур бўлганини алам билан эсга олишарди.
Марк ҳамма гапларни жимгина эшитар, мен эса эримнинг кўзларида бир неча ойдан бери уни қийнаётган оғриқни кўрдим. Бу оғриқда хунрезлик марказига айланган юртни соғиниш, ватандошларининг дунёнинг тўрт томонига сочилиб кетиши, улар тўхтайдиган охирги бекатнинг йўқлиги, юртининг номаълум қисмати ҳақида куйиниш акс этганди.

Испан тилидан Аброр Умаров таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 11-сон