Стивен Кинг. Жанг (ҳикоя)

-Жаноб Реншо?
Бино хизматчисининг овози Реншони лифтга етай деганида тўхтатди. У ортига ўгирилди ва қўлидаги сумкани нариги қўлига олди. Пиджагининг ички чўнтагида йигирма ва эллик долларлик пуллар солинган оғир хатжилд шитирлади. У ишини аъло даражада бажарган ва Ташкилот унинг ҳақидан йигирма фоиз олиб қолган бўлса-да яхшигина пул тўлаганди. Реншо хонасига кириб ухламоқчи эди.
-Нима гап?
-Сизга жўнатма келибди. Марҳамат, имзо чекинг.
Реншо уф тортди ва қутига ўйчан қаради. Қутига унинг исм-шарифи ва манзили ёзилган қоғоз парчаси ёпиштирилганди. У қутини олиб силкитиб кўрди, нимадир шиқирлади.
-Хонангизга олиб кириб берайликми, жаноб Реншо?
-Йўқ, ўзим.
Узунлиги ярим метрга яқин бўлган қутини қўлтиғи остида кўтариш ноқулай эди. У қутини лифт полига қўйди ва бир нечта тугмалар жойлашган қутича тирқишига калит солиб буради. Реншо бинонинг энг юқори қаватидаги ҳашаматли хонадонда истиқомат қиларди. Лифт аста юқорига кўтарилди. У кўзларини юмди ва охирги ишини хаёлидан ўтказди.
Аввалига ҳар доимгидек Кел Бейтс қўнғироқ қилди:
-Жонни, бўшмисан?
Реншо яхши ва ишончли мутахассис, у бир йилда бор-йўғи икки марта бўш бўлади, хизмати учун камида ўн минг доллар олади, мижозлар унинг бехато йиртқичлик фаолияти учун ҳақ тўлашади. Жон Реншо одам ўлдиришга ихтисослашган ЙИРТҚИЧ.
Бейтснинг қўнғироғидан сўнг Реншо почта қутисидан ичига кимнингдир исм-шарифи ҳамда манзили ёзилган қоғоз ва фотосурат солинган хатжилдни олди. У қоғоздаги ёзувларни эслаб қолди, хатжилдни эса ичидагилари билан ёндириб ташлади.
Фотосуратдаги шахс Маямидаги «Моррис ўйинчоқ ишлаб чиқариш компанияси» эгаси ва асосчиси Ганс Моррис эди. Бу нусха кимгадир халақит берган, у халақит берган киши Ташкилотга мурожаат қилган ва Кел Бейтс Жон Реншо билан гаплашганди…
Лифт эшиклари очилди, у қутини қўлтиғи остига қистирди, йўлакка чиқди ва хонасига кирди. Кенг хона апрел қуёшининг нурларидан ёришиб кетганди. Реншо бир неча сония ўзини нурга солиб турди, қутини эшик ёнидаги стол устига қўйди, пул солинган хатжилдни ташлади, бўйинбоғини бўшатди ва айвонга чиқди.
Ташқари совуқ эди, шамол унинг юпқа палтосидан ўтиб этини жунжиктирди. Аммо Реншо бир дақиқача худди бутун мамлакатни забт этган саркардадек шаҳарни кузатди. Кўчалардан машиналар худди қўнғизлардек ғизиллаб ўтиб турарди. Шарқ томонда, осмонўпар бинолар устида телеантенналар худди ўрмондек кўзга ташланарди.
У ичкарига қайтди, айвон эшигини ёпди ва ваннахонага кириб кетди.
Қирқ дақиқадан кейин Жон Реншо ваннахонадан чиқди ва қутини синчковлик билан кўздан кечира бошлади.
«Қутида бомба бор».
Қутида бомба йўқ, лекин қутида бомба бор деб тасаввур қилиш керак. У доим шундай қилади ва айнан шунинг учун бошқалар аллақачон нариги дунёга равона бўлишган бир пайтда у хотиржам умргузаронлик қилиб келмоқда.
Агар бу бомба бўлса, унда соат механизми йўқ-қути ичидан ҳеч қандай чиқиллаган овоз келмаяпти. Аммо ҳозирда пластик портлатгичдан фойдаланишяпти.
Реншо почта муҳрига қаради: Маями, 15 апрел. Беш кун бурун жўнатилган. Соат механизми билан ишлайдиган бомба аллақачон портлаб кетган бўларди.
