Стивен Ликок. Нотаниш дўстим (ҳикоя)

У кириб келгунча, чекувчилар учун мўлжалланган купеда ёлғиз ўзим ўтиргандим. Мўйнали узун пальто кийган, эллик долларлик чамадон кўтариб олган эди. Қўлидаги чамадонини ўриндиққа қўйганидан сўнг менга кўзи тушди.
– Хўш, хўш, хўш! – деди у ва худди бир нимани эслагандек юзи чарақлаб кетди.
– Хўш, хўш, – такрорладим мен.
– Ё Парвардигор, – деди у, қўлимни қаттиқ сиқиб силкитаркан, – сени яна учратаман деб ким ўйлабди дейсан.
“Чиндан ҳам, ким?” – ўйладим мен ҳам. У менга янада диққат билан тикилди.
– Заррача ҳам ўзгармабсан, – деди у шундан сўнг.
– Сен ҳам, – жавоб бердим мен чин дилдан.
– Сал тўлишибсан, – деди у танқид оҳангида.
– Ҳа, салгина, – тасдиқладим мен, – бироқ сен ҳам озмабсан.
Мен бу гапни ортиқча таънадан қутулиш учун айтдим.
– Умуман олганда, – давом этдим мен дадил ва қатъий оҳангда, – кўринишинг ўша-ўша, худди олдингидек.
Лекин бу одамнинг кимлигини билолмай бошим қотарди. Мен уни умуман танимасдим. Заррача ҳам эслолмайман. Бу билан хотирам панд беряпти демоқчи эмасман. Аксинча, хотирам жуда яхши. Тўғри, одамларнинг исмини эслашим қийин. Баъзан шундай ҳам бўладики, кимларнингдир юз тузилишини эслолмайман, гоҳида уларнинг ташқи кўриниши, қандай кийимдалигини унутиб қўяман. Бироқ, бу майда-чуйда камчиликларимга қарамасдан мен ҳеч қачон, ҳеч кимни бутунлай унутиб юбормайман ва бу билан фахрланаман. Агар мен қачондир кимнингдир исми ёки юз тузилишини унутиб қўйсам, бундай вазиятда ўзимни қандай қўлга олишни яхши биламан. Бундай ҳолларда одамдан фақатгина совуққонлик, топқирлик талаб қилинади. Шундагина ҳаммаси ғоят силлиқ кечади.
Қадрдоним ўриндиққа жойлашиб олди.
– Анча пайтдан бери кўришмадик, – деди у.
– Тўғри, анча бўлди, – такрорладим мен тушкун оҳангда. Бу айрилиқдан мен ҳам қийналаётганимни у ҳам билишини истаганим учун шундай қилдим.
– Вақт жуда ҳам тез ўтиб кетди.
– Ҳа, худди чақин каби, – тез қўшиб қўйдим мен хушчақчақлик билан.
– Қизиқ, – деди у, – умр шунчалар тез ўтиб кетаркан, ҳаёт йўлларимизда дўстларимизни йўқотарканмиз, дунё умуман бошқача тусга кираркан. Мен бу ҳақда жуда кўп ўйлайман. Баъзида бир нарсадан жуда ажабланаман, – давом этди у, – бизнинг эски компаниямиз қаёққа тарқаб кетди?
– Мени ҳам худди шу нарса ўйлантиради, – дедим мен. Хақиқатан ҳам, айни пайтда шу ҳақда бош қотирардим. Агар кимдир тўсатдан “эски компаниямиз”, “бизнинг йигитлар” ёки “оломон” ҳақида эслаб қолгудек бўлса, мен ҳамиша вазиятдан чиқиб кетиш йўлини топардим. Шу орқали ўша одамнинг кимлигини билиб олиш имконияти пайдо бўларди.
– Эски жойимизга ҳеч қайтиб бордингми? – сўради у.
– Бирон марта ҳам бормадим, – дедим мен қатъий ишонч билан. Шунақа жавоб беришим жуда шарт эди. Мен ана шу “эски жой”ни то мен унинг қаердалигини эсламагунимча, суҳбатимизга йўлатмасликни хоҳлардим.
