Тонг саҳардан бошлаб осмонда булутлар югургилаб қолди. Этни жунжиктирувчи совуқ шамол эсар, унинг таъсирида сарғайган нимжон япроқлар бандидан узилар, ҳавода чарх ура-ура ерга тушарди. Дарахтлар таги қалин баргихазон билан қопланган эди. Бир гала қарға қағиллаганча номаълум тарафга учиб кетди. Қишлоқ уйлари узоқдан бир-бирига ёпиштирилган гугурт қутиларига ўхшаб кўринар, уларнинг кўримсиз эшик ва деразалари муваққат яшаш учун наридан-бери қурилган масканни эслатарди.
Худодод чаққон ва дадил қадам ташлаб борар, вужудига тоза куч қуйилаётганини ҳис қилмоқда эди. У водий бўйлаб йироқ-йироқларга чўзилиб кетган, ёмғирдан нам йўлдан борарди. Совуқ шамол унинг баданини эркалаб сийпаётгандек ҳис қиларди. Назарида дарахтлар рақс тушар, қарғалар шодлик муждасини олиб келар, хуллас, бутун табиат унинг шоду хуррамлигига шерик эди. У гўё йўқотиб қўйишдан қўрққандек, қўлтиғидаги қалами тугунни маҳкам қисиб олган эди.
Худодод олтмиш ёшлардаги суяги бузуқ одам. Қомати баланд, соқол-мўйлови мошранг, кўзлари ёш йигитникидай чақнаб туради. Эгнида деҳқонлар кийими ва бошида сарғиш намат телпак. Ҳар қадам ташлаганида чолворининг почаларидан офтоб ва меҳнатдан қорайиб ёрилган болдирлари мўралаб қоларди. Йигирма йил илгари у ўз шаҳри Дамовандни тарк этиб, гўшанишинликни ихтиёр қилди. Мозандарон йўли яқинидаги Ало номли булоқ ёнида у тош ва лойдан ўзига бир кулба тиклади ва ўшандан бери шу ерда ёлғиз яшайди. У ўз қўли билан ер чопар, суғорар, экин-тикин қиларди. Бу иш билан вақтида ота-бобоси, эҳтимол, бошқа узоқ аждодлари ҳам шуғулланишган. Ўзига мерос қолган ернинг ярмидан кўпроғини у қаҳатчилик йилларида сотди, тўғрироғи, унга алишди. Энди унинг бир парчагина ери қолган бўлиб, шундан олинадиган озгина ҳосил билан тирикчилик қилади.
Сўнгги икки-уч йилда Худодод атроф қишлоқлар ва Дамованд бозорида тез-тез кўринадиган бўлиб қолди. Унинг зоҳидлигига кўниккан одамлар бу ўзгаришдан ажабланишарди. Худодод аёлларбоп либос учун газлама, қанд, чой ва бошқа майда-чуйдалар харид қиларди. Баъзан унинг тоғ ёнбағирларида бир ёш лўли қиз билан етаклашиб юрганини ҳам кўриб қолишарди.
Тўрт йил илгари, аёз темир бармоқлари билан одамнинг юзини чимчилайдиган совуқ қиш тунларидан бирида, Худодод чироқни ўчириб, эндигина ўрнига ётувди ҳамки, ғалати бир овоз қулоғига чалинди: гўё кимдир заиф товуш билан нола қилар, унинг инсон ё ҳайвонлигини ажратиш мушкул эди. Товуш тобора яқинлашиб келарди ва ниҳоят, кулба эшиги тақиллади. Инсу жин ва бўридан ҳам қўрқмайдиган Худодод ўрнидан тураркан, елкасидан совуқ тер чиқиб кетганини сезди. Эшик олдига келиб, “кимсан, нима керак сенга?” деб қанча сўрамасин, ҳеч қандай жавоб бўлмади. Худодод титроқ қўллари билан чироқни ёқди, ўтин ёрадиган болтани маҳкам ушлаб, эшикни ланг очиб юборди. Не кўз билан кўрсинки, эшик олдида қизил кўйлак кийган, аёздан кўз ёшлари ёноқларида музлаб қолган ёшгина лўли қиз турарди. Худодод болтани кулба бурчагига отиб юборди, қизни қўлидан ушлаб ичкарига олиб кирди. Уни ўчоқ ёнида исинишга қўйиб, ўзи эски-тускилардан тўшак ҳозирлади.