У қўлларини кўксига чалиштирганча қутига астойдил назар ташлади. Морриснинг яқинлари Реншонинг манзилини қаэрдан билишгани уни ҳозир қизиқтирмасди. Бу саволни у кейинроқ Бейтсга беради. Ҳозир бу муҳиммас.
У ҳамёнидан пластик календар чиқарди ва қутини ўраб турган ёпишқоқ тасмани кесди. Энгашиб, қутини ҳидлаб кўрди. Қоғоздан бошқа нарсанинг ҳиди келмади. У қутини озгина тешиб, қути ичига мўралади: яшил қутича кўринди. Реншо ўтирди ва пичоқ билан қутичани ўраб турган тасмани кесди.
Қутичага «Америкалик ветеран Жонинг ветнамча сандиғи» деб ёзилганди. Бу ёзув остидан қуйидаги сўзлар битилганди: «Йигирмата пиёда аскар, ўнта вертолёт, иккита пулемётчи, иккита шифокор, иккита гранатомёт, тўртта «жип». Энг пастда, бурчакда «Моррис ўйинчоқ ишлаб чиқариш компанияси» деган ёзув бор эди.
Реншо сандиқча қопқоғини кўтарди. Сандиқча ичида нимадир ҳаракатланди.
Жон хона чироғини ёқиш учун ўрнидан турди.
«Ветнамча сандиқ» қимирлади. Кутилмаганда у ёнбошига ағдарилди ва гилам устига тушди. Сандиқча қопқоғи очилиб кетди.
Ҳар бирининг бўйи тўрт сантиметрдан бўлган кичкина аскарчалар сандиқча ичидан ўрмалаб чиқа бошлашди. Реншо улардан кўз узмай қараб турарди. Реншо бундай воқеа бўлиши мумкин эмаслигини ўйламас, бутун фикр-зикри қандай хавфга дуч келгани ва тирик қолиш учун нима қилиш кераклигида эди.
Аскарчалар жанговар кийимда, елкаларига халта ва митти милтиқлар осиб олишганди. Иккитаси Реншога тикилиб туришарди.
Беш, ўн, ўн икки ва ниҳоят йигирма. Улардан бири бошқаларига имо-ишора билан буйруқ берди. Қолган аскарчалар бир текис сафга тизилишди.
Реншо диванда турган катта ёстиқни қўлига олди ва сандиқчага яқинлашди. Командир ўгирилди ва қўлини силкитди. Пиёда аскарлар милтиқларини қўлларига олишди, пақиллаган товушлар янгради ва Реншо худди ари чаққандек оғриқни туйди.
У ёстиқни ирғитди, аскарчалар йиқилиб тушишди. Шу пайт сандиқча ичидан худди ниначига ўхшаб яшил рангли вертолётлар ғувиллаб ҳавога кўтарилди.
Реншонинг қулоғига эшитилар-эшитилмас «пақ-пуқ» этган товушлар етиб келди. У вертолётлар эшикларида пулемётларнинг милтиллаётган учқунларини кўрди ва худди кимдир унинг қорни, қўли, бўйнига игна санчаётгандек туюлди. У шахд билан қўлини узатиб вертолётлардан бирини ушлади ва бармоқларида даҳшатли оғриқни ҳис қилди-вертолёт парраклари унинг бармоғини синдириб ташлаганди. Қолган вертолётлар ундан узоқроққа кетишди ва айлана ҳосил қилиб учишда давом этишди. Унга жароҳат етказган вертолёт гиламга қулади.
Реншо оёғидаги кутилмаган оғриқдан бақириб юборди. Аскарчалардан бири унинг поябзали устида турганча оёғига ханжар санчарди.
Реншо оёғини силкитиб аскарчани улоқтирди.
Йўтал овозига ўхшаган товуш янгради-Реншонинг сони жизиллаб ачишди. Сандиқча ичидан гранатомёт кўтарган аскарча чиқиб келди-гранатомёт оғзидан тутун кўтарилаётганди. Реншо сонига қаради ва шимининг тангачалик жойи тешилиб қолганини кўрди. Сонида куйиш изи бор эди.
У ортига ўгирилди ва ётоқхона томон қочди. Унинг боши тепасида вертолёт ғинғиллади, қисқагина ўт очгач, ортига қайтди.
Ёстиқ остида Реншонинг тўппончаси бор эди. У тўппончани икки қўллаб ушлади, ўгирилди ва электр чироғидан кичикроқ учар нишонга отиши кераклигини тушунди.
Ичкарига иккита вертолёт кирди. Реншо ўқ узди ва вертолётлардан бири парча-парча бўлиб кетди. «Биттаси йўқ бўлди», ўйлади у, иккинчисини мўлжалга олди… тепкини босди…
Вертолёт кутилмаганда кескин бурилди. Реншо ўқ узаётган пулемётчини зўрға сезди ва ўзини полга ташлади.