– Эътиборинг учун, – давом эттирди у, аслида бу истакнинг ўзи сенда бўлмаган.
– Ҳа, шундай, – деб жавоб бердим мен секингина.
– Тушундим. Кечирасан, – деди у ва биз бир муддат жим қолдик.
Шундай қилиб мен биринчи очкони қўлга киритдим. Тушундимки, мен боришни унчалик ҳам хоҳламаётган ўша “эски жой” қаердадир бор. Бу қанақадир бино бўлса керак.
Кўп ўтмай у яна гап бошлади.
– Ҳа, – деди у, – баъзан эски йигитлар билан кўришиб қоламан ва улар айни пайтда сен нималар билан бандлигинг ҳақида қизиқишади.
“Бечоралар” – ўйладим мен, бироқ буни овоз чиқариб айтмадим.
Шу ерда мен қатъий зарба бериш фурсати етганлигини тушундим. Шунга ўхшаш вазиятларда фойдаланадиган услубимни қўлладим. Қўрқмасдан рақибимга нисбатан ҳужумга ўтдим.
– Айт-чи, – дедим мен, – Билли қаерда? Сен у ҳақида бирон нарса билмайсанми?
Бу энг хатарсиз йўл эди. Чунки ҳар бир эски тўдада Билли бўлиши аниқ.
– Албатта, – деб жавоб берди менинг қадрдоним, – бўлмасам-чи, Билли айни пайтда Монтанадаги дала ҳовлисида. Мен уни шу йил баҳорда Чикагода кўргандим. У тахминан 200 фунтга эгалик қилади, сен уни танимаган бўлардинг.
– Албатта, таниёлмаган бўлардим, – минғирлаб қўйдим мен ўз ўзимга. – Пит-чи, у қаерда? – сўрадим мен. Чунки Пит исмлилар ҳамма жойда учрайди.
– Биллининг акасини айтяпсанми? – деди у.
– Ҳа, ҳа, Биллининг акаси Питни, мен уни тез тез эслаб тураман.
– О-о-о, – жавоб берди нотаниш киши, – Кекса Пит олдингидаймас, у мутлақо ўзгарган…
Шу ерга келганида у қиқирлаб кула бошлади…
– Ҳозир у оилали, уйланган.
– Мен бир неча бор сенга хат ҳам ёзмоқчи бўлдим, – деди у овозини пасайтириб махфий оҳангда, – айниқса, сенинг бошингга тушган йўқотиш ҳақида эшитганимдан сўнг.
Мен жим бўлиб қолдим. Мен нимани йўқотдим? Пулми? Агар шундай бўлса, қанча миқдорда? Нимага йўқотдим? Қизиқ, бу йўқотиш мени бутунлай хонавайрон қилдими ёки қисманми?
– Бунақа йўқотишдан кейин одам ўзини ҳеч қачон ўнглаб ололмайди, – давом этди у тантанавор оҳангда.
Шубҳасиз, мен бутунлай тамом бўлибман. Бироқ мен ҳеч нарса демадим, жим туриб унинг шижоати пасайишини кутдим.
– Ҳа, – давом этди нотаниш кимса, – Ўлим оғир жудолик.
Ўлим! Оҳ, ҳали шунақамиди, шунақамиди? Мен қувонганимдан сакраб юборай дедим. Энди буёғи хамирдан қил суғургандек силлиқ кетади. Суҳбат ўз изига тушди. Энди фақат то ким ўлганлигини аниқлагунча жим ўтириб кутиш лозим.
– Тўғри, – минғирладим мен, – жудаям оғир, албатта. Лекин бу – ҳаёт, қўлимиздан нима ҳам келарди…
– Тўғри айтасан, айниқса бунақа ёшда.
– Сен ҳақсан, бунақа ёшда ва бунақанги ҳаётдан сўнг…
– То сўнгги дақиқагача соғлом ва шижоат билан, назаримда… – давом этди у ҳамдардлик билан.
– Ҳа, – дедим мен, – то сўнгги нафасигача бировга оғирлиги тушмади. Ўз ўзини идора қила олди. Ўрнидан туриб-ўтириб сигарет чекарди.