Эртасига эрталаб қиздан қанча сўраб-суриштирмасин, бирон натижа чиқмади. Гўё қиз ўзи ҳақида чурқ этмасликка қасам ичгандай. Қизнинг индамаслиги Худододнинг унга Лол ёки Лолу деб исм қўйишига сабаб бўлди. Бора-бора бу исм Лолага айланиб кетди.
Ҳозир лўлилар кўчиб юрадиган мавсум эмасди. Шунинг учун Худодод, бу қизча осмондан тушдими ё ердан чиқдими, деб ҳайрон бўларди. У кулбадан чиқиб, из олмоқчи бўлди, аммо из намчил баргихазон орасида йўқолиб кетди. Ало булоғи яқинида яшовчи тегирмончидан лўлилар ҳақида сўраган эди, у, билмайман дегандек, елкасини қисди. Ниҳоят, Худодод то эгаси чиқмагунча, қизни ўзиникида асраб қолишга аҳд қилди.
Лола ўн икки ёшлардаги қиз бўлиб, юзи буғдойранг, кўзлари фусункор эди. Қўллари ва пешонаси ўртасига кўк рангли хол қўйилган. Қизни асраб қолганидан сўнг, Худодод ўтган-кетган лўлилардан унинг қариндошлари ҳақида кўп сўраб-суриштирди. Аммо биронта лўли Лолани танийман, демади. Тез орада Худодод ўзи унга ўрганиб қолди. Уни ҳеч кимга бермасдан, ўзига фарзанд қилиб олишга аҳд қилди…
Лола йил сайин улғайиб бораркан, бора-бора Худододнинг кўнглида қизга нисбатан аллақандай бошқача, оталик туйғусига ўхшамаган ҳислар уйғона бошлади. Энди у Лолага бир эркак севгиси билан меҳр қўйган эди. Ишқ васвасасига дучор бўлган Худодод хонанинг ўртасига парда осиб қўйди. Энг ёмони шу эдики, Лола уни “ота” деб чақирар, қиз ҳар гал “ота” деганида, Худододнинг ранги ўзгариб кетарди.
Бир куни Худодод уйига қайтганида кулба олдида юрган иккита товуқни кўрди. У Лолага ўғирлик ёмонлиги, бу ишни қилган одам ўз қилмиши учун дўзах ўтида ёнишини айтиб, ҳарчанд насиҳат қилди ҳамки, қизга заррача таъсир этмади. У айёрона кулимсираб, гапни бошқа тарафга бурди.
Лола сайр қилишни жуда ёқтирар эди. Агар икки-уч кун тинимсиз ёмғир ёғиб, уйга узоқ қамалиб қолишга мажбур бўлса, зерикар ва қиёфаси ғамгин тус оларди. Об-ҳаво яхши кунлари у Худодод билан ёки ёлғиз ўзи сайр қиларди. Кўпинча Лола сайрга танҳо чиқар ва бу ҳол Худододнинг бадгумонлигига сабаб бўларди. Чунки у қизни бир неча бор чўпон йигит Аббос билан кўриб қолган, шу сабабли бу йигитни ўзига рақиб деб ҳисобларди. Ҳатто бир куни у Аббоснинг маймунжон териб, Лоланинг оғзига солаётганини кўрди. Кечқурун Худодод бегона эркак билан гаплашиш ёмон эканлигини айтиб, унга дашном берди. Лоланинг кўзларида ёш ғилтиллай бошлагач, қишлоқ одами эмасми, содда юраги юмшади.
Аббоснинг онаси икки марта совчиликка келиб, Лолани ўғлига сўради. Худодод ҳар гал Лола ҳали ёш, деб баҳона қилиб, уни қайтарар эди. Ўз кўнглида эса Аббосдай бир дангаса одам унинг эллик йил ичида қириб-қиртишлаб тўплаган мулкига меросхўр бўлишини истамас эди. Аслида ҳам, агар Аббосдай деҳқончилик қўлидан келмайдиган бетайин кимса унга ворис бўлса, аждодлари руҳлари қай ҳолатга тушади? Бунинг устига, у ўз кулбасидан паноҳ берган, едириб-кийдириб катта қилган, мисоли дарахт ниҳоли каби парваришлаб одам қилган қизга аллақаердаги бир одам тайёр ошга баковул бўлиб ўтирса! Нима, кекса одамнинг кўнгли қирмизи олма тусамайдими? Лолага ўзи уйланса нима бўпти?! Бироқ у бу иш осонгина битмаслигини, қизнинг розилиги шарт эканлигини англарди. Бунинг устига қиз уни “ота” деб чақириш одатини тарк қилмаган, ҳаммасидан ҳам мана шуниси Худододни кўпроқ ташвишга соларди.
Тунлари қиз ухлаб ётганида, Худодод чироқни кўтариб унинг тепасига келар, юзи, кўкраги, елкаларини томоша қиларди. Баъзан у девона каби тоғларга чиқиб кетар, дараларда бемақсад тентираб, кеч кирганда уйига қайтиб келарди. У умид ва қўрқув оралиғида яшар, рад жавобини эшитишдан қўрққани учун қизга муҳаббатини изҳор қилишга ботинолмасди. Агар Лола: “йўқ, сен қарисан” деса, унга ўлимдан бошқа чора қолмас эди.
Худододнинг уйи олдида бир тош супа бўлиб, Лола кўпинча унда оёқларини осилтириб ўтирар, очиқ болдирлари супа деворига тегиб турарди. Баъзан у паст ва ғамгин овозда бир ашулани хиргойи қилар, аммо биров яқинлашса, дарҳол жимиб қоларди. Худодод тасодифан қизнинг ашуласини эшитиб қолди ва ўшандан бери уни яна тинглашга муштоқ эди.
Бугун эрталаб Худодод Дамовандга отланганида ҳам Лола ўша тош супада ўтирар ва ҳар кунгидан кўра кўпроқ хурсанд кўринарди. Аммо негадир, бирга шаҳарга боришни истамади. Худодод унга:
— Сенга рўмол олиб келаман, — деди.
Унга жавобан қиз жилмайиб қўйди ва бу жилмайишнинг баҳоси Худодод учун ёруғ дунё билан баравар эди. У Дамованднинг чаққон бозорига келиб, энг аввал баззозлик дўконидан бир дона яшил ва сариқ нақшли рўмол харид қилди. Сўнгра қанд ва чой сотиб олиб, харидларини қалами бўғчага ўради-да, йирик одимлар билан кулбаси тарафга равона бўлди. Худододдек пиёда юришга одатланган киши учун шаҳардан уйигача бўлган икки фарсанг масофа чўт эмас. Кексайганига қарамай, энди унинг ҳаёти ўзига яраша бир маъно касб этган эди. Йўлда бораркан, у ўзича хаёл сурарди: “Бу рўмол Лолага жуда ярашади. У буни елкасига ташлаб, учларини сийнаси остидан боғлаб олади”. Шу заҳоти, гўёким биров унинг хаёлидан воқиф бўлгандек, уялиб кетди ва ўзига деди: “Мен унинг гўзаллигидан отаси каби фахрланишим лозим. Отаси ўрнидаманми, яхши бир куёв топиб, уни узатаман”. Аммо чўпон Аббос қизни яхши кўришини эслаганида, қони юзига тепиб, тутақиб кетарди.
Йўл паст-баландликлар, тоғ дараларидан ўтар, аммо Худодод атрофдаги ҳеч нимани пайқамас, ҳатто чарчоқни ҳам ҳис қилмас эди. Олдинлари у йўлда юрганда атрофни томоша қилар, ёмғир ёғармикан-йўқми, дегандек осмонга боқар, экинзорларга разм солиб, деҳқонларнинг ҳосили қандай бўлганини чамалаб кўрарди, арпа, буғдой, ловия, ҳўл ва қуруқ мевалар нархи ҳақида ўй суриб кетарди… Аммо ҳозир хаёли фақат Лолада эди. Бу йил унинг ери яхши ҳосил бермади ва у жамғармасидан бир қисмини сарфлашга мажбур бўлди. Аммо булар Лоланинг бир тола сочига ҳам арзимайди.
Худодод дарахтзор ёнидан ўтиб, сўқмоққа бурилди. Бу ердан унинг тепаликдаги кулбаси кўриниб турарди. Кулба узоқдан ёнма-ён қўйилган иккита пачоқ гугурт қутисига ўхшарди. Худодод бўғчани қаттиқроқ қисиб, қадамларини жадаллатди ва таниш сўқмоқдан тезда кулбасига етиб келди. Аммо Лола бу ерда кўринмас эди. Тош супа ҳам, уй ҳам кимсасиз эди. Худодод кафтини даҳанига қўйиб, баланд овозда чақирди: “Лола!.. Лола!..” Ҳеч ким жавоб бермади. У ташқари чиқиб, яна бор овоз билан бақирди: “Лола… Лола… Лолу… Лолу…”. Товуш тоғларга урилиб, акс-садо берарди: “Лола… Лолу…”. Худодод саросимага тушди. У тош супага чиқиб, теварак-атрофни кўздан кечирди. Ҳеч бир тарафда қизил кўйлак кўзга ташланмасди. Худодод хонага қайтиб кириб, қизнинг сандиғини очиб қаради. Унга шу йил олиб берган янги либослар йўқ эди. Худодод ақлдан озишига сал қолди. Нима бўлганини тушунмай, мияси қотди. Кулбадан чопиб чиқиб, ғизиллаб булоқ бўйига тушди. Бу ерда узун чопон ва қора чолвор кийиб, бошига кўк салла ўраган қишлоқ охундига дуч келди. У дарахт тагида тамаки чекиб ўтирарди. Охунд Худододга шундай заҳарли қараш қилдики, ундан бир нима сўрашга юраги бетламади. Яна бироз юриб, бола опичлаб олган қизил чодрали аёлни кўрди. У ҳам Лола ҳақида ҳеч нарса айтолмади ва Худодод ночор кулбасига қайтди.
Атрофни тун қоронғиси қоплади-ю, аммо Лоладан дарак йўқ. Худодод қанақа ёмон тушларни кўрмади, дейсиз! Йўқ, аслида у мижжа қоқмади ҳам. Ваҳимали хаёллар билан бедор бўлиб, тиқ этган садога сакраб турар, ҳар гал унга Лола келаётгандек бўлиб туюларди. Ўн марталаб жойидан туриб, пардани итқитиб, қоронғида Лоланинг совуқ тўшагини пайпаслаб кўрар, титраб-қалтираб яна ўз ўрнига келарди. Уни кимдир олиб қочиб кетдимикан? Алдашдимикан ё ўзи кетиб қолдими?
Эртаси куни ҳаво мусаффо ва салқин эди. Худодод Лолага деб сотиб олинган рўмолни олиб, уни қидиришга кетди. Йўлида учраган ҳар бир одам унга дев ё аждар бўлиб кўринарди. Бошидан белигача қор билан қопланган кўкимтир-кулранг тоғлар дилида қўрқув уйғотар, ариқ лабида ўсган ялпизнинг ўткир ҳиди томоғидан бўғаётгандек бўларди. Йўлда иккита деҳқонни учратиб, юрагини ҳовучлаб улардан сўради:
— Лолани кўрмадингизларми?
Уни аввал девона деб ўйлашди ва бир-бирларидан сўрашди:
— Ким экан у?
— Бир лўли қиз.
Деҳқонлардан бири деди:
— Икки кун бурун бир гуруҳ лўли Мумажда чодир тикди. Тағин шуларни айтаётган бўлмагин.
Худодод Мумаж тарафга равона бўлди. У тез-тез ва қоқилиб йўл босарди. Неча жойда бурилиб, гоҳ адашиб-улоқиб, ниҳоят узоқдан бир неча қора чодир кўринди. Яқин бориб, ариқ ёқасида ухлаб ётган эркакни кўрди. Нарироқда, чодир олдида бир лўли аёл ғалвирда дон эларди. Аёл Худододга салом бериб деди:
— Сенга фол кўрайми? Менда илон тишидан қилинган маржон, элак ва ёнғоқлар бор.
Унинг сўзлари Худододнинг қулоғига кирмасдан, девонавор сўради:
— Лола… Лолуни кўрдингми? Унинг қаердалигини биласанми?
— Фол кўрсам айтиб бераман.
— Айт, мен пулини тўлайман.
— Пулни бер, кейин айтаман.
Худодод қаттиқ чарчаган эди. Чўнтагидан бир қирон олиб, лўли аёлга узатди. Лўли унинг қўлидан ушлаб, юзига қаради ва деди:
— Ҳазрат Али паноҳинг бўлсин. Эй одам, сенинг дилингда ҳозир ғусса ўрнашган. Тўрт йил ардоқлаб юрган бир азиз нарсангни йўқотибсан. У сенга жигарпора бўлмаса-да, ўз жигарпоранг янглиғ севасан уни.
Худодод кўзлари ёшга тўлиб, лўлига боқди ва шивирлаб деди:
— Рост, гапларинг рост.
— Аммо беҳудага ғусса чекмагин. Зеро, у қиз сенинг яқинингдадир. У тирик ва соғу саломат.
— Қани у? Қандай келиб қолди бу ерга? Худо ҳаққи, менга ҳаммасини айтиб бер.
— Қайғурма, у қиз бахтиёрдир. Сен уйингни очиқ қолдирдинг ва шайтон кириб уни алдаб олиб кетди.
— Унинг исми Аббосми?
— Йўқ.
— Сен буларнинг барини қаердан биласан? Худо ҳаққи, ростини айт, нима хоҳласанг бераман.
У чўнтагидан яна пул чиқарди. Лекин шу аснода қўшни чодир эшигидаги парда бир ёнга сурилиб, ундан Лола чиқиб келди. Эгнида Худодод сотиб олиб берган ўша қирмизи кўйлак, қўлида бир дона қизил олма. У олмани енги билан артиб, тишлади-да, кулиб юборди. Лўли аёлга юзланиб деди:
— Ойижон, Худодод ота шу киши бўлади.
Худодод ҳайратдан донг қотганча Лолага, онасига боқарди. У ҳеч қачон Лолани бу қадар хурсанд ва бахтиёр ҳолатда кўрмаган эди. У қизил рўмолни қўйнидан олиб қизга қараб улоқтирди ва деди:
— Буни сенга олувдим.
Лола шарақлаб кулиб юборди ва рўмолни елкасига солди-да, бир учини сийнаси остидан ўтказиб боғлади. Сўнгра югуриб чодир ичига кирди-да, ўша заҳоти ичкаридан ёш бир йигитни бошлаб чиқди. Унга пичирлаб нимадир деди ва Худододни кўрсатди. Шундан сўнг қиз қувноқ оҳангда Худододга таниш ашулани куйламоққа бошлади ва йигитнинг елкасига қўл ташлаб, иккаласи толзор орқасига ўтиб кетди.
Лолани тирик топганидаги қувончию ва уни энди бутунлай йўқотганидаги ғусса бир бўлиб, Худодод ҳўнграб юборди. У йиқила-сурила келган йўлидан орқасига қайтди. Кулбасига кириб, эшикни ичкаридан беркитиб олди.
Шундан сўнг уни ҳеч ким ҳеч қаерда кўрмади.
Ғулом Карим таржимаси