«У КЎЗИМНИ МЎЛЖАЛГА ОЛДИ!»
Реншо тўппончасини кўтарди, аммо вертолёт ундан узоқлашиб бўлганди. Вертолёт бир оз ҳавода муаллақ турди, сўнг меҳмонхона томон учиб ғойиб бўлди.
Реншо ўрнидан турди, жароҳатланган оёғи азоб бериб афти бужмайди. «Гранатомёт зарбасидан сўнг омон қолганлар бормикин», деб ўйлади у.
Ёстиқжилдни суғуриб олиб оёғини боғлади, соқол олиш учун мўлжалланган кўзгучани қўлига олиб эшик томон яқинлашди ва уни гиламга қўйиб кўзгуга қаради…
Улар сандиқча ёнида лагер ўрнатишганди. Аскарчалар у ёқдан бу ёққа юришар, чодир тикишар, «жип»да атрофни айланишарди. Реншо тепиб юборган аскарча устида шифокор энгашганча муолажа қиларди. Қолган саккизта вертолёт лагерни қўриқлаб атрофда парвоз қилаётганди.
Улар кутилмаганда кўзгуни сезиб қолишди. Уч нафар пиёда аскар тиз чўкканча ўқ узишди. Бир неча сониядан сўнг кўзгу парча-парча бўлиб кетди.
«ШОШМАЙ ТУРЛАРИНГ».
Реншо қизил дарахтдан ясалган оғир қутичани олди ва худди бейсболчилардек улоқтирди. Қутича аскарларни йиқитди. «Жиплар»дан бири ағанаб кетди. Реншо ўқ отиб аскарлардан бирини йўқ қилди.
Аммо қолган аскарлар ўзларига келган ва ўқ узишни бошлаб юборишганди.
Реншо яна бир марта ўқ узди-тегмади. Улар жудаям кичкина эди! Аммо кейинги отишида яна битта аскарни йўқ қилди.
Вертолётлар унга қарата ўқ узишди, ўқлар унинг юзига тегди. Реншонинг отган ўқлари иккита вертолётга тегди.
Қолган олтита вертолёт иккита гуруҳга бўлинди ва ортга чекинди. Реншо юзидан оқаётган қонни артди ва ўқ узишга тайёрланди, аммо тўхтаб қолди. Пиёда аскарлар сандиқча ичидан ниманидир тортиб чиқаришаётганди. Афтидан…
Сариқ учқун сачради ва Реншонинг чап томонидаги девор сувоғи кўчиб тушди.
РАКEТА УСКУНАСИ!
У ўқ узди, нишонга тегмади, ваннахонага югуриб кириб олди. Кўзгуга қараб, жангда ақлдан озаёзган ҳиндунинг афтига кўзи тушди. Кўзгудаги ҳиндунинг юзи қондан қизил рангга бўялганди. Юзидаги тери кўчиб тушган, бўйин терисини худди кимдир шилиб олгандек эди.
«МEН ЖАНГДА ЮТҚАЗЯПМАН!»
У қалтироқ қўллари билан сочларини таради. Чиқиш йўли берк. Телефонга етиб боришнинг имкони йўқ. Ракета ускунаси бошини узиб ташлашга тайёр ҳолда турибди.
«У ҲАҚДА ҲАТТО ЁЗИЛМАГАНДИ ҲАМ!»
Эшикнинг муштдек парчаси кўчиб тушди. Аланга тиллари эшикнинг ҳозиргина пайдо бўлган ёриғидан ўрмалай бошлади. Ваннахонага ёнаётган ёғоч парчалари учиб тушди. Пайдо бўлган туйнукдан иккита вертолёт учиб кирди ва Реншонинг кўкрагига қарата ўқ узди.
У вертолётлардан бирини қўли билан уриб туширди. Иккинчи вертолётни сочиқ билан қулатди ва эзғилаб ташлади.
«МАНА СEНГА! МАНА СEНГА! ЭНДИ ЎЙЛАБ ИШ ҚИЛАСАНЛАР!»
Афтидан, улар ростдан ҳам ўйланиб қолишди. Ўн беш дақиқа давомида сукунат ҳукм сурди. Реншо ванна четига ўтирди ва ўйга чўмди: бу муаммонинг ечими бўлиши керак. Албатта. Уларни айланиб ўтиш керак.
У кескин ўгирилди ва ванна тепасидаги туйнукка қаради. Бу қопқондан чиқиш йўли бор.
Унинг нигоҳи ёндиргичларни тўлдириш учун мўлжалланган газли баллонга тушди. Реншо унга қўлини чўзди ва шитирлаган товушни эшитди. У дарҳол ўгирилди, тўппончасини тўғрилади, аммо эшик тирқишидан қоғоз парчаси тушди.
Қоғоз парчасида кичкина ҳарфлар билан «ТАСЛИМ БЎЛ!» деган ёзув ёзилганди.
Реншо илжайди, газ баллончасини кўкрак чўнтагига солди, дори қутичасидан қалам бўлагини олди ва ёзиб, эшик тирқишидан ташқарига сурди: «асло!» Ракеталар эшикдаги туйнукдан кириб деворга урилиб портлади. Реншо қўллари билан кўзларини беркитди-девор сувоқлари кўчиб тушди.
Бир оздан сўнг Реншо ваннадан чиқди ва деразани очди. Осмонда юлдузлар совуқ нур сочарди. Дераза остида торгина карниз бор эди, аммо ҳозир у ҳақда ўйлашга вақт йўқ эди.
У деразадан осилиб пастга тушди. Юзига совуқ ҳаво урилди. Реншо пастга қаради: қирқ қават. Бундай баландликдан кўча худди болаларнинг ўйинчоқ темир йўлидек кўринарди.
Реншо ромга осилиб, карнизга оёғини қўйди. Агар ҳозир бирорта вертолёт ваннахонанинг ёриқ эшигидан ичкарига кириб ўқ узишни бошласа борми, у чинқирганча пастга қулаши тайин.
Аммо ҳеч нарса содир бўлмади.
Оёғи остидаги бўшлиқ ҳақида ўйламасликка ҳаракат қилаётган Реншо аста-секин бино бурчаги томон сурила бошлади.
Тўрт метр қолди… уч… Мана, ниҳоят етиб келди. У кўксини деворга тираганча тўйиб-тўйиб нафас олди.
Энди бурчакни айланиб ўтиш керак…
Тўққиз метрдан кейин айвонга етиб олади…
Ниҳоят у айвоннинг темир тўсиқларига осилди.
Реншо овоз чиқармасдан айвонга тушди, ойнаванд эшикдан аста меҳмонхонага мўралади. Аскарчалар уни сезишмади.
Тўрт аскарча ва бир вертолёт сандиқни қўриқлашарди. Қолганлар эса ваннахона рўпарасига ўрнатилган ракета ускунаси ёнида эди.
«Хўш. Меҳмонхонага югуриб кириб, сандиқ ёнидагиларни йўқ қиламан, уйдан қочиб чиқиб, таксига ўтириб аэропортга йўл оламан».
У кўйлаги енгидан бир парчани энсиз тасма қилиб йиртиб олди, бир учини газ баллон ичидаги суюқлик билан ҳўллади, иккинчи учини эса баллон ичига суқди, ёндиргич олиб матони ёқди, ойнаванд эшикни шахд билан очди ва ичкарига ташланди.
Вертолёт шу заҳоти унга ҳужум қилди. Реншо уни қўли билан уриб туширди.
Қолган воқеалар сониялар ичида юз берди.
Реншо баллонни улоқтирди ва ташқари эшик томон югурди.
У нима бўлганини англашга улгурмади.
Худди пўлат сейф баланд бинодан ерга тушгандек гумбурлаган овоз келди. Бутун бино силкинди…

***

Бир эркак билан аёл кўчада кетишаётганди. Улар чўчиб юқорига қарашди ва бинонинг энг юқори қаватида оппоқ тутун аралаш аланга кўтарилганини кўришди.
-Нима бу?-сўради аёл.
-Ёнғин,-деди эркак.
Юқоридан уларнинг устига қандайдир мато туша бошлади. Эркак уни ҳаводаёқ тутиб олди:
-Ё Худойим, кўйлак парчаси, ҳаммаёғи қон, тешилиб кетибди.
-Раф, такси чақир,-деди аёл.-Тезроқ кетайлик.
Эркак атрофга аланглаб такси чақирди. Машина тўхтади ва улар такси томон югуришаркан, ҳозиргина улар турган жойга бир парча қоғоз тушганини кўришмади. Унда қуйидаги сўзлар ёзилганди:
«Айрим ветнамча сандиқлар ичида қуйидагилар ҳам бор: битта ракета ускунаси, йигирмата «эр-ҳаво» ракетаси, битта термоядроли бомба».

Рус тилидан Дилшодбек Асқаров таржимаси.