– Нима? – сўради у таажжуб билан. – Бувинг­­ни айтяпсанми?
Бувим! Мана гап қаёқда экан!
– Кечирасан, – дедим ўз аҳмоқлигимдан уялиб. – Чекади, деганимда унинг сигарет тутунини яхши кўришини назарда тутгандим. Биласанми, у яна нимани яхши кўрарди, кимдир унинг ёнида ўтириб сигарет чекишини ва овоз чиқариб китоб ўқишини. Фақат ана шу билангина у тинчланарди.
Бу гапни айтаётиб мен поезднинг пишқириб, тақа-тақлаб юриб сигнал чалганини ва тезликни пасайтираётганини эшитдим, биз навбатдаги станцияда тўхташга ҳозирлик кўраётган эдик.
Шеригим шошилганча ойнадан ташқарига қаради.
Унинг юзида ҳаяжон акс этарди.
– Оҳ, худойим-ей! – деди у. – Ахир, бу умуман бошқа станция-ку. Мен ўтиб кетибман. Мен бундан олдингисида тушиб қолишим керак эди. Эй, проводник! – бақирди у коридорга чиқиб:
– Бу ерда қанча турамиз?
– Икки дақиқа, – жавоб берди у. – Поезд озгина кечикиб келди, манзилга ўз вақтида етиб олишимиз учун тезроқ жўнашимиз керак.
Энди менинг дўстим чамадони олдига келди, чўнтагидан бир даста калитни чиқарди ва гоҳ у-гоҳ бу калит билан уни очишга урина бошлади.
– Телеграмма беришга тўғри келадиганга ўхшайди. Нима қилишга ҳам ҳайронман, – тўнғиллади у. – Падарига минг лаънат бу қулфнинг. Ҳамма пулларим шу чамадонда эди.
Энди мен унинг бу станциядан ҳам ўтиб кетиб қолишидан хавотирлана бошладим.
– Ол, – дедим мен чўнтагимдан бир оз пул чиқариб, қулфни очаман деб ўзингни қийнаб юрма.
– Раҳмат, – деди у қўлимдан бор пулимни сидириб олаётиб (у қаттиқ ҳаяжонда эди), – Фақат улгурсам бўлди.
У вагондан сакраб тушди. Мен ойнадан унинг кутиш зали бўйлаб кетиб бораётганини кўриб турардим. У сира ҳам шошилмаётгандек туюлди. Мен кута бошладим.
Проводник бақира бошлади:
– Вагонга! Вагонга!
Учинчи марта сигнал чалингач, вишиллаб буғ чиқарганча поезд жойидан силжиди.
“Аҳмоқ!” – ўйладим мен. Кечикди! Ўриндиқда эса унинг эллик долларлик чамадони ётарди.
Мен анчагача кутдим, ҳар замонда деразадан ортга қараб-қараб қўярканман ўша кимсанинг кимлигига қизиқардим.
Тўсатдан мен яна проводникнинг овозини эшитдим. Менимча, у коридор бўйлаб кимнидир етаклаб юрарди.
– Мен ҳамма вагонларни қараб чиқдим, жаноб, – деди у.
Мен уни анави ерда, хотиним ўтирган купеда қолдиргандим, деди жаҳлдор овоз билан кимдир ва яхши кийинган одам мен ўтирган купега бош суқди.
Кейин унинг юзи хурсандчиликдан ёришиб кетди. Лекин бу табассум менга аталмаганди. У эллик долларлик чамадон учун эди.
– Эҳ, мана-ку, бу ерда экан, – бақирди у чамадонни кўтараётиб.
Мен эса даҳшатдан ўзимни диванга отдим. Эски компания! Питнинг уйланиши! Бувимнинг ўлими! Ё Тангрим! Менинг пулларим! Энди ҳаммаси кундек равшан.
Аҳмоқ!
Йўқ, агар яна бир марта йўл-йўлакай тасодифий одамлар билан суҳбатлашишга тўғри келиб қолса, ўзимни ҳаддан ташқари ақлли қилиб кўрсатишга умуман ҳаракат қилмайман.

Инглиз тилидан Мадина Аллаберганова таржимаси

“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 10-